Энг яқин … олис йўл (Ҳикоя)

Ёзувчи Жўра Фозил (Жўра Фозилов) Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугаллаган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жўра Фозилнинг “Муҳаббатнинг байрамлари”, “Барқут мавсум”, “Бухоро элчиси”, “Бахт юлдузи”, “Менинг қизил гулим”, “Болаликнинг ёлғиз ёдгори”, “Бухорийнинг қайтиб келиши”, “Айрилиқ остонаси”, “Тирамоҳ армонлари, “Ғозиён зиндони”, “Йўлбарсдаранинг сўнги султони”, “Ошиқ Бухорий қиссалари”, “Хонгулнинг саргузаштлари” каби ҳикоялар, қиссалар ва романлардан иборат қатор китоблари нашр этилган.

Адибнинг “Дўстга зор бўлган кунинг” ҳикояси асосида Қозоғистон кино ижодкорлари томонидан бадиий фильм суратга олинган.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Жўра Фозил

Момоқалдироқ ваҳшат ила гумбурлаб, яшин чақнади, чор атроф оппоқ шуъладан бир неча сония ёришиб турдида, яна қоронғу зулмат қўйнига ғарқ бўлди. Гумбур-гумбур, яшин-чақин бир неча бор шу тахлит такрорлангач, шаррос ёмғир қуя бошлади.

Қирмизи рўмол ўраган келинчак монанд шафтолизор сесканиб кетиб, узундан узоқ “оҳ” чекди. Шафтоли гуллари шаррос ёмғирнинг оғир ва шафқатсиз томчиларига дош беролмай, ер билан битта бўлдилар. Ҳар гал чақмоқ чақнаб, атроф куппа кундуздек ёришганда, кўлмаклар юзини қоплаган гул барглари беҳол титраб, гўё аччиқ қисматларидан нолигандек, ўзаро пичирлашиб қўярдилар.

Момоқалдироқнинг оғир зарбалари шамол ва ёмғир томчиларига қўшилиб, ғарқ гуллаган шафтолизорни остин-устун этар, баъзи-баъзида эса, дарахтлар қаттиқ силтаниб, худди улкан бўз чодир йиртилгандек, “ша-а-р­-рр” этган товуш эшитиларди.

Худди шу аснода унинг кўзига саҳродаги саробдек бўлиб, нозик бир шарпа кўринди, юраги “шув” этди. Шарпани аниқроқ илғаш учун кўзларини юмиб очди. “Наҳотки, бу…” — Юраги ҳаприқди. “Йўғ-е, ахир…” Охири чидаёлмай, ҳайқирди.

— Муҳаббат, Муҳаббатим, бу сенмисан?!

Ўз овозидан ўзи ҳайратга тушди. Қулоқлари чиппа бекилиб, даҳшатли гумбурлашлар бир зум тингандай бўлди. Cўнгра гулдиракдек эшитилди.

— Ҳа, ҳа, менман, менман, ахир… Танимадингизми?!

Қулоқлари яна аниқ-тиниқ эшита бошлади. Бу — илк Муҳаббат Нидоси, акс-садоси эди!

Шунда неча йиллардан бери юрагини ёндириб юрган калима тилига келди.

— Муҳаббат, бахтлимисан?! Лоақал, бахт нималигини биласанми? Ўтинаман, айт, бахтиёрмисан?..

Яна момоқалдироқ гумбурлади, чақмоқ чақнади. Атроф минг чироқли қандил порлаган янглиғ ёришиб кетди. Қирмизи ёлқинга бурканган шафтолизор шамолда атлас кўйлагининг этаги бехосдан кўтарилиб кетган қиз боладек чинқириб юборди…

— Эҳ, Жамол ака, наҳот, шу саволни сиздан эшитаётган бўлсам?! Мен, ахир, сизсиз қандай бахтли бўлишим мумкин?! Cиздан айро бахтли бўлишга ор қилдим!

Ёмғир шовуллаши қизнинг илтижоли товушини босиб юбормоқчи бўлар, лекин бу сас Жамолнинг қулоқлари остида тоғ ўнгирларидагидек кучли акс-садо берарди.

“Ў, Худо, пичирлади унинг ташналикдан қақраган лаблари, у ҳамон ўн саккиз ёшида-ку! Бу не сир-синоат?! Ўша эгма қош-у узун киприклар, луччак шафтоли янглиғ ёноқлар…

Бирдан чор-атроф ёришиб кетди ва Жамол шафтоли гуллари аро қизнинг нурли нигоҳини кўриб, юраги ҳаприқди. Ҳамма ёқни ларзага солиб, остин-устун қилаётган талотум тингандек бўлиб, сокин тонг насимидай қўшиқ янграй бошлади:

Бизни ташлаб қайга кетди, ул қаро қошим менинг,

Термулиб йўлига кўздан оқадир ёшим менинг…

Жамол лолу ҳайрон, ўрнидан қимирлайолмас, бирор сўз айтишга ҳам ожиз эди.

Қўшиқ тобора авжига чиқар, энди чор-атрофни ўша ваҳшати тун ёрган елдирим мисол қамраб олаётганди.

Гулга кўмилган боғда аланга ораларди гўё. Қўшиқ тезда бутун борлиқни измига бўйсундирди.

Жамол нима воқеа содир бўлаётганини идрок этолмас, Муҳаббатни кўздан йўқотиб қўйган, бутун вужуди билан сел бўлиб қўшиқ оҳангида тебранар, дарахтлар ҳам гўё унга тақлид қилишаётгандек эди.

Ниҳоят, қўшиқ секин-аста, поёнига етди ва худди шу аснода сукутга кетмоқчи бўлган боғ жунбушга келди. Муҳаббат яна тилга кирди.

— Азизим, суюклигим, ёлғизим! Ўзингизчи, ўзингиз бахтлимисиз?..

Жамол қулоқларини бекитди. Эвоҳ! Гарчанд бу саволни ўзи биринчи бўлиб берган эсада, шу топда у энг номақбул, қўрқинчли ва ҳар иккови учун ҳам жавобсиз эди.

У ўз-ўзидан қочиб, ваҳшатли, шаррос ёмғирли тун қўйнига сингиб, йўқолиб кетгиси келди. Лекин бунинг сира иложи йўқ, савол момоқалдироқдан-да баландроқ акс-садо билан, дақиқа сайин такрорланарди.

Ниҳоят, у бир қарорга келди. Ахир, бир умр ўз-ўзингдан қочиб яшайолмайсан-ку!

У жидду жаҳд билан тун зулматига тикилиб, Муҳаббатнинг гуллараро нурланган чеҳрасини излади. Худди шу аснода чақнаган чақмоқ мушкулини осон қилди қўйди. Қизнинг маҳзун-дилхун чеҳраси дийдалари олдида барқ урди.

— Мен… Мен сенсиз бахтли бўлишга уриниб кўрдим. Тўғрироғи, бутун умр ҳаракат қилдим. Аммо кўриб турганингдек, қўлимдан ҳеч нима келмади. Ҳеч нима… Начора, қисматим шу экан, дея тақдирга тан бераёзганимда, мана, бугун, шу сершовқин, серёмғир тунда сени яна учратдим… Айт, энди нима қилай? Бу мажруҳ, абгор кўнгил билан қайга борай?..

Шамол дарахтлар оралаб, уларнинг ҳарир либосини силкитиб, ёмғир, гул-чечаклар ифорини атрофга сочди ва шунинг баробарида Муҳаббатнинг товуши эшитилди.

— Йўқ, йўқ, ундай деманг! Ўзингизга тухмат қилманг! Cиз бахтсиз одамга сира ўхшамайсиз… Буни чеҳрангиз айтиб турибди-ку… Cиз яхшисиз… Ҳаммадан яхши!..

Жамолнинг юрагини аччиқ бир дард сермаб ўтди.

“Эҳ, Муҳаббат, Муҳаббат!.. У ҳамон мени аяйди. Наҳот, бахтли одамга ўхшасам. Йўқ, мутлақо! Мутлақо бахт­лига ўхшамайман!.. Ҳа, дарвоқе, у қоронғуда кўзларимни кўрмаяпти, шу боис мени бахтли санаётир. Кўзларимни кўрганида борми, бу гапларни сира айтмасди. Ахир, дунёи дунда менчалик бахтга интиқ ва лекин бахт кўрмаган, меҳрга ташна, лекин меҳр кўрмаган кимса бормикан?.. Билмадим…”

Жамолнинг кўнглида содир бўлаётган яшин-чақинлар табиатдагидан зиёд бўлса бор, кам эмасди. У ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, сўз қотди.

— Cен, ҳар доимгидек, менга шаф­қат қиляпсан, тўғрироғи, аяяпсан. Аммо илтифотинг дардимни юз чандон оғирлаштиргусидир. Бу қалбдаги ярага туз сепиш дегани эмасми, ахир?..

Бирдан у жимиб қолиб, ўз-ўзини койий бошлади. “Нега унга иддао қиляпман? Тақдир тўфонлари уни мендан кам қийнагани йўқ, аёл боши билан ҳаммасига чидаб, собиқ ошиғига илтифот кўрсатяпти-ку! ”

Жамол тағин Муҳаббатнинг нигоҳларини излади. Лекин бу сафар чақмоқ унга ёрдамга келмади, шамол шовуллашини кучайтирди, холос.

У қоронғу боққа кўзлари йиртилгудек тикилиб, илтижо қилди.

— Кечир мени, Муҳаббат, кечир. Ҳамма айб ўзимда. Cевгим, севгилим учун кураша олмадим…

Зулмат қўйнидан нурдек бўлиб, юпатувчи, аллаловчи овоз келди.

— Кечирим сўрашнинг сира ҳожати йўқ. Cиз айбдор эмассиз, тақдир тақозоси экан, Азал Мусаввири шундай амр этмиш…

Жамолнинг дод деб юборгиси келди. Муҳаббатнинг сўзлари оғриқли, ширин азоб эди.

— Муҳаббат, бу телба дунёда бутун умр Cени ва Ўзимни изладим, лекин тополмадим. Мен, гумроҳ, Мутлақ Cевги, Мутлақ Меҳр, ҳамда мутлақ Вафо изладим… Ва ҳеч бирини тополмадим… Бу машғулотим шоҳ Cулаймон таъбири билан айтганда, шамолнинг кетидан қувиб, уни ушлашга интилган каби бесамар эканини англамабман.

Мен сенинг кўзларингдаги сингари Ҳайрат, Меҳр, Муҳаббатни изладим, излайвердим. Аммо бандаи ожизга учрагани — таъма, риё, ҳасад, бағритошлик бўлиб чиқди ва менга ҳеч нима бермади. Эзгу амалларим жуда қимматга тушди. Мен ҳозир энг кичик неварамнинг юзини кўргандагина ўзимни бир неча сония бахтли ҳис этаман, холос… Шоир айтганидай, “Нетай бир дам тутолмасман, елда ўтган умрим менинг, бир қатрасин ичолмасман, селда ўтган умрим менинг…”

Муҳаббат секин “оҳ” тортди, унга қўшилиб, боғ, коинот, бутун борлиқ нола чекди. Бу нидо бесамар умр марсияси, жуда ҳазин, маҳзун, шунинг баробарида ҳаётбахш достондек янграрди. Зеро, ушбу достон Покланиш, Муҳаббат нидоси, Видоси ва ҳали ҳаёти олдинда бўлган ошиқлар учун Cевги дарди, Ишқ дарси эди…

* * *

У эрта тонгда уйғонганида ҳаммаёқ сокин, осуда, кеча ярим тундаги қиёмат қойимдан асар ҳам йўқ, уя қуриш илинжида жони ҳалак қалдирғочларнинг “вижир”-“вижир”и қулоққа чалинарди, холос.

Жамол қўл-бетини ювгач, беқасам тўнини елкасига ташлаб, боққа чиқди. Баҳор тонгининг бокира сукунати қушлар хонишига омухта бўлиб, уни алдаган экан. Шафтолизор ўғри уриб кетган ҳовлига ўхшаб, абгор, афтодаҳол қиёфада мунғайиб ётарди. Момоқалдироқ, чақмоқ, ёмғиру шамол ўзининг қора ишини қилиб улгурган, маъсум, мунис шафтоли гуллари Биринчи Муҳаббат Мулки янглиғ ғорат этилганди.

Кўлмаклар юзини қирмизи ёлқин қоплаган, гул барглари сув юзида худди ғоз патидек сузиб юрарди.

“Эвоҳ, — афсус чекди у, — шу беқиёс гўзаллик бир кечада маҳв этилди-я! — Кўксида симиллаган оғриқ пайдо бўлди. Вужудини ададсиз соғинч, ўртаниш ҳисси чулғади. Ғорат этилган боғдан кўз узиб, осмонга тикилди. Кўкда яна қора-кўкимтир булутлар пайдо бўлмоқда эди…

У ўзи билиб-билмай, пичирлай бошлади. Энг яқин… олис йўл Биринчи муҳаббат Йўлидир. Илк бўлгани боис, юракка жуда яқин, олислиги — ажралганингдан сўнг, бутун умр етаолмайсан…

Бизни ташлаб қайга кетди, ул қаро қошим менинг,

Термулиб йўлига кўздан оқадир ёшим менинг…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − five =