Йўлларни туташтирган орзулар

Умумхитой журналистлари ассоцацияси 1 миллиондан ортиқ журналистни бирлаштирган, шунингдек, дунёнинг кўплаб давлатлари журналистик ташкилотлари билан алоқа ўрнатган ҳамда ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаган.

Аслида инсон учун кўп нарса керак эмас: Дунё тинч, юртинг, оиланг фаровон, танинг соғ бўлса, бас. Инсоннинг куч-қудрати, саодати, қувонч-шодлиги замирида ана шундай омиллар мужассам ва улар миллати, ирқи, касби-коридан қатъи назар, ер юзидаги барча одамларнинг орзу-тилаги. Бу орзу-тилакнинг амалга ошиши ҳам ўзимизга, эзгу ниятлар билан яшаётган инсонларга боғлиқ.

Умумхитой Журналистлар Ассоци­а­ция­сидан шу йилнинг 27 сентябрь — 2 октябрь кунлари Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл — 2019” лойиҳаси дои­расида ўтадиган Халқаро журналистлар форуми ва Хитой Халқ Республикасининг 70 йиллигига бағишланган тантаналарга таклифнома олганимда хаёлимдан даставвал ана шу ўйлар ўтди.

Хитой Халқ Республикасида аввал ҳам бўлганман, Буюк хитой девори бўйлаб сайр қилганман, чин мамлакатининг тарихи, маданияти, бугун бутун дунёни лол қолдираётган ютуқлари билан танишганман. Бироқ бу таклиф мен учун жуда муҳим эди.

Аввало, Пекинда ўтадиган халқ­аро журналистлар форумининг ўзи халқаро медиаоламнинг энг йирик воқеаларидан. Журналистика соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади. Қолаверса, Умумхитой Журналистлар ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятимиз ҳам бўлиб, бу борада келишиб олишимиз лозим. Яна Хитой Халқ Республикасининг 70 йиллиги тантаналари. Дўст мамлакатнинг қутлуғ айёмида иштирок этиш, уларнинг қувончига шерик бўлишнинг ҳам шукуҳи бор.

Байрам руҳи Пекин халқаро аэропортидаёқ сезилиб турарди. Дунёнинг энг йирик пойтахтларидан бўлган бу шаҳар уч минг йиллик тарихга эга. Биласиз, у ўзининг замонавий осмонўпар бинолари билангина эмас, қадимий меъморий обидалари билан ҳам шуҳрат таратган. Умуман, бу шаҳарда барча даврлар меъморий услублари ўз ўрнини топган. Бугунги кун нафаси ва олис тарих садолари бир-бирига шу қадар уйғунлашиб кетганки, уларни бир-биридан айро тасаввур қила олмайсиз.

Байрамона либос кийган Пекин кўчаларидан машинамиз ғизиллаб кетаркан, бундан икки йил аввалги ташрифимдан ке­йин шаҳарда қандай ўзгаришлар бўлганини кузатиб бордим. Тўғриси, байрам шукуҳидан ўзга янгилик сезмадим. Салобатли Пекинга ясан-тусан ярашиб турарди. Янгилик ва ҳаяжонлар эса олдинда эди.

28 сентябрь куни эрта билан “Dustlik” меҳмонхонаси залида биз кутган медиа анжуман — халқ­аро журналист­лар форуми ўз ишини бошлади.

Форум Хитой томони илгари сурган ва глобал иқтисодий ривожланиш белбоғи сифатида Евроосиё мамлакатларини бир-бири билан боғлаши мақсад қилинган “Бир макон — бир йўл” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган бўлиб, “Мамлакатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари”га бағишланди. Форумда Осиё, Европа ва Лотин Америкасидаги 50 га яқин давлатлардан Журналистлар уюшмалари раҳбарлари иштирок этди.

Форум журналистлар ташкилотларининг ҳамкорлиги платформаси низомини қабул қилди. Унда асосий эътибор журналистларнинг ахборот макони ходимлари сифатида бутун дунёда тинчлик барқарор бўлишидаги ўрни ва хизматига қаратилди. Бу жараёнда холислик ва ҳаққонийлик бош мезон бўлиши зарур. Дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида журналист айтган сўз воқеаларнинг омма томонидан қабул қилинишига катта таъсир кўрсатади. Глобаллашув кучайиб бораётган ҳозирги жараёнда оммавий ахборот воситалари, жумладан, журналистларнинг яқин ҳамкорлиги, касбий биродарлиги, холислиги янада муҳим аҳамият касб этмоқда, башарият олдидаги масъулияти тобора юксалиб бормоқда.

Тадбирда Платформанинг мақсад-вазифалари, унинг ташкилий органлари таништирилди. Хусусан, “Бир макон — бир йўл” лойиҳаси доирасида журналистик ташкилотлар ҳамкорлиги платформаси Президиуми раиси, Буэнос-Айрес Журналистлар уюшмаси президенти Лидия Ирма Фагель экани ҳам унинг қанчалик кенг қамровли эканидан далолат беради. Хуллас, платформа барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди, унинг янада мукаммал бўлиши учун таклиф-тавсиялар берилди.

Мен ҳам сўз олиб, мамлакатимизда айни шу мақсадларда амалга оширилаётган ислоҳотлар — ОАВни янада демократлаштириш борасида сўнгги уч йилда амалга оширилган янгиланишлар жараёни ҳақида гапириб бердим.

Форумнинг яна бир воқеаси Умумхитой журна­листлар ассоциацияси билан Ўзбекистон Журналист­лари ижодий уюшмаси ўртасида Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзолангани бўлди. Келишув ҳар икки томон иштирокида ишлаб чиқилиб, мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, медиа турлар, медиа экспертлар ва мутахассислар иштирокида тренинг­лар, ОАВ соҳасидаги муҳим ва долзарб масалалар бўйича ахборий сафарлар ташкил этиш каби тадбирлар кўзда тутилган.

Келинг, шу ўринда Умумхитой журналистлар ассоциацияси ҳақида бироз маълумот берай.

Умумхитой журналистлари ассоци­ацияси 1957 йили Пекинда ташкил топган. У ўзининг Миллий консуллигига эга бўлиб, ҳар беш йилда бир марта сайланади. Ассоциация таркибида 217 та аъзо ташкилот бор, уларнинг 156 таси давлат тасарруфидаги медиа ташкилотлар, 29 таси миллий янгиликлар тайёрлаш тузилмалари, 32 таси эса ҳудудлардаги журналистик ташкилотлардир. Умумхитой журналистлари ассоцацияси 1 миллиондан ортиқ журналистни бирлаштирган, шунингдек, дунёнинг кўплаб давлатлари журналистик ташкилотлари билан алоқа ўрнатган ҳамда ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаган.

Форум иштирокчилари учун турли қизиқарли тадбирлар таклиф этилди. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси ташкил топганлигининг 70 йиллиги тантаналарини ёритишга қаратилган медиа марказ фаолияти билан танишув барчада катта қизиқиш уйғотди.

1 октябрь куни кенг нишонланган Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллиги тантаналари ўзининг улуғвориги, ранг-баранг тадбирлари билан, табиий, унутилмас бўлди. Унда Хитойнинг пайдо бўлиши, унинг дунёнинг буюк ва қудратли мамлакатларидан бирига айланиши, салоҳияти ва иқтидори ўзининг кенг аксини топди.

Шундай қилиб таассуротларга бой сафаримиз ҳам охирлади. Унинг давомида кўрган-кечирганларим, турли мамлакатлар журналистик ташкилотлари вакиллари билан мулоқотлар, Ўзбекистон ва Хитой журналист­лар уюшмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув эса миллий медиамуҳитда янги босқич бўлишига шубҳа йўқ. Зеро, Буюк ипак йўли буюк маданият йўлидир:

Конфуций ва Навоий

Доноларнинг дил изҳори хос келур,

Айтганлари бир-бирига мос келур.

Конфуций — бу ўша Конг Чю, Конг Фу Зи,

Навоийдек элга манзур ҳар сўзи.

Конфуций дер: “Неки маҳбуб, эр киши,

Бошқага ҳам раво кўрай, дер киши”.

Ўзгарса ҳам давру даврон ҳавоси,

Боқий эрур Навоийнинг навоси:

“Халойиққа кўрма қилиб бенаво,

Ўзингга раво кўрмаганни раво”.

Буюк Ипак йўли ўтган ҳар макон

Буюк Ҳикмат йўли бўлиб қучди шон.

Шу йўлдадир мангу йўлчи — қуёш, ой,

Зиёсидан қалблар чаман, эллар бой.

Мамлакатлар бир-бирига бермиш қўл:

Битта осмон, бир макону битта йўл!

Саъдулла Ҳакимов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси.

Суратда: Умумхитой журналистлари ассоциацияси президенти Чжан Яннун (чапдан), Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув чоғида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =