Газетаси йўқ миллат тилсиз инсонга ўхшайди (“Овози тожик” газетаси 95 ёшга тўлди)

Марказий Осиёда хабар ва янгиликларнинг газета ва журналларда чоп этила бошлаганига 100 йилдан ортиқ вақт ўтди. Техник имкониятлар чекланган, соҳа мутахассислари камчиликни ташкил этган бўлса-да, ўтган асрнинг биринчи чорагидан бошлаб бир гуруҳ эркин фикрловчи, маърифатпарвар зиёлиларнинг саъй-ҳаракати билан кўпгина газета ва журналлар нашр этила бошлаган.

Жумладан, минтақамиздаги ёши улуғ газеталардан саналган “Овози тожик” нашри 1924 йилнинг 25-августида илк бора чоп этилган. Айни пайтда “Овози тожик” газетаси таҳририяти аъзолари рўзноманинг 95 йиллигини нишонлашмоқда.

Мабодо бир аср олдинги газета ва журналлар ҳаётига назар солсак, уларнинг тақдири бир хилда кечмаганлигига амин бўламиз. Шу жиҳатдан ифтихор билан таъкидлаш мумкинки, “Овози тожики камбағал” (газета дастлаб шундай номланган) рўзномаси ХХ аср бошларидаги дастлабки нашрлардан фарқ­ли равишда зафар қучган эди.

“Овози тожик” дастлаб Самарқандда чоп этилди. Таҳририятда малакали ишчи-ходимлар фаолият юритди. Газетанинг ихлосманд­лари кўпайиб борди. Унинг дастлабки сонларидан бошлаб саҳифаларида янги давр тожик адабиёти ва ушбу рўзноманинг асосчиси Садриддин Айнийнинг маърифат ва маърифатсизлик тўғрисидаги мақолалари бериб борилган.

Айтиш жоизки, “Овози тожик” даврий нашр сифатида собиқ комфирқа билан бир қаторда республика ҳукумати расмий нашри ҳам эди. Ушбу йилларда газета турли вазият ва зиддиятларга дуч келган пайтларни ҳам бошдан кечирди.

Мустақиллик йилларидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси “Овози тожик”нинг бош муассисига айланди. Албатта, янги давр ва собиқ тузум муассис ва нашрлари бир-биридан тубдан фарқ қилар эди. Аммо ҳар қандай шароитда, ҳар қандай вазиятда ҳам газета ўзининг доимий шиорига амал қилиб келди, яъни у халқлар орасида, хусусан, ўзбек ва тожик халқлари орасидаги азалий дўстлик кўприги вазифасини ўтаб келди. Бугунги кунга келиб, эркин ва озод фаолият юритаётган кадр­лар учун муваффақиятлар ўз эшигини очмоқда. Ана шундай бунёдкорлик омиллари сабаб газетанинг бир гуруҳ ходимлари кейинги йилларда ҳукуматимизнинг қатор мукофот ва орденлари билан тақдирланиб келмоқда. Бу ўз навбатида ҳар бир ишчи-ходимдан ўз вазифасига янгича назар билан боқишни, ўзини янги ислоҳотларнинг бун­ёдкори сифатида намоён этишни талаб этади. Мамлакатимиз тожикларининг ижодий, илмий, маданий ва маънавий ҳаёти ушбу масаланинг бир қисми бўлиб, “Овози тожик” бу масалага доимий эътибор қаратиб келмоқда.

“Овози тожик” — Ўзбекистондаги тожикзабон инсонларнинг ягона минбарига айланиб улгурди. Таъкидлаш керакки, тожик халқининг ижтимоий ва маънавий олами билан боғлиқ масалалар нашр­нинг муҳим мавзуси ҳисобланади. Чунки тожиклар ва ушбу тилда мулоқот қилувчи халқлар ҳаётига доир ҳеч бир масала рўзнома назаридан четда қолиб кетмайди.

Қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон Республикаси билан муносабатларнинг қайтадан тикланиши, юртимиз тожикларининг илмий, таълим, адабий ва маданий ҳаётига оид ижобий ўзгаришларнинг кўзга ташланиши қувонарли ҳол, албатта. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган буюк ислоҳотлар билан бирга бизнинг олдимизга кўпгина муҳим вазифаларни кўндаланг қўймоқда. Шу ўринда улуғ адиб Садриддин Айнийнинг жонкуярлик билан газетанинг илк сонида ёзган қуйидаги сўзларини эсга олиш мумкин: “Қавм тили шахслар тили каби оддий бўлмайди, балки бир миллатнинг таржима тили бўлмоғи керак бўлган восита бу миллат рўзномасидир”.

Дарҳақиқат, газета миллат ойнасидир. Газетаси йўқ миллатни тилсиз инсонга менгзайдилар. Шу маънода “Овози тожик” рўзномасининг ўрни, салоҳияти ҳар жиҳатдан эътиборга моликдир.

Тожибой Икромов,

“Овози тожик” газетаси бош муҳаррири ўринбосари.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 6 =