Оқибат (Профессор Очил Тоғаевни эслаб…)

“Тарихи Салимий” китобининг муаллифи, 1893-98 йиллар Яккабоғ вилоятининг беги бўлиб турган Мирза Салимбек ҳудуднинг чегараларини таърифлар экан, унинг жануб тарафида Бобошоди, Қораёғоч амлоклари мавжудлиги, улар (қабринг нурга тўлгир) Шайх Содиқнинг марқади макон топган Лангар қишлоғидан уч фарсах берида эканлигини таъкидлайди. Хотираларда келтирилишича, қишлоқдаги масжидда муборак хирқа сақланадики, уни Соҳибқирон Амир Темур Суриядан келтирган ва Шайх Ансорий Самарқандийга туҳфа қилган экан.

Гар мен ўлсам, аҳволимни майса-гиёҳдан сўранг… Ғазалдан.

Ўжар далиллар яна сўзлайдики, Очил Тоғаев Қашқадарё вилоятидан етишиб чиққан биринчи фан доктори бўлган экан. Вилоятда у зотнинг шарафига катта тадбир уюштирилган ва унда олимнинг фандаги бу жасоратини улуғлаб, кейинги ўн (балки эллик) йилларда Қашқадарёда иккита улкан воқеа рўй берди; бири асрлар оша қақраб ётган Қарши чўлларига сувнинг келиши ва иккинчиси Очил Тоғаевнинг Москвада докторлик диссертациясини ҳимоя қилиши, деб эътироф этилган экан.

Хирқа авлоддан-авлодга ўтиб, Шайх Содиққа етиб келган ва шу жойда Мирзо Улуғбек пишиқ ғиштдан масжид, хонақо, айвон қурдирган бўлиб, Самарқанддаги биноларни ҳисобга олмаганда бундай гўзал иморатлар бош­қа жойда топилмайди. Шунингдек, Бек Халифа Усмоннинг ўз қўли билан кўчирган Қуръоннинг жузвлари ҳам шу ерда сақланишини, ўзи ҳар ойда бу жойга ташриф буюриб, китоб варақларини юзига суртиб, кўз ёшлари билан кўнгил ғуборларини ювиб, Оллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб ибодат қилганини қайд этади. Ҳа, тоғлар орасида синоатлар кўп. Бу тафсилотларни эслашимга сабаб эса устоз Очил Тоғаев ҳам шу маконларда таваллуд топгани боис суҳбатларимизда мазкур зиёратгоҳни кўп эслар, уни яна бир тавоф қилишни орзулардилар. 1991 йил августдаги ёшлар сафари асносида бу жойларга қадам қўйганимни эслатганимда мамнуният билан бош қимирлатиб қўйган эдилар. (Айни чоғлар домла умр шоми кечаётган паллалар экан, буни машъум воқеа содир бўлгандан сўнг билдик Ҳ.С.)…

Ўша кунларга ҳам қарийб ўттиз йил бўлаяпти. Устознинг фоний дунёни тарк этгандан кейинги давр ижтимоий ҳаётда ҳам, фикрлар оқимида ҳам буҳронли йиллар бўлди. Одам кескин бурилиш паллаларида, янги аъмолнинг истиқболига пешвоз чиқаётганида ҳаётидаги чўнг қадриятларга тез-тез мурожаат этиб турар экан. Шу йиллар давомида домланинг шогирдлари ҳам унинг сабоқларини бот-бот эслаб, насиҳатларини хаёлан такрорлаб, унга ғойибона мурожаат қилганлари, мураккаб масалаларда “Шундай ҳолатда Очил Тоғаев қандай йўл тутар эди?” тарзида мулоҳаза юритганлари ҳам рост чиқар. Нима бўлганда ҳам ҳамкасблар билан суҳбатларда бу эъзозли номнинг тилдан тушмагани, ҳатто “Биз ҳаммамиз Очил Тоғаевнинг шинелидан чиққанмиз” тарзидаги эътирофлар қулоққа чалиниб тургани ҳам айни ҳақиқат.

