Фелъетонлар қироли

Абдулла Қодирий ҳақиқатан ҳам “фелье­тонлар қироли” эди, унинг ҳажвларини ўқиган ақл-идрокли, виждонли ўқувчи ёзувчининг сўзларидан, у тасвирлаган қизиқ воқеалардан, образлар ва типларнинг антиқа хатти-ҳаракатларидан ҳам кулар, ҳам жамият, миллатнинг бу қадар қолоқ, жоҳил бўлиб қолаётганлигига ачиниб, хўрлиги келиб йиғлар эди…

Халқимизнинг атоқли адиби, ўткир қалам соҳиби Абдулла Қодирий ҳажвий публицистика соҳасида ҳам самарали ижод қилди. У том маънода нафақат ўзбек романчилигининг, балки ўзбек ҳажвий публицистикасининг ҳам асосчиси эди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Замондошлари моҳир ҳажвчига “фельетонлар қироли”, “кулдириб йиғлатувчи ва йиғлатиб кулдирувчи” деб бежиз ном бермаган эдилар.

Маълумки, Абдулла Қодирийнинг ҳажвий публицистика соҳасидаги ижодий фаолияти ўтган асрнинг йигирманчи йилларида яққол намоён бўлди. Илғор тараққийпарварлик ғоялари таъсирида ижтимоий-ижодий камолга етган адиб ўтган аср бошида вужудга келган жадид матбуоти саҳифаларида ўзининг илк фельетонлари, ҳажвий шеърлари билан қатнашиб, бу асарларида оддий халқ оммасининг фикр-туй­ғулари, орзу-умидларини ифодалади ва жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи ижтимоий иллатларни қоралади. 1917 йил октябрь ўзгариши Туркистон халқига ҳам ҳақиқий озодлик ва рўшнолик олиб келишига умид қилган соддадил ёзувчи янги тузум матбуотида фаол иштирок этди, ўткир фельетонлар ва бошқа ҳажвий асарлар ёзди. Бу соҳада анчагина тажрибага эга бўлган адибга марказий ҳажв журнали — “Муштум”ни ташкил этишдай масъулиятли иш ишониб топширилгани бежиз эмас эди. Унинг публицист-ҳажвчи сифатидаги фаолияти ана шу матбуот нашрида ёрқин намоён бўлди. У ҳажв журналининг ижтимоий иллатларни фош этишда, ҳақиқат ва эзгулик учун курашда муҳим восита бўлиши мумкинлигига астойдил ишонган эди. Шу боисдан у журналнинг биринчи сонида босилган дастурий ҳажвий бош мақолада “Бу муштум зўрлик муштуми эмас, ҳақлик муштумидир, бу муштум золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир”, деб ёзган эди. Журнал саҳифаларида ёзувчининг юзга яқин фельетонлари ва бир неча фельетонлар туркумлари босилиб чиққан. Адиб ўз ҳажвий асарларини Авсар, Бойқуш, Дўлта махзум, Думбул ўғли, Думбулдевона, Жулқунбой, Жиртакчи, Жарқин, Жиян, Индамас эшон, Йўловчи, Карнайчи, Калвак махзумнинг жияни, Лакаланг махзум, Мулла Нишонбой, Совринбой, Чин дўст, Чирманда ботир, Шоший, Шилғой, Шапалақ махзум ва бошқа тахаллус ва яширин имзолар билан ёзар эди. Булар орасида Жулқунбой тахаллуси жуда оммалашган бўлиб, кўпчилик ўқувчилар адибни шу ном билан билишарди.

Томчида қуёш акс этгани сингари А.Қодирийнинг ҳажвий асарларида эндигина шаклланиб келаётган ўзбек ҳажвий публицистикасининг барча ғоявий-бадиий хусусиятлари тўла намоён бўлган эди. Зеро, ўзбек ҳажвий публицистикасининг ижтимоий-ижодий талаблари, ғоявий-бадиий тамойиллари ва бош­қа назарий-амалий асослари Абдулла Қодирий томонидан ишлаб чиқилган эди. Жумладан, у “Муштум”нинг расмий муҳаррири саналган ва ҳажвий журналнинг вазифасини камчиликларни фош этишдангина иборат деб тушунган журналист Ғози Юнус билан қилган мунозарасида (“Қизил Ўзбекистон” газетаси, 1925 йил, август) ҳажвий публицистиканинг бош вазифаси ижтимоий иллатларни ҳажвий кулги — сатира ва юмор қонуниятлари асосида фош этиши лозимлигини таъкидлайди.

Абдулла Қодирий ҳажвий публицистиканинг энг кичик жанри – ҳажвий лавҳаларнинг ҳам моҳир устаси эди. Масалан, у “Саломнома” деб номланган асарида халқ оғзаки ижодининг ўзига хос миллий шакли — келин салом усулини қўллайди ҳамда “қозондай салла бўлса ҳам — бўш калла” мутаассибларни, “минглаб фойда қилса ҳам, саккиз кунлаб тўй бериб, аммо мактаб очай деб ҳиммат қилмайдиган савдогар-бойлар”ни киноя билан тан­қид қилиб ўтади. Ҳажвчининг журналнинг дастлабки сонларида босилган “Нима қаёққа кетади?”, “Биз ким ва нималардан қўрқамиз?” каби асарлари ҳам юқоридаги сингари қисқа лавҳалардан иборат бўлиб, уларда ҳам ҳаётдаги ижтимоий иллатларга умумий-ҳажвий шарҳ бериб ўтилади. Адибнинг “Ит уруштириш ишлари”, “Дарди йўқ — кесак, ишқи йўқ — эшак”, “Шўх байтал” каби кичик фельетонларида ҳам ўша даврнинг айрим нохуш одатлари қаламга олинади. У “Ит уруштириш ишлари”да эски, бемаъни одатлар устидан кулса, “Шўх байтал” фельетонида муайян шахс — ўша даврда Тошкентда машҳур бўлган Ўктамхон яллачининг фаҳш ишлари, айрим пулдор бойваччаларнинг бузуқликлари фош қилинади. Ёзувчи танфурушликнинг чиркин моҳиятини заҳархандали кулги билан очиб ташлайди:

Битта-битта бўлиб етишган шўх машрабимизни субҳ-шом, балки ал-алдавом дуойи жонини қилиб ётқон:

— оқ саллалик анбиёлар ва азиз-авлиёлар ҳақи-ҳурмати,

шўх байтални деб молидан, жонидан кечган, энг охирда уйидаги хотинини қўйган бойлар ва бойваччалар ҳурмати,

т-с-с деймиз, туя кўрдинг­ми, йўқ, деймиз…

Юқоридаги фельетонда ёзувчи кулгининг нафрат қўзғатувчи киноя туридан фойдаланган бўлса “Дарди йўқ — кесак, ишқи йўқ — эшак” фельетонида жаҳолат ва қолоқликни танқид қилар экан, “калникига ош-га!” — дейилса, айиқ, маймун ўйнатганини кўриш учун “гур-гур” югурадиган, аммо “чет эллардаги ўқигувчи ёшларимиз фойдасиға театру қўйилади!” дейилганда эса “ини-ини”га уриб кетувчи “танбал, ҳамиятсиз” кишилар устидан ачиниб кулади, уларни санъат, маърифат даргоҳларига чорлайди.

Ёзувчининг публицистик ҳажвий асарлари орасида “Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр” деб номланувчи фельетони алоҳида ўрин тутади. Унда ўша даврда жонланиб қолган савдогарларнинг “сахийлик”ларига ишонган лақмалар устидан кулишда киноявий халқ мақол ва маталларидан усталик билан фойдаланилади:

“Кўчага ташлаб қўйилган пул, текин офтобга чиққан мушук, юк ташийман деган шалоқ арава… мана шундай ўнгу-терс сўзларга ҳар ким ишонса — ебдур номаъқул бузоқнинг гўштини; ичибдур Иванов бойнинг чиройлик қобоғига (кабак — майхона- М.Х.) кириб, бир дюжина пивосини! ”

Айниқса, ҳаётдаги ижтимоий иллатларни тасвирлашда ёзувчи ҳажвий бўёқни аямайди. У Москвага олди-сотди учун келган “судратма чопон, ёпма салла”, “маҳсининг қўнжиға ҳавсала билан тиқил­ғон кенг қавл иштон” кийган, “белбоққа қистирилган кир ёвлиқ”ли ҳамюртларини кўрганда “егани оғзида, ютгани бўғзида” қолишини айтиб, бундай маданиятсиз шахсларга ўта заҳархандали кулгини рўпара қилади:

“Бошни чулғаб олган салла билан ер супуриб юрган тўн остида биласизми қанақа лаш-луш бор? Эшакка тескари минган дангалдор таассуб!”

Ҳажвчи “Маслагу мақсаддан шаъмаи изҳор” фельетонида ўткир киноя кулгисини қўллайди. Бу фельетонда ҳам даврнинг муҳим ижтимоий мавзуси — ҳар қандай ғоя ва маслакни сотиб пул-мол тўплаш, қўш-қўш иморатлар солиш ҳолларини танқид қилади.

“Дўстларимдан биттаси икки минг червонесга тушуриб, шоҳона иморат қилғон экан, ўтган куни фотиҳага бориб келдим. Нафсиламбириға қарағанда, Тошкентда ўзининг олий бинолар солиши билан машҳур бўлган Тўхтажонбой ва Орифхўжа эшонларни бир чўқишда қочиратурғон бино бўлибдир. Ҳордиқ чиқорғандан сўнг “кўча тарафга исириқ боғлаб қўй, меҳмонхонангдан ошна-оғайнингни узма, дастирхонингни кал-кўрдан аяма”, дедим. Ошномнинг яхши ният билан қурғон иморатини баъзи маорифсираган муттаҳамлар “мактаб учун мувофиқ бино бўлибдир, от айланиб қозиғини топар”, деб шивир-шивир қилар эканлар…

Абдулла Қодирийнинг ўзбек ҳажвий публицистикаси хазинаси ва ривожига қўшган буюк ҳиссаларидан бири шундаки, у ижтимоий-ижодий соҳанинг энг мукаммал жанри — маълум тип билан боғланган фельетонлар туркумини ва уларда тўла маънодаги ҳажвий типларни яратди. Бу адибнинг “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан” ва “Тошпўлат тажанг нима дейдир?” асарларидир. Ҳар икки асар ҳам ўзбек ҳажвий публицистикаси ва ҳажвий адабиётида мислсиз янгилик бўлди.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, мазкур асарларнинг қайси жанрга мансублиги хусусида ўзбек адабиётшунослигида турлича фикрлар билдирилган. Айрим адабиётшунослар бу асарларни ҳажвий ҳикоялар деб ҳисоблашса, уларни ҳажвий қисса дегувчилар ҳам бўлди. Шуни айтиш керакки, мазкур асарларда ҳажвий ҳикоя ва қисса элементлари мавжуд. Аммо уларда бош масала ўша давр ижтимоий иллатларини фош этишдан иборат бўлиб, бу вазифа ўзига хос ҳажвий образ — ҳажвий типлар орқали амалга оширилади. Ушбу ижтимоий-ижодий ҳодиса эса асосан, ҳажвий публицис­тикага тегишлидир. Шу боис­дан уларни ҳажвий публицистик асарлар қаторига киритиш тўғри бўлади. Ҳажвий публицистикада фельетонларнинг йирик кўринишлари сифатида унинг туркумлари ҳам мавжуд бўлиб, улар маълум бир мавзу билан боғланган фельетонлар туркумлари (бунга адибнинг юқорида кўриб ўтганимиз — “Эшонларимиз”, “Тошкент бойлари” каби фельетонлар туркумлари), маълум бир шакл билан боғланган фелье­тонлар туркумлари (“Масковдан хатлар”) кабилар мисол бўла олади. Маълум бир тип билан боғланган фельетонлар туркумларида эса ижтимоий иллатлар ҳаётдан олинган яхлит ҳажвий образ — типлар орқали амалга оширилади. “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан”, “Тош­пўлат тажанг нима дейдир?” каби асарлар эса фельетонлар туркумининг худди ана шу турига хосдир.

“Калвак махзумнинг хотира дафтаридан” фельетонлар туркуми йигирмага яқин фельетонлардан иборат бўлиб, “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан”, “Калвак махзумдан”, “Калвак махзумнинг идорамизга очиқ хати”, “Одамзоднинг ақли етмайдир”, “Қишлоққа юзингни ўгир баъчимаъни?”, “Дардисар”, “Бачтур замона дучор шудем?”, “Қаводиул умаро”, “Ҳой, худой урғонлар!..” каби ва бошқа сарлавҳалар билан “Муштум” журналининг 1923- 26 йиллардаги йигирмадан ортиқ сонида босилган. Туркум ундаги асосий персонаж — Калвак махзум (тўла номи — Домла мабужур мулақаб ба Калвак махзум ибн Мулла Салимсоқ охун мударриси марҳум Шоший Нақшбандий)нинг таржимаи ҳоли, унинг саргузаштлари ҳамда махзумнинг ўша даврнинг турли ижтимоий масалаларига доир “Маслаҳат хат”ларидан ташкил топган.

Туркум асосий персонаж тилидан баён қилинади. Муаллиф фельетонда Калвакнинг кимлигини айтишга шошилмайди, унинг ўзига сўз беради:

“Эй боши бўш донолар, эй қовоқ кийган диндошлар, вой мусулмони комиллар!

Замона охир бўлди, кўп беҳуда ишлар чиқди. Шарорат пешаларининг ишлари авж олиб, бизнингдек фақирлар хор бўлди. Кийимлар қисқариб, сочлар узайди, эркаклар хотун, хотунлар эркак қиёфасига кирдилар. Барчадан ақл кетди, ҳама гумроҳ: борар йўлидан, қилар ишидан адашди, уламога ҳурмат, ёшларга шафқат, ўғлонларга муҳаббат йўқ. Бас, буларнинг барчаси охир замон аломатлари бўлмай нима бўлсин?”

Бошида икки чораклик салла, қўлида юз битталик тасбиҳ, кўчама-кўча, гузарма-гузар кезиб, “охирзамон ишлари”ни кузатиб, хаёлан айю­ҳаннос солиб юрган шахс — Калвак махзумдир. У ҳар қадамда дуч келган воқеага аралашади, ўзича “шарҳ”лайди: “мишиқ-тупуғи оқғон болаларнинг ярим белдан лой кечиб, ит уруштириш билан машғул”ликларини кўриб “зиё­да завқи келади”, ҳаммаҳалла йигитни милиция кийимида кўриб, уни “чў­қинғон”­га чиқаради, ва ҳоказо. Вужуди нодонлик ва жаҳолат билан қопланган бу калтабин ва калтафаҳм шахс ҳаётдаги ҳар бир янгиликни кўриб, ақли етмайди, шу сабабли даҳшатга тушади, “замона охир бўлди”, деб айюҳаннос солади. Ёзувчи бу образни ривожлантириб боради, унинг янги-янги қирраларини очади, масалан, махзум янги очилган бир кутубхонага кириб қолади, аммо бу ерда илмий, тарихий китоблар сақланишини эшитиб, жазаваси тутиб кетади: “Шул вақт беҳад қаҳру ғазабим келиб кетди, ҳар бир туким бир ханжари обдор бўлди, бир наъраи раъдивор тортуб, мусулмонларни йўлдан оздурмоқда бўлғон шул жадид китобларни ағдариш-тўнтариш қилуб кўчага чиқоруб ташлагим келди”. (Турган гапки, табиатан қўрқоқ Калвак махзум бу гапларини амалга оширолмайди, балки у меъровлигидан ўша кутубхонада кавушини йўқотиб, уйига сарпойчан кетади…)

Ҳаётни чуқур билган моҳир қалам эгаси Абдулла Қодирий иккинчи бир ҳажвий тип — Тошпўлат тажанг образини ҳам яратди. Бу ҳажвий тип билан боғланувчи ва “Тошпўлат тажанг нима дейдир? (Чапанилар майдонидан)” деб номланган ўндан ортиқ қисм­дан иборат бўлган бу фельетонлар туркуми “Муштум”­нинг 1924-26 йиллардаги бир неча ва “Қизил Ўзбекистон” газетасининг шу йилларда чиққан қатор сонларида босилган бўлиб, ўз даврида ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинган эди. Адиб мазкур асарида ўша даврдаги яна бир ижтимоий табақа — жаҳолат ва қолоқлик муҳити яратган чапанилар, безорилар тоифасининг ҳаётини қаламга олади ва бу гуруҳга хос бўлган ички қарама-қаршиликларни ҳаётий тасвирлаш орқали улар устидан халқ назари билан кулади.

Ўз таъбири билан айтганда, “чой чақасини ундан-мундан қилиб, таралласини тортиб юрган” чапани Тошпўлат тажанг ҳаёт воқеаларини ўз қаричи билан ўлчайди, ўзича “мулоҳаза” юритади. У янги очилган мактабларни “афанди мактаби” деб масхара қилади, аэропландан ўз варрагини устун қўяди, бошқалар устидан кулмоқчи бўлади, аммо беихтиёр, ўзи кулгига қолади. Ўқувчи онгсиз, довдироқ Тошпўлат тажанг устидан мириқиб кулади ва бу кулги даврга мос келмай қолган тоифа устидан ижтимоий кулгига айланади.

Худди Калвак махзум сингари Тошпўлат тажанг образида ҳам серқирралик мавжуддир. Тошпўлат тажанг оддий халқ вакили, унинг бир бўлаги сифатида фикр юритар экан, гоҳида ҳақ­қоний гапларни ҳам гапиради, ҳаётда учрайдиган амалпарастлик, ноҳақлик ва бошқа иллатларни очиб ташлайди. Абдулла Қодирий Тошпўлат тажангни чапани сифатида тўппадан-тўғри қораламайди, аксинча, уни алоҳида бир меҳр, илиқ юмор билан тасвирлайди, ҳаётдаги нуқсонларни фош этишда унинг образидан усталик билан фойдаланади. Шу боисдан ҳам мазкур образ Абдулла Қодирий яратган умуминсоний, ҳаётий образлардан бири бўлиб қолди. Мазкур асарнинг ўқувчилар томонидан ўша даврда ҳам, ҳозир ҳам севиб ўқилишининг сири шунда.

Хулоса қилиб айтганда, Абдулла Қодирийнинг йигирманчи йилларнинг бошида яратган ҳажвий публицистик асарлари ўзбек ҳажвиётининг такомилига катта ҳисса қўшди, уни янги шаклий жанрлар, ижтимоий кулги турларидан фойдаланиш ва ҳажвий образлар, типлар яратиш билан бойитди. Абдулла Қодирий ўзбек ҳажв сўзида чинакам янги омилкор сифатида иш кўрди, турли ижодий кашфиётлари билан уни юқори даражага олиб чиқди. Ҳа, адиб ҳақиқатан ҳам “фельетонлар қироли” эди, унинг ҳажвларини ўқиган ақл-идрокли, виждонли ўқувчи ёзувчининг сўзларидан, у тасвирлаган қизиқ воқеалардан, образлар ва типларнинг антиқа хатти-ҳаракатларидан ҳам кулар, ҳам жамият, миллатнинг бу қадар қолоқ, жоҳил бўлиб қолаётганлигига ачиниб, хўрлиги келиб йиғлар эди…

Мухтор Худойқулов,

филология фанлари доктори,

ёзувчи.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − ten =