Тинчлик ва дўстлик фестивали якунланди ва ғолиблар эълон қилинди

Кўҳна ва муаззам Самарқандда дунё халқларини куй-қўшиқ тилида бирлаштиришдек эзгу мақсадлар билан бошланган «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивалининг бу йилги дастури якунига етди.

Фестиваль «Шарқ тароналари» деб номланса-да, унда сайёрамизнинг барча қитъаларидан хонанда ва созандалар, мусиқашунослар иштирок этиб, ўз миллий куй-қўшиқларини ижро этмоқда, анъана ва қадриятларини намойиш қилаётир.

– Маданиятлар бир-биридан айро ҳолда тараққий этмайди. Улар ўзаро мулоқот натижасида ўсади, ривожланади, – деди ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним анжумандаги ўз табрик сўзида.

Қатнашчиларнинг чиқишларини турли давлатлар мусиқашунослари ва бастакорлар, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 11 нафар ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

30 август куни Регистондаги амфитеатрда «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб, фестиваль қатнашчилари «Энг яхши либос ва мусиқа уйғунлиги», «Меҳр-оқибатни тараннум этгани учун», «Шарқ халқлари мусиқа санъати жонкуяри», «Анъаналарга содиқ жамоа», «Қадриятлар давомчиси» каби номинациялар бўйича тақдирланди.

Номинация ғолибларига диплом, 500 АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

Саҳнага Тожикистон («Бадахшон» жамоаси) ва Россия («Айархан» жамоаси)дан келган жамоалар ҳамда Ўзбекистон вакиллари – Азизжон Абдуазимов ва Улуғбек Элмуродзода таклиф этилди. Уларга фестивалнинг учинчи даражали дипломлари, 2 минг АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Иккинчи ўринга Туркманистоннинг «Арчабил» ва Мўғулистоннинг «Хатан» жамоалари сазовор бўлди. Уларга 3,5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, диплом ва бошқа совғалар топширилди.

Фестивалнинг профессионал халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ва қўшиқ йўналишлари бўйича биринчи ўринга Қирғизистоннинг «Қомузчилар» дуэти ҳамда Озарбойжондан келган Парвиз Гасимов муносиб, деб топилди. Уларнинг ҳар бири 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-прига Ўзбекистон вакили, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Меҳринигор Абдурашидова муносиб деб топилди ва унга 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди..

«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа байрами иштирокчилари 2021 йилда яна Самарқандда учрашиш ниятида хайрлашдилар.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =