Халқ дардини англаб яшаш бурч ёки бирида ўн, бирида 80 фоиз шикоятчи ҳақ

Журналистика соҳасидаги эллик йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин, инсон шикоятбозликка ҳуда-беҳуда, беасос ва ноўрин қўл урмайди. Аксарият фуқаролар шикоят ортидан турли овворагарчилик, сарсонгарчилик, югур-югур, асаббузарликка сабаб бўладиган изоҳ ва исботталаб жараёнлар бошланишини яхши билишади. Оқибатда ёзганига зада ва пушаймон бўлганлар ҳам кўп учрайди.

Айни пайтда айтиш керакки, шикоят ёзишни ўзига “касб-кор” қилиб олганлар ҳам бор. Замоннинг шарофати билан ножоизликнинг бундай усулини танлаганлар сони кейинги пайтда бир мунча камайгандек. Аммо… унутмаслик керак, аксарият ҳолларда шикоят қилаётган инсон, аввало ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Бу йўлда турли идораларнинг эшигини қоқади, хат, аризалар йўллайди. Шунда ҳам натижа чиқмаса, ноилож, журналистдан мадад кутади.

Бироқ… шикоятли мурожаатларнинг бари нима бўлганда ҳам ўз номи билан шикоят-мурожаат ва уни айнан шу маънода тушунмоқ, жоиз бўлса, шу сабабдан одилона ўрганмоқ лозим.

Президентимизнинг тегишли фармонига биноан ташкил этилган Республика Халқ қабулхоналари бўғини фаолияти ҳақида сўз юритилса, Хоразм вилоятида ушбу тизим ўтган қисқа фурсат ичида инсон омилига муносабат бобида ўзига хос ибрат ва андоза мактаби мақомига айланди.

Шу ўринда, мамлакатимиз суд, прокуратура, ички ишлар, адлия, солиқ органлари ва бошқа тегишли муассасаларнинг асосий иши қонун назорати ва унинг муҳофазасини таъминлашдан иборат бўлса-да, улар зиммасига инсон арзига қулоқ тутиш, шикоятини эшитиш ва қонун талаби асосида ҳал этиш каби хайрли ва савобли вазифалар юклатилган. Мазкур муассасаларда бор иши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда ечимини таъминлашдан иборат бўлган мутасадди орган ходимлари фаолият кўрсатади. Улар инсон қадрини ҳурмат қилишда пешқадам бўлиши жоиз.

Айтайлик, шовотлик М.Матёқубова ва Д.Ражабовалар ҳали ўтган йилиёқ ўзларига қарашли ноқонуний қурилган уй-жойни давлатимиз раҳбари фармонига кўра бир марталик амнистия тартибида ҳисобга олиш ва эгалик ҳуқуқини белгилаш юзасидан Давлат хизматлари агентлигиниг Хоразм вилоят бошқармасига мурожаат қилишганди. Аризани кўриб чиқиш ва қонунан ҳал қилиш учун тезда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Шовот туман филиалига электрон тарзда юборилди. Афсус, ҳар иккала фуқаронинг аризаси ўзига хон, кўланкаси майдон “ёшулли”лар столи ғаладонида қолиб кетди. Унга қиё боқувчи валломат топилмади. Маҳкама аризаларни хизмат вазифаси тақозосига кўра, қонуний хулоса бериш учун туман ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги идоралари эътиборига ҳавола этмоғи ва улар тақдим қилган ҳужжат ва зиммадаги мажбурият асосида расмийлаштириши лозим эди. Аммо бундай бўлмади. Аризани қараб чиқиш юзасидан белгиланган муддат тугаса ҳамки, ҳеч эътибор беришмади. Мурожаат бўйича мутасадди маҳкамада содир бўлган лоқайдлик юзага чиққани ва уни бартараф этиш учун юборилган тақдимнома ўз кучини намоён этганидан сўнггина масала  ижобий ечимини топди. Чиғатойқалъа қишлоғида барпо этилган иморатга эгалик ҳуқуқи белгиланди. Бу ҳақда туман ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Яна бир хунук ҳолат “Ҳазорасп кумуш пилласи” масъулияти чекланган жамиятида рўй берди. Пилла ҳосилини йиғиш, топшириш ва тайёрлаш мавсуми аллақачон ўтиб кетган, жамият эса мавсумий фаолиятини келаси йилгача тўхтатган бўлса-да, масъулиятсиз масъулияти чекланган жамият бир йўла 31 нафар ходимнинг иш ҳақини тўлаш мажбуриятига панжа орасидан қаради. Мавсумий ишчилар эса меҳнат ҳақини сўраб, МЧЖга деярли ҳар куни қатнашди. Овворагарчиликдан чарчаган фуқаролар ахири туман Адлия бўлимига мурожаат қилишди. Масала зудлик билан ўрганилгач, шикоятчилар ҳақ, деган хулосага келинди. Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди эътиборига ҳавола қилинди. Шикоятчиларнинг талаби судда ижобий қондирилди. Жамият уларнинг тегишли иш ҳақини суд қарори билан тўлаб беришга мажбур бўлди. Савол туғилади: нега шундай? Масъулияти чекланган жамият раҳбарлари  қонун устуворлигини билмасмиди? Ишни судгача бормасдан ҳам ҳал этса бўларди-ку!..

Адлия органи фаоллиги туфайли урганчлик Гулмира Жумагулованинг мушкули ҳам осон кечди. “Хива махсус электромонтаж-созлаш” унитар корхонаси тегишли суд маҳкамасининг ҳал қилув қарорига биноан унга тегишли 3 миллион 754 минг сўмлик иш ҳақи ва 500 минг сўм миқдоридаги маънавий зарарни тезда ва тўла қоплади. Во ажаб, улар шу мамлакат фуқароси эканлигини ёдидан чиқариб қўймаганмиди? Қонун барчага баробар эканини наҳотки тушунмасалар…

Ушбу жараёнда янгибозорлик Матлуба Абдуллаеванинг қонуний талаби ҳам бажо келтирилди. Унинг ушбу тумандаги 19-сонли мактабгача таълим муассасасидан 1 миллион сўмдан зиёд пул ундиришга қаратилган талаби Адлия бўлимининг тақдимномаси асосида ижобий ечим топди.

Фуқаролар ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш уларни ҳал этиш ва таъсирчан тадбирлар жойлардаги Халқ қабулхоналари тизими томонидан амалга оширилаяпти. Масалан, О.Саидов ва унинг ҳамқишлоқлари томонидан Хонқа туман Халқ қабулхонасига йўллаган мурожаати бўйича иш ўрганилди. Мурожаатда Навхос қишлоғида 15 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётгани, Урганч шаҳри билан боғловчи автобус йўналиши ёпилиб қолгани боис вилоят марказига қатнаб ишловчи фуқаролар, шунингдек, талаба-ёшлар, ногирон ва қариялар, айниқса, кўп азият чекаётгани баён этилганди. Муаммонинг ечими учун амалий ёрдам сўралганди. Халқ қабулхонаси масалани жиддий ўрганди ва тегишли идоралар олдига муаммони кўндаланг қўйди. Ҳозирда автобусларнинг “Урганч — Хонқа — Новхос” йўналиши бўйлаб қатнови мунтазам йўлга қўйилди.

Айтиш жоизки, ариза ва шикоятлар юзасидан таъсирчан, самарали чора-тадбирларни қўллашда прокуратура органларининг ўрни ва роли анча катта. Шу боис, маълум қийинчиликларга рўпара келганлар кўпинча ушбу маҳкамага юкинишади. Ўтган йили фуқаролар, тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи бошқа шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг 2 минг 989 таси бевосита вилоят прокуратураси тарафидан қаноатлантирилди. Бу — анча салмоқдор рақам ва унинг ортида мушкули осон, оғири енгил, узоғи яқин бўлган минглаб инсонларнинг кечмиши турибди. Мисол учун, Питнак шаҳрида яшовчи А.Отажонов нияти ижобат топган ана шундай фуқароларнинг бири. “Ўзагросуғурта”нинг туман бўлинмаси “майиблик дарди”га мубтало бўлгани учун унга берилиши зарур бўлган 29 миллион сўм миқдоридаги суғурта пули тўловини тегишли ҳужжатлар тақдим этилганига қарамай, ойлаб пайсалга солиб келди. Боғот туманидаги “Найман бинокор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Т.Отажоновнинг ўзига тегишли ер майдони ҳудудига аниқлик киритиш ҳақидаги аризаси ҳам тўраларча муносабатга учради. Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри туман филиали бошлиғи Б.Тўраев аризага қонунда белгиланганидек, 30 эмас, балки 44 кун деганда жавоб берди.

Қонуннинг мадади, муруввати беқиёс, беадад. Бироқ унинг сўрови, таъсир ва тазйиқи ҳам бор. Номи юқорида зикр этилган ҳар иккала маҳкама айнан шунисига рўбарў бўлишди. Қонуний таъсир чоралари туфайли суғурта ташкилоти фуқаро А.Отажоновга 29 миллион сўм суғурта пулини қуртдай санаб берган бўлса, ер тузиш ва кадастр бўлими “Найман бинокор”нинг ҳақли талабини, кечикиб бўлса-да, адо этди. Жамиятга қарашли ҳудуд чегарасига тўла аниқлик киритилган ҳужжат мурожаат муаллифига тақдим қилинди.

Кейинги бир йил мобайнида ушбу орган томонидан қараб чиқилган мурожаатларнинг умумий сони 21 минг 36 га борди. 4 минг 300 дан зиёд прокурорлик таъсир чоралари қўлланилди, бу жараёнда 10 минг 616 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 15 мингдан зиёд киши ишга жойлаштирилди, давлатга қарашли ташкилотлар мутасаддилари тарафидан 257 та иш ўрни яшириб келингани аниқланди, ходимларнинг тўлови кечикканлиги боис 4,5 миллиард сўмлик маоши ундириб берилди, ишда бош-бошдоқликка йўл қўйган 1 минг 745 нафар мансаб эгаси интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 86 та жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналаридан тааллуқлилиги бўйича юборилган мурожаатларнинг 95 фоизи бевосита прокуратуранинг ўзида ўрганилди. Бу жараёнда жами 1 минг 34 та мурожаатдаги талаблар ўз тасдиғини топди.

Шу ўринда, маълумотларга қараганда, фаолияти кўрсатиб ўтилган Хоразм вилоят прокуратурасида ўтган йили жами мурожаатларнинг салкам 3 минг ёки 13,7 фоизи қаноатлантирилган. Аксарият мурожаатлар юзасидан тегишли тартибда тушунтириш берилган. Вилоят Солиқ бошқармаси эса барча мурожаатларнинг тенг ярми, яъни 349 тасига ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатган. Тасдиғини топган ва қаноатлантирилган мурожаатлар сони 109 та, яъни 15,8 фоизни ташкил этди. Аноним хатлар салмоғи салкам 10 фоиз — 49 тага етгани кишини ажаблантиради.

Вилоят Ички ишлар бошқармасида эса ариза ва шикоятларни қаноатлантириш кўрсаткичи йил мобайнида 28,7 фоизга етган. Мазкур маҳкама жами мурожатларнинг қарийб 55 фоизи юзасидан тушунтириш берган, 3 минг 297 та ариза ўз тасдиғини топмагани қайд этилган. Мазкур бошқарманинг йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари устидан тушган шикоятлар сони ўтган йилга нисбатан ортгани маълум бўлди.

Мурожаатларнинг қаноатлантирилиши бўйича энг паст кўрсаткич вилоят Божхона бошқармасида қайд қилинди. Бош­қармага жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланган 69 та мурожаатнинг атиги 8 таси — 11,6 фоизи қаноатлантирилган.

Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармаси бу борада нисбатан яхши кўрсаткичга эришди, мурожаатларнинг 30 таси, ёхуд 26,6 фоизини асосли, дея этироф этди. Бироқ фаолиятини бошлабоқ айрим эътирозларга дуч келди. Йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар бир қатор ҳисобот ва маълумотномаларда ўз аксини топгани ачинарли ҳол, албатта. Тушунтириш хатлари сони ортиб кетгани эса уларни синч­ковлик билан ўрганиш ҳамда ҳал этишга лозим даражада эътибор қаратилмаганидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари ошкор этилмаган қусурлар болалаб кетиши, жамиятга ўзини бундай икир-чикирлардан тозалай оладиган, халос этадиган тарзда жамият фаровонлик, тўкин-сочинлик, барқарорликка юз тутишини дилдан англайдиган раҳбар кадрлар кераклигини ҳар доим уқтириб келадилар. Бу асло бежизга эмас!

Президентимиз “Инсонларнинг дарди-ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир”, деганлар. Ушбу ғоя билан яшамоқ ва халқ­қа хизмат қилмоқ, наинки фаолияти зикр этилган маҳкамалар, балки бутун юрт аҳли учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлиб, ишимиз ва турмушимизнинг мезонини белгиловчи омиллардандир.

Абдулла Собиров,

“HURRIYAT” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =