Чироғи ёниқ кўнгиллар

Дарвоза олдида икки аёл одатдагидек суҳбат қуриб ўтиришарди. Ўрталарида бир халтачада писта. Ана энди кўринг, ўтганнинг ўроғию кетганнинг кетмони дегандек… Маҳалладаги “янги хабар”ларнинг ҳаммаси шуларда. Кимнинг қизи уйига қайтиб келди, ким ичиб келиб тўполон қилди… Бунақа “тезкор хабар”лар қанақа қилиб уларнинг қулоғига етиб келганига ҳайрон қоласан киши.

Кўчанинг бошида маҳалла котиби Тоҳир ака кўринди.

— Ҳа, яна пул йиққани келаётгандир-да, — дея гап бошлади улардан бири Мактуба. — Ўтган ҳафта сув йўқ эди. Бир пайт бизникига кириб келяптилар. “Келин, ёрилган сув қувурини янгилаётган эдик. Шунга, атаганингизни опчиқинг” дедилар. Бир ти­йин ҳам бермадим. “Мен ишламасам. Эримнинг йигирма беш минггига қараб қолдингизми? Боринг, бойлардан сўранг”, деб чиқарвордим.

Шу орада котиб уларга яқинлашди ва сўрашган бўлди.

— Хўжайин уйдамилар? — деди дарвозани кўрсатиб.

— Хўжайин бола-чақа боқаман, деб ишга кетганлар. Нима гапингиз бор эди? Айтиб қўяман.

— Биласиз, маҳалла кўчаларида тунги чироқлар йўқ. Шунга бир эркаклар билан йиғилишиб, шу масалани ҳал қилмоқчи бўлиб юрибмиз. Келсалар кеч саккизларда идорага чиқсинлар.

— Яна пул йиғмоқчимиз, деб қўя қолсангиз бўларди-ю, — деди Мактуба энсаси қотгандек бўлиб. — Ўзи ишингиз фақат пул йиғиш бўлиб қолибди. Нима, маҳаллада, тегишли ташкилотларда пул йўқми? Қачон қараса шу аҳвол!

— Ҳозир ёз, кун узун, эртага қишли-қировли кунларда болаларимиз қийналмасин деймизда. Тунги чироқлар ёниб турса, яхши-ку!

— Шу тунги чироқларни ўрнатадиган ташкилот йўқми? Нега бунча одамларга оғирлигизни ташлайсизлар. Энди порталга ёзамиз, — дея гапга қўшилди Соҳиба пистасини чақишдан тўхтамай.

— Эй, келин, қанақасизлар ўзи? Порталчилар кутиб турибди хатингизни! Дарров келиб ўрнатиб беришади. Ахир, қишлоқ бизники. Обод бўлса ҳаммамизга яхши эмасми? Таш­қаридан биров келиб обод қилиб бермайди-ку?! — деди-да, котиб “сенларга гапирганнинг фойдаси йўқ” дегандек қўлини силтаб, қўшни уйнинг эшигини қоқди. Бироздан сўнг нафақадаги Назира холанинг дарвоза олдида туриб ўқиган дуоси эшитилди. “Ишларингизнинг Аллоҳ баракасини берсин. Фарзандларингизнинг камолини кўринг… Кам бўлса ҳам пенсиямдан атаганим. Ҳеч бўлмаса, лампочкасига қўшарсизлар. Ўғлимга айтаман, албатта, қарашади. Бундай ишларга ҳисса қўшиш савоб-ку”. Кампир қўярда қўймай, котибга пул тутқазди. Бу воқеани кузатиб турган ҳалиги пистахўрларнинг лаблари буришиб кетди…

Одамзод шундай яралганки, унинг орзулари чексиз. Бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ яшашга интилади. Лекин ҳамма ҳам бир хил фикр­ламайди. Юқоридаги зиқна аёллар каби ўн сўм тежайман деб, юз сўм зарар кўрадиганлар ҳам топилади.

Ободлик кўнгилдан бошланади, деган гап бежиз айтилмаган. Оила даврасида ҳаётдан нолисак, фарзандларимизга ҳам шу хусусиятимиз ўтаётганини сезмай қоламиз. Одатда чиройли кўчаларни, обод маҳаллаларни кўрганимизда ҳавасимиз келади. Мана шундай жойларда уйимиз бўлишини орзу қиламиз. Лекин ўша ерни, аслида, мана шу маҳалла эгалари елиб-югуриб обод қилишганини кўп ҳам фаҳмлайвермаймиз.

Яқинда бир ҳодисанинг гувоҳи бўлдик. Қабристонга ҳашарга айтган кўчабоши хонадондан мулзам бўлиб чиқди.

— Бизнинг яқинларимиз бу қабристонга қўйилмаган. Кетмонни жойига қўй. Бормайсан. Энди бир ками қилмаган шу ишинг қолувди, — деди ота уйдан кетмон кўтариб ҳашарга отланаётган ўспирин ўғлини тўхтатиб.

— Дада, тез қайтаман. Ўртоқларим билан келишиб қўйган эдик, — деди ўғил ва дарвоза олдидан кетмай отасининг розилигини кутди. Ота чўнтагидан машина калитини олиб “юв” дегандек ўғлига отди. Ўғил ноилож ортига қайт­ди.

Сўнг ота-бола анча йиллар аввал бандаликни бажо қилган боболарини зиёрат қилиш учун қабристонга боришди. Қабристон озода, гуллар экилган экан. Бу гулларни ким экканига ақллари етмабди…

Маҳалла — Ватан ичидаги Ватан. Ҳар бир инсон ўзи яшаб турган заминни обод қилишда ҳисса қўшса, бу унинг ватанга бўлган меҳрининг бир нишонаси. Шарқда ёзилмаган қонунлар, урф-одатларимиз, аньаналаримиз бор. Бу анъаналар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Фарзандларимизни кўнглимизни обод қилувчи, ҳайрли ишларга бош қўшувчи, саховатпеша қилиб тарбия­лаш ҳар биримизнинг бурчимиз-ку, шундай эмасми?

Гулчеҳра Акромова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =