Қадр – инсонни юксакликка кўтаради

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси соҳа фахрийлари, пенционер ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни дастурий вазифаси деб билади. Жойларда уюшма ва унинг вилоят бўлимлари томонидан фахрийлар иштирокида турли тадбирлар, учрашувлар ўтказилиб, босиб ўтган йўлларини ибрат намунаси сифатида тарғиб этиш орқали ёшларимизда Ватанга муҳаббат, касбга садоқат ҳиссини янада оширишга ҳаракат қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан уюшма ва Республика товар хом ашё биржаси ўртасида тузилган «Дўстлар» клуби амалий ишларда муҳим аҳамият касб этаяпти. Жорий йилда фахрий журналистларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида «Дўстлар» клуби маблағлари кўмагида Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамини нишонлаш арафасида жами 107 нафар фахрийлар ва эҳтиёжманд ижодкорлар оиласига 32 миллион 100 минг сўм миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари ва совғалар етказиб берилди.

Шунингдек, уюшма томонидан 29 нафар фахрий журналист ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ижодкорлар оиласига моддий ёрдам кўрсатилди.

— Бугун мамлакатимиз раҳбари томонидан адабиётга, журналистика соҳасига катта эътибор қаратилмоқда, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Шарқ Юлдузи» журнали бўлим мудири, таниқли шоир Икром Отамуродов. — Сўз ва ахборот эркинлиги таъминланди. Оммавий ахборот воситалрига бўлган қараш тубдан ўзгарди. Кейинги пайтда матбуотимизда тан­қидий-таҳлилий материалларнинг сони ва сифати ошиб бораётгани журна­листларимиз малакасининг юксалаётганидан дарак бермоқда.

Жумладан, уюшманинг Навоий вилояти бўлими томонидан фахрий журна­листлар — Фаттоҳ Сатторов ҳамда Исроил Холбоев ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам тариқасида озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Фаттоҳ Сатторов 1944 йилда туғилган. 44 йиллик иш фаолиятини битта нашр — «Қизилпета тонги» газетасида олиб борди. Ўтган йиллар мобайнида устоз-журналист ёзган материаллар туман иқтисодий-ижтимоий фаолиятини ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этишга қаратилди. Бугунги кунда фахрий ижодкор нафақада бўлишига қарамасдан ёшларга касб сирларини ўргатиб келмоқда.

— Журналист учун эътибор, эътирофдан кўра муҳимроқ нарса йўқ, — деди 80 ёшни қаршилаётган Ф.Сатторов. – Тўғриси, нафақага чиққанимдан буён “сиз журналист экансиз”, “таҳририятда ишлаган экансиз”, деб биров сўрамаганди. Бугун сизларнинг келишингиз мени жуда руҳлантирди, кўнглим кўтарилди. Уюшма раҳбариятига бунинг учун ташаккур. Мазкур хайрли тадбирлар юртимизда журналистларга бўлган эътибор юксалаётганидан, деб биламан.

Сурхондарё вилояти оммавий ахборот воситаларида кўп йиллар меҳнат қилган, воҳада эътибор топган Азизали Алибоев ва Жўрабек Рамазонов, афсуски, орамиздан эрта кетган ҳамкасб­ларимиз. Байрам арафасида уюшманинг Сурхондарё вилояти бўлими ходимлари марҳум қаламкашларнинг оиласидан хабар олишди.

Азизали Алибоев “Сурхон тонги” газетасида мухбир, Сурхондарё вилоят прокуратурасининг “Адолат тарозиси” газетаси ва “Адолат” телевиденияси бирлашган таҳририятида бош муҳаррир лавозимларида ишлаган. Мушоҳадали мақолалар ёзган, ҳуқуқий мавзудаги кўрсатувларда жамиятимизда мавжуд иллатларни кенг ёритган.

Журналист Жўрабек Рамазонов матбуотда чоп этилган кўплаб мақолаларида юртимизда, хусусан, Бойсун туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда бўлаётган ўзгаришларни қаламга олганди. Ёшлар тарбияси ва таълим тизимидаги кемтик нуқталар мавзусида қатор материаллар эълон қилган. У “Бойсун овози” газетасида узоқ йиллар фаолият кўр­сатган фидойи журна­листлардан бири эди.

Учрашувларда фахрийлар ва марҳум журналистларнинг оила аъзолари юртимизда бўлаётган ўзгаришлар ва инсон омилига кўрсатилаётган бундай юксак эҳтиром учун давлатимизга, уюшма ва унинг ҳамкорларига миннатдорлик билдирдилар.

Жобир Хўжақулов.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =