Цивилизациялар чорраҳасида

24-25 август кунлари “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси” халқаро археология сайёҳлик форуми доирасидаги тадбирлар Термиз шаҳрида ҳам кўтаринки руҳда кечди.

Халқаро форумда дунёнинг 77 давлатидан 140 га яқин халқаро эксперт­лар, олимлар, тарихий-маданий мерос тадқиқотчилари, маданият ва туризм соҳаси вакиллари иштирок этишди.

Термиздаги муҳташам Санъат саройида анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти раиси Ф.Абдухолиқов, Франсия миллий илмий тадқиқотлар маркази профессори П.Лериш, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов ва бошқалар Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, Сурхон заминининг цивилизациялар чорраҳасида тутган ўрни, маданият ва динлар ривожидаги таъсири ҳақида қимматли фикр ва мулоҳазалар билдирдилар.

Қайд этилгандек, Бойсундаги Тешиктош ғори, Шерободдаги Зараутсой ёдгорлиги, Шўрчидаги Далварзинтепа, Термиздаги Қоратепа, Фаёзтепа, Эски Термиз обидалари қадим Сурхон замини дунё таммадуни бешикларидан бири эканлигини кўрсатади. Бу ёдгорликларда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида илк давлатчилик ва шаҳарсозлик, ҳунармандчилик ва меъморчилик, илм-фан ва маданият жадал ривожланганини кўриш мумкин. Айни пайтда воҳада 440 дан зиёд археологик ёдгорликлар сақланиб қолган. Миллий давлатчилигимиз ривожи, дунё динлари тарихи, тамаддун босқичларини ўрганиш, таҳлил этишда олиб борилаётган археологик изланишлар тарихий ҳақиқатларни рўёбга чиқаришга имкон беради.

Анжуманда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши раиси академик Э. Ртвеладзенинг “Окс Искандарияси — Кампиртепа: Окс бўйидаги шаҳар-қалъа” мавзуидаги видеомурожаати эшиттирилди. Оксиана Инскандарияси (Александрия)нинг инсталяцияси 3D форматидаги тақдимоти ўтказилди. Кушон империяси буддизм дини тарихига оид видеолавҳалар намойиш этилди.

Анжуман иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда, қадимги давр билан мулоқот ва маданий тараққиёт, Элинизм даври: Ғарб ва Шарқнинг Марказий Осиёдаги учрашуви, Кушон салтанати: Антик цивилизациянинг буюклиги каби умумий мавзуларда бир-биридан қизиқарли маърузалар ўқилди.

— Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад ЮНЕСКОнинг моддий, маданий меросни асраш ва номоддий маданий меросни сақлаш тамойилларини илгари суриш, юртимиздаги тарихий ва маданий меросни сақлаш, оммалаштиришдан иборат, — деди Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти раиси Ф.Абдухолиқов. — Маълумки, юртимиздаги аксарият маданий ёдгорликлар қисман ўрганилган бўлса-да, илмий жиҳатдан тўлиқ ўрганилиши зарур, ўрганилмаган қадамжолар ҳам кўп. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиб олишимиз, тарихий маданий меросни сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида ёдгорликларни консерватсиялаш ва тиклаш ишларига замонавий инновацион рақамли технологияларни қўллашни талаб этмоқда.

Ўтказилаётган конференция туфайли маданий ёдгорликларни асраш соҳасидаги муаммоларни кўриб чиқиш ва халқаро тажриба алмашиш, мазкур йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш имконияти пайдо бўлмоқда. Тадбирда ИТ-компаниялари вакиллари, маданият ва туризм соҳасидаги давлат органлари ҳамда маданий мерос соҳасида АТКни қўллаш бўйича халқаро экспертлар иштироки, айниқса, муҳим аҳамиятга эга бўлаётир.

Халқаро форум натижалари нафақат Марказий Осиё минтақаси учун, балки Осиё-Тинч океани минтақаси, шунингдек, дунёнинг бошқа давлатлари учун ҳам ўз қимматига эга.

Музработ туманидаги Кампиртепа ёдгорлигида академик Э.Ртвеладзе бошчилигида амалга оширилган археологик тад­қиқотлар натижалари форум иштирокчиларига маълум қилинди. Mилоддан аввалги IV аср охирида қурилган ва милодий I аср бошларигача фаолият кўрсатган Оксиана Искандарияси ҳақида юнон тарихчиси Птоломей жуда нодир маълумотларни ёзиб қолдирган. Бу қадимий афсонавий шаҳар Марказий Осиёдаги эллинистик маданиятнинг ноёб ёдгорлиги, Александр Македонский томонидан бунёд этилган Оксиана Искандарияси эканлиги ўз тасдиғини топмоқда. Бу ерда Ғарбдан Шарқ­қа томон Окс бўйлаб 400 метрдан ортиқ масофага чўзилган порт-шаҳарнинг ўлчамлари, яхши ривожланган шаҳарсозлик тузилмаси мавжуд. Қалъа дарвозалари, муқаддас ибодатхона, хазина сақлаш жойи, қабристон, шунингдек, бандаргоҳлар, савдо нуқталари ва ҳунармандчилик устахоналари, кемалар тўхтайдиган кўрфазлар тарихий ҳақиқатга мос келади.

— Искандар Мақдунли номи билан аталувчи шаҳарлар дунёнинг бошқа жойларида ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос тарихий воқеликни ўзида қамраб олади, — дейди Хофстра университетининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё дастури директори, профессор A.Наймарк — Буюк истилочининг 329-327 йиллардаги юришлари вақтида (Амударё)нинг ўнг қирғоғида барпо этилган қадимий шаҳар харобалари ҳамон сақланиб қолинган. Олимлар томонидан таҳлил қилинган Афғонистондаги Ойхоним, Эски Термиз ва Кампиртепа каби учта шаҳарчадан олинган археологик маълумотлар биринчи иккита шаҳарчадан фарқли равишда фақат Кампиртепада ишончли манбалар қўлга киритилган.

Форумда Сурхондарёнинг тарихи, ранг-баранг ўтмиши ҳақида янада қимматли маълумотларни кўриш, тарихий ҳақиқатлар ҳақида хулосалар ясадим. Термиздаги археология музейи экспонатлари нафақат бу замин балки, қадимий юнон-бақтрия ўтмиши, буддизмнинг пайдо бўлиши, дунё бўйлаб тар­қалишига оид ноёб манбаларни ўзида сақлаётгани билан ҳар қандай тарихшунос, археологни бефарқ қолдирмайди. Шу нуқтаи назардан халқаро форум ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман…

“Ўзбекистон буюк йўллар ва — цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзусидаги маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари Термиз археолия музейи ҳамда Термиз туманидаги милодий I-III асрларга оид Фаёзтепа буддавийлик ибодатхонаси билан ҳам яқиндан танишдилар.

Азимбек Самадов,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =