Эл эъзозлаган устоз

Халқаро статистика маълумотларига кўра, ҳозир дунёда қирқ мингга яқин касб-кор бор экан. Барча касблар ичида ўқитувчилик касби энг ҳурматга лойиқ касб саналаркан. Ўқитувчилик – энг оғир ва машаққатли, шунингдек, энг шарафли вазифа эканлиги давлатимиз томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Чунки, жамиятнинг оддий аъзосидан тортиб, то энг юксак мартабадаги инсонлар, улуғ олиму мутафаккирлар ҳам ўқитувчиларнинг сабоқлари ила таълим-тарбия олишади.

Ана шундай устозлардан бири, ёш авлоднинг миллий қадриятлар ва умуминсоний туйғуларга ҳамоҳанг руҳда тарбия топишида катта ҳисса қўшган Журъат Содиқовдир. У 1939 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Аввал ўрта мактабни, сўнг ўша пайтлардаги “Профтехшкола”ни битириб, Тошкентдаги 81-мактабга ишга келади ва ёшларга дурадгорлик касби сирларини ўргата бошлайди. 1961 йилда Низомий номли Тошкент педагогика институтининг Физика ва математика факультетига ўқишга киради.

Уч йил ҳарбий хизмат сафида бурчини ўтаб қайтгач, ўқишини давом эттириб, 1968 йили тамомлайди. Шу тариқа Ж.Содиқовнинг устозлик фаолияти бошланади. Аввал Шайхонтоҳур туман халқ таълими бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимида ўн йил хизмат қилди. Ке­йинчалик пойтахтдаги 197 ва 109-умумтаълим мактабларида директор, сўнгра Учтепа тумани халқ таълими бўлимининг мудири вазифаларида ишлади.

“Ҳар бир инсон ўз зиммасидаги вазифани ҳалол адо этмоғи лозим”, деган гапни ўзига шиор қилиб олган Журъат ака таълим соҳасидаги захматли меҳнатлари муносиб тақдирланди, у “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” нишонига сазовор бўлди. Ўта камтарлиги, хушмуомалалиги билан элга танилган устоз ҳали-ҳамон ўқувчилари эъзозида, ҳамкасблари ҳурмат-эътиборидадир.

— Ота-оналар вақти-вақти билан илм даргоҳи — мактабга келишиб, болаларининг таълимидан хабар олиб туришса, уларнинг тартиб-интизомга риоя қилишларини кузатишса, ўйлайманки, ўқувчиларнинг хушёрлиги ортади. Билим олишга иштиёқи ошади. Оилада интизом, ташаббускорлик бўлса бу хусусият, албатта, шу хонадонда ўсиб-улғаяётган фарзандларга ҳам ўтади, — дейди устоз Ж.Содиқов.

Маориф соҳасида ҳормай-толмай хизмат қилган Журъат Содиқов бугунги кунда жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этади. Маҳалламиз фуқаролар йиғинларида доим долзарб муаммоларни ўртага ташлайди.

Навбатдаги маҳалла фаоллари йиғинида:

— Азизлар, келинг, маҳалламизни “Китобхонлар маҳалласи”га айлантирамиз, зеро бу муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси, биз биринчилардан бўлиб қўллашимиз керак, — дея китобхонликнинг инсон онги-тафаккури ўсишида жуда катта аҳамияти борлиги ҳақида тўлқинланиб гапирди. Янги таъмирланган маҳалла идорасидан ажратиб берилган маънавият ва китобхонлик хонасини бадиий асарлар, сиёсий китоб­лар билан жиҳозлашда устознинг ўзи бош-қош бўлди.

Вақт зиқ, замон шиддатли. Ҳозирги глобаллашув жараёнида бутун дунёга танилиб бораётган келажаги буюк давлат — Ўзбекистонимиз учун баркамол авлод тарбиясида жонкуяр бўлган Журъат Содиқовга ўхшаган устозларимиз, педагог-мураббийларимиз ҳамиша омон бўлсинлар.

Воҳид Исмоилов,

физика-математика фанлари номзоди,

доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =