Чалкаш қарор низога олиб келди

… Гурланлик фермер Ўрол Раҳимовнинг ғалати феъли бор. Сўзидан кўпинча қалампирнинг ҳиди келади. “Айбга буюрманг, умримиз дала-даштда, совуқ шамоллар бағрида ўтаяпти. Шу боис сўйлар сўзимиз ҳам бир мунча дағал, ҳатто қўполроқ ҳам туюлиши мумкин”, дейди у қусурини тан олиб.

Кутилмаганда, ҳаётининг каттагина қисмини шундоғам адолат ҳамда ҳақиқат талашган кўйи ўтказиб келаётган Ўрол Раҳимов, афсуски, бу йил ҳам бир қалтис вазиятга рўбарў келди.

Келинг, гапни индаллосидан бошлайлик. Туманда қишлоқ хўжалик субъектларига қарашли ер майдонларини мақбуллаштириш ҳаракати бошланган чоғда, ер масаласидаги ортиқча гап-сўздан безган, “Дўсим-Раҳим” фермер хўжалиги раҳбари Ў.Раҳимов деҳқончилик фаолияти йўналишини чорвачилик соҳасига ихтисослаштиришда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Гурлан тумани ҳокими номига ариза ёзди. Аввалига, ариза туман ҳокимияти томонидан тўлалигича қаноатлантирилмади. Аксинча, Гурлан тумани ҳокимлиги фермер хўжаликларига қарашли ер майдонларини ҳокимлик заҳирасига олиш ва мақбуллаштириш дастури асосида қайта рўйхатдан ўтказилиши кутилаётган танловда иштирок этишини таклиф қилди. Фермер Ў.Раҳимов яна ёзма мурожаат қилди.

Фермерлик субъектлари ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида туман ҳокимлиги қошида тузилган комиссиянинг беҳаловат иш кунлари бошланди. Комиссия қошидаги туман қишлоқ хўжалик бўлими, туман ер тузиш ва кадастр идораси мутасаддиларидан иборат гуруҳ ишни “ҳаш-паш” дегунча поёнига етказди. Комиссия хулосаси асосида тайёрланган қарор 2019 йилнинг 28 январида туман ҳокими А.Салаев томонидан имзоланиб, қонуний кучга кирди. Қарорга мувофиқ “Дўсим-Раҳим” фермер хўжалиги ихтиёрига жами 108,5 гектардан иборат ер майдони 49 йил муддатга ажратиб берилди.

Туман ҳокимининг бошқа бир қарорига кўра эса муқаддам Ўрол Раҳимовга қарашли хўжаликнинг 649 ва 652-контуридаги 11,7 гектар ҳажмдаги 2 та даласи қўшни “Гурлан ҳосил” фермер хўжалиги тасарруфига берилди. Экин майдонлари шундоғам етарли бўлган “Дўсим-Раҳим” фермер хўжалиги раҳбари мақбуллаштириш натижасида юз берган ушбу ўзгартиришдан кўз юмса ҳам бўлаверарди. Бироқ…

Вазирлар Маҳкамаси чиқарган қарорининг ҳам ўз талаби бор. Чунончи, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 4-бандига кўра, мақбуллаштириш тадбири ер участкаларининг ўлчами назарда тутилган миқдор (Бу миқдор Хоразм вилоятида 100 гектар қилиб белгиланган)дан кам бўлган фермерлик субъектларига нисбатан қўлланилиши белгиланган. Ер участкаларидан самарали фойдаланаётган, контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига нисбатан эса қўлланилмайди. Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 4-бандига кўра, мақбуллаштириш талаби “Дўсим-Раҳим” фермер хўжалигига нисбатан қўлланилмаслиги керак эди.

Чунки, туман статистика бўлими томонидан хўжаликнинг кейинги уч йиллик фаолияти бўйича тақдим қилинган маълумотномада мазкур хўжалик пахта хомашёси тайёрлаш контрактация шартномасини 2016 йили 143,3 фоиз, 2017 йили 115,1 фоиз, 2018 йили 103,4 фоиз қилиб адо этган. Буғдой ҳосили етиштириш соҳасида олинган мажбуриятлар эса 2016 йили 110,2, 2017 йили 118,6, 2018 йили 111,4 фоизга уддалангани кўрсатилган. Савол туғилиши табиий, қарор талаби нега бузилди? Журналистик суриштирувимиз давомида ушбу жўяли саволнинг аниқ жавоби топилмади.

Мудҳиш воқеа эса чигит экиш мавсуми, аниқроғи, шу йилнинг 7 апрель куни рўй берди. Аввалига “Дўсим-Раҳим” фермер хўжалигига қарашли сатҳи 11,7 гектардан иборат ерни Маҳмуд ҳожи Олламов бошлиқ “Гурлан ҳосил” қишлоқ тадбиркорлиги субъектига олиб беришга қарата чиқарилган ҳоким қарори бирмунча вақт  ижросиз қолди. Оқибатда 11,7 гектардан иборат мазкур далада 2019 йили етиштириладиган пахта ҳосили учун буюртмачи билан “Гурлан ҳосил” фермер хўжалиги ўртасида контрактация шарт­номаси тузилмади.

Оқибатда оғирлик яна туман ҳокимлиги ва қишлоқ хўжалик бўлими гарданига тушди. Баҳор ўрталаб қолганда, мазкур далада ҳосил етиштириш юзасидан контрактация шартномаси тузилмагани уларни шошилтириб қўйди. Шошган ўрдак думи билан сузар, деган нақлда жон бор. Бу ҳол шартномавийлик масаласи атрофида бўй кўрсатган нохуш вазиятда яққол кўринди. Мутасаддилар яна қонунийликка зид йўлни танлашди. Туман ҳокимлиги Ўрол Раҳимовдан унинг қўлидан кетган 11,7 гектар майдон учун пахта етиштириш бўйича контрактация шартномаси тузишни талаб қилди. Фермер таклифни рад этди. Аммо у қайта-қайта қилинган талаб ва сўровлар натижасида шарт­номани имзолади. Шартномага мувофиқ  649 ва 652-контурдаги 11,7 гектар ерда пахта етиштириш ва ҳосилни буюртмачи “Гурлан пахта тозалаш” АЖга топшириш мажбурияти “Дўсим-Раҳим” фермер хўжалиги зиммасига тушди.

Фермер Ў.Раҳимов юқорида айтиб ўтилган сана, яъни 7 апрель куни эрта тонг яхши ният-ла далага отланиб, чигит экиш ишларига бош-қош бўлди. Иш пешингача тўхтамади. Аммо далага Маҳмуд ҳожи Олламов бошлиқ ернинг “янги” эгалари келишди. Бу ер уларга тегишли эканини айтишди. Ў.Раҳимовдан уруғ қадалаётган далани тарк этишни талаб қилишди. Аввалига Ўрол Раҳимов гарангсиб қолди. Ниҳоят ўзига келгач, юзага келган нохуш вазиятни бартараф этишда ёрдам сўраш учун ўғли Миржалол Раҳимов билан, унинг бошқарувидаги машинада, туман ҳокимлиги сари йўл олди. Ҳоким банд, йиғилиш ўтказаётган экан. Ў.Раҳимов туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича муовини ёки бўлимнинг бирор мутасаддисидан маслаҳат оларман, деган умидда уларга учрашишга қарор қилди. Аммо бирор мутасаддини учратмади.

Орадан бироз вақт ўтиб, бино қаршисидаги майдонда ғала-ғовур, шовқин-сурон бошланди. Ў.Раҳимов ташқарига чиқиб кўрдики, бино олдига тумонат одам йиғилган. У яқинига боргач,  ҳушини йўқотаёзган ўғлининг қонга беланган афт-ангорига кўзи тушди. Шошиб қолди. Фурсат ўтмай, “Тез тиббий ёрдам”га хабар беришди…

Ўша куни Миржалолни туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизишди. У уч кун деганда ўзига келиб, кўзини очди. Муолажа тадбирлари терапевтик даволаш бўлимида давом эттирилди. Шундан сўнг, жароҳати битмаёқ, шифокорлар хулосасига асосан, уйига жавоб берилди. Миржалол уйига келгач ҳадеганда оёқда юриб кетмади. Аксинча, юриш ва нафас олиш қобилияти кучсизланди. Оғриқ зўридан, ҳафта ўтмай, уни яна шифохонага олиб боришди. Бу гал сурункали шамоллашнинг кучайиши ташхиси билан даволашди. Аммо нафи кам бўлди. Орадан яна 10 кун ўтди. Миржалолнинг аҳволи оғирлашди. Яна касалхона… Уни бу гал, жарроҳлар эмас, терапевт шифокорлар даволашди. Шифокор ҳамда тиббий экспертиза муассасаси ходими беморга енгил даражада шикастланиш ташхисини қўйишди.

М.Раҳимов Гурлан шифохонасида қандай ташхис билан даволангани билан қизиқдик. Касалхона мутасаддилари олдинига бу ҳақда маълумот берилмаслигини билдиришди. Тегишли жойга хат билан мурожаат қилганимиздан кейин талабни қаноатлантиришдан бўлак чора топа олишмади. Тақдим этилган маълумотномада бемор М.Раҳимов туман касалхонасига чиндан ҳам кўкрак қафасининг санчилиб, кесилган соҳасида қаттиқ оғриқ, танасида эса ҳолсизлик, руҳиятида безовталик аломатлари мавжудлиги хусусида мурожаат қилгани, энг қизиғи, шифохонада ўпканинг сурункали обструктив касаллиги қўзиши ташхиси бўйича даволанганига оид далиллар мавжуд.

Таъкидлаш жоизки, шифохона томонидан беморга ва бизга тақдим қилинган ҳужжатларнинг мазмуни, табиийки, ҳар хил, бири-бирини тасдиқламайди. Оғир жароҳатга дучор бўлган Миржалолнинг ўзи эса орадан салкам 5 ой вақт ўтса-да, кучли оғриқ баданини то ҳануз тарк этмаганидан шикоят қилади…

… Туманнинг қоқ маркази — ҳокимлик ва собиқ “Кенгашлар уйи” олди майдонида ўша куни содир бўлган мудҳиш воқеа бўйича терговни Гурлан туман ИИБ терговчиси капитан К.Бобожонов олиб борган, судга тақдим қилинган хулосани эса Гурлан туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Ш.Исмаилов тасдиқлаган. Хулосадаги фактларга кўра, воқеа содир бўлган куни Ў.Раҳимов билан изма-из Маҳмуд ҳожи Олламов ҳам ўғли Муҳаммад Кенжаев ва турмуш ўртоғи Феруза Эримматова ҳамроҳлигида туман ҳокимлигига келишган. Орадан кўп вақт ўтмай, Муҳаммад билан бино ташқарисида қолиб отасини пойлаётган Миржалол ўртасида ўзаро келишмовчилик рўй берган. Яъни, катталар орасидаги можаро фарзандлар ўртасида давом этган. Ўзаро зиддият оқибатида М.Кенжаев ёнидаги йиғма чўнтак пичоғини олиб М.Раҳимовнинг кўкрак қафасига санчгани айтилади.

Тергов тиббий экспертиза натижаларини ҳисобга олиб, амалдаги йилнинг 7 — 13 апрель, 23 апрель — 2 май, 14 — 20 май кунлари жами 22 кун мобайнида Миржалолнинг туман шифохонасида даволангани, унинг уч кунини шифокорларнинг алоҳида назорати остида — жонлантириш бўлимида ўтказгани, беморга ҳақиқатан ҳам енгил даражада тан жароҳати етгани, соғ­лиғининг эса 6 кундан ортиқ, 21 кундан кам муддатга бузилгани қайд қилинган.

Жиноий ишлар бўйича Гурлан туман суди биносида судья Б.Якубов раислигида кўрилган иш бўйича М.Кенжаевнинг жабрланувчига етказган зарарни қоплагани ҳамда 11,7 гектар саҳнли 2 та даласи “Дўсим-Раҳим” фермер хўжалигига қайтариб берилгани инобатга олиниб, инсон соғлиғи ва дахлсизлигига очиқдан-очиқ тажовуз қилган М.Кенжаевга нисбатан туман суди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қасд­дан баданга енгил шикаст етказишга оид 109-моддаси 2-қисми бўйича малакаланган. Айбланувчи М.Кенжаев ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Жабрланувчининг айтишича, ушбу мудҳиш воқеа Маҳмуд ҳожи Олламовнинг иштирокида содир этилган, жараённи унинг ўзи бош­қарган. Тергов эса бу ҳолни эътибордан четда қолдиргани, гувоҳларнинг иштирок этмагани, яъни уларнинг билдиргилари инобатга олинмагани ажабланарли ҳол.

Тўғрироғи, тергов суриштируви жараёнида айбланувчининг гувоҳлари чақирилган. Воқеани ўз кўзи билан кўрган бошқа гувоҳлар, чунончи, туман марказидаги “Зиёкор” маҳалласида яшовчи фуқаро Манзура Пайзуллаева (Раҳимовлар оиласига яқинлиги йўқ) ва “Саҳд” маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳамро Худойбергановнинг (ушбу фуқаронинг ҳам Раҳимовлар хонадонига яқинлиги йўқ) кўрсатмалари мутлақо эътиборга олинмаган. Жабрланувчи М.Пайзуллаева ва Ҳ.Худойбергановларнинг тушунтириш хатларини улардан олдик.

Агар ушбу гувоҳликлар асл ҳақиқатни ифодаласа, мазкур жиноий қилмишнинг сабабчиси негадир тергов хулосасида тилга олинмайди. Суд жараёнида ҳам М.Олламовга ҳеч қандай жазо тайин­ланмаганига тушунолмадик.

Туман ҳокимлиги, комиссияси аъзолари, қишлоқ хўжалик бўлими, ер тузиш ва кадастр идораси масъуллари ўзлари йўл қўйган қусур шу билан тугашига ишонишармикин? Бизнингча, тергов-суриштирув ишлари холис олиб борилганда, суд ўз кўзи билан кўрган гувоҳларнинг билдиргиларини инобатга олганда ва асосий айбдорни ҳам топиб, унга нисбатан жазо қўлланилганда орадаги низо барҳам топган бўларди…

Абдулла Собиров,

“Hurriyat” мухбири.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + six =