“Ота юртдан келдингизми?”. Туркияга қилган сафаримиз давомида бу илиқ сўзларни бир неча бор эшитдик…

Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани, икки мамлакат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар соҳалар ривожида муҳим омил бўлаётгани, маънавиятимиз, маданиятимиз, тилимиз яқинлиги, динимиз бирлиги муҳим аҳамият касб этади.

Бугун ўз устида ишламаган журналист, у соҳанинг қайси йўналишида – газета ва журналлар, телерадиоканаллар, матбуот ва ахборот хизматлари ёки ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтган веб-сайтларда фаолият юритмасин, жамоада, ҳаётда муносиб ўрин топиши, муваффақият қозониши мушкул.

Юртимизда журналист кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, айни пайтда, ОАВларида фаолият юритаётган ижодий ходимлар, журналистика бўйича таълим олаётган йигит-қизларимизга соҳа сир-асрорларини, янгича – яъни замонавий  фикрлашга ўргатиш, тажриба алмашиш, шунинг баробарида, уларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган турли семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, “Мастер-класс”лар, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Олтин қалам” каби танловлар ҳам айни шу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишлар сирасига киради.

Уюшмамиз бош-қош бўлаётган танловлар орасида “Олтин қалам” ўзининг нуфузи, қамрови кенглиги, халқаро миқёсда ўтказилиши каби жиҳатлари билан ажралиб туради. Бу йилги халқаро танловда ҳам бир қатор хорижий ташкилотлар, хусусан, Туркия Республикасининг Ўзбекис­тондаги элчихонаси “Туркия ташқи сиёсати ҳақидаги энг яхши материал учун” номинацияси билан иштирок этди.

Мазкур номинация ғолиблигини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маҳалла” телеканали катта муҳаррири Садоқат Дадаева, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг Наманган вилояти бўйича фото мухбири Ҳотам Мамадалиев, Qalampir.uz веб-сайти ходими Суннатилла Абдуллаев қўлга киритиб, Туркияга ижодий сафар йўлланмасига эга чиққан эди. Тегишли таклиф ва келишувга мувофиқ, камина ҳамда “Халқ сўзи” газетаси масъул ходими Фаррух Бўтаев ҳам улар билан бирга 15-19 сентябрь кунлари Туркия сафарида бўлдик.

Сафаримизнинг биринчи куни якшанба — дам олиш кунига тўғри келди. Фурсатдан фойдаланиб, Туркия пойтахтининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Географик жиҳатдан ривожланиш учун қулай минтақада жойлашган, Ғарб билан Шарқ ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажарувчи Туркияда аҳолининг ҳам шарқона, ҳам Европа услубида кийинишига кўзингиз тушади. Ўзбекистондан эканимизни билган маҳаллий аҳоли вакиллари “Ота юртдан келдингизларми” дея илиқ муносабатда бўлиши кайфиятимизни кўтарди.

Ўзга юртга сафар қилган журналистни шу юрт урф-одат ва анъаналари, тарихи, сиёсати, мамлакатнинг айни кунги ривожланиш жараёнларидан ташқари, оммавий ахборот воситалари фаолияти, соҳага оид техника ва технологиялар, иш усул ва услублари, ОАВларида журналистлар учун яратилган шарт-шароитлар қизиқтиради, албатта.

Сафаримиз давомида Туркия Президенти ҳузуридаги коммуникациялар бошқармасига, ушбу давлат телерадиокомпанияси — TRTга, “Анадолу” ахборот агентлиги, бешта газета ва олтита нодавлат телеканални ўзида бирлаштирган “Turkuvaz mediya” корпарациясига ташрифимизнинг уюштирилиши айни муддао бўлди.

Штаб-квартираси Анқара шаҳрида жойлашган “Анадолу” ахборот агентлиги ижодий жамоаси билан учрашувда, айни пайтда, мазкур оммавий ахборот воситасида тайёрланаётган фото, видео ва матнли хабарлар 13 тилга таржима қилиниб, дунёнинг юздан ортиқ мамлакатига тарқатилаётгани, маҳаллий газета ва журналлар, телерадиоканаллар агентлик материалларидан фаол фойдаланиб келаётгани айтиб ўтилди. Таъкидланганидек, йилдан-йилга “Анадолу” қамраб олаётган ҳудудлар географияси кенгайиб, ходимлари сони кўпайиб бормоқда.

— Агентлик ходимлари, жумладан, фото мухбирлари иш жараёни билан танишиб, улар олган бир қанча суратларни кўздан кечириш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдим, — дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг Наманган вилояти бўйича фото мухбири Ҳотам Мамадалиев. — Ушбу мамлакатда чоп этилаётган газета ва журналлардан жой олаётган суратларнинг 50 фоизидан кўпроғи “Анадолу” фото мухбирлари ҳиссасига тўғри келаётгани улар мавзу танлашда адашмаётгани, юксак маҳорат билан тарихга муҳрлаётган суратлари рақобатбардош эканини англатади. Бу ерлик ҳамкасбларим сув остида суратга олишни ҳам йўлга қўйишган экан.

Саксон миллион нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Туркияда олти минг номга яқин хусусий (бу ерда давлат, вазирлик ва ташкилотлар муассислик қиладиган нашрлари йўқ) газета ва журнал чоп этилмоқда. «Сабаҳ», «Истанбул», «Ватан», «Дунё» газеталари шулар жумласидан. Айни кунда уч юз эллик нафардан кўпроқ ходим фаолият юритаётган, мамлакат бўйича тарқатиладиган «Сабаҳ» газетаси таҳририятида ҳам бўлдик. Газета 3 ва 4 саҳифаларига нашр тарқатиладиган ҳудудга оид қизиқарли, таҳлилий материаллар бериб бориш, информация характеридаги материалларни ўзига хос тарзда, ўқишли қилиб тайёрлаш йўлга қўйилган. Бу ерни ҳам босма нашрларда кечаётган қийинчилик, муаммолар четлаб ўтмаётган экан. Ўн йилча олдин қарийб 800 минг нусхада чоп этилган мазкур нашр бугун 300 мингга яқин ададда чиқмоқда. Таҳририят жамоаси (алоҳида гуруҳ) тиражни сақлаб қолиш ва кўпайтириш илинжида изланаётир.

Ҳар куни чоп этиладиган “Сабаҳ”­нинг янги сонларини марказ ва жойлардаги газета масъул ходимлари қисқа вақт ичида газетхонларга етказади, бошқача айт­ганда, почта хизматини ҳам ўзлари бажаради. Туркияда чиқадиган “Сабаҳ” каби нисбатан кўп тиражли газеталари битта нашриётдаги эмас, бир пайтнинг ўзида мамлакатнинг Анқара, Истанбул, Измир, Бурса, Анталия каби йирик шаҳарларидаги босмахоналарда ҳам чоп этилади.

Яна бир жиҳат, бу ерда газета ва журналларга обуна бўлиш унчалик оммалашмаган. Нашрлар биздагидек (марказий, партия ва айрим тармоқ газеталаримиз кўзда тутилмоқда) А-2 форматда эмас, замонавий ва қулай ҳисобланаётган А-3 форматда чиқади. Матбуот нашрларига аҳоли, корхона ва ташкилотларнинг маълум фоизи ихтиёрий равишда, асосан, йиллик обуна бўлади. Қисқаси, Туркияда аҳоли газета ва журналларни, асосан, киоска ва бошқа жойлардан сотиб олиб ўқир экан.

Режага биноан TRT1, TRThaber, TRTokul, TRTsport, TRTavaz, TRTkurdi, TRTworld, TRTcocuk, TRTbelgesel каби ўндан ортиқ телеканални бирлаштирган Туркия телерадикомпанияси фаолияти билан танишувимиз ҳам таассуротларга бой, қизиқарли кечди.

— Бу ердаги телеканалларда воқеа жойидан тўғридан-тўғри жонли эфирларнинг кўплиги, жойлардан узатиладиган хабарлар 10-15 дақиқада тайёрланиб, эфирга берилиши эътиборга молик, — дейди “Маҳалла” телеканали катта муҳаррири Садоқат Дадаева. — TRT телеканалларида бўлиб, буни ўз кўзимиз билан кўрдик, турк ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашдик, дўстлашдик, энг муҳими, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик.

Турк маданиятининг чинакам тар­ғиботчисига айланган TRT телеканалларида бошқа миллат ва элатларнинг ҳам урф-одат ва тарихий меросига доир кўрсатувлар бериб борилади. Ўтган йили буюк бобокалонимиз Имом ал-Бухорийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм айни шу телерадиокомпания каналлари орқали намойиш этилган. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи, кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар миллий анъана ва маросимларимиз ҳақида ўнлаб теледастурлар, роликлар тайёрланиб эфирга узатилган, бу жараён давом этмоқда. Бу ишларга Туркияга келганига бир неча йил бўлган, TRT таркибидаги телерадиоканаллар ходимлари — Тошкент вилоятининг Бек­обод шаҳрида туғилган Маҳлиё Шодматова, асли қирғизистонлик ўзбек қизи Наргиза Отахонова ҳам ҳисса қўшаётган экан. Улар билан суҳбатлашдик.

— Бу ерда таржимонлик, муҳаррирлик қиламан, — дейди Маҳлиё Шодматова. — ОАВ орқали Маркизий Осиё давлатларида, айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кузатиб хурсанд бўламан. Мақсадим – бир неча йил тажриба ошириб юртга қайтиш, Ватанимиз журналистика соҳаси равнақига ҳисса қўшиш.

Сафаримиз давомида Анқарадаги Туркия Президенти қароргоҳида, мамлакат парламентида, Истанбулдаги “Айя-София” музейи, Туркия ишбирлиги ва мувофиқлаштириш агентлиги — TiKA каби бир қатор давлат ташкилотлари ва тарихий масканларда ҳам бўлдик. Таассуротларимиз бойиб, Ўзбе­кис­тон — Туркия ҳамкорлиги доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб юрган чоғимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуннинг имзолангани, Тошкент ва Анқара шаҳарлари ўртасида “Биродарлашув алоқаларини ўрнатганлик ҳақида” келишувга эришилгани каби янгиликлар Туркия ОАВларида кенг ёритилганига, хушхабарни ушбу мамлакат халқи, зиёлийлари ниҳоятда кўтаринкилик билан қабул қилганининг гувоҳи бўлдик.

Туркияда давлат идоралари масъул ходимлари билан кечган суҳбатларда кейинги йилларда Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани, икки мамлакат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар соҳалар ривожида муҳим омил бўлаётгани, маънавиятимиз, маданиятимиз, тилимиз яқинлиги, динимиз бирлиги алоҳида таъкидланди.

Албатта, ҳар бир соҳада бўлгани каби журналистикада ҳам тажриба алмашиш муҳим ва у ривожланишга хизмат қилади. Шу маънода Туркияга сафаримиз ҳар жиҳатдан фойдали, айни кунги газета, теле ва радио, фото ҳамда интернет журналистикаси муаммо ва ривожи бўйича мулоқот ва фикр алмашишларга бой кечди. Икки мамлакат журналистларининг ўқуви ва малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди. Бу борадаги ишлар келгусида турк журналистларининг Ўзбекистонга, юртимиз оммавий ахборот воситалари вакилларининг Туркияга ижодий сафарлари янада кўпайишини анг­латади. Зеро, янгиланаётган Ўзбекистон дунё журналистлари учун очиқ, ўзбек журналистлари жаҳонга чиқмоқда.

Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари.

Тошкент – Анқара – Истанбул – Тошкент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 4 =