Эҳтиром

Зиё қалбингизни этмишдир Ватан

Икром Отамурод

…Муаллим, сиз — турфа дарслар олами,

Юрагида ихлос, хослар сирлашган.

Имлолар жадвали, сонлар кўлами,

Қадим ул асрорлар сизда бирлашган.

Руҳий ва жуғрофий кенгликлар бари

Сизнинг қалбингизда намоён, яхлит.

Шуур майдонининг масалалари:

Дарак гап,

Ундов гап,

Сўроқ гап тахлит.

Муаллим, сиз — кабир,

Сиз – улуғ,

Лекин дилни мунисликка ошно этасиз.

Давралар тўрига ўтмайин, лекин

Қимтиниб қуйидан келиб, кетасиз.

Қалб қўрин бергансиз дунёнинг шердай

От миниб, гўз урган нечаларига.

Ўзингиз хокисор юрасиз бирдай

Пиёда сабоқнинг кўчаларида.

Нури сийрож порлаган кўзингизда

Армонлар лим-лимдир, умидлар лим-лим.

Армонларни қолдириб ўзингизда,

Учургайсиз умидларни муаллим.

Маърифат чашмидин сув ичган фарахт –

Мурувват сизга тан, меҳр сизга тан.

Илм туфроғида бўй тортган дарахт –

Зиё қалбингизни этмишдир Ватан.

Муаллим, сиз – турфа дарслар олами …

Муаллим

Ғайрат Мажид

Ҳаёт китобининг аввали, боши,

Тоғлардан мустаҳкам сабру бардоши,

Сизга салом бўлсин, қалблар қуёши,

Сўзларнинг гулидан изҳори дилим,

Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Сиздан ҳарф ўрганиб ўй-мақсад ҳосил,

Инсон инсон деган мақомга восил,

Ҳаёт сабоқларин олиб муттасил,

Сиздан баҳра олиб яшайди кўнглим,

Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Гулларнинг номини билдик сиз сабаб,

Дилларнинг ҳолини билдик сиз сабаб,

Йўллар мақомини билдик сиз сабаб,

Оламни танитди сиз берган таълим,

Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Навоий сўз ичра муҳтарам, мумтоз,

Ул зот шеър аҳлига беназир устоз,

Устозга кўрсатган эҳтиром, эъзоз,

Бу мактаб меҳридан мунаввар йўлим,

Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Бемор шифо истар Синодан ҳамон,

Ҳазрат Нақшбандан таралгай ирфон,

Юлдузлар илмида Улуғбек – султон,

Устозлар туфайли бўлгандир олим,

Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Агар шогирд топса элда эътибор,

Ҳаммадан илгари сизсиз бахтиёр,

Ҳар дилнинг сизларга ташаккури бор,

Соғлик, умр тилаб ҳормайди тилим,

Эй азиз муаллим, азиз муаллим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 18 =