Сизнинг исмингизни айтар турналар…

Шуҳрат Ориф

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида туғилган.

Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг бакалавр (2003) ва магистратура (2007) босқичларини тамомлаган. 2007-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси)да таҳсил олган. 1999 йилдан турли республика давлат ва жамоат ташкилотларида, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритиб келади.

Айни вақтда акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” бошқаруви раиси маслаҳатчиси вазифасида меҳнат қилади.

“Шуҳрат” медали соҳиби. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Куз

Мендек зерикканга ўхшайди кузак,

Мусича сингари оғир хўрсинар.

Сочлари кўзимга боғланган Наргиз,

Сарғайган боғимиз келиб кўрсинлар.

Хазонлар – ошиқлар қабристонига,

Умидини кўмиб, қайтар турналар.

Самода юрагим суратин чизиб,

Сизнинг исмингизни айтар турналар…

Бизни бу бекатда ҳеч ким танимас,

Ҳаёт — мен кўришни истамаган туш.

Биламан қайдадир турибсиз илҳақ —

Сочингиз елкандек ёйиб фаромуш.

Кимнидир, ненидир кутдим ишониб,

Осмонга термулиб ўтдим теракдай.

Хазон бўлиб ҳамки кетолмаяпман,

Гўёки ҳалиям сизга керакдай…

Япроқдек омонат тебранади дил,

Тамаки тутатар яна ғолиб куз.

Дунёни бир гўзал рангга бўярдим,

Афсус, сиздан олдин куз келди, афсус…

Майлими

Бир мақом истайман, бир мақом–

Одамликнинг чиқди сийқаси.

Шу дардисар ниқобни ечсам,

Ёр висоли бўлур муносиб?!

Бир мақом истайман, бир мақом –

Кўз ёш бўлсам ва ё бўлсам май.

Йиғласам самовий рутбада,

Жилмайсам кўринсам Ерликдай…

Бир мақом истайман, бир мақом –

Қисматимга кулгим келади.

Қачондир қайдадир негадир,

Мен сизга термулгим келади.

Ярашибди сизга бу дунё,

Қутлуғ бўлсин мақомингиз ҳам.

Бир мақом истайман, майлими,

Озгина ўзимга ўхшасам…

Манзара

Япроқлар шивирлар — саволлари кўп,

Япроқлар шитирлар — тили кесилган.

Дарахтлар тазарру онини англаб,

Кўйлагини ечиб жойнамоз қилган…

Кимдир келишини кутар ўриндиқ,

Гўё ниманидир келган фурсати.

Тангри бандасини бунча севмаса —

Видо борлигини қўяр кўрсатиб…

Кўкка совурилди яна бир имкон…

Сокин талвасада титрайди олам.

Йиғилар оралаб хиргойи қилиб,

Халлослаб бозорга кетмоқда одам…

* * *

Ичимда адашган бир қайиқ,

Сувсиз соҳилларда қалқийди.

Ичимда қанотсиз бир бургут,

Тирноғига қараб чалғийди…

Ичимда — орзулар бекорчи,

Хаёллар хижолатдан кулар.

Қўлларидан тутиб дунёни,

Варракдек учирар туйғулар.

Ичимда — замонлар ғудранар,

Пирларим калишда турибди.

Ёнига келолмай асрлар,

Иштончан югуриб юрибди…

Ичимда – кўзларим кўринар,

Қўлларим ўкинмас кир чайиб.

Соатни кўрсатиб бошимда,

Қисматим турмайди иршайиб…

Ичимда сиз – жуда бахтлисиз,

Ҳур бўлиб кутарсиз, азизим!

Мен эса… эшикни тополмай,

Деразадан термуламан жим…

Ичимда абадий ҳадик бор —

Тангри қувғин қилган оламман.

Ҳеч кимман ва йўқман дунёда,

Ичимда… Одамман, Одамман!

Умид бор…

Лаҳзалар ўмбалоқ ошади,

Тушларим қилади масхара.

Юрагим бормоқда кичрайиб,

Улканлашар минг йиллик яра.

Мен борман, демак, сиз — мавжудсиз,

Кўнглимда тугмадек умид бор.

Кўзлари дунёдек қоп-қора,

Юзлари дунёдек ёруғ ёр!

Томирда сузади хавотир,

Ҳаммадек яшамоқ — маънисиз.

Ўттиз етти кузни кузатдим,

Қанисиз, қанисиз, қанисиз?

Дунёни ҳоритдим титкилаб,

Ҳамма чўнтагида бор изим.

Қўлларим — Хитойнинг девори,

Кўзларим — Ўрта Ер денгизи…

Бормисиз-йўқмисиз билмайман,

Лекин мен, шубҳасиз, бор эдим.

Ғалати эканим — табиий,

Мен асли одаммас, ёр эдим…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − eight =