Мактабда болалар жанжаллашса…

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасидаги зўравонлик, жанжал оқибатлари акс этган видеолар кўпайиб бораётганини кузатиб, кўнгил хира тортади. Баъзан оммавий тус олган бу жанжаллар ўнглаб бўлмас ҳолатлар билан ҳам якунланади. Энг ёмони, айрим тоифа кишилар томонидан бу вазият тасвирга олиниб, оммага тарқатилаётганидир.

Тўғри, бу каби “томошалар” кимларгадир қизиқ туюлар, аммо унинг миллат маънавиятига салбий таъсири жуда оғир асоратларга олиб келиши-чи?

Халқимиз азалдан фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатларга, айниқса, уни меҳнаткаш, меҳр-оқибатли, иродали ва мард инсонлар бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратган. Урушқоқлик миллатимизга хос сифат эмас. Афсуски, биз бундай жанжалларга барҳам бериш, томонларни муросага чақириш ўрнига ҳолатни телефонимизда ёзиб олиб, оммалаштиряпмиз.

— Миллий маданиятимизда дағал, қўпол муомалани ширинсуханлик билан юмшатиш деган гўзал тамо­йил бор, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси ўринбосари Муҳаммаджон Қуронов. — Кейинги пайтда шу қадрият унутиляпти. Мактабда синфдоши билан урушиб қолган боланинг отаси ёки онаси синфга бориб жанжал қиляпти. Бу ниҳоятда катта педагогик жаҳолатдир. Чунки ота-она болага шундай вазиятда ўзини қандай тутишда намуна бўлиши керак. Қўполликка қўполлик билан жавоб бериш, кейинчалик қўл кўтариш, мушт­лашиш, баъзан пичоқбозлик, оғир ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Бунга айрим ўқувчиларнинг ўқув муассасаларига пичоқ олиб бориб, бир-бирига санчиётгани мисолдир.

Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор: “Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катталаштириб кўрсатадиган заррабин зарур” деган эди. Агар мактабда мингта боланинг ичида иккита бола урушиб қолган бўлса, жуда катта шов-шув бўлиши, ўқувчи ва ўқитувчи, ота-оналар олдида бу қаттиқ муҳокама этилиши зарур. Шунда бошқа болалар жанжаллашиш қанчалар ёмонлигини англаб етишади. Ҳозир эса муштлашганлар мақтаняпти. Ким устун келган бўлса ўша “қаҳрамонга” айланяпти. Бу ниҳоятда зарарли тенденция. Икки боланинг урушиши жазосиз, эътиборсиз қолаётгани бош­қа болаларга ҳам мана шу иллатни юқтиришга кўриб-билиб йўл қўйишни англатади.

— Менинг таклифим, мактабда юз берадиган жанжаллар жуда катта фожиага айлантирилиши керак, — дейди Муҳаммаджон Қуронов. — Таълим тўғрисидаги қонун, ўқув даргоҳининг ички тартиб-қоидалари асосида муҳокама этилиши шарт. Боланинг шахси камситилмаган ҳолда қилган хато иши кўрсатиб берилса, шунда қараб турган бош­қа болалар жанжал қандай оқибатларга олиб келишининг гувоҳи бўлади. Эртага шу ҳолат юзага келса, унда “Мен тўғри қиляпманми?” деган маънавий тормоз ишга тушади.

Инсонни уч хил ахборот жалб қилади. Биринчиси, унинг эҳтиёжи, иккинчиси, қизиқиши ва учинчиси, маънавий ҳолати билан боғлиқ. Қизиқарли, бошқа ерда учрамайдиган маълумот интернетда кенгроқ таъсир кўрсатади ва тобеликни юзага келтиради. Виртуал оламга қарамлик эса инсонда жиззакилик, безовталик ва хаёлдан кетмайдиган фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Олимларнинг тад­қиқотича, жангари компьютер ўйинлари ва фильмлар болада қизиққон ва муросасиз, атрофдагиларга нисбатан бефарқ, шаф­қатсиз муносабатда бўлиш, ўз ҳиссиётларини устун қўйиш каби салбий хислатларни шакллантиради.

Қўрқинчли, хавфли хатти-ҳаракатлар инсонни ҳаяжонлантиради. Тўсатдан юз берадиган хавфли ҳолатлар уларда завқ уйғотади. Экрандаги хавф­ни ҳис қилар экан, бу жанговарлик унинг романтик, фан­тас­тик истакларини гўёки қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун бу фильмлар афсуски, ёшлар орасида машҳур.

Бундай тасвирларга тарбиясида саёзлик кузатилган болалар ўч бўлади. Фарзандларимиз камолида ақл билан берилган тарбия ётади. Агар шу тарбияни бера олмасак, улар ҳаёт ҳукмига ташланган болаларга айланишади. Ҳаёт улардан кимни ясаса, шундай одамлар бўлиб етишишади.

Ёшларда ўзини кўрсатишга мойиллик кучли. Бу турли кўринишда юзага чиқмоқда. Бугун кўча-кўйда урушаётган йигит-қизларни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш, шу орқали ўзини кўрсатиш, кўпроқ эътирофга сазовор бўлиш, “лайк” йиғишга ўчлик ҳолатидан келиб чиқяпти. Нима эмиш, ким кўп “лайк” олса, у гўё ақлли, обрўли эмиш! Очиғини айтганда бундай фикр қилишнинг ўзи нечоғли маънавий қашшоқлик белгисидир. Мазкур муаммо нафақат бизда, балки бутун дунё­да ривожланиб бормоқда. Маънавий ночор кимсалар шу орқали фикр тартибсизлигини юзага келтиряпти, ҳуқуқий нормалардан ташқари, оддий этика, инсоний одоб-ахлоқ мезонларини унутиб қўймоқда.

— “Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун файз-барака кетади” деб бежиз айтишмаган, — дейди Ўзбекис­тон Миллий университети доценти Тўлқин Эшбек. — Илгарилари бирор уйда келишмовчилик чиқса, бу уят саналарди. Ория­т кучли эди. Дардини элга дас­турхон қилмаган оила мард саналган. Бир-бирини тушунмаслик, келишмовчилик бўлиши табиий. Ақли бор одам буни жойи­да яхшилик, муросаи мадора йўли билан ҳал қилади. Уруш-жанжални тар­ғиб қилиш, алангалатиш — гуноҳ. Оилада жанжал бўлса уни тасвирга олиб, “Мана, акам укамни уряпти” демаймиз-ку. Маҳалла, шу юрт биз учун ягона оила эмасми? Муштлашувларни ижтимоий тармоққа олиб чиқиб, бутун дунё­га овоза қилиш билан оила, жамият, юрт оҳорини, файзини тўкамиз холос.

— Эрталаб боласини боғчага олиб бораётган ёшгина онанинг тарбия усулига гувоҳ бўлиб, рости ҳайратландим, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра Умарова. — “Боғчада сени кимдир урса, сен ҳам қайтариб ур, тушундингми?” дея уқтирарди у норасида фарзандига. Эҳтимол унинг нуқтаи назари тўғридир, ахир, ҳеч қайси она боласининг калтак ейишини истамайди. Аммо жигаргўшасини урушишга ундагандан кўра, тарбиячига “Болалар урушишаётган экан. Эътибор қаратинг” дейиш ҳам мумкин-ку. Агар бу чора натижа бермаса бошқа йўл қидириш керак, зинҳор урушишни эмас. Афсуски, болалардаги тажовузкорликнинг илдизи ҳам оиладаги маънавий муҳитга бориб тақаляпти.

Мураккаб ва таҳликали замонда яшаяпмиз. Ҳаёт синовлари баъзан инсонни толиқтиради, ҳиссиз, бефарқ қилиб қўяди. Ёшлардаги қизиққонлик, жиззакилик сабаби шундандир. Аммо ҳаёт — инсоннинг интилишлари, орзу-умидлари, яратувчанлиги билан гўзал. Биз азалдан бағри кенг, диёнатли, меҳридарё халқ бўлиб келганмиз. Фарзандларимизга ана шу инсонийлик зийнатларини синг­дирайлик. Токи улар қалбида турмуш ташвишлари эмас, илм­га, маърифатга бўлган муҳаббат илдиз отсин.

Рисолат Мадиева,

журналист.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 7 =