Асл адабиёт – ҳаёт мактаби

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ижод мактаблари адабиёт ва маънавият оламида катта воқеа ва тарихий ҳодиса бўлди. Истеъдодли шоир Ғайрат Мажиднинг “Бунда булбул китоб ўқийди” номли тўплами Ижод мактабларига номлари берилган – Исҳоқхон Тўра Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби машҳур ижодкорлар ҳақида ёзилган.

Китоб меҳр ва завқ билан ўқилади. Қайси бир ижодкор ҳақида ёзмасин, муаллифнинг устозларга бўлган ҳароратли меҳр-муҳаббати ҳар бир сатрда уфуриб, нурланиб туради. Китоб ижод мактабларининг очилганлиги ва фаолияти ҳақида шунчаки ахборот бериш ёки газетачилар ибораси билан айтганда “отклик” учун ёзилмаган. Аксинча, устозлар ижодларини жиддий ўқиб-ўрганиш, мактабларнинг қизғин фаолиятлари билан яқиндан танишиш, ўқув жараёнларида иштирок этиш китобнинг мазмун-моҳиятини янада бойитган.

Атоқли ва фидойи маърифатпарвар Исҳоқхон Тўра Ибрат ёдгорлик мажмуаси Тўрақўрғон тумани марказида бунёд этилди. Мамлакатимиз раҳбари 2018 йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу мажмуани бориб кўрди. Бу ерда таълим олаётган ёшлар билан мулоқотда бўлиб, уларга улкан омадлар тилади.

Мактаб-интернатда 160 ўринли ўқув биноси, 140 ўринли тил маркази, 100 ўринли ётоқхона мавжуд бўлиб, асосан 7 та тил: ин­г­­лиз, немис, француз, рус, араб, корейс, хитой тиллари ўргатилади. Шунингдек, мактабда “Ёш таржимон”, “Гид-экскурсовод”, “Хаттотлик санъати”, “Лирик лаҳзалар”, “Нотиқлик санъати ва саҳна маҳорати” каби тўгараклар фаолият олиб бормоқда.

Ибрат домла дастлаб тарихчи олим сифатида “Тарихи Фар­ғона”, “Тарихи маданият”, “Меъзон ул-замон” асарларини маҳорат билан ёзди. Бу китоблар ўз-ўзидан дунёга келган эмас. Ибратнинг узоқ изланишлари, дунё ва айниқса, Шарқ тарихини пухта ўқиб, ўрганганлиги самарасидир. Шунингдек, унинг “Луғати сита ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) асарлари ҳануз тилшунослигимиз учун қизиқарли ва фойдали манбалардан ҳисобланади. Ибрат домланинг яна бир ибратли фаолияти: 1908 йил Оренбургдан литографик жиҳозлар, ускуналар тўпламини олиб келади ва “Матбааи Исҳоқия” босмахонасига асос солади. Шунинг­дек, “Туркистон вилояти газети”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” матбуот нашрларида мунтазам асарлари, мақолалари босилиб турган. Ўзи ёзган шеърларни жамлаб, уни “Девони Ибрат” деб атаган.

Миллатни дунёнинг ил­ғор халқлари сафида кўришни истаган маърифатпарвар Исҳоқхон Тўра Ибрат охир-оқибат қатағон қурбонига айланди. Мустақиллик туфайли бу улуғ зотнинг муборак номи тикланди. Унинг номидаги мактаб эса ана шу ҳақиқатнинг ёрқин намунасидир…

Президентимизнинг 2017 йил 27 апрелда Жиззах вилоятига қилган ташрифи чоғида берган таклифлари асосида машҳур ижодкорлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия адабий меросини кенг тарғиб қилиш ва чуқур ўрганиш, ёшларни уларнинг умрбоқий асарлари билан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, улар номи билан аталувчи мактаб-интернат ташкил этилди. Она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ушбу ижод мактабида ёш истеъдодлар адабиёт сирларини катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар.

Китобдан ўрин олган “Ҳамид Олимжон мўъжизаси”, “Сени куйлайман, ҳаёт!” мақолаларида муаллиф Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижоди, уларнинг гўзал ва бетакрор шеърия­ти ҳақида ибратли фикр-мулоҳазаларни ёзган. Шу ўринда китоб муаллифи Ҳамид Олимжон ижодини кўп биладими ёки Зулфия ижодиними, деган саволга жавоб тополмай қийналасиз. Ғайрат Мажид ҳар икки устоз ижодларини нафақат ижодкор, балки адабиётшунос каби ҳам чуқур таҳлил қилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ижод мактаби эса қорақалпоғистонликларнинг маънавий-маърифий ва адабий ҳаётида катта воқеа бўлди. Президентимиз таклифи билан Нукус шаҳрида бунёд этилган, қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўрганишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат 216 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ҳозир бу мактабда 280 нафар ўқувчи билим олаётир. Уларга 34 нафар нуфузли устозлар таълим бераяпти. Китоб муаллифи “Саҳро булбулининг наволари” мақоласида Ибройим Юсуповнинг ижод олами ҳақида меҳр билан ёзган. Мақола шоирнинг халқ қалбидан жой олган “Эсар Жайҳун шамоллари” шеъри билан бошлангани ва бу шеър­ни машҳур санъаткор Отажон Худойшукуров юксак маҳорат билан ижро этгани эътироф этилган. Менга қолса, ушбу шеър ва қўшиқни буюк Амударё ҳақидаги мадҳия, дегим келади. Биргина ушбу шеър­да Ибройим Юсуповнинг юрагидаги Ватанни кўриш мумкин. Айни пайтда Отажон Худойшукуровнинг Амудай кенг ва бепоён қалби, бетакрор ижроси намоён бўлади. Бу қўшиқ икки истеъдод — яратган тенгсиз мўъжиза.

Мақолада шоирнинг бир шеъридан шундай ноёб мисралар келтирилган:

Бир ёним сув, бир ёним чўл бўлмаса,

Жаннат қуриб берсанг-да мен бормайман.

Гул ҳам явшан иси анқиб турмаса,

У ерда мен қорақалпоқ бўлмайман.

Бу ўтли мисраларда халқ табиати, характери, турмуш тарзининг бетакрор манзаралари чизилган. Хуллас, Ибройим Юсуповнинг ҳар бир шеърида, асарларида Қорақалпоғистон ва қорақалпоқ миллати қувончу дард­лари уфуриб туради.

Ғайрат Мажиднинг Ўзбекистон Қаҳрамонлари, халқ шоирлари, буюк устозларимиз — Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ҳақида ҳақиқий шогирдлик меҳр-муҳаббати билан ёзганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Президентимизнинг таклифи ва кўрсатмаси билан Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги ижтимоий фанлар йўналишидаги истеъдодли ёшлар мактаб-интернати, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқи­тишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. Муаллиф “Яна бир муҳташам мактаб сабоқлари” мақоласида устоз Эркин Воҳидовнинг қуйидаги доно фикрларини келтиради: “Яхши ният билан қўлга қалам олдим. Кўрганларим сиз ёшларга ибрат бўлсин, мен қоқилган тошларга сиз қоқилманг, дейман. Биз бош урган баланд деворларни, биз тўрт букилиб кирган паст эшикларни сиз кўрманг. Ўзга олам, ўзга даврон, озод ва обод Ватан сизники. Йўлингиз ойдин бўлсин”.

Муҳтарам устозим — дорилфунуним” мақоласида устоз Абдулла Ориповнинг ушбу сабоқларини ёзган: “Абдулла ака ҳар доим: — Мен умр бўйи шу она хал­қим, шу она Ватаним деб яшадим, ўзимни, тақдиримни бир лаҳза бўл­син ундан айро тасаввур этмаганман, — деб айтарди.

Ҳали қанча-қанча авлодлар Навоий, Бобур, Бердақ, Қодирий, Чўлпон, Ҳамид Олимжондан сабоқ олганлари каби Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ижодий меросидан ҳам бебаҳо сабоқлар олишига ишонамиз.

Китоб саҳифаларида икки улуғ инсон, икки улуғ шоир ҳақидаги мақолаларни қизиқиш билан ўқирканман, беихтиёр 2016 йилнинг бошланишида бўлган бир унутилмас воқеа ёдимга тушди. Ўшанда “Ўзбекистон” НМИУда ишлар эдим. Абдулла Ориповнинг Америкада даволаниш даврида ёзган “Эверест ва уммон” шеърлар китобини, “То қуёш сочгайки нур”. Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди замондошлари нигоҳида” деб номланган китобни чоп этишга тайёрлаб, босмахонага туширган эдик. Ўша пайтда катта ҳаётдан бир четга суриб қўйилган икки устозни янги йил кунлари хурсанд қилайлик деб, ҳар бирларининг китобларидан икки донадан чиқариб, наш­риётга келган шоир укам Ғайрат Мажид билан дастлаб Абдулла Ориповнинг уйларига бориб янги китобининг илк нусхаларини топшириб, дуоларини олдик. Устоз китобларни қўлларига олиб, бениҳоя хурсанд бўлдилар. Сўнг ҳукуматнинг 1-стационар шифохонасида даволанаётган Эркин Воҳидовни зиёрат қилиб, у кишига ҳам янги китобни топширдик. Эркин аканинг худди боладек севиниб кетганлари ҳамон кўз олдимда. Палатада ўғиллари Хуршиджон ҳам бор экан. Гўё устоз шу лаҳзадаёқ соғайиб кетгандек эди… Шу куни икки улуғ адибнинг дуоларини олдик. Бу ноёб дуоларни гавҳардек қалбларимизда асраб кел­япмиз. Илоё, ана шу буюк зотларнинг охиратлари обод бўлсин!

2017 йил 2 июнда Прези­дентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижод мактабини ташкил этиш ҳақидаги таклифи амалга ошди. Китобдан ўрин олган “Андижон томонларда…”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” мақолаларида Муҳаммад Юсуф ва унинг номи билан аталаётган ижод мактаби фаолияти ҳақида ҳам батафсил ҳикоя қилинади. Муаллиф шоирга шундай баҳо беради: “Муҳаммад Юсуф чин маънода Ватан, халқ ва истиқлол куйчисидир”.

Муаллиф китоб сўнггида шундай хулосага келади: “Хизмат сафари билан мен барча ижод мактабларида бўлдим. У ерда таълим олаётган ёшлар билан суҳбатлашдим. Устоз-ўқи­тувчилар билан биргаликда маҳорат сабоқлари ўтдик. Шу сафарлар давомида мени ҳайратлантирган, қалбимга умид бераолган жуда кўп истеъдодли ижодкор ёш­ларни кўрдим. Тан олиб айтишим керак, ижод мактаблари қандай улуғ ғоя меваси эканлигини янаям теран англадим…

Китоб сўнггида ижод-мактабларида таълим олаётган ўқувчиларнинг ижодларидан намуналар берилгани унинг мазмунини янада бойитган.

Ғайратжон! Китобингизни мазза қилиб ўқидим. Табриклайман. Китобни устозларга бўлган чексиз ҳурмат, катта қалб, самимий ҳарорат билан ёзибсиз. Улуғ зотларнинг руҳларини шод қилибсиз. Ёзиш жараёнида танлаган услубингиз ҳам ўзини оқлаган. Ижод мактаблари фаолияти адабиётимизнинг келажаги ёруғ ва буюк бўлишини кўрсатиб турибди. Ушбу мавзудаги шеърингизда ёзилгандек: “Асл адабиёт — ҳаёт мактаби”.

Ашурали Жўраев,

ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 2 =