Ёлғиз аёлга зуғум

Райхон Мусурмонова билан у бизга мурожаат қилгач, танишдик. Муомалали, фикрлаш қобилияти жойида. Аммо… У 2011 йил 15 августда Қоровулбозор туман ИИБ кўрсатмаси ва туман марказий поликлиникаси ходимлари “ташаббуси” билан Бухоро вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерига мажбурий тартибда ётқизилган. Бизга тақдим этилган далилий ҳужжатлар билан танишиш жараёнида Р.Мусурмонова диспансерда кучли қўрқув туфайли юрак етишмовчилиги хасталигига учрагани, натижада 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолганини айтади.

Аслида Райхон Мусурмонова ким? Нега уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишган эди? Райхон Мусурмонова 1968 йили Яккабоғ туманидаги А.Темур номли ширкат хўжалигида туғилган. Ўттиз йилдирки, Қоровулбозор туманида яшайди. Турмуш ўртоғи вафот этган. 18 йилдан буён ёлғиз яшайди. Фарзанди йўқ. Ҳаётнинг қалтис ҳазиллари, атрофидагиларнинг қинғир ишларига қарши чиқиб, тинчини тополмаётган жабрдийда, бечора бир аёл.

— Югур-югурлардан чарчаб, илк бор 2006 йилда Биринчи Президентимизга мурожаатнома ёзгандим, — дейди у. — Шундан сўнг, Қоровулбозор туман ҳокимлиги, “Чўлқувар” МФЙ ҳашар йўли билан 2 та хонадан иборат уй тиклаб беришди. Бундан жуда миннатдорман. Аммо уйнинг кадастр ҳужжатларини ололмай сарсон бўлдим.

Маълум бўлишича, туман раҳбарияти ва бошқа тегишли идораларга қатъий кўрсатма берилганидан кейин, орадан кўп ўтмай уй ҳужжатлари тасдиқланиб, ўзининг эса уйига рўйхатга олиниши таъминланади. Бироқ шундан кейин туманда “Райхон ёзувчи”, “Райхон иғвогар”, деган гап-сўзлар болалайди.

— 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган, саноатлашган туманга мен ортиқчами? Ҳеч кимдан,  қўшниларимдан ҳам ҳатто бир қошиқ ёғ ҳам қарзим йўқ. Одамларга кўрпа-ёстиқ тикиб, кимларгадир консерваланган бонка ёпиб, кун кўраман. Қоровулбозорлик мутасаддиларнинг айби билан 2-гуруҳ ногирони эканлигим эвазига оладиган 200 минг сўмдан зиёдроқ нафақа пулига қаноат қилиб яшаб келаяпман.

Одамлар тўй қилади, туғилган кунини нишонлайди, оиласи билан турли байрамларни дастурхон атрофида ўтириб байрам қилади. Мен эса бир ўзим ўз кулбамда ёлғизман, — дейди у йиғлаб. Сўнг кўз ёшларини артиб, арз-ҳолини давом эттиради:

— Ҳаммаси мана бундай бошланди: 2011 йил 31 июль куни қўшним Рухсат опанинг уйидан қайтаётганимда участка нозири Фаёз Шодиев мени кўриб, хонадон эгаси Рухсат Раззоқовага: “Бу иғвогар, ёзувчини нега уйингизга киритдингиз, сиз ҳам унинг изидан борманг, — деганида, Рухсат опа: “Райхон ёлғиз аёл, бағрига байрам татимайдиган бечора. Азбаройи зерикканидан келади, суҳбатлашиб, дилини ёзиб кетади. Ёмонлиги ўтмаган. Мен ёш бола эмасманки, унинг йўл-йўриғи билан юрсам!” — деди. Аммо участка нозирининг юқоридаги гапи менга алам қилди, оғир ботди. Ҳуқуқимни ҳимоя қилишларини сўраб судга мурожаат қилдим. Қоровулбозор туман суди биносида судья Ф.Турсунов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида участка нозири Ф.Шодиев айтганидан тонди. Лекин барибир, суд жараёнида мени “руҳий хаста бу аёл”, деди. Ички ишлар ходимининг юзсизлигидан ажабландим.

Р.Мусурмонова тақдим қилган ҳужжатлар билан танишдик. Умрида бирон маротаба руҳий хасталик билан даволанмаган ҳамда психиатр, нарколог назоратида ёки шифокорлар тили билан айтганда, “Д” рўйхатига олинмаган Р.Мусурмоновани халқ посбони бўлмиш Ф.Шодиев нега жиннига чиқарди? Бунга унинг асоси бормиди?

Яна юқоридаги суд ажримига мурожаат қилсак: “Ўша куни, яъни 2011 йил 31 июль кечқурун Қоровулбозор шаҳридаги “Бахт” тўйхонасида танишим Ҳурмат опанинг ўғли Шерзод уйланаётганлиги муносабати билан тўйда эдим. Феруз Ғафуров исмли фуқаро келиб ташқарида мени кимдир сўраётганлигини айт­ди. Тўйхонадан чиқсам Р.Мусурмонова бақир-чақир қилиб: “Мени Рухсат опага “ёзувчи” деб айтибсан, дея кўпчилик олдида ҳақоратлаб, устингдан ёзаман, ишдан олдираман деб дўқ-пўписа қилди”, дейди Ф.Шодиев суддаги ўз кўрсатмасида.

Райхон Мусурмонова бундан ажабланиб:

— Мен участка инспекторини тўйхонада эмас, куппа-кундузи кўчада кўрганман. Қўшниларим гувоҳ. Тан оламан, Фаёз Шодиевнинг ғалати ҳаракатларидан, ҳийласидан қўрқиб туман прокуратурасига мени иғвогар, ёзувчи деганлиги учун ариза ёзганман. Аммо туман прокуратураси аризамни рад этди. Ф.Шодиевнинг ёнини олди, — деди…

Буни қарангки, жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди судьяси Ф.Турсунов Р.Мусурмоновага участка нозирига туҳмат қилганлик айбини қўяди. Унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасини қўллаб, жарима қўллайди. Сўнгра гўё раҳм­диллик қилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддасини қўллаб, маъмурий жавобгарликдан озод этади. Бу ҳол оддий бир бечора аёл устидан тумандаги ҳуқуқ идоралари вакилларининг ожиз инсонни масхара қилгандек тасаввурни уйғотмайдими?!

Бу мулоҳазамиз бежиз эмас. Р.Мусурмонованинг қуйидаги сўзларига эътибор қаратинг:

— 2011 йил 15 август куни эрталаб соат 9:00 лар атрофида туман ИИБ ходимлари Фаёз Шодиев, Мус­тафо Ҳамроев ва яна икки нафар ходим уйим олдидаги қудуқ ёнида, қўшниларим Майсара опа, Феруза Бекбўлсинова (ҳозир Қозоғистонда яшайди) ва Жўра боболар билан суҳбатлашиб турган пайтимда, уларнинг гувоҳлигида, сизни “УВД”га чақиришаяпти, деб мени олиб кетишди. Кейин билсам, алдашган экан. “Тез ёрдам” машинасида мени мажбурлаб вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерига олиб боришди, дағдаға қилишиб, врач Қурбоновга топшириб кетишди.

Касалхонада жуда қўрқдим. Чунки, одамлардан эшитгандим, у ерда агар исташса, соғлом одамни ҳам битта укол билан жинни қилиш мумкин, деган гап-сўзларни. Шундан жуда қўрқдим… Қўшним Жўра бобо (ҳозирда марҳум) мени кўргани келди. Даволовчи врач Людмила Файзуллаевна Жўра бобога: “Маҳаллангиздан маълумотнома олиб келсангиз, Райхон Мусурмоновага жавоб берамиз, бу бизнинг касалимиз эмас”, деди. Ўзим эшитдим…

Жўра бобо эртаси куни яна диспансерга келди: “Райхон, хафа бўлма қизим, маҳалла раиси “справка” бермади. Шуни айтгани келгандим. Аммо йўлда танишим Ашурни кўрдим. У сенга нисбатан ҳақсизлик бўлганини, сени чиқариб олишини айтди, деб кўнглимни кўтарди, — дейди Райхон опа. — Биласизми, ҳавонинг иссиғида, йўлкира тўлаб, савоб учун икки кун Қоровулбозор — Бухоро йўлларида юрган Жўра бобонинг нияти холис экан, салкам 10 йил кўрмаган бир таниши Ашур акани бекатда тасодифан учратибди. Ашур ака “тилхат” ёзиб мени 10- куни диспансердан олиб чиқди. Бироқ ҳужжатларда мен гўёки 24 кун руҳий-асаб касалликлари шифохонасида даволанганмишман…

Бухоро вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери 10 кун сақланган Р.Мусурмоновани нима сабабдан 24 кун “ётди” дея расмийлаштирди? Биз ушбу саволга жавоб олиш мақсадида муассаса бош врачи ўринбосари Т.Каримовга мурожаат қилганимизда у киши шифохона ёпиқ тартибли бўлганлиги учун маълумот беролмаслигини айтди. Ахийри, вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери бош врачига 2019 йил 2 июлда ёзма равишда мурожаат қилдик. Натижада:

Сизнинг 2019 йил 2 июлдаги хатингизга асосан ушбуни маълум қиламизким, 1968 йилда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида туғилган, Қоровулбозор тумани Бахт кўчаси, 60-уйда яшовчи Мусурмонова Райхон яшаш жойи масаласида турли ташкилотларга шикоят аризалари ёзиши, муросасизлиги сабабли (?!) Қоровулбозор тумани тиббиёт бирлашмаси врач-психиатри А.Содиқов йўлланмаси билан Қоровулбозор туман ИИБ ходими Ф.Шодиев томонидан келтирилиб, вилоят руҳий-асаб касалликлар диспансерига 2011 йил 15 августдан 2011 йил 9 сентябргача “Острая ситуационная реакция” ташхиси билан даволаниб, яшаш жойига жавоб берилган”, касалхона бош врачи Г.Иващенконинг имзоси остида, 2019 йил 3 июлдаги 01/1103-сон билан рўйхатга олинган”, деган жавоб хатини олдик.

Иш жараёнида соҳага дахлдор ўнлаб мутахассислар билан мулоқотда бўлдик. Мутахассисларнинг фикрича: “Острая ситуационная реакция”, дегани “Ўткир асаббузарлик ёки ўткир стресс ҳолати”, дейиларкан.

Бундай асаббузарлик барчада кузатилиши мумкин. Содда қилиб айтганда, томорқангизга қўшнининг товуғи ўтса ҳам асабингиз бузилиши мумкин. Бу албатта, мутахассислар хулосаси. Бироқ Райхон Мусурмонованинг соғлигида стресс ҳолати кузатилган ҳам дейлик, аммо у ҳолда ҚВПда ёки оддий поликлиникада тинчлантирувчи муолажа қилинса бўлмасмиди?!

Тиббиёт қоидаси бўйича Р.Мусурмоновада касаллик аломати кузатилганда унинг яқин қариндошлари розилиги ва ташаббуси билан тиббий кўрикдан ўтказилиши, агар яқинлари бўлмаса ёлғизлиги инобатга олиниб, МФЙ раиси ва жамоатчиликнинг туман тиббиёт бирлашмасига ёзма равишда мурожаати билан амалга оширилиши, дастлаб неврология диспансерида ётқизилиб, тест қилиниб 3 кун муддат ичида мутахассис шифокорлар жалб этилган ҳолда, консилиум қилингач, аниқланган касаллик асосида талаб қилинадиган шифохона ёки муассасага жойлаштирилиши кераклигини наҳотки психиатр А.Содиқов билмаса?!

— Йўқ. А.Содиқов биларди. Шунинг учун бошқа туманга ишини ўзгартирган бўлса керак, — дейди Райхон Мусурмонова.

А.Содиқов билан у ҳозирги кунда ишлаётган Вобкент туман тиббиёт бирлашмасида учрашдик. Суҳбат асносида бизга туман ҳокими И.Муродовнинг (у киши шифокор бўлмаса, нима ҳақи бор?) махсус герблик бланкасидаги имзосиз, лекин Р.Мусурмонованинг номини қораловчи фикрлар билдирилган хатни ҳамда “Чўлқувар” МФЙ йиғини раиси Ў.Хайриев номидан худди шу мазмунда имзоли тавсифномани ва ўзининг номига Р.Мусурмонованинг тилидан ёзилган тилхатларни кўрсатди. Билдикки, бу аёлни у ҳали ҳам “жинни” деган фикрдан қайтмаган.

Бизни эса таажжублантиргани бошқа нарса: яъники, ҳеч бир мутахассис шифокорга махсус текширувларсиз кимларнингдир, майли ким бўлса ҳам-да, тиббиёт соҳасининг вакили бўлмаган маҳалла раиси ёки тумандаги бирорта раҳбарнинг (балки бу ёзувлар сохтадир. Ш.Н.)ёзувини пеш қилиб, инсонни руҳий касал, халқона айтганда “жинни” деб топишга ҳуқуқ берилмаган-ку?!

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги воқеалар, гап-сўзларга қарийб етти йилдан кўпроқ вақт бўлган. Аммо… Воқеалар ривожи яна давом этмаганида, тўғрироғи давом эттирилмаганида Райхон Мусурмонова таҳририятимизга эҳтимол шикоят қилмаган, биз ҳам ушбу журналистик суриштирувимизни ўтказмаган бўлармидик.

Лекин…

— Шу йилнинг 5-6 март кунлари кучли ёмғир ёғиши натижасида уйимдан чакки ўтгани учун уни таъмирлашда ёрдам сўраб, дастлаб туман ҳокимига, сўнг туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ш.Юлдашевага бордим, сўнг вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Ибрагимовага мурожаат қилдим. Натижа бўлмагач, 9 март куни вилоят ҳокими Ў.Барноевнинг Қоровулбозор туман аҳолиси билан сайёр қабули борлигини, қабул тумандаги Мусиқа ва санъат мактабида режаллаштирилганини эшитдим.

Вилоят ҳокимининг келишини кутиб тургандим, Қоровулбозор туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Эшон Тўраев, участка инспектори Ҳаёт Икромов, ходимлар Рустам Қўлдошев, Жаҳонгир Очиловлар мени кўриб, у ердан кетишимни айтишди. Мен кўнмагач, мажбуран участка инспекторининг “Матиз” русумли машинисига ўтқазиб, “Чўлқувар” МФЙга олиб келишди. Шу орада, улар мени яна вилоят руҳий-асаб касалликлари касалхонасига жўнатишларини эшитиб қолдим, дарров тутинган опам Майсара Каримовага қўнғироқ қилдим. Идорада участка инспектори Ҳаёт Икромовгина қолган эди. Бош­қалари кетишганди. (Райхон Мусурмонованинг бу сўзларини М.Каримова ёзма равишда тасдиқлади. Ш.Н). Ҳ.Икромов Бухородан чақирилган “Тез ёрдам” машинасини кутиб турганди, — дейди Р.Мусурмонова.

Туман марказий поликлиникаси врачи З.Каракулова ва психиатр врач Азамат Холовлар “йўлланма” беришмагач, “Тез ёрдам” машинаси Бухорога “ қуруқ” қайтади.

Сабабини билиш ҳамда Бухородан “Тез тиббий ёрдам” машинаси борган-бормаганлигини аниқлаш мақсадида “103” Тез тиббий ёрдам станцияси” бошлиғига учрашдик ва бўлим бошлиғи Д.Қосимова имзоси билан 26.07.2019 йилда ёзилган қуйидаги тартибда маълумотномани олдик:

Ушбуни ёзиб маълум қиламанки, психоневрологик бригада 9.03.2019 йил Қоровулбозор туманига чақириққа боришган. Соат 12-30 дан 15-30 гача. Врач Ж.Шарипов ва фельдшер Д.Бозорова томонидан 1968 йилда туғилган бемор Мусурмонова Райхон кўздан кечирилган ва “Умумий невроз. Истерик тип” ташхиси қўйилган ва ҳеч қандай руҳий ўзгаришларни кўрмагач, яшаш жойида қолдирилган”.

Шу ерда яна бир ақл бовар қилмас ҳолатга дуч келдик… Негадир 2019 йил 9 март куни “Тез тиббий ёрдам станциясига” чақириқ Р.Мусурмонова номидан берилган. Даволанувчи “бемор”нинг ўзи ҳам – Р.Мусурмонова. Аслида эса маълум бўлишича, “Тез тиббий ёрдамга” эркак киши қўнғироқ қилган, лекин негадир ўз исми, фамилиясини сир тутган… Кўрсатилган телефон рақами ўчириб қўйилган… Биз буни станциянинг 23-сонли чақириқ картасига назар солганимизда аниқладик. Шундан сўнг Р.Мусурмонованинг Қоровулбозор туман ИИБ ходимларининг “ҳийласи кўп” деганига ишонмасдан иложимиз қолмади.

Бундан кўринадики, вилоят ҳокими қабулига ўз дардини айтиш учун борган Райхон Мусурмонова, вилоят руҳий касалликлар диспансерига қўнғироқ қилиб, “Мени олиб кетинглар”, деган экан-да?!

Албатта, ушбу қинғир ҳаракатларни содир этганларни тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари аниқлаши ва айбдорларга ўз муносабатини билдириши зарур деб ҳисоблаймиз.

Қолаверса, 120 чақирим йўл босган автомашина давлатга қанча зиён етказди? Автомашинанинг ўша кунги харажати кимнинг зиммасида? Солиқдан тийинлаб йиғилаётган бюджет маблағлари ҳавога совурилаётганига аниқ далил эмасми бу?!

— Бечора аёлга бунчалик зуғум қилиш адолатдан эмас! Райхон чўрткесар. Ҳақ талашади. У ўзи учун ўзи курашаяпти. Мен соғ инсонларни касал қилиш учун эмас, балки беморлар умрига-умр қўшиш учун ўқиганман. Психиатр, нарколог рўйхатига турмаганга қандай “направления” берай. Мендан туман ИИБга қарашли участка инс­пектори талаб қилди, лекин кўнмадим. Чунки Худодан қўрқаман, — дейди, З.Каракулова биз билан суҳбатда.

— Мен ҳам шу фикрдаман. Бизда рўйхатда турмайдими, йўлланма беролмаймиз, — деди туман марказий поликлиникаси психиатр врачи А.Холов. (Ҳар иккала шифокорлар фикри аудио ёзувида мавжуд Ш.Н.).

Кўнглимиздан беихтиёр шундай ўй кечди: қизиқ, 2011 йилдан буён ёлғиз аёл Р.Мусурмонова билан даханаки “жанг”га киришган туман мутасаддиларининг бошқа қиладиган иши қолмаганми?..

Шифокорлардан сўнг, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг янги раиси Шаҳноза Раҳмонова билан учрашдик. У киши иш бошлаганига икки кун бўлгани, бу низолардан мутлақо бехабар эканига қарамай бизга амалий ёрдам кўрсатди. Туман ИИБ бошлиғига қўнғироқ қилиб Р.Мусурмонованинг шикоят аризасида исми кўрсатилган ходимлар билан учрашиш учун имконият яратиб берганидан хурсанд бўлдик. Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисининг ҳузурида туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Эшон Тўраев, ўринбосари подполковник Санжар Ҳайитов, участка инспектори Ҳаёт Икромов ҳамда “Чўлқувар” МФЙ­нинг янги раиси Акрам Жабборовлар билан учрашдик. Суҳбат асносида ИИБ ходимлари Р.Мусурмонова ҳақида бирор-бир жўяли ижобий фикр билдиришмади. Участка инспектори Ҳ.Икромов: “Райхонни врач Каракулова сийлаяпти-да”, деди холос.

Лекин ўша куннинг эртасигаёқ туман ҳокимлигининг ёрдами билан Райхон опага “Артель” русумли газ плитаси берилиб, ҳолидан хабар олинибди. 4-сектор бошлиғи томонидан озиқ-овқат, шакар ва дори-дармон маҳсулотлари етказилибди ҳамда уйини таъмирлашга киришилганини эшитиб хурсанд бўлдик.

Райхон Мусурмонованинг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилувчи, юзинг-кўзинг демаслиги, чўрткесарлигига бизнинг кузатувимизча қайсидир бир жиҳатдан, аввало, унга нисбатан маҳаллий идораларнинг салбий муносабати таъсири борга ўхшади. Участка инспекторининг, керак бўлса, унга панада туриб бу юмушни топшираётганларнинг нохолис муносабати билан соғ аёлни жиннига чиқариб, руҳий хасталар даволанадиган диспансерга тиқиб, хўрлашини асло оқлаб бўлмайди.

Агарда ўша куни шифокор З.Каракулова ва А.Холовлар ҳам ИИБ ходимларига ён берганларида борми, Р.Мусурмонованинг кейинги ҳаёти қандай кечарди?.. Тасаввур қилиш қийин эмас. Билганимиз, ҳали ҳам бечора аёл яшайдиган уйнинг сувоғи қилинмабди, таъмирланмабди. “Ёмғир ёғса томдан ўтадиган чаккидан уй ичида ўрдак боқса бўладиган сув йиғилади”, дейди Райхон Мусурмонова.

Бугун юртимизда нечоғли улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Мамлакатимиз раҳбари томонидан минг-минглаб бева-бечора, кам таъминланган фуқаролар ва ногиронларга янги уй-жойларнинг калитлари топширилаяпти. Мақсад — одамларни рози қилиш. Қийналиб яшаётганларнинг ҳолидан хабар олиш.

Тарихи минг йилларга бориб тақаладиган Бухорода ҳам кўп эзгу ишлар рўёбга чиқарилаётганидан кўз юмиб бўлмайди, албатта.

Нетаассуфки, вилоятнинг Қоровулбозор тумани мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларига, туман фаолларига юқоридаги ишлар ярашадими?!

Юртимизда аёллар ҳақ-ҳуқуқига оид қўшимча қонунлар қабул қилинмоқда. Нима бўлганда ҳам ёлғиз, бечора аёлнинг ҳақ-ҳуқуқини бу даражада камситиш нафақат қонунларимизга, ҳеч бир инсонийликка ҳам тўғри келмайди.

Дарвоқе, ўзининг азбаройи руҳий хаста эмаслигини исботлаш учун Райхон Мусурмонова вилоят, республика соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилишига мажбур бўлди. Қўлимизга қуйидаги маълумотномани тутқазди. У  вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери мудири Л.С.Ҳамдамова ва врач психиатр А.Ж.Рўзиевалар томонидан 2019 йил 24 сентябр­да №1493-сон билан берилган бўлиб, қайд этилишича, Райхон Мусурмонова Бухоро вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери рўйхатида турмайди.

Ҳаётда нималар бўлмайди! Туман мутасаддилари икки хонадан иборат уйини таъмирлашга кўмак сўраган ночор аёлга ёрдам бериш, уни юпатиш ўрнига туҳмат уюштириб, жиннихонага тиқишлари…

Шу ҳам инсофданми?!

Шавкат Носиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =