Ўзбекистон – Корея: Журналистика соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди, кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Бу жараён 2019 йилнинг 25 март куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан Корея журналистлар ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувнинг имзоланишига ҳам туртки берди. Маълумингизки, ана шу Келишув битимига мувофиқ ташриф буюрган кореялик журналистлар жорий йилнинг 8-14 октябрь кунлари юртимизда бўлди.

Меҳмонларнинг мамлакатимизга ташрифи пойтахтимизда фаолият олиб бораётган Корейс маданияти маркази, “Корё Синмун” газетаси таҳририяти, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги “Хван Ман Гым” музейи фаолияти, шарт-ша­роитлари билан танишувдан бошланди.

Уларга Корейс маданияти маркази раиси Виктор Пак Ўзбекис­тонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида турли миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик, мамлакатимизда истиқомат қилаётган корейс миллатига мансуб фуқаролар билан ишлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни, турли соҳалардаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

— Ўзбекистонга бундан ўн йилча олдин, Кореянинг ўша даврдаги Президентининг юртингизга ташрифи чоғида келгандим. Орадан шунча вақт ўтиб, яна мамлакатингизда бўлиш насиб этди. Юртингизда ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар, ўзгаришлардан ҳайратландим, — дейди Корея журналистлари ассоциа­цияси президенти Жунг Кю Сунг. — Тошкент — жозибадор, одамни ўзига тортади. Буни шерикларим ҳам таъкидлашмоқда. Бизга бу ерда ке­йинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, хусусан, “Тошкент сити”, эстакада усулида қурилаётган янги метро линиясининг бунёд этилиши ҳақида ҳам гапириб беришди. Ўз кўзимиз билан кўрган бу каби бунёдкорлик ишлари пойтахтингизга янада кўрк бағишлайди, муҳими, аҳолига қулайлик яратади.

Кореяликлар ташрифининг иккинчи куни ҳам мулоқотларга бой, ҳар жиҳатдан мазмунли ўтди. “Халқ сўзи” ва «Народное слово» газеталари таҳририяти, ЎзМТРК медиа маркази, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўтказилган учрашувларда журналистлар кореялик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш, дилдан суҳбатлашиш, “Мастер-класс”ларда иштирок этиш имкониятларига эга бўлдилар.

— Ўзбекистонлик журналистлар билан танишиш, дўстлашиш, суҳбатлашиш, тажриба алмашиш ёқимли ва қизиқарли, — дейди кореялик журналист Чой Вон Жай. — Аслида журналист миллатидан, давлатидан қатъи назар битта ишни — ҳаётдаги энг муҳим янгилик ва ҳодисалардан воқиф этишдек эзгу ишни бажаради. Шунинг учун ҳам улар (қайси юртдан бўлмасин) бир-бири билан учрашганида қандайдир яқинликни ҳис қилади. Эътиборли жиҳати, бу кўзга кўринмас ришта миллатларни, давлатларни бир-бирига боғлашга, соҳалар ривожига хизмат қилади. Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси билан Корея журналистлари ассоциацияси ўртасида тузилган ҳамкорлик келишуви ҳам шу эзгу мақсадга қаратилганига шубҳа йўқ.

— Юртимизга, таҳририятимизга кореялик ҳамкасбларимиз келганидан хурсандмиз, — дейди “Халқ сўзи” ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррири ўринбосари Жамолиддин Тўхташев. — Иш жараёнларимиз билан яқиндан танишган меҳмонлар билан учрашув қизғин мулоқотга айланиб кетди. Корея босма нашрларининг бугунги ҳолати ва истиқболи хусусидаги саволларимизга атрофлича жавоб олдик. Менга уларнинг “ҳамма жойда интернет нашрлари бугун “омма­вийлашган бўлса ҳам” газета ва журналларнинг ўрни бўлакча”, деган фикрлари маъ­қул келди. Бир-биримиздан газетачиликка оид, эртанги фаолиятимизда асқотадиган жиҳатларни ўрганганимиз, ҳамкорлик қилишга келишиб олганимиз муҳим аҳамият касб этди.

Меҳмонларга юртимиз журналистика соҳаси ривожи хусусида маълумот берар эканмиз, уларга давлатимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш, Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қарорлари ижроси доирасида, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳам гапириб бердик.

Кореялик журналистларнинг Хоразмга сафари

Хоразмда меҳмон бўлган кореялик ҳамкасбларимиз дастлаб жорий йил фойдаланишга топширилган Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг янги биноси, бу ерда ижодий жамоа учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Журналист эмасми, улар кўрсатувларни тайёрланиш жараёнлари, техникларнинг иш услублари билан қизиқди.

— Жамият ҳаётида, медиа маконда телевидениенинг ўрни ва роли катта, — дейди кореялик машҳур тележурналист Ким Сунг Хван. — Шу боис бутун дунёда ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади, маблағ йўналтирилади. Бу борада Хоразмда телевидение соҳаси ходимлари учун яратилган шароит ва имкониятлар таҳсинга лойиқ. Вилоят телерадиокомпанияси ижодкорлари билан мулоқотимиз самимий кечди. Уларнинг қизиқишлари ва ўзаро мулоқот мавзуидан шуни англадимки, соҳада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ниҳоятда кенг ва ҳар иккала томон учун ҳам манфаатлидир.

Вилоят телерадиокомпаниясида икки мамлакат журналистлари иштирокида ўтказилган давра суҳбати қизғин мулоқот, савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Икки давлат журналистлари анжумани бундан бош­қача бўлиши ҳам мумкин эмас аслида. Суҳбат давомида ўзаро ижодий ҳамкорликнинг бардавомлигини таъминлаш, энг илғор тажрибалар билан доимо ўртоқлашиб туриш, он-лайн алоқа имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича сўз юритилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Урганч шаҳридаги “Дўстлик уйи”да бўлди.

— Ўзбекистон Кореяга нисбатан кўпмиллатли мамлакат, — дейди Корея журналистлар ассоциацияси ижрочи директори ўринбосари Ким Донг Ки. — Тошкент ва Хоразмда бўлиб бунга гувоҳ бўлиб турибман. Юртингизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг тинч ва дўстона ҳаётига ҳавас қилса арзийди.

Икки кун давомида Хоразмда бўлган меҳмонлар Хивадаги “Ичан қалъа” мажмуи, шаҳардаги музей, масжид ва ёдгорликларни зиёрат қилиб, улар билан боғлиқ қимматли маълумотларга эга бўлдилар.

— Хивадаги обидалар бизни беҳад мафтун этди, — дейди биз билан суҳбатда “Hokook ilbo” филиали президенти Ким Суи Ван. — Шарқнинг ўзига хос бетакрор анъаналарини ўзида мужассам этган “Ичан қалъа” билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди. Ўйлашимча, бундай тарихий манзиллар камдан-кам давлатда учрайди. Албатта, бу ерда олган таассуротларимни Кореяда яқинларим ва ҳамкасбларимга сўзлаб бераман. Корея ОАВлари учун материаллар тайёрлаш учун маълумотлар йиғаяпман.

Самарқандда Корея Журналистлар ассоциациясининг халқаро журналистика маркази очилади

Меҳмонлар дастлаб вилоят матбуот уйида “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”, “Овози Самар­қанд” газеталари таҳририятлари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими фаолияти билан танишди.

Зарафшон воҳаси матбуоти тарихи музейи кореялик журналистларда катта қизиқиш ўйғотди.

— Самарқанд Ўзбекистон журналис­тикасининг асосий бешикларидан бири бўлгани жуда эътиборли, — дейди Корея Журналистлар ассоциа­цияси президенти Жунг Кю Cун. — Чунки Самарқанд Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашгани билан тарихий аҳамиятга эга. Албатта, бундай масканда матбуотнинг ташкил этилиши ва ривожланиши табиий.

Мамлакатларимиз географик жиҳатдан бир-биридан узоқ, лекин кўнгли яқин, тинчлик ва тараққиёт йўлида мақсади муштарак давлатлардир. Самарқанд­даги “Афросиёб” музейида сақланаётган деворий суратларда VII аср ўрталарида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея — Чосон элчисини қабул қилиш маросими акс эттирилгани ўзаро борди-келдилар узоқ йиллик тарихга эга эканини анг­латади.

Учрашув чоғида келгусида бу ерда Корея журналистлар ассоциациясининг халқаро журналистика маркази фаолиятини ҳам йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди.

Вилоятга ташриф доирасида кореяликлар “Амир Темур” мажмуаси, Регистон майдони, “Афросиёб” музейи ва Самарқанддаги бошқа бир қатор тарихий-маданий ёдгорликларни ҳам томоша қилди. Улар “Конигил мероси” қоғоз ишлаб чиқариш оилавий корхонасида ҳам бўлиб, қоғоз тайёрланиш жараёнларини ўз кўзи билан кўрди.

Тошкентга қайтиб келган меҳмонлар — кореялик журналистлар делегацияси аъзолари билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов уларга Уюшма фаолияти, давлатимиз раҳбари томонидан миллий журналистикамизни янада ривожлантириш, сўз ва матбуот эркинлигини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган эътибор хусусида сўзлаб берди.

Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − eleven =