Дашнобод нақши

Аввало “Нима учун “Дашнобод нақши” ўйини ўйлаб топилган эди, деган саволга жавоб: чунки ҳаётда ҳамма нарса бир сабаб ва туртки, зарурат орқалигина юзага келишини яхши биламиз.

Халқ санъати — катта уммон. Унда биз ўрганмаган, биз билмаган дуру жавоҳирлари беҳисоб. Энг муҳими, кўзимизга суртишга арзийдиган ота мерос жавоҳирларнинг саноғи йўқ. Халқ йўлида яратилган дурдона айтимларни ўрганиш, келажак авлодга етказиш бурчимиз эканини бугун теран англаяпмиз.

Чиройли сўзлар, теша тегмаган ташбеҳлар, нағ­мали иборалар билан мақоламизни безаш қийин иш эмас, аммо халқ термалари, қўшиқлари борасида хатога йўл қўймаслик, асл матнни бузмасдан ўқувчига етказиш муҳимроқ, яъни қийинроқ ва масъулиятли масала. Демоқчиманки, “Дашнобод нақши” ҳақида яхши биладиганлар кўп, мабодо бирор ўринда хато бўлса, фикрларини билдирсалар, очиғи, хурсанд бўламиз. “Сариосиё” газетаси таҳририятининг халқимизнинг бой фольклорини йиғиб, ўқувчига етказиш ташаббуси олқишга сазовор ва мен ҳам, қўлдан келганча, бу ишга ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилдим. Айтиш керакки, “Дашнобод нақши” ўзим гувоҳ бўлган энг қизиқарли халқ ўйинларидан биридир. Бу ўйинни илк баҳор кунларида, дов-дарахтлар қийғос гуллаган пайтларда, қорли Ҳисор тоғларидан ёқимли шабадалар эсган эҳтиросли лаҳзаларда кўп кузатиб, завқ­қа тўлганмиз. Бариси кўз ўнгимда турибди.

Аввало “Нима учун “Дашнобод нақши” ўйини ўйлаб топилган эди, деган саволга жавоб: чунки ҳаётда ҳамма нарса бир сабаб ва туртки, зарурат орқалигина юзага келишини яхши биламиз.

Дашнободлик оқсоқоллардан бири, марҳум Аваз Қаршиев домла билан шу тўғрида суҳбат қилганимда, у киши: “Тўй кунида уйларидан чиқолмаган беморлар, ҳимояга муҳтож кишилар борлиги ҳисобга олиниб, шу ўйин ўйлаб топилган”, деган эди. Ва айтиш керакки, чиндан ҳам бу ўйин тўйхонадан бошланиб, бутун гузарни айланиб, аҳоли доимий тўпланадиган жойларда тўхталиб, давом эттирилган ва чиндан ҳам уйидан чиқолмайдиган беморлар, ногиронлар, ёш болали оналар, нуронийлар ва албатта, тўйга айтилмай қолганлар ҳам ўша кунги хурсандчиликдан баҳраманд бўлишган. Қандай ажойиб удум ва анъаналаримиз бор. Буни қарангки, ўша замонларда ҳам ота-боболаримиз ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг манфаатини ҳам назардан қочиришмаган. Ана шунинг ўзи биз учун эзгуликнинг бир кўриниши ва арзирли сабоқ. Биз келажак авлодни, бугунги ёшларни шундай эзгу анъаналар руҳида тарбиялашимиз керак, албатта!

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрилади:

— тўй бошлаётган одам қишлоқ оқсоқоллари ҳузурига бориб, уларнинг дуоси ва рухсатини олади;

— бебошликка сира йўл қўйилмас ва ҳеч кимнинг бу қоидани бузишга ҳаққи йўқ, ҳеч ким буни хаёлига ҳам келтирмас, бу катта ор-номус, ғурур;

— тўй эгасининг бир неча кун аввал ўз касбининг устасига “нақш” ясашга буюртма бериши табиий ҳол. “нақш” деганлари шундай нарса: даставвал тўртбурчак шаклда, яъни бир сандал катталигида тўрт бурчакли ёғоч ясалиб, уст қисмига елка тутиб туриши ҳамда гул ўрнатиш учун симлар билан тўр ўрнатиларди ва унинг тўрт ёни қизил мато билан ўралиб, икки ёни ва олд томонлари кесиб қўйиларди, яъни уни кийиб олган киши қўлларини икки ёндан чиқариб, кесилган олд томонидан ташқарини кузатиш имкониятига эга бўлади;

— тўйдан бир кун олдин тайёр бўлган “нақш” томга чиқарилиб, олдига катта тошойна ҳам қўйилар, яъни бу хонадонда тўй бўлишидан ва албатта, “Дашнободча нақш” ижро этилишидан дарак бериб туради, ойна эса ёруғлик, тўйнинг яхши ўтишини тилаш, эзгулик белгиси;

— ўйинга, албатта, “чўп от ўйин”чи ҳам таклиф этилади;

— терма айтувчилар ҳам ўйиндан огоҳ бўлишар ва тайёргарликни бошлаб юборишади, чунки бу азалий удум ва анъанага айланиб улгурган;

— албатта, мазкур ўйиннинг карнай-сурнайчи, ноғорачилар — созандаларсиз ўтмаслиги аниқ, тўй эгаси уларни ҳам бир неча кун аввал огоҳлантириб қўяди.

Ўйин қандай ва қай йўсинда бошланади?

Маҳалла оқсоқоли тўй эгаси ва ўйин иштирокчиларига оқ фотиҳа беради, аёллар эса ортдан бир сиқим ун ва бир челак сув сепиб, яхшилик, эзгулик тилаб, уларни кузатиб қўйишади.

Ясан-тусан кийинган эркаклар, йигитлар ва ўсмир болаларнинг қийқириқлари, шўх овозлари, карнай-сурнайларнинг дилтортар оҳанглари, ноғораларнинг гумбурлаган садолари остида йўл бўйи тўхтаб-тўхтаб, ўйин-кулги билан гузардан гузарга ўтишади.

Эсимда бор, Дашнободнинг Сарижўй гузарида “нақши” кийган йигит карнай-сурнай, ноғоранинг дилчертар ажиб нола, хонишлари остида жуда берилиб рақсга тушди. Қизил алвонли тўртбурчак “нақш” жуда ғаройиб ва гўзал эдики, тўрт бурчидаги ва ўртасидаги ранг-баранг қоғоз гуллар одамнинг меҳрини тортарди. Бунинг ажиб томони шунда эдики, “нақш” ўйини тамом бўлгач, бу гуллар талош бўлиб кетар, кўз очиб юмгунча сандал ёғочдан бошқа ҳеч нарса қолмасди. Айниқса, ўсмир ва болаларнинг чиройли гулларга эга бўлишларининг ўзи бир бахт, қувонч ва шодлик эди. Ҳавасманд оналар: “нақш” гулидан яхши ният қилиб олгин, болам, тўйларга етиб юргин!” — дея маслаҳат ҳам беришар эди.

Хуллас, ҳар бир гузар ўртасида ўйин-кулги авж пардаларига чиқар, халқ қўшиқлари янграб, баҳслар анчагача давом этарди, албатта, завқ­ли томошадан гузардаги кишилар баҳраманд бўлиб, қимматли дақиқаларини шодлик билан ўтказишга муяссар бўлардилар.

Ўша лаҳзаларда айтилган термалар жуда завқли, ўзига хос оҳангдор ва қочиримларга бой бўларди, айниқса, “Бас-бас-бас” термалари жуда эҳтиросли, ҳаяжонли ва одамнинг юрагини қитиқлайдиган, халқ фольклорининг ажабтовур намуналари эди.

Байтларни гузар марказида тўхтаган гуруҳ, яъни “Нақши” ўйинида қатнашаётган эркаклар икки томонда қатор тизилиб айтишарди ва шуниси қизиқки, бу баҳсли айтишувнинг авж пардалари, жўшқин оҳанглари ва ҳатто ўз ечим нуқтаси ҳам бор эди.

Айтишув қуйидагича бошланарди:

Биринчи гуруҳ:

Узун сойга ўй отдим,

Чакмонимни йўқотдим.

Ётиб қолган ёримни

Кишмиш бериб уйғотдим,

Бас-бас-бас!

Иккинчи гуруҳ:

Ҳовлингизда тутингиз,

Хурмачада сутингиз,

Борай десам қўймайди

Олабўйноқ итингиз,

Бас-бас-бас!

Биринчи гуруҳ (бир қадам олдинга босиб):

Ариқ лаби музлама,

Қўй гўштини тузлама,

Ўз ёринг уйда туриб,

Бегонани кўзлама,

Бас-бас-бас!

Иккинчи гуруҳ (бир қадам олдинга чиқиб):

Масчит билан мадраса,

Ўртасида йўл бўлса,

Подшоҳдан ҳукм бўлса,

Ҳар ким севганини олса,

Бас-бас-бас!..

Гуруҳ бирлашиб, ораларидаги ҳурматли кишини қўлларида кўтаришиб, осмонга ирғитишади, яъни олқишлашади. Ва бу ўйин то тўйхонага қайтгунча давом этади. Йўл-йўлакай “От ўйини”, “Қулоқ чўзма” ўйинлари ҳам ўтказилади.

Ҳа, “Дашнобод нақши” ўйини ўзининг ана шу эзгу жиҳатлари билан аҳамиятли бўлиб, уни сақлаб қолиш, келажак авлодга етказиш фарздир.

Тўлқин Ҳайит

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 2 =