Ахборот соҳасидаги маданият юксалиши зарур

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда «Миллий ахборот маконини ривожлантиришда журналистика соҳасининг устувор вазифалари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қўмита раиси Илҳом Абдуллаев олиб борди. Мавзу бўйича филология фанлари доктори, таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов маърузалари тингланди. Давра суҳбатининг асосий мақсади соҳадаги ютуқ ва муаммоларни таъкидлаш билан бир қаторда, уларнинг ечими бўйича, шу жумладан, ахборот соҳасидаги қонунчиликка бугунги давр талабидан келиб чиқиб, маълум ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантиришдан иборат эди. Албатта, миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигининг ошишига, давлат ва жамият орасида очиқ конструктив ахборот алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилиш билан биргаликда жамоатчилик назорати тадбирлари самарадорлигини оширишга имкон яратди.

— Сўнгги йилларда ахборот соҳасига жуда катта имкониятлар яратилмоқда, — деди таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад. — Ахборот соҳасидаги тўсиқлар олиб ташлангандан сўнг турли ҳолатларга дуч келаётганимиз ҳам бор гап. Лекин ушбу имкониятлардан ким қандай фойдаланмоқда? Тан олишимиз керак, биз бу имкониятга маънавий, ҳуқуқий, айниқса, ахлоқий жиҳатдан тайёр эмаслигимиз кўриниб қолди. Бензиннинг нархи мабодо 5 сўмга ошса, ҳамма нарсанинг баҳоси ошиб кетишини ёш бола ҳам билади. Аммо “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунни, ахборот соҳасидаги ўзгаришларни, унинг жамиятдаги ролини ҳатто энг “нозик”, яъни катта давлат идорасида ўтирган айрим раҳбарлар ҳам билишмайди. Эҳтимол, билишни исташмас ҳам. Агар исташганида сўнгги пайт­ларда айрим ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари билан боғлиқ воқеалар бунчалик оммалашиб кетмасди. Шунинг учун аввало, ахборотдан фойдаланиш ахлоқини ҳам оммалаштириш керак, деб ўйлайман.

— Бугунги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири Интернет тармоғи орқали нолегал, нохолис ахборотларнинг оммавий ҳолатда тарқатилишига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ижтимоий тармоқлардан, тезкор хабарларни тарқатиш техник майдончаларидан, оммавий ахборотларни тар­қатиш мессенжерларидан фуқароларнинг шахсга доир ҳуқуқлари, айниқса, уларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ахборотнинг дахлсизлиги қўпол равишда бузилган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учраётир.

Энг хавфлиси балоғат ёшига етмаган болалар ва ёшлар учун ҳам бундай нолегал ахборотларнинг етиб бораётганидир. Ёшлар ривожланишининг физи­о­­логик ва психологик хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, улар баъзида Интернет тармоғидаги қонунга хилоф равишда берилаётган ахборотларнинг қурбонига айланиб қолмоқда, деди ўз чиқишида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.

— Амалдаги қонунчилигимизда ахборот соҳасида қонунбузарликка йўл қўйилганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 6 та моддасида, Жиноят кодексининг 13 та моддасида жавобгарлик белгиланган, — дейди “Нуроний” газетаси бош муҳаррири Олимжон Ўсаров. — Айтиш лозимки, ушбу жавобгарлик турлари фуқароларнинг сўз эркинлиги билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини чеклашга қаратилмаган. Аксинча, улар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътиборининг бош­қалар томонидан поймол қилинишининг олдини олиш билан боғлиқдир.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан «Правда Востока» газетаси бош муҳаррири Салим Дони­ёров, «Адолат» газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев ва бош­қа журналистлар ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шу билан бирга, алоҳида таъкидландики, ОАВларида эълон қилинаётган танқидий чиқишларга тегишли ҳокимият, идора, вазирлик ва прокуратура органларининг муносабати салбий аҳволда. Ахир, Жиноят процессуал кодексининг тегишли қисмида матбуотда эълон қилинган материалларда қонунчилик тамойилларига хилоф ҳолатлар эълон қилинган бўлса, прокуратура органлари зудлик билан назоратга олиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Аммо бунинг учун прокуратура идоралари ҳамон таҳририятлардан алоҳида хат кутиб ўтириши тўғрими? Бундай аҳволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам ўз ваколати доирасида муносабат билдириши зарурлиги ҳам айтилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан миллий ахборот маконини янада барқарор ривожлантириш мақсадида ахборот соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ўртага ташланди.

Ўз мухбиримиз.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =