Мадҳиямизни инглиз тилида куйлаган қишлоқ муаллимаси

Оддийгина, ҳокисоргина муаллима мадҳияни куйлаб бўлгач, мажлисхона гумбурлаган қарсак садолари ва ол­қишлар оғушида қолди. Кўринишидан анча мағрур, қолаверса, инглиз тилини мукаммал билувчи вазир ўринбосари қўлини кўксига қўйиб…

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раис­лигида 2019 йил 23 август куни халқ таълимини ривожлантириш, педагоглар малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг ташкил этилган Ишчи гуруҳи туманлардаги мактабларда ҳам бўлиб, ўқитувчилар билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Республика олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари М.Холмуҳаммедов Қизириқ туманининг ёзги мажлисхонасида тўпланган ўқитувчилар, мактаб директорлари билан қарийб икки соат суҳбатлашди.

Вазир ўринбосари Президентимизнинг мактаб ва ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга бўлган эътиборлари ҳақида сўзлар экан, минбардан тушиб, муаллимлар ёнига келди ва табиий ҳамда ижтимоий фанлар ўқитувчиларининг дунёқарашини, тажрибаси, билим салоҳиятини қисқача саволлар билан синовдан ўтказди.

Навбат хорижий тиллар муаллимларига келди. Бу фанлар ўқитувчилари берилган саволларга баҳоли қудрат инглиз, рус, немис, француз тиллари бўйича жавобларини айтдилар. Вазир ўринбосари навбатдаги ўқитувчи ёнига бориб, соф инглиз тилида савол берди. Муаллима Қизириқ туманидаги 52-умумий ўрта таълим мактабида дарс беришини айтиб, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясини инглиз тилида куйлади.

…Минг нафар киши тўпланган мажлисхонада жимлик. Аёл ўқитувчининг оҳанги ҳар бир кишининг қалбига худди муқаддас она алласидай симиллаб кириб борар эди…

Оддийгина, ҳокисоргина муаллима мадҳияни куйлаб бўлгач, мажлисхона гумбурлаган қарсак садолари ва олқишлар оғушида қолди. Кўринишидан анча мағрур, қолаверса, инглиз тилини мукаммал билувчи вазир ўринбосари қўлини кўксига қўйиб:

— Э қойил, мамлакатимизнинг Қизириқдек чекка ҳудудидаги мактабларда ўз касбига фидойи бўлган шундай ўқитувчилар бор экан-а! — дея қуллуқ қилди.

Суратда: Олий ва ўрта таълим вазири ўринбосари (ўнгда) М.Холмуҳаммедов, Қизириқ туман халқ таълими бўлими мудири Х.Муҳаммадиев ва инглиз тили муаллимаси Гулноза Хушмуродова.

Бундай эътирофга сазовор бўлган муаллима Гулноза Хушмуродова, аслида, Ангор туманида туғилиб, вояга етган. Шифокор отаси, муаллима онаси тарбиясини олган қиз ўрта мактабни, коллежни битириб, инглиз тили ўқитувчиси бўлишга интилди. 2010 йилда Термиз давлат университетининг чет тиллари филологияси факультетини битириб, 2011 йилда Қизириқ туман марказидан қарийб 15 чақирим узоқликдаги “Обод юрт” маҳалласидаги ибратли хонадонга келин бўлиб тушди. Турмуш ўртоғи география фани ўқитувчиси, 5 ёшли Мубинахон исмли қизалоқлари бор.

Гулноза айни пайтда 1-тоифали инглиз тили ўқитувчиси. Ўз фани бўйича тинимсиз изланади, ўқувчиларини она тилимиздан ташқари инглиз тилини ҳам мукаммал билишларини истайди. Бундай меҳнатлари туфайли шу йил 11-синфни битирган шогирди Суюнбоева Ўғилой ТерДУнинг инглиз тили факультетига ўқишга кирди.

— Мен инглиз тили муаллимаси бўлиш аҳдимдан асло воз кечмадим. Дастлабки йили ўқишга киролмагач, университет қошидаги “Тил маркази”да таҳсил олдим. Ўқишга киргач, талабалик чоғларимда Ҳаким ат-Термизий бобомизнинг хотираларига бағишлаб ўтказилган халқаро кураш мусобақалари чоғида хорижий меҳмонлар ҳузурида таржимонлик қилганман, — дейди Гулноза.

Биз 52-мактабга куннинг иккинчи ярмида бордик. Дарслар аллақачон тугаган. Лекин Гулноза инглиз тили тўгараги қатнашчилари бўлган 25 нафар ўғил-қизга машғулот ўтаётган экан. Ўқувчилар биз билан инглиз тилида саломлашишди ва биз ҳам билганимизча инглизчасига алик олиб, баъзи саволларни бердик…

Ҳа, Гулнозадек фидойи муаллималаримиз бор экан, биз Ўзбекистон  фарзандлари ўз ғуруримизни, фахр-ифтихоримизни ўзга тилларда ҳам баён этиб, кўклар тоқига чиқаверамиз!

Чори Алимов.

Сурхондарё вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 8 =