Оққан дарё оқаверади

Қорадарё Назиржон ака яшайдиган қишлоқнинг этагидан баҳорда тўлиб-тошиб, кузда эса сокин оқиб ўтади. Назиржон ака тонгда, баъзан ишдан эртароқ қайтганда, ана шу дарё бўйига тушади. Илгари сув ўзанига сиғмас эди. Ҳозир эса… ўйга толади у.

Одамнинг умри ҳам дарёга ўхшайди. Ортига қайт­майдиган ўжар оқимга қараб Назиржон ака беихтиёр отасини эслайди. Бир умр “болаларим” деб, сабру қаноат билан ўтган онасини ёдга олади…

Мактабдан туман газетасига ишга чақирганларида бир умр ҳаётим матбуот, қоғоз-қалам билан боғланади, деб ўйлаганмиди? Андижон тумани газетасига муҳаррирлик қилган даври, Олтинкўл тумани ташкил топганида янги газетани шакллантириш, кейинчалик уни энг ўқишли, жўшқин нашрлардан бирига айлантириш жараёнида кўпчиликка бош бўлиш синоатларини ўрганган бўлса ажабмас. Туман ижроқўми раисининг ўринбосари, кейинчалик чекка ҳудуддаги хўжаликка раислик эса анчайин ўзгаришлар палласи, айтиш мумкинки, талотўп даврга тўғри келди.

Назиржон Саидовни Олтинкўл тумани ҳокимлигига сайлашганида унинг қай қобилияти-ю қандай иш тутумини ҳисобга олган бўлишса ажабмас. Бунга оддий одамлар соддагина қилиб “ўзимизнинг Назиржон”, деб жавоб берган бўларди. Ҳа, ўшанда намоён бўлган оддийлик, самимият, каттани катта, кичикни кичик, деб муомала қилиш маданияти матбуот дарғаларидан “юққан” хусусиятлар бўлгандир, эҳтимол.

Сўнгра вилоят ҳокимининг ўринбосари сифатида ижтимоий-маънавий, маърифий соҳаларга жавобгарлик масъулиятини зиммасига олди. “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталарига муҳаррирлик эса ана шу жараённинг бевосита давоми эди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, эл таниган, билган ўша “ўзимизнинг Назиржон” Саидов бугун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси вазифасида хайрли ишларга бош-қош.

Умр деганлари  югурик дарё сувидай оқиб ўтяпти. Энг муҳими, у не-не ташна дилларга ҳаёт бағишлаётир. Ундан қанча-қанча ниҳоллар баҳраманд бўлиб, гулга киряпти, мева беряпти. Мана шунинг ўзи тақдирга битилган саодат эмасми?!

“Мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан бир қанча юртдошларимиз қаторида Назиржон Саидов ҳам юртимизда барча соҳаларда эришилаётган улкан ютуқларга қўшган муносиб ҳиссаси учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.

Устоз журналист ҳузурида уни юксак мукофот билан муборакбод этар эканмиз, унинг шукроналик билан айтган сўзларини қоғозга туширишни лозим топдик:

— Мана шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир кишининг қалбида, айниқса, кейинги уч йил ичида давлатдан рози бўлиб яшаш ҳис-туйғуси кучайгани яққол кўринди, — деди устоз тўлқинланиб. — Муҳтарам Президентимизнинг узоқни кўра билиш салоҳияти мамлакатимизни янги, истиқболли йўлларга олиб чиқаётганини биз — ижод аҳли ҳар қадамда ҳис этиб турибмиз.

Мен қишлоқда туғилиб ўсиб, ижод заҳматларини озми-кўпми тотган қалам аҳли вакилларидан бири сифатида одамларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш йўлидаги ишлардан баҳолиқудрат воқиф, уларга елкадош бўлиб келдим. Шуни муболағасиз айтишга бурчлиманки, бугун халқимиз бошига бахт қуши қўнган кунларга етиб келдик.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг кўлами ва шиддати Андижонда ҳам бутун салобати, шижоати билан ўз ифодасини топяпти. Биз, қаламкашлар эса ана шу меҳнатнинг рўйи рост ва ҳаққоний ифодачилари бўлмоғимизни тобора чуқур ҳис қиляпмиз.

Менга берилган мукофотни жамиятимизда эл-юртнинг хизматига камарбастаман, дейдиган ҳар бир фуқаро меҳнатига яраша обрў-эътибор топишидан далолат, деб биламан. Президентимизнинг “Хайрли ишларга ҳисса қўшаман, дейдиган инсонларни бошимизга кўтарамиз”, деган сўзларига ҳаётим мисолида яна бир карра иқрор бўлдим…

Устоз шу гапларни дилидан ўтказиб, тилга чиқарар экан, кўзларида бир чўғ порлаётганини кўрдик.

…Ҳа, бу — дарё қирғоғида ўйга чўмиб ўтирган Инсон ҳақида бир чимдим хуш калом эди. Барини ёзсак, бир китоб бўлади.

Ғолибжон Абдуллаев.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 8 =