Шу қаторда журналистика факультетининг талабалари бир вақтлар “Маъруза ўқиш — менинг жони дилим” дея ҳали теша тегмаган янгиликлар, қаймоқ фикрлар билан дорилфунунга шошган муаллимнинг исм-шарифини унутишга ҳам улгурдилар — авлодлар янгиланиши рўй берди, аммо муносабатлардаги чандиқ бўлиб қолган ўринлар ҳамон кимларнингдир юрагида яшаётан эканми, унинг фотосуратини хотира тахтасида қўйишга ҳам ҳимматлари етмади, аксинча, тушовларнинг кўринмас иплари ҳамон кимларнидир домига тортаётгани билиниб туради, дейишади. Ҳаёт шундай тузилган экан-да, бир нарса дея олмайсан. Фақат шу соҳани қисмат деб билганлар, ҳаётининг мазмунини журналистика билан боғлаганлар эзгу амалларни ёдга оладилар, ўша кунлар шукуҳидан мазмун, таскин излайдилар. Худди одамлар оқимига ўхшаш қарама-қарши йўналишлар. Нима бўлганда ҳам ҳаётнинг шафқатсиз синовларидан фақат асл ҳақиқатлар омон чиқар, яшаб қолар экан. Мансаб имтиёзлари, унвонларнинг ялтир-юлтирлари, хушомадгўйларнинг илтифотлари шамолдан кейинги хаскапа сингари тўзиб, фақат инсоннинг шахсиятини безаб турадиган боқий фазилатлари, ўзига хос жиҳатлари яшаб қоларкан. Эътиборни тортадиган томони — ана шу имтиҳондан устоз хотираси шараф билан ўтди, дея оламиз.

Нафсиламбирини айтганда, Очил Тоғаевдек мураккаб (ўша пайтларда ўтган асрнинг 70-90 йиллари ўз нуқтаи назарига, дунёқарашига эга, эътиқодли, умумий хорга қўшилиб, “бахтли ҳаёт симфонияси”ни куйламаганларни шундай аташган Ҳ.С.) одамларни давр ҳам, атрофидаги замондошлари ҳам тушиниши қийин бўлган. Мана, йиллар ўтиб, кўп нарсаларнинг юзидан парда кўтарилди. Энди мубҳам саволларга бир қадар жавоб топиш мумкин бўлмоқда. Аввало, жамиятни бошқариш тактикасида “Бўлиб ташла ва эгалла” деган тамойил ҳукмронлик қилган шароитда гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, уруғчилик сингари иллатларнинг урчиши табиий бўлган ва бу ҳолдан “катта оға”лар унумли фойдаланган. Шу балога гирифтор қилинганлар жиққа мушт бўлиб, ўз ёғига ўзи қоврилиб ётаверган. Бу тадбирларни партия бюроси идора қилиб, оловга ёғ қуйиб тураверган. Боз устига муносабатлар шунчалик шафқатсиз бўлганки, ким шу оқимда бўлмаса, у душман ҳисобланган, давомидан муносабат тадрижи — “Сафимизда душманларга ўрин йўқ!” тарзидаги ёндашув билан тамомланган.

Ўша кунларнинг жонли гувоҳи, Очил Тоғаевнинг замондошларидан ва ҳамфикрларидан бири Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов “Домлалар” китоби (“Маънавият”, 2009 йил)да шундай воқеани келтиради: “Профессор … бу хокисор одамга қарши курашнинг янги ўрамини бошлади. Аммо бу гал энди анча-мунча хуфия ғийбатлар, ёлғон-яшиқ тухматлар ишга солинди. Зарба сира кутилмаган томондан берилди. Бу воқеа 1984 йилда рўй берган эди, шекилли. Адашмасам, ўшанда мен (филология) факультетида партбюронинг котиби эдим. …Олтмиш ёшлардан ошиб қолган аёл Баҳодир Ғуломовнинг ахлоқий бузуқлиги тўғрисида ариза олиб келди. Уни аранг бости-бости қилдик. Машмашанинг давоми 1986 йилда бўлди. Партбюрога янги котиба келди. Партбюрога Баҳодир акани чақириб, ишнинг тафсилотларини қайта-қайта сўради. Кейин чаласини даъвогар аёл тўлдирди. Ниҳоят, (асосий рақиб) Профессорнинг кескин ва аёвсиз гаплари янгради.  Ҳамма Баҳодир ака томонга қаради. У узун стол устига бир бетини қўйиб, бир қўли стол устида, бир қўли столдан пастда осилган кўйи ҳаракатсиз ётарди. Баҳодир ака бу тухматлар ва бўҳтонлар зарбига чидолмай, аллақачон бу дунёдан кўз юмган эди.” (220-222 бетлар). Ана шундай вазиятда Очил Тоғаевнинг қисмати ҳам оғир бўлиши мумкин эди, бу вазиятнинг сценарийси амалга ошган, шаф­қатсиз кўргиликка рўбару бўлганди. Фақат ўша пайтда Бухоро вилоятининг биринчи раҳбари бўлиб турган Абдивоҳид Каримовнинг Шароф Рашидовга шахсан илтимосигина бунга йўл қўймаган. Табиатан қайсар, қонида қасоскорлик бўлган домла кейин зарбаларга муносиб жавоб беришга киришган ва бу жараённинг асоратлари оғир бўлган. Устознинг ҳаётий қоидаларидан бири шундай эди: “Эгилган бошни қилич кесмайди, дейдилар. Йўқ, эгилган бошни қилич кесиши керак!” Албатта, шафқатсиз тузум сингдирган бу ақида билан яшаш қийин, жуда қийин эди. Устоз ҳам бу ҳаракатнинг жаримасини умри ҳисобидан тўлади: айни иқболи кулаётган, тафаккури Суқротона тўлишган бир паллада ҳаётни тарк этди…

Энди ўйлаб қарасак, устознинг бўйи ўша даврдаги замондошлари билан солиштирганда, кўзга ташланадиган даражада экан. У соҳасини чуқур билар, ҳақиқий етук олимларга хос хислатларни ўзида сингдира олганди. Биз сезган бир фазилати — ҳар бир масалада ўзининг муносабати, ёндашуви бор эди. Далилларни қуруқ қайд этиб ўтмас, балки уларни таснифлаб, ёрқин хулосалар чиқарарди. Далилларни жой-жойида қўллаш санъати — мантиқни ифодалашда асосий ва ёрдамчи (қўшимча) маълумотларни ажрата олиш, уларни тадрижий қўллаш ва шу орқали масаланинг кўпчиликка мавҳум ёки тушунарсиз бўлган қирраларини очиб (кашф этиб) кўрсатиш сингари нодир истеъдодга эришган эди устоз. Шу туфайли унинг маърузалари қизиқарли бўлар, тингловчиларга ёрқин кайфият улашарди. Гўёки устоз тингловчиларни номаълум ва ажойиб мамлакатга бошлаб борар, унинг йўлларидан адашмай ўтиб, ҳамроҳларига юртнинг жами гўзалликларини кўрсатиб, уларнинг олқишини оларди. (Афсуски, қайси юртга тушиб қолганини билмайдиган ёки биринчи қадамданоқ адашиб кетадиган йўлбошловчилар ҳам учрайди).

Ана шундай йирик шахсни талотўп замонларда тушиниш осон эмасди. Бундай англашилмовчиликлар яқин йилларгача давом этиб келмоқда. Масалан, машҳур шоир Абдулла Ориповнинг “Аёл” шеърига баҳо беришда домлани “санъат асарини тушунмаслик”да айблашди. Афсуски, шоирнинг ўзи ҳам шу тушунча билан кетди. Ҳолбуки, баҳсга сабаб бўлган “Севги ва садоқат” мақоласи (“Гулистон” журнали, 1983 йил, №8)да ёш адабиётчининг саволига жавоб бериб, “Ёлғизлик ҳаётий номукаммал умр кечиришдир. Бу ҳол ижтимоий фаолликнинг ҳам номукаммаллиги демакдир (Хато шу жойда, аслида бу шахсий фикр; ҳолбуки, ёлғиз умр кечириб, ҳаётда ўчмас из қолдирган шахс­лар ҳам кўплаб топилади. Бу ҳол баъзиларнинг одатдаги турмуш тарзига айланиб бормоқда. Ҳ.С.). Ҳаётда оз бўлса-да учраб турадиган бу ҳодиса зоҳидлик, таркидунёчилик деб аталган эски диний ақидаларни эсга туширади” деб қайд этади. “Аёл” шеъри ҳақида эса: “Абдулла Ориповнинг, умуман, аёл садоқатини улуғлаши таҳсинга сазовордир. Элимиз бундай катта ирода, бардошга эга бўлган аёл зотини ҳамиша эъзозлаб келган ва эъзозлайверади” қабилида эътирофини баён этади. Албатта, бу ўринда қозилик қилишнинг ҳожати йўқ (бунга жуда кеч бўлди Ҳ.С.), фақат масалага қандай ёндашув кўп нарсани ҳал қилиши мумкинлигини, олимнинг ички майлларга эрк бериши ёки муаммони атайлаб бўрттириши чалкаш хулосаларга, асоратларга олиб келиши мумкинлигини қайд этиш учун юқоридаги муносабат қийшиқ кўзгуга солиниб, беўхшов шаклга кирганини келтириб ўтиш жоизга ўхшайди.

Ўжар далиллар яна сўзлайдики, Очил Тоғаев Қашқадарё вилоятидан етишиб чиққан биринчи фан доктори бўлган экан. Вилоятда у зотнинг шарафига катта тадбир уюштирилган ва унда олимнинг фандаги бу жасоратини улуғлаб, кейинги ўн (балки эллик) йилларда Қашқадарёда иккита улкан воқеа рўй берди; бири асрлар оша қақраб ётган Қарши чўлларига сувнинг келиши ва иккинчиси Очил Тоғаевнинг Москвада докторлик диссертациясини ҳимоя қилиши, деб эътироф этилган экан. Вохаликларга хос танти, дўлвор гап. Ана шундай шараф эгаси кейинчалик гоҳ ойдин, гоҳ зулматли йўллардан ўтди. Бошида қора булутлар айланиб юрган чоғлар эъзозланган “ягона алломаи замон”нинг фарзанд тўйига гарчи Тошкентдан нуфузли меҳмонлар ташриф буюрган бўлишса-да, ҳатто ўша вақтда туманнинг биринчи раҳбари “вақт топа олмагани” ҳам бор гап. Ёки марҳаматидан баҳраманд бўлиб, катта ҳаётга қадам қўйган яқинлари ҳам ул зотни кўпда хотирлаб туришмайди, ҳатто шу ҳақда гап кетса қулоқларини буриб олишади. Ахир, марҳумлар саховат кўрсата олмайди-да. Бу ҳоллар инсон табиатида бор қусурлар. Яккабоғдан чиққан биринчи академик Асқар Холмуродов ҳақида хотираларни тўплаш учун борганимда нафақадаги муаллим Бухор Юсупов ҳеч ажралмай, юмушларимга кўмаклашди. У мар­ҳум юртдошининг шон-шуҳратидан ҳамон ҳаяжонланар, у кунларни туш каби эсларди: “Асқар ака Яккабоққа келса, кўчалар тўлиб кетарди. Унча-бунча одамга уни кўриш, даврасида ўтириш насиб этмасди. Бизга ўхшаганлар у кўчадан ҳам ўтолмасдик”. Ана шундай назарга илинмаган одам китоби чиқишини, юртдошини катта-кичик билиб қўйишини жуда-жуда истарди. Афсуски, ҳамма ҳам шу орзуда эмас экан. Рости, Асқар аканинг кўзини ёғини ялаган, унинг соясида давру даврон сурган одамларни излаб топиб бўлмас, улар қисқа хотираларини баҳам кўришни ҳам исташмасди. Бундай “сийлов”дан Очил Тоғаев ҳам бебаҳра эмас. Бир борганимда устознинг хотирасига қилинадиган ишлар билан қизиққанман. “Тумандаги болалар кутубхонасини Очил Тоғаев номига қўйганмиз” деб мақтанишди. Кўнгилда бир илиқлик пайдо бўлди ва ўша муборак гўшани бориб кўриш истаги туғилди. Шу зумда мутасаддиларнинг юзлари тундлашди, саросимага тушиб қолишди. Бирданига машина топилмай қолди, яна бошқа баҳоналар… Хуллас, ке­йинроқ ўша масканга атайлаб бордик. Ночорлик замонлари эди, эски, қаровсиз бино, поллари кўчиб, зах чиқиб ётибди. Китоб жамғармаси ҳам мақтанарли эмас, мутолаа шароити эса мутлақо йўқ.

Энди қарашлар ўзгарди, муносабатларда миллийлик, ўзликни англаш ҳисси кучаймоқда. Бундай хайрли амаллар ҳаммани ҳушёр торттиради, жумладан, элнинг довруғини чиқарган, узоқ-яқинга танитган марҳумлар ҳам бу марҳаматдан бебаҳра қолмайдилар. “Мен агар узоқроқни кўраётган эканман, бу кимнингдир елкасида турганимдан” деган экан бир донишманд. Бизнинг узоқроқни кўришимиз учун елкаларини тутиб турган улуғларимиз сафимизда собит бўлсинлар. Уларнинг ибрати, бой ижодий мероси эса келгуси авлодларнинг камолга етишида беминнат бойлик бўлиб хизмат қилади. Жумладан, филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаев ҳам миллий маданиятимизда нисбатан кам тадқиқ қилинган публицистика назарияси бўйича салмоқли асарлар яратган. Устознинг “Публицистика жанрлари”, “Прометей олови”, “Адиблар ва жанр­лар”, “Идрок ва ижод”, “Қаҳрамон — ижтимоий ҳодиса” сингари китоб­ларида миллий журналистикамиз муаммолари жаҳон мезонлари асосида теран таҳлил қилинган. Агар улардаги давр билан боғлиқ унсурлар истисно қилинса, бугун ҳам соҳанинг кўплаб масалаларини тушуниш ва идрок этишда ўрни беқиёс. Негаки, Очил Тоғаев биринчилардан бўлиб бу борада катта мезонларга жавоб берадиган тадқиқотлар яратган олим эди. Ҳозирги ахборот асрида материални саралаш, уни эзгу мақсадларга йўналтиришда назарий тайёргарликнинг ўрни беқиёс экан, шу мақсадда тайёр илмий ишланмалардан фойдаланиш ҳам фарз, ҳам қарз­дир.

Ҳаким Сатторий.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − seventeen =