Ўзини иш билан банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида”ги қарори аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб хизмат қилади. Ушбу қарор билан “Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.

Уларга қандай имтиёзлар бор?

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар — меҳнатидан даромад оладиганлар, яъни жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиб, маълум иш бажаришни мустақил амалга оширади, лекин якка тартибда тадбиркор деб рўйхатга олинмаган ҳамда ёлланма меҳнатдан фойдаланмайди. Уларнинг меҳнат стажи ҳисобга олиниб, рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи эвазига вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари расмийлаштирилади.

Меҳнат органи тавсиясига кўра, камида 6 ой амал қиладиган муддатга меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган шахслар ўз фаолият тури учун имтиёзли микрокредит олиши мумкин. Шунинг­дек, ўзини ўзи банд қилувчиларга қисқа муддатли касбга тайёрлаш, малака ошириш, шунингдек, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш курсларида бепул ўқитиш кафолатланган.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ҳамда фермер хўжаликларида меҳнат қиладиганлар ўзини ўзи банд қилувчилар ҳисобланмайди.

Мазкур қарорга асосан тасдиқланган рўйхатга киритилган 24 та фаолият (хизматлар, ишлар) турлари бўйича меҳнат органлари томонидан, доимий яшаш жойидан қатъи назар, вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.

Улар солиқ тўловчими?

Меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан фуқароларнинг аризаси асосида, Низомга мувофиқ тақдим қилингач, ҳужжатга эга бўлган фуқароларнинг олган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди, улар меҳнатига ҳақ тўлаш Ягона ижтимоий тўловларни ҳисоблаб чиқариш объекти ҳисобланмайди.

Шунингдек, меҳнат фаолияти ҳақиқатда бажарилган ёки бажарилмаганлигидан қатъи назар гувоҳномада кўрсатилган даврда ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажига эга бўлади.

Меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга берилади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар жамоат ишларига, ўз хоҳишига кўра, белгиланган тартибда жалб этилиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорида белгиланган қоидалар жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб амалиётга тақдим этилади.

Аслиддин Усмонов,

Самарқанд вилояти бандликка

кўмаклашиш маркази бошқармаси бошлиғи.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + nineteen =