Тўй тўйдай бўлсин…ми?

Тўй ва бошқа маросимларни ихчамлаштириш бўйича кўпдан буён гапириб келинаётгани, зарур чоралар кўрилаётганига қарамасдан, ҳали-ҳамон жойларда ҳаддан ошиш ҳолатлари учраб турибди. Кимдир тўй олди ва кейинида “тўйчалар”ни авж олдириб, хурмача қилиқларни ўйлаб топаётир. Маст бўлиб олиб, давлатимиз рамзларидан бўлган пулни меҳмонларнинг боши узра сочишни одат қилишяпти. Бу шунчаки иллат эмас, балки халқимиз ва давлатимиз рамзларига ҳурматсизлик ҳамдир.

Олий Мажлис палаталари қарори билан тасдиқланган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда ана шу жиҳатлар инобатга олинган. Унга кўра, эндиликда оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади. Шунингдек, эндиликда миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли расм-русумлар, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган бошқа тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Тўйнинг асрлар давомида шакл­ланган ўз қонун-қоидалари бор. Азалдан миллатимизга хос тутумлар, удум, урф-одатлар файзли, ибратли, ортиқча исрофгарчиликсиз ўтказилиб келинган, тўй бошида турган инсонлар тежамкорликни мақбул таомил деб билганлар. Афсуски, бугун ундай эмас…

Барчамизнинг кўз ўнгимизда ҳаддан ошиш, кимўзарлик авж олмоқда. Тўй кортежлари, сон-саноқсиз тоғоралару олди-бердилар, қиз томонни куёвнинг уйини хориж мебеллари, асбоб-анжомлари билан тўлдириб бериши ҳамда ўйлаб топилган бошқа ҳолатлар оила иқтисодига путур етказишдан ташқари, аҳоли орасида табақаланиш кучайишига олиб келмоқда. Айрим одамлар ўйлаб топаётган бундай сохта тадбирларни кўр-кўрона одатга айлантириб оляпмиз. Шуҳрат қозониш, бошқаларга ўз “мен”имизни кўрсатиб қўйиш учун қилаётган бу ҳаракатларимиз халқимизга қимматга тушмоқда. Тўй қиламан деб катта қарзга ботган, соғлиғини йўқотган юртдошларимиз кўп кузатиляпти. Энг ёмони, бу расм-русумлар одатга айланиб боряпти.

Масалан, “келин салом” фақат оила даврасида, янги келиннинг ўзга бир хонадонга мослашиши учун ўтказиладиган оилавий удум эди. Аввалига у 30-40 кишилик зиёфатбозликка, бугунги кунга келиб эса катта харажат талаб қиладиган маросимга айланиб улгурди.

— Илгарилари қиз куёвнинг уйи­га мебелу бошқа рўзғор анжомларини олиб бориши уят саналар эди, — дейди социолог Мансур Бекмуродов. — Чунки, қиз боланинг ўзи бебаҳо мукофот, бир хонадондан иккинчисига қалин эвазига келтириладиган қимматбаҳо олий мавжудот эди. Уни беқадр маҳсулотга айлантиришди. Қиз бола бошқа хонадонга ўтиши учун ўзи билан бирга мебель, гилам, идиш-товоқ, кўрпа-тўшак, ҳатто уйи­нинг пардасигача барча-барча буюмни олиб бормаса, бўлмайдиган ҳолатга келтириб қўйилди. Бу “сохта тад­бир”­ни халқимизнинг ўта зарарли анъанасига айлантириб қўйишдаги бефарқлигимиз оқибати. Чунки, жамият бу билан курашмади. Натижани эса кўриб турибсиз.

Рассом хандаси. Ҳусан Содиқов карикатураси.

Тўй — инсоннинг оила қуриш, бахт­ли, тинч-тотув турмуш кечиришига эришиш, авлодлар бардавомлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ифодаси эмасми? Мақсад икки ёшга бахту иқбол тилаб, янги оилани элга маълум қилишми? Катталарнинг номақбул одатлар, молу дунёга, ҳо-ю ҳавасга ружу қўяётгани фарзандларимиз маъ­навия­тида ўз изини қолдираяпти. Ҳатто йигитларнинг бўлажак келиндан ҳеч андишасиз қилаётган таъмаси — истакларини эшитиб, мардлик, ғурур, орият қаерда қолди, дейсиз.

— Яқинда шундай бир воқеага гувоҳ бўлдим, — дейди Республика хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Қўзиева. — Келин томон бўлажак куёвга сарпо қилиш мақсадида уни дўконга чақиради. Куёвга эса улар танлаган сарпо ёқмