Экспорт салоҳияти – эртамиз пойдевори

Маълумки, шу йилнинг 30 май куни Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Бош вазирлари даражасида ўтказилган қўшма комиссиянинг биринчи йиғилишида ўзаро келишув қарори имзоланганди.

Ушбу қарорнинг амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 26 июнида Москва шаҳрида “ЎзРТХБ” АЖ, “Трастбанк” ХАБ ва “Транскапиталбанк” ОАЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Томонларнинг келишувига мувофиқ пул маблағлари айланмаси эвазига товар айрибошлашда импорт ва экспорт ҳажмини ошириш, ҳар икки мамлакат бозорини танқис товарлар билан бойитиш, энг муҳими, ўзаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш кўзда тутилганди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Товар хом ашё биржаси биносида “Экспорт йўналишида тузилган биржа битимлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш”га бағишланган қўшма мажлис бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси товар хом ашё биржаси, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банк, Россия федарациясида фаолият юритувчи “Транскапиталбанк” очиқ акциядорлик жамияти, “Санкт-Петербург Халқаро товар хом ашё биржа”си, Россия экспорт маркази ҳамда Татаристон Республикасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, шунинг­дек, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари вакиллари, россиялик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар қатнашди. Тадбир доирасида журналистлар учун брифинг ташкил этилди.

Имзоланган мазкур ҳужжат биржа савдолари орқали амалга ошириладиган ташқи савдо операцияларини ўзаро ҳамфикрлик асосида сўнгги технологиялар ёрдамида тезкор ва сифатли бўлишини таъминлайди. Ўтказиладиган ҳисоб-китобларни оптималлаштиришда банкларнинг қўшимча воситалардан фойдаланиш имконини беради. Транз­акция ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнини соддалаштиради.

Ўзбекистонда иқтисодиёт, саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, унинг сифат ва самарадорлигини хал­қ­аро стандартлар даражасига тенглаштириш, товар айрибошлашда тенглик устунлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик, чет эл инвестициясини олиб кириш ва мақсадли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакат аҳолисининг фаровонлигини таъминлаш йўлида ижтимоий юксалиш сари қўйилган одим, албатта, ўзининг ижобий натижасини беради.

Ҳар икки томон учун манфаатли бўлган ўзаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо ҳажмларини кенгайтириш, экспорт қилинадиган товарлар мажмуини ошириш ушбу анжуманнинг бош мақсади этиб белгиланди.

Тадбир аввалида “ЎзРТХБ” АЖ бош­қаруви раиси Фарохиддин Ибрагимов меҳмонларга акциядорлик жамиятининг мамлакат иқтисодий-ижтимоий ривожланишида тутган ўрни ва товар айрибошлашда манфаатли алоқаларни амалга оширишда сотиб олувчи ва сотувчи учун қулай шарт-шароитлар яратишда ўта замонавий технологиялар мавжуд эканини айтди. Тақдимотда меҳмонлар биржа фаолияти билан яқиндан таништирилди, ҳар бир савдо платформасининг ўзига хос хусусиятлари ва ташқи савдо майдончаларининг ишлаш механизмлари батафсил кўрсатилди. UZEXнинг видеоролиги намойиш этилди. Шу ўринда, Фарохиддин Ибрагимов ўзаро битим ҳар икки томон учун қулай ҳамда манфаатли бўладиган ҳамкорликнинг кенг кўламда ривож топишига умид билдирди.

Анжуманда таъкидланганидек, икки мамлакат раҳбарларининг катта эътибори ва кўмаги билан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги тенг ҳуқуқли дўстона ҳамкорлик барча соҳаларда, шу жумладан, савдо-иқтисодий муносабатлар ҳамда биржалар ва банклараро алоқаларда ҳам жадал суръатлар билан ривожланмоқда.

Эришилган келишувлар, авваламбор, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси ҳажмларини такомиллаштиришда биржа механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда икки мамлакатнинг экспортга йўналтириладиган маҳсулотларининг сифатини ошириш ва янги товар айрибошлашда бозорларни ўзлаштиришга қаратилади.

Бугунга келиб “ЎзРТХБ” АЖнинг хорижий мизожлари учун “Трастбанк” ХАБнинг “Транскапиталбанк” ОАЖда очилган корреспондентлик ҳисоб варақалари орқали ҳисоб-китобларни доллар, Евро ва Россия рублида амалга ошириш бўйича ягона механизм ишлаб чиқилган ва жорий этилган.

Елена Ширинская,

“Транскапиталбанк” ОАЖ бошқаруви раиси ўринбосари:

— Мен мамнуният билан айтишим мумкин, бизнинг очиқ акциадорлик жамияти Марказий Осий мамлакатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйган. Ҳозиргача Қозоғистон тенгеси, Тожикистон сомонийси ва Қирғизистон сомини Россия рублига ёки уларнинг хоҳишига қараб хориж валютасига айрибошлаш амалга оширилмоқда. Яқин келажакда Ўзбекистон сўмини ҳам конвертация қилиш режамизга киритилган.

Бундан ташқари, Монголияда, Ўрумчида ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Афғонистон билан келишув битими бор. Банкимизнинг имконияти катта. Маълумот учун айтишим мумкин, “Транскапиталбанк” ОАЖ Россия Федерациясининг ТОП-30 банк­лари рўйхатига киритилган. Жорий активлар — 4 миллиард АҚШ доллари, капитали — 330 миллион АҚШ долларидан иборат.

“Транскапиталбанк” ОАЖнинг асосий йўналишлари кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш, ипотека кредитлари (ҳар икки йўналишда Россия Федерацияси банкларининг ТОП-15лигига киритилган) ҳамда ЕОИИ/МДҲ/ШҲТ молиявий институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Умуман олганда, 2019 йилнинг саккиз ойи мобайнида “ЎзРТХБ” АЖда қиймати 100.0 милион АҚШ долларидан ортиқ экспорт битимлари тузилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2018 йилнинг саккиз ойига солиштирилганда 30 фоизга кўпдир. Экспорт қилинган маҳсулотлар тузилмасида етакчи ўринни, яъни бозорнинг 49 фоизини пахта толаси, полиэтиленнинг улуши 30 фоизни, нефть маҳсулотлари 14 фоизни ва суюлтирилган газ 7 фоизни ташкил этади. Республика биржаси экспортининг қолган қисми полипропилен, пахта ёғи ва шроти улушларига тўғри келади.

Тадбир доирасида биржа савдоларида иштирок этиш мақсадида киритиладиган гаров маблағларини кредитлаш орқали икки мамлакат тадбиркорларининг ташқи савдо фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир якунида тегишли ташкилот вакиллари ва хорижий меҳмонлар журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Юсуф Худойқулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 11 =