Янгиланаётган Ўзбекистон: Истиқболли ойдин йўл

Ўз Ватани, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бужасорат ва мардлик, буона юртга муҳаббат ва садоқат, бутўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.

Шавкат Мирзиёев.

Уч йил!.. Ўта тезкор тараққиёт сари йўл. Илк қадамлар юксак ютуқларга эришиш мумкин эканлигини исботлади. Натижада янгиланаётган тизим вужудга келди. Ўхшаши йўқ, аммо намуна-ибрат бўладиган янгиланаётган Ўзбекистоннинг келажаги томон муҳим қадам ташланди.

Тарих Ҳаракатлар стратегияси истиқболли эканини, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимида ишлаган пайтидаги, яъни 2016 йил сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги бос­қичга кўтарамиз” деб номланган нутқи янгиланаётган Ўзбекистон концепцияси таълимотини асосли равишда бошлаб берганини тан олди.

Қисқа давр ичида мамлакатда улкан ўзгаришлар амалга оширилди. 2019 йил 8 июлда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президентимиз қарорида ҳам: “Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда…

Айниқса, охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни аниқ далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгадир”, деб қайд қилинган.

Бугун мамлакатда саноат, ишлаб чиқариш, қурилиш соҳаларида туб бурилиш, кўзга ташланарли ўзгаришлар бўлаётган, халқ фаровонлиги йўлида зарурий чоралар амалга оширилаётган бир пайт­да, албатта, тўғри йўналтирувчи илмий-назарий ва таҳлилий ҳамда амалий истиқболли режалар, бир сўз билан айтганда, янги — юксалиш таълимоти вужудга келгани аён бўлди. Замон нуқтаи назаридан олиб қаралса, Ўзбекистонда тарихий ўзгаришлар содир бўлаяпти, энг муҳими, буни бир лаҳзалик деб бўлмайди. Балки, таълимот дастурининг дастлабки натижалари десак тўғри бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз кейинги йилларда мамлакат аҳлини улкан фидойилик, яъни ватан келажаги, юрт равнақи учун меҳнат сафарбарлиги сари чорлади. Оммавий ахборот воситалари орқали бунёдкорлик соҳасида эришилган ютуқлар, ҳатто фермер хўжаликларининг ҳам четга экспорт салоҳияти ортиб бораётганига ўзимиз гувоҳмиз. Бу бор гап. Чунончи, бир сафар Юртбошимиз аскарларимизнинг машқ майдонларида бўлганларида, уларга қараб: “Ҳар бирингиз ўқилмаган бир китобсиз”, деганларини қанча кўп шарҳласак, шунча камдек туйилаверади…

Ўзбекистон — бепоён мамлакат! Вилоятларда раҳбарлар билан мулоқот чоғида муҳтарам Президентимиз: “Тарихимизни яхши билмаймиз, ўрганишимиз керак, чуқур билишимиз керак”, деган гапни такрор-такрор айтади. Давлатимиз раҳбари даъвати ҳар биримизнинг она тарихимизга бўлган қарашимизни тубдан ўзгартирди. Халқаро анжуманларда миллатимиз ўтмиши, бугуни ва эртаси хорижлик экспертлар иштирокида муҳокама этилиши дунё аҳлининг Ўзбекистонга муносабатини ўзгартирди. Энди улар юртимизга тарихи қудратли, бугуни умидли ва ишончли, эртаси буюк давлат сифатида қарай бошлади.

Ўзбекистон барча соҳаларда тараққиётнинг янгиланиш палласига кирди. “Эртанги кун бугундан бошланади”, — пурмаъно ғоя! Шундай экан, энг муҳими, ғанимат кунларни қадрига етайлик. Ҳаракатлар стратегиясининг бешта, энг муҳим устувор йўналишлари (2017-2021 й.й.)ни талаб даражасида амалга оширсак, Ўзбекистонни ўта ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлаймиз. “Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдонига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз”, деганди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбарининг “Халқим бахтли бўлса, оддий фуқаро сифатида мен ўзимни бахтли ҳис қиламан!” деган гапи халқимизнинг фаровон турмуши томон қўйилган қадам бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг кенг қамровли, қатъиятли, узоқни кўзлаган параметрлари, янги Ўзбекис­тоннинг инновацион лойиҳалари, асосида хориж инвестициясининг кириб келиши тўғрисида таҳлилий мақолалар марказий ва хорижий матбуотда ёритилаяпти. Тўлиқ ва таг-заминга асосланган тараққиётнинг туб бурилиши ҳақида хорижлик ҳамкасбларнинг нуфузли газеталарида, журналларида ва электрон матбуоти орқали ўқияпмиз.

Мисол учун, “Халқ сўзи” газетасининг 2018 йил 28 декабрь сонида “Эътироф” рукни остида Президент Шавкат Мирзиёевни “Йилнинг хорижий давлат арбоби” деб топилгани ҳақидаги хабарини ўқиб, шахсан ўзим жуда қувондим. Туркиядаги нуфузли “Turco­money” нашрининг йиллик рейтингида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Йилнинг хорижий давлат арбоби” дея эътироф этилгани ҳақида Истанбул шаҳрида Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим, Истанбул шаҳри ҳокими Мевлют Уйсал ҳамда мамлакат ҳукумати, парламенти, жамоатчилик ва ишбилармон доира вакиллари иштирокида ўтказилган тантанали маросимда эълон қилингани юксак эътирофга лойиқ. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Туркия ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларини сезиларли даражада мустаҳкамлашдаги буюк хизматлари ҳамда муҳим амалий ҳиссаси, шунингдек, Океанорти, Европа ва Осиё минтақасида ва унинг атрофида ҳамкорликни сезиларли даражада жонлантиргани учун ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлди.

Хорижлик журналистлар ўзларининг танқидий-таҳлилий мақола ва хабарларида таянч нуқтани муҳтарам Президентимизга қаратганидан ҳамда жўяли хулосалар бергани кишида мамнунлик уйғотади. Ўрни келганда, бироз бўлса-да, очиғини айтайлик, биз матбуотчилар ҳамон материалларимизда ҳадиксираб, қўрқиб-писиб, “дедилар” шаклида ёзамиз. Ваҳоланки, Президентимизнинг мамлакат тараққиётидаги кескин ислоҳотлар ҳамда бурилиш жараёнларини бошлаб берганларига уч йил бўлди. Қисқа вақтда шундоқ оламшумул ўзгаришлар содир бўлдики, айрим хорижлик журналистларнинг чиқишларида ҳам қайд этилмоқда. Бу бошланиши, деб ўйлайман.

Шу ўринда Американинг “For­bes” журналидаги Мелик Кайланнинг мақоласида: “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев — ислоҳотчи, ўз мамлакати “иқтисодий тақдири”ни яхшилаш бўйича аниқ ва тушунарли стратегияга эга шахс. Ўзбекистон раҳбари қисқа муддатда мамлакат келажагини яхши томонга ўзгартиришга эришди — маҳбусларни озодликка чиқарди, мамлакатда хорижий ОАВ фао­лият юритишига рухсат берди, республикани ташқи савдо ва инвести­циялар учун очди. Мамлакат раҳбарияти юқори малакали кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Президенти хорижда таълим олган ёш мутахассисларни раҳбарлик лавозимларига тайинлади, мамлакатда коррупцияга қарши фаол кураш олиб борилмоқда”, деб ёзади.

2017 йили ёзда “Московский комсомолец” газетаси луғатига Шавкат Мизиёев ҳақида талабчан, деган атамани олиб кирди. Бу гапни нега биз матбуотчилар, жамиятшунослар, олимлар, ёзмадик, айтмадик? Иқтидорли, салоҳиятли, давлат ва жамият тараққиётига, муҳтарам Президентнинг қатъий қарашлари нуқтаи назаридан, бироз бўлса-да, шарҳ берувчилар йўқмиди?..

Умуман олганда, ҳозирги пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев – элу юрт обрў-эътибори, миллат ва халқ тарафдори ҳамда Ўзбекистон мамлакатининг ақл-идроки ва кўзгуси, деган таъкид жаҳон миқёсида тан олинаётибди, эътироф этилаяпти.

Президентимизнинг ўтган уч йил мобайнида Ўзбекистонни туб бурилишнинг ҳал қилувчи палласига олиб киришда: “Мен билимимга, салоҳиятимга, тажрибамга ва халқимга ишонаман”, деган мардона гаплари замирида халқнинг фаровон ва тинч-осойишта яшашига қаратилган “рози қилиш” бош ғояси турибди. Шу қутлуғ қисқа даврда мамлакатимиз тараққиётини таъминловчи ўнлаб, юзлаб инновацион лойиҳалар илгари сурилди ва белгилаб берилган бешта Ҳаракатлар стратегиясига асосланган устувор йўналиш — Ўзбекистонни ўта ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишига даъват этади.

Президентнинг бой ва бебаҳо ҳамда боқий ғоялари халқимиз онгу-шуурига қанчалик тез етиб борса, мазмун-моҳиятини ўзлаштиришлари осон кечади. Бу эса уларнинг меҳнат фаолиятига ижобий таъсир кўрсатишига шак-шубҳа йўқ. Демак, тезкор нашрларга эҳтиёж борлигидан келиб чиқиб, тожик, қозоқ, рус, корейс, турк­ман, қирғиз, қорақалпоқ, татар, инглиз тилларида кичик илова сифатидаги нашр нусхаларини кўпайтириш вақти келди. Шунингдек, Марказий-расмий нашрлар аҳоли тафаккури, менталитети ва ўзлигига таъсир кўрсатишда асосий омил экан, бунинг учун омма­вий ахборот воситаларини кучайтириш ҳамда ададини кескин ошириш лозим бўлади. Ушбу мулоҳазани ишлаб чиқаришга жорий қилиниши эса унинг самарадорлиги талаб даражасида давом этишини таъминлайди.

Йигирмага яқин телеканалимиз ва 80 дан ортиқ эфир тўлқинлари бор. Шунингдек, марказий-расмий нашр­лар фаолият юритиб турибди. Улар орқали Республика маънавият ва маърифат маркази ходимлари, мутахассислар, олимларимиз шарҳлари, ғоявий-мафкуравий мақолаларнинг йиллаб эмас, ҳар ойда, ҳар ҳафтада тайёрланиб тарқатилиши, жонли мулоқотлар, ваъзхонликлар, асосан кўзланган мақсаднинг изчил давом этиши пировард мақсадимиз — осо­йишта, тинч-тотув яшашимиз, фидокорона меҳнатга бўлган сафарбарликни юзага келтиради. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ғояларини мужассам этиб, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузли ўрни ва ролини белгилашда ҳал қилувчи омилга айланади.

“Бугунги кунда Ўзбекистон ўтмиш сарқитларидан халос бўлиб, янги тараққиёт йўлидан бормоқда”. “South China Morning Post” газетасида (Хитой) чоп қилинган мақола шу жумла билан бошланади. Газетада эътироф қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев ўтмишда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиб, кўплаб тан­қидларга учраган тақиқларни бекор қилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир қатор амалий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этаётир. Айниқса, республиканинг халқаро майдондаги имижи тубдан ўзгариб, унинг қўшни давлатлар билан алоқалари яхшиланди. Натижада иқтисодий модернизация ва либерализация жараёнлари изчил кечгани ҳолда, мамлакатга хорижий сармоялар оқимида “портлаш эффекти” юз берди. Республиканинг барча ҳудуди бугун улкан қурилиш майдонига айланди, ҳамма жойда янгидан-янги саноат корхоналари, савдо ва кўнгилочар марказлар ҳамда бошқа турли объектлар бунёд этилмоқда. Аҳоли фаровонлиги ва юксалиши ҳамда харид қобилиятининг ортиши мамлакатда ички ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажмининг бир неча баробар ўсишига сабаб бўлди.

Open Democracy” электрон порталида (АҚШ) Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кечаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида мақола чоп этилди. Таҳлилчи Дарина Солод (Darina Solod) 2016 йили Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайлангандан сўнг мамлакатда бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирлар бошлангани, жумладан, қатор қонун ва қарорлар қабул қилинганини ёзади.

Хорижлик матбуот ходимларининг ҳар бир чиқишлари Президент танлаган йўл — янги Ўзбекистоннинг стратегик истиқболидан, унинг нуфузи ва обрўси, шаъни-шавкати ошиб боришидан сўз юритади. Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди шундай қайд қилган: “Президент Шавкат Мирзиёевнинг дадил қадами ва амалга ошираётан ислоҳотлари туфайли Ўзбекистон эскича қарашлардан воз кечиб, замонавийликка қараб интиляпти. Бу мамлакат раҳбарининг етакчилик ва узоқни кўра билиш қобилияти натижасидир. Буни тўла олқишлайман ва муваффақиятлар тилайман”.

Ўтган йил декабрь ойининг учинчи декадасида мамлакат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси — “Биз бугун кўпмиллатли халқимизга, барчамизнинг умидимиз ва суянчимиз бўлган ёшларимизга ишониб, маррани катта олмоқдамиз.

Азиз фарзандларимиз, набираларимиз бахтини, камолини ўйлаб, эл-юртимизнинг, халқимизнинг ёруғ келажагини кўзлаб олдимизга улкан вазифалар қўймоқдамиз.

Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш — Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият, десак тўғри бўлади.

Барчамиз буни чуқур англашимиз, қадрига етишимиз зарур!” — асосида: “Ўзбекистон сўнгги йилларда иқтисодиётнинг аввалги ривожланиш моделидан сезиларли даражада узоқлашиб, барча соҳани, жумладан, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқларини диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2016 йили Президентликка сайланган Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги ўзгаришларнинг асосий драйверига айланди”, деган фикрни АҚШнинг “CNBC” телеканали берди.

Ишончим комил, келажакни кўзлаб қилинаётган мамлакат тараққиётининг умумий принциплари йиғиндиси, мажмуи — яхлит улкан ўзгаришларни вужудга келтиради, янгиланаётган, ўзгараётган Ўзбекистоннинг мақсадли асосини яратади.

Карим Норматов,

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори,

тарих фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =