“Маданий меросни асрашда камарбастамиз!”

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти Парижда юридик рўйхатдан ўтказилиб, расмий мақомга эга бўлди.

Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: им­перия­лар, динлар ва маданиятлар” мавзуида шу йилнинг 22-27 август кунлари маданий мерос ҳафталиги ўтказилганлиги маънавий-маърифий йўналишда катта воқеа бўлди. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (“ЎзЭОАВМА”), Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, шунингдек, нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи “Eriell Group” компанияси кўмагида ўтказилган анжуман доирасида конференциялар, кўргазмалар, тақдимотлар, давра суҳбатлари, илмий-амалий мулоқотлар, тарихий обидаларга саёҳатлар, маданий-маърифий кечалар ташкил этилди.

“Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг III конгресси”да дунёнинг тараққий топган мамлакатларидан келган олимлар, мутахассислар, музей, кутубхона ва бош­қа илмий муассасалар раҳбарлари, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Мазкур кон­гресс­да Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлаш билан боғлиқ маърузалар тингланди, янги кашфиётлар эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, конгресс арафасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти Парижда юридик рўйхатдан ўтказилиб, расмий мақомга эга бўлди.

Конгресс якунида Бутунжаҳон жамияти аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга мурожаатнома қабул қилди.

Мурожаатномада жумладан шундай дейилади:

…Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва тараққий эттириш йўлида зарурий шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган юксак фаолиятингиз учун Сизга самимий эҳтиромимизни изҳор этишга ижозат этгайсиз. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга йўналтирилган ва “Моддий ва номоддий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзуидаги халқаро конференция қатнашчиларига йўллаган табригингизда тилга олинган ташаббусларингизни биз ўта муҳим аҳамиятга эга деб биламиз.

Ушбу ташаббусларни тўлақонли баҳолашимизга имкон берган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги давомида яратилган ажойиб имкониятлар учун Сиздан миннатдормиз.

Таъкидлаш жоизки, юксак қўллаб-қувватлашингиз туфайли амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ўзларининг касбий қизиқишларини, айни пайтда илмий ҳаётининг, ўзини ҳам Ўзбекистонни ўрганиш билан боғлаган хорижий ва маҳаллий олимларни бирлаштириш учун мисли кўрилмаган шароитлар яратди. Дунё илмий кучларининг бирлашуви, олимларнинг ўзига хос халқаро илмий лабораторияси юзага келгани жамиятимизнинг кучли томонларидан бири дейиш мумкин. Шунга боғлиқ равишда биз Ўзбекистонга маданият ва санъат тарихига оид тадқиқотлар, маърифат ва таълим соҳаларида ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига хос шарқона меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, инсонпарвар мақсадларингизда ва гуллаб-яшнаётган Ўзбекистонни ривожлантиришга йўналтирилган самарали ишларингизда юксак муваффақиятлар тилаймиз!

Таъкидлаш жоизки, мазкур жамият аъзолари томонидан шу пайтга қадар “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида 20 та китоб-альбом чоп этилди ва яна 13 таси нашрга тайёрланмоқда, 30 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 6 =