Соҳибқирон Амир Темурнинг энг жасур саркардалари кимлар эди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёев  учрашувлардан бирида, дунёга довруғ солган Соҳибқирон Амир Темур ҳақида гапириб, шунча буюк ишларни  бобомизнинг бир ўзлари қилмагандурлар, ёнларида кимлар бор эди, уларни ҳам билишимиз керак, деган эдилар. Жуда ўринли фикр. Бу фикрга баҳоли қудрат жавоб беришни ўз бурчимиз деб билдик. Ушбу эссе шу муносабат билан қаламга олинди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг ёнида ҳамсаф ва унга мухолиф сифатида курашган саркардаларнинг сон-саноғи йўқ. Лекин кўзга кўринган саркардалар ҳақида машҳур тарихчилар Ғиёсиддин Алининг “Ҳиндистон ғазовоти кундалиги”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” ва Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” номли китоб­ларида озми-кўпми маълумотлар келтирилган. Бевосита саркардалар мавзусига ўтишдан олдин, умуман, жангларда кураги ерга тегмаган Соҳибқирон заковатини, Турон салтанатининг ҳарбий салоҳиятини англамоқ учун Амир Темур зукколик билан барпо этган, бошқарган, дунёда енгилиш нима билмаган ғолиб ва музаффар Турон лашкари тартиботини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Тарихий манбалар гувоҳлик беради: Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон (1391, 1395) ва Усмонлилар подшоҳи Йилдирим Боязид билан (1402) бўлган замонанинг катта урушларида Турон салтанати лашкари қуйидаги тартибда жанглар олиб борган:

1. Ҳировулнинг ҳировули(илғор қисм, авангард) – олти фавждан иборат;

2. Катта ҳировул(авангард, илғор черик);

3. Чап қанот қоровули;

4. Ўнг қанот қоровули;

5. Шиқовул ҳировули (чап томон – аръергарднинг авангарди) – олти фавждан иборат;

6. Чоповул ҳировули (ўнг томон – чавандозлар қўшини) – олти фавж­дан иборат;

7. Шиқовул(чап қанот аръергарди) – олти қўшиндан иборат;

8. Чоповул(ўнг қанот аръергарди) – олти қўшиндан иборат;

9. Жавонғор ҳировули (чап)олти қўшиндан иборат;

10. Баронғор ҳировули (ўнг)олти қўшиндан иборат;

11. Қариндошлар лашкариолти фавждан иборат;

12. Амирзодалар(ўғиллар)лашкариолти фавждан иборат;

13. ҚалбМарказ;

14. Йигирма саккиз аймоқ қўшини28 фавждан ташкил топади.

Булардан ташқари, уруш майдони вазияти, жанг кўлами ва душман аскари чўғи, салмоғи, кучини ҳисобга олган ҳолда “Ўн икки минг отлиқ лашкар”, “Қирқ минг отлиқдан иборат ўн тўртта зафарли сипоҳ фавжлари” сафларига ҳам тартиб берилади ва жангларда қўлланади. Уларнинг ҳар бирида бир неча фавж­лардан иборат чақмоққадам қоровул, ҳировул, жавонғор, барон­ғор қўшинлари ҳаракат қилади.

Тасаввуримизни яна ҳам кенгайтириш учун Соҳибқирон Амир Темур тарих майдонига кириб келган вақтда ва ундан кейин узоқ йиллар Турон заминида майдонларда от сурган айрим саркарда, қўшин беклари ҳамда арбоблар номларини эслаб ўтиш ўринли. Эътибор беринг: Амир Баён-сулдуз, Амир Кайхусрав, Амир Ҳусайн, Ҳожи-барлос, Улжайту-опардий, Боязид-жалойир, Зиндачашм-опардий, Маҳмудшоҳ Бухорий, Туғлуғ-сулдуз, Баҳром-жало­йир, Хизр Ясурий, Тағай Буға-барлос, Шер Баҳром, Сиддиқ-барлос, Менгли Буға, Тамуқа-қавчин, Амир Мусо, Пўлод Буға, Туғлуғ-хўжа, Шингум-баҳодир, Туман-никударий, Амир Муайяд-арлот, Жалолиддин-барлос, Сулаймон-барлос, Шайх Муҳаммад Баён-сулдуз, Амир Сарибуға, Одилшоҳ-жалойир, Тобон-баҳодир, Оқ Буға-баҳодир, Ҳусайн-баҳодир, Малик-баҳодир, Дуррака-баҳодир, Оқ Темур-баҳодир, Маҳмуд Барот-хожа, Али Ясурий, Ҳиндушоҳ Қарқара, Арғуншоҳ Бурдалиғий, Шайх Али-баҳодир, Мурод-барлос, Хожа Шайхзода, Муҳаммад Мирак, Шамсиддин Аббос, Сиддиқ Тобон, Султон Санжар, Худойдоди Ҳусайний… ва ҳоказо. Шуларнинг ўзи қирқ олтита. Булар ҳали ҳаммаси эмас, албатта.

Аскар фақатгина аскар эмас, саркарда фақат саркарда эмас…

Ҳа, Амир Темур салтанатида аскар фақатгина аскар эмас, саркарда фақат саркарда эмас эди. Катта майдонларда жанг қилар экан, олдиларидан катта сой, ё ўрмон, ё ўр-чақир чиқиб қолса, аскарлар дарҳол қурувчиларга айланишар, қўлларидаги қурол ўрнига, елкадаги жанг халтасидан болта, теша, арра ва ҳоказо қурилиш анжомларини (улар доим халтада бўлади) олиб ишга тушиб кетишар, сойга кўприк боғлашар(Ҳиндистонда Синд дарёсига, Амударё, Хўжанд дарёларига қисқа муддатда кўприк қурганларидай), чакалакзор ўрмонларда(Мозандаронда бўлгани каби) йўллар очишар эди. Саркарда фақат саркарда эмас, у айни бир пайтнинг ўзида Соҳибқирон ишончини қозонган, давлат арбоби, амир ул-умаро, вазир, юртни бошқара оладиган ҳоким, моҳир дипломат, сўзамол элчи, унинг обрў эътиборига муносиб салтанатнинг, халқнинг оғирини енгил қиладиган, қайси вазифага қўйилса адо этишга қодир камолга етган инсонлардир. Улар Ватанимиз тарихида беминнат юртга, халққа катта хизмат қилганлари билан қадрли ва эъзозлидирлар.

Ҳиндистон муҳорабасига бораётиб Соҳибқирон йўлда Нағар деган қалъа­ни яна ҳам яхшироқ қуришларини буюради. Юртга қайтаётганда кўрадики, шу ерда шарқираб ётган “суйи асру зебо ва латиф” ажойиб булоқ қалъадан ташқарида қолиб кетибди. Бундан кўнгли тўлмаган Соҳибқирон, Ватанга шошиб турганига қарамай, дарҳол: “Қалъани улуғроқ қилсунлар, андоқким, булоғ қалъа ичида киргай!” деб амр этади. Ўзи иш бошида туриб назорат қилади. Уч кун бутун қўшин катта-ю кичик меҳнатга машғул бўлади. Шарафиддин Али Яздий ҳайратга тушиб “Зафарнома”да: Соҳибқирон “… андоқ жаҳд қилдиким, беклар ўзлари ғишт ва балчиқ ташидилар…” деб ёзади.

Соҳибқирон ҳаётида қирқ беш йил давомида унинг ёнида турган, унга беғараз, садоқат билан қараган фидойи амирлар ҳақида алоҳида тўхталмоқ жоиз. Бу саркардалар Турон салтанати шон-шуҳрати йўлида ўз жонларини фидо қилишга ҳамиша тайёр турган кишилардир. Уларнинг нияти – юртни обод этиш, ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш ва Ҳазрат Соҳибқиронга сидқидилдан хизмат кўрсатишдан иборат.

Амир Темурнинг энг яқин саркарда сафдошлари таърифига ўтамиз.

Амир жоку — барлос

Ана шундай садоқатли, оқибатли инсон мақомига эга. Қўрқмас ва ботир жангчи. Унинг тўлиқ исми Жокубек ибн Муборак ибн Тўғон ибн Қодон ибн Шаръа ибн Қарочор нўён (туғ.й.тахм.1316 – ваф. 1384) — барлос уруғининг ҳурматга сазовор, йирик, нуфузли бекларидан. Амир Темурга хеш-ақрабо бўлади, Соҳиб­қирон сафдоши ва қайинотаси, яқин кишиси. 1355 йилда Амир Темур унинг қизи Турмиш-оқага уйланган, улардан туғилган ўғил Жаҳонгир Мирзо кейин валиаҳд ҳисобланган эди.

1360 йил охирларида, Темурбекнинг тарих майдонига кириб келган дастлабки йили, Туронлик амирлар ўртасида ўзаро жанглардан бирида йигирма тўрт ёшлик Темурбек қўшини кимнингдир иғвосига учиб, тарқаб, навкарлар душман томонга ўтиб кетади. Ўшанда Темурбек ёнида ёлғиз Жоку-барлосгина садоқат кўргизиб қолган эди. Бу садоқат умрининг охиригача давом этди.

1362 йилда бир гуруҳ барлослар – Сулаймон-барлос, Жалолиддин-барлос, Ҳиндука-барлос, Сиддиқ-барлос, Мурод-барлос, Тағай Буға-барлос, тойживут умоғидан Мусабек­(Амир Мусо)лар Жета ҳукмдорига бўйсунишни истамай Соҳибқирон Арсафда(Сеистондаги чўл, ҳозирги Афғонистон ва Эрон чегарасида) эканида унинг ҳузурига келдилар. Уларни бошларини бириктириб келган ҳам садоқатли дўст Жоку-барлос эди.

1363 йилда Темурбекнинг кишиси 2000 га етди. Душман Жета чериги Кешни босиб олганди, Темурбек уч юз кишини ажратиб, Жоку-барлос ва Сулаймон-барлосларга топшириб ҳарбий сир ишлатишни тайинлади: “Ҳар бир отлиқ икки боғдан шох олиб, отнинг икки ёнига боғласин, ундан кўтарилган чанг-ғубор душман кўнглига қўрқув солади!” Чиндан ҳам, душман жанубдан, Улуғ майдон томондан кўтарилган осмонни қоплаган баҳайбат чанг-ғуборни кўриб ваҳимага тушиб қўрқиб жуфтакни ростлаб қолади…

1364 йилда Темурбек Илёсхожахон бошлиқ Жета чериги билан жанг қилиб музаффарият қозонди. Жоку-барлос ўша жангда катта шижоат кўрсатди. “Лой жанги”да иштирок этди. Шу йили Жоку-барлос катта қўшин бошида Хўжандга жалойир элини забт этмоққа отланди.

Жоку-барлос Ҳирот ҳукмдори Малик Ҳусайн Курт ҳузурига, икки мамлакат ўртасида муҳим аҳду шартни йўлга қўйиш ҳақида музокара қилиш учун элчи мақомида Ҳиротга борди.

Соҳибқирон давлат бошига келганда Жоку-барлосга черик беги унвони берилди(1370). У салтанатнинг илк амир ул-умароси бўлди. 1371 йилда катта қўшин бошида муҳолифатчи жангари Зиндачашм-опардийга қарши Шибирғонга жўнади. Сўнг унга муҳим вазифа топширилди — Қундуз, Боғлон, Кобул сингари бетартиб ва бесаранжом вилоятларга тинчлик индириш учун ҳоким этиб тайинланди.

1376 йилда Соҳибқирон шимолий сарҳадларни муҳофаза қилиш ниятида Урусхонга қарши черик йиғиб жўнашдан олдин Жоку-барлосга пойтахти фирдвсмонанд Самарқандни идора қилишни топширди.

1383 йилда Мозандарон сари отланган Амир Темур Термиз гузарида Амударёга кўприк боғлаб ўтиб, Мурғоб дарёси бўйига етди. Кобулистон ҳокими Жоку-барлос Ҳазратни зиёрат қилиб, муборак дийдорига мушарраф бўлди, музофотдаги вазиятдан батафсил сўйлаб бериб Соҳибқиронни мамнун этди ва унинг ижозати билан Кобулга қайтди. Эътиқоди мустаҳкам бу инсон доим салтанатнинг муҳим топшириқларини адо этарди.

Амир сайфиддин — некуз

Амир Темурнинг ишончли сафдош ва яқин сирдош дўстларидан бири Амир Сайфиддин-некуздир(туғ.й.тахм.1336 – ваф.1401). Уни Ҳожи Сайфиддин ҳам дейишади; нукуз (никудар) қавмининг нуфузли вакили. Атоқли лашкарбоши, мунажжим, билимдон, ўта маърифатли, камтар бир киши. Фидойи инсон. Ёшлик йилларидан бошлаб Темурбек билан ҳамиша ҳамқадам, ҳамроҳ. 1363 йилда Хоразм ёқдан қайтаётган Темурбек, катта душман қувиб келаётганини кўриб, Амударёга от солди, унинг хотини Улжой Туркон-оқа ҳам мардона отини дарёга бурди! Ўшанда орқада Амир Сайфиддин, дўстига садоқат кўргизиб, ҳам Темурбекка, ҳам Улжой-ойимга кўз-қулоқ бўлиб, қўриқлаб, душманлардан ҳимоя қилиб келган эди. Улар соғ-саломат дарёдан ўтиб оладилар.

Амир Сайфиддин Тошкент ёнида Чинос мавзеида юз берган Лой жангида (1365) Темурбек қўшинининг сўл қаноти (жавонғор)да саваш қурган. 1366 йилда катта черик билан Амир Ҳусайнга қарши жангга юборилган. 1367 йилда Темурбек 243 киши билан Қарши шаҳрини забт этиш учун жангга отланди. Қаршида 12 минг — Темурбек навкаридан қарийб 50 баробар кўп қуролланган аскар йиғилганди. Қарши дарвозаси қаттиқ тамбаланган, берк эди. Соҳибқирон сув тўла тарнов орқали шаҳарга кириб дарвозани ичкаридан очишга эришади. Ва шаҳарни оладилар. Амир Сайфиддин ўша жангда шижоат билан қатнашади ва шаҳарнинг Хузор дарвозасини ишғол этади.

1379 йилда Гурганж остонасида Хоразм волийси Юсуф Сўфи(Хоразм волийси айримлар қутқусига учиб, Амир Темурни яккама-якка жангга чорлаган эди) чақириғига кўра майдонга тушмоқчи бўлганда Амир Сайфиддин Соҳибқирон отининг жиловини маҳкам тутиб йўлга туриб олди: “Бандалар тирик туриб раво эрмаским, сиз урушқали боргайсиз…” Барибир Соҳибқиронни тўхтатиш иложи топилмади. У душманни чорлаб, майдонни икки бор айланди ва суронлар остида ғолибона ортига қайт­ди. Юсуф Сўфи кўнглига қўрқув тушиб жангга чиқмади.

1380 йилда Амир Сайфиддин Ҳиротга Малик Ғиёсиддинга элчи бўлиб борди ва уни Самарқанд қурултойига таклиф этди.

1382 йилда Хуросонга от­лан­­ган Соҳибқирон Амир Сайфиддинни Калот шаҳрининг энг мустаҳкам маш­ҳур дарвозаси “Дарбанди Арғуншоҳ”­ни эгаллашга жўнатди. 1383 йилда Кеч ва Мекрон(ҳозирги Покистон) йўлини тўсиб олган амир Туман-никударийни инсофга чақиришга элчи бўлиб борди.

1386 йилда Ироқ ҳукмдори Султон Аҳмад-жалойир Табризга келганди. Соҳибқирон Амир Сайфиддинни бир жамоат йигитларга бош қилиб уни қувиб тутиб келишга, сўнгроқ катта черик бошида Боязид қалъасини забт этишга юборди.

Подшо уғруқи(подшо ҳарами, тегишли мулозим-хизматкорлар, ошпазлар, кийим-кечак, егуликлар, тирикчилик ашёлари, от-арава ва ҳоказо, катта карвон)жангларда подшога ҳамроҳ бўлади. Уни бошқариш жуда ишончли кишиларга топширилади. 1387 йил кузида, товушқон йили, тарих 789 да Соҳибқирон Форс сари йўл олди. Уғруқ Рай билан Сариққамишда қишни ўтказсин, деган фармон содир бўлди, уни Амир Сайфиддин бошқарди.

1389 йил мартда Тўхтамишхон қўшини бостириб келаётганда, Соҳибқирон Умаршайх Мирзо ва Амир Сайфиддинга: “Хўжанд(Сирдарё)сига кўприк солинсун!” дея фармон қилинди. Кўприк тез фурсатда қуриб битказилди.

1391 йилда Тўхтамишхон урушида Амир Сайфиддин Турон қўшини жавонғорини бошқарди. У мардоналик кўргизиб ҳаммадан бурун жангга кирди, қилич тортиб, душманни чопди. Бошқалар уввос солиб ундан кейин жангга отилдилар. Уруш ғалаба билан тугагач, Амир Сайфиддин яна уғруқни бошқарди ва шу йилнинг декабрь ойида Тошкентга келтирди. Юриш ўн бир ой давом этди.

1394 йилда Соҳибқирон Гуржистондаги Базтоз вилоятини забт этиш учун Амир Сайфиддинни бир жамоат беклар билан илғор жўнатди. Базтоз забт этилди.

1395 йил Тўхтамишхон жангида — Амир Сайфиддин қанбул(лашкарнинг бир қисми)да эди. Душманнинг бир фирқаси унга ҳамла қилди. У дар­ҳол отдан тушиб камони дастасига қўл уриб, ғанимни мардона тирборон қилди. Душман кўпайишиб борарди. Амир Сайфиддин Худога таваккал қилиб, ёвга қарши шундай шиддат билан ташландики, ундан ортиғини тасаввур қилиш мумкин эмас! Тоғдай сабот билан саваш қилаётганда Жаҳоншоҳ ибн Жоку иккинчи томондан кириб, душманга мардона ҳамла қилди! Душманлар қочдилар.

1395 йилда Амир Сайфиддин Муҳаммад Султон лашкарига қўшилиб Шерозга отланди, лашкар Ҳурмузгача(Ҳинд океани соҳили) бориб қайт­ди.

1396 йил 18 июль Аланчуқ қалъасини забт этиш Амир Сайфиддинга топширилди.

1397 йилда Амир Сайфиддин валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Султонга маслаҳатчи ҳамроҳ бўлиб Мўғулистон сарҳадига жўнади, Ашпара шаҳрида бўлди, Худойдоди Ҳусайний, Шамсуддин Аббослар ҳам бирга эдилар. Буларнинг зиммасига Ашпара қалъаси атрофини девор билан мус­таҳкамлаш, истеҳкомга айлантириш, хандақлар ёрдамида иҳота қилиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, Тароз ва Сайрам томонларда экинзорлар ташкил қилиб, донлар учун катта омборхоналар қуриш, отларга емлар ғамлаш вазифаси юклатилган(Хитойга юриш тайёргарлиги кўрилаётганди).

Амир Сайфиддин доим Соҳиб­қирон ёнида жангчи, саркарда, мунажжим, элчи, маслаҳатчи, яқин сирдош дўст бўлиб хизмат қилган фидойи зотдир.

Аббос — баҳодир

Соҳибқирон ҳурматига сазовор бўлган паҳлавон йигитлардан бири садоқат ва ихлос соҳиби Аббос —баҳодир(туғ.й.тахм.1340-ваф.1387) кўзга кўринган лашкарбошилар сафидан жой олганди. Уни ўзаро муомалаларда Аббосбек, Аббос баҳодир-қипчоқ деб ҳам аташарди. Ўлимни писанд қилмайдиган, чаққон, жанговар йигит бўлганини айтадилар. Темурбек уни вазият ҳавосини олиш ниятида турли шаҳар ва вилоятларга жўнатарди. Унинг олиб келган қимматли маълумотлари Темурбекни мулоҳазаларга ундар, озодлик йўлидаги курашда мустаҳкам бўлиш, адашмаслик, ёғий ҳавосини олиш ва тўғри йўлни танлашда катта ёрдам берарди. Унинг Турон юртида кезмаган жойи йўқ эди. 1365 йил “Лой жанги”да жон олиб, жон бериб саваш қурган.

Шайх Нуриддин – баҳодир

Жалойир қавмининг нуфузли вакили Сари Буға-жалойир оиласида таваллуд топган. Амир Темур назарига тушган ёш моҳир саркардалардан бири. У Амир Темур набираси Иброҳим Султон Мирзо ибн Шоҳрух Мирзонинг устози ва аткаси­(отабеги). 1393 йилнинг 27 мартида Шероз яқинида Амир Темур ва Музаффарийлар сулоласи сўнгги ҳукмдори жангари Шоҳ Мансур аскарлари ўртасида кечган жангда ўз лашкари билан қатнашган. Ушбу муҳораба Шоҳ Мансурнинг ҳалокати билан якунланган, айни пайтда Музаффарийлар сулоласи ҳам тугатилган.

1394 йилнинг қишида Кўҳистонни забт этган. 1395 йилнинг 28 февралида Соҳибқирон Амир Темур бундан тўрт йил аввал Қундузча дарёси бўйидаги жангда енгилган бўлишига қарамай ҳали тавбасига таянмаган Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга қарши Дарбанд сари юришга отланди. Терек дарёси бўйида кечган даҳшатли жангда Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти кутилмаганда жиддий хавф остида қолган. Шу палла ҳайқирганча етиб келган Шайх Нуриддин дарҳол душмандан ўлжа олинган араваларни бир-бирига боғлаб қўрғон қилди ва уларни Соҳибқиронни ҳимоялаш истеҳкомига айлантирди. Бошқа амирларни чорлаб, эллик нафар навкари билан найза-ёйларни қўлга олиб, беомон душманни ўққа тутди! Шайх Нуриддин ва бошқа етиб келган амирларнинг садоқати, жасорати ва матонати туфайли Амир Темур ёв тажовузидан омон қолди. У Сарой-Беркани забт этиш жангларида иштирок этди.

Шайх Нуриддин 1396 йилда Форс вилоятидан ундирилиши лозим бўлган солиқ ишларини изга солиш учун Шерозга юборилди. 1398 йилда Ҳиндистон юришида от сурди. Шу йилнинг 29 сентябрида ўз қўл остидаги лашкари билан Жамула дарёсидаги орол ҳокими Муборакшоҳнинг ўн минг кишилик қўшинини тор-мор қилди. 1399 йилнинг 10 январида Ганга дарёси бўйида Амир Темур подшо ўғруқини бошқаришни Шайх Нуриддинга топширди.

Мағриб сари қилинган етти йиллик юришда ҳам Шайх Нуриддин мардлик намуналарини кўрсатган. Шомда Соҳибқирон 1400 йилнинг декабрида Шайх Нуриддин, Севинчакбек ва Шоҳмаликларни ўттиз минг жангчига бош қилиб Дамашқ томон жўнатган. Бағдод фатҳида (1401 йилнинг август ойи) Мироншоҳ Мирзо раҳбарлигидаги қўшинда саркардалардан бири сифатида қатнашган, жасорат кўргизиб шоту-нарвонлар ёрдамида биринчи бўлиб шаҳарнинг баланд деворига чиққан ва олқишларга сазовор бўлган.

Шайх Нуриддин Гуржистонда, Румда — Кемоҳ қамалида, Анкурия жангида, Бурсани олишда, мустаҳкам Измир шаҳрини забт этишда фаол қатнашди. Қаерда бўлмасин, у жонбозлик кўрсатиб ҳаракат қилди, Соҳибқирон ишончини оқлашга сид­қидилдан тиришиб ҳақли равишда катта обрў-эътибор қозонди.

Амир Шоҳмалик

(Тахм.1350 – ваф. 1426 й., 21 январь) Соҳибқирон Амир Темур унинг келажакда фавқулодда арбоб, саркарда бўлишини зукколарча ички шуур билан сезиб, меҳр билан тарбиялаган, ўстириб вояга етказган таниқли саркарда ва арбоб. 1391 йилнинг 16 июлида Қундузча дарёси бўйида Тўхтамишхон аскарлари билан кечган жангда кўрсатган бемисл жасорати учун уни тархонлик унвони билан тақдирлаш, айни пайт­да унга парвоначи мансабини бериш ҳақида фармон эълон қилди. Озгина изоҳ: тархонлик юксак унвон ҳисобланади (тархон мўғулча: озод, маъносида)бу унвонни олган бахти чопган инсон саройда Амир Соҳибқирон ҳузурига хоҳлаган пайтда кира олиш ҳуқуқига эгадур. Тўққизта гуноҳ қилмагунча, унинг ўзи ва фарзандлари сўроққа тутулмайдур. Тегишли ўлжаси тақсим этилмайдур, барча солиқлардан озоддур…

Амир Темур уни 1393 йилда валиаҳд Муҳаммад Султон сардорлигида Эроннинг олис Ҳурмуз вилоятини забт қилишга юборган. 1398 йил ёз ойларида Темурбек ҳукмига асосан Ҳиндистонда Эрёб қалъасида масжидлар бунёд этишга тайинланган. 1398 йилнинг қиши бошланишида Ҳиндистондаги Понипат шаҳри яқинида Султон Маҳмудхон билан юз берган жангда қўшиннинг жавонғорини бошқарган, Мират(Мирт) қалъасини қўлга киритган. Олий фармонга кўра, 1401 йилнинг июнь-июль ойида Шоҳрух Мирзо билан бирга ўғруққа бош бўлиб, Табриз томон йўл олган. Амир Темурнинг Мағрибга қилган етти йиллик юришида энг йирик саркардалардан бири сифатида ўта фаоллик кўрсатган. Румдаги Тартум қалъасини олти кунда фатҳ этган саркардалар сафида ўзининг ҳарбий маҳорати билан ярқ этиб кўзга ташланган. Анкурия жангида қўшин маркази (қўл)нинг илғори (манғлай)дан жой эгаллаган. 1403 йилнинг бошида жануби-ғарбий Онадўлидаги Эгридир ва Насибин қалъаларини забт этишда матонат намуналарини аён этган. 1403 йилнинг 24 июлида Соҳибқироннинг олий фармонига биноан Гуржистондаги Картин қалъаси рўпарасида уч минг кишилик қалъани уч кунда бунё­д этдирган… Амир Шоҳмалик Соҳибқирон Амир Темурни ниҳоятда ҳурмат қилар, ўзининг валинеъмати деб билар, бундан бениҳоя фахрланарди.

Жаҳоншоҳ ибн Жоку

Соҳибқирон Амир Темурнинг номдор саркардаларидан бири. Жоку-барлоснинг ўғли. 1381 йилда Ҳиротни олган Амир Темур Жаҳоншоҳ ибн Жокуни қўшиннинг илғор қисми(ҳировул, манғлай)га сардор қилиб Сабзаворга юборишни лозим топди. 1383 йилда эса олий раъй уни ўн минг кишига бош қилиб бузғунчи дуғлат амири Қамариддинни тутишга жўнатди. Соҳибқирон Жаҳоншоҳ ибн Жокуга шундай ҳукм қилди: “Қамариддин бошига бориб жаҳд қилиб, қўлга туширгайсан!”

1384 йилда Соҳибқирон нотинч шаҳар Қандаҳорга юриш қилади. Бундан олдин Жаҳоншоҳ ибн Жокуга қалъани забт этишни тайинлайди. Саркарда буни аъло даражада адо этди ва қалъа доруғасини асир олиб, Соҳибқиронга юборди… Соҳибқирон Жаҳоншоҳ ибн Жокуни кўп мақтади, лутфлар қилди, уни черикка бош қилиб Зобулистон вилоятига қарашли осойишталиги йўқ Калот шаҳрига юборди. Жаҳоншоҳ ибн Жоку бориб ул шаҳарни мусаххар қилди ва музаффару мансур Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур қошига қайтди…

1384 йилда отаси Жоку-барлос вафот этгандан сўнг Амир Темур ҳукмига кўра, Кобулистон вилояти отасининг мулки эканлиги эътиборга олиниб, меросхўр сифатида унга хос мулк қилиб муҳрлаб берилди. Соҳибқирон набираси Пир Муҳаммад Мирзонинг энг кўзга кўринган беклари сафида бўй кўрсатган. Қундуз, Бағлон ва Кобул ҳокими лавозимида фаолият олиб борган. Соҳибқироннинг деярли барча ҳарбий юришларида қатнашган, қўлга киритилган ғалабаларга катта ҳисса қўшган. 1395 йилги Тўхтамишхон урушида у Турон қўшинлари амир ул-умароси эди…

Амир Сулаймоншоҳ

У Амир Довуд-дуғлат билан Соҳибқирон опаси Қутлуғ Туркон-оқанинг ўғли. Атоқли саркарда, улуғ бек. 1389 йилнинг бошида Амир Темурнинг Ўлжой Туркон-оқадан туғилган қизи Султон Бахт-бегимга уйланган. Эронга қилинган уч йиллик юриш вақтида (1386–1388) Аббос-баҳодир билан Турон салтанати бош­қарувига масъул этилган, юртдан кўз-қулоқ бўлиб туриш топширилган, Самарқандда қолган. 1389 йилда Туркистон вилояти забтига юборилган. 1390 йилда Жетага жўнатилган йигирма минг кишилик қўшинга сардорлик қилган. 1391 йили Қундузчада Олтин Ўрда лашкари билан Турон қўшини ўртасида юз берган муҳорабада илғор қисм(ҳировул) қўмондони этиб тайинланган.

1397 йилнинг май ойида Хуросон вилояти Шоҳрух Мирзога топширилганда Амир Сулаймоншоҳнинг мирзо мулозаматида бўлиши белгиланган. Ҳиндистон (1398 –1399), Эрон (1399), Шом (1400), Миср (1401), Гуржистон ва Бағдод (1401) ҳамда Рум вилояти (1402–1403)га қилинган ҳарбий юришларнинг фаол қатнашчиси. Анкурия жангида қўшиннинг ўнг қанотини бошқарган, Оқшаҳр ва Қораҳисорни забт этишда қатнашган, Қайсария ва Сивос ерларидан қора тоторларни бошқа жойга кўчириш ишига масъул этиб тайинланган. 1404 йилда Эроннинг Рай, Қум ва Кошон вилоятларини ҳамда Нур қалъасини Соҳибқирон набираси Рустам Мирзо билан бирга ишғол этган. Шу йилнинг апрелида Омул ҳокими Искандар Шайхий исёнини бостиришга юборилган. Ихлос ва фидойилик кўрсатгани учун Амир Темур олий фармонига биноан Рай, Рустамдор ва Ферузкўҳ ерлари унга бағишланган…

Амир Темурнинг фарзандлари Умаршайх Мирзо, Мироншоҳ Мирзо, Шоҳруҳ Мирзо, набиралари валиаҳд Муҳаммад Султон, Пирмуҳаммад Мирзо, Абу Бакр Мирзо, Халил Султон, Рустам Мирзо, Умар Мирзо, Иброҳим Султон, Искандар Мирзолар ҳам ажойиб саркардалар эдилар, ҳарбий салоҳият уларнинг қонида гупириб турарди.

Юқорида номлари зикр этилган ва этилмаган саркардаларнинг омади, бахти шунда эдики, уларга дунё­да тенги йўқ, Абулмузаффар Абулмансур Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон каби жаҳон тарихида кураги ерга тегмаган, енгилмас буюк лашкарбоши билан ҳамнафас яшаб, Буюк жаҳонгирга шогирд бўлишдек шарафли мартаба насиб этган эди.

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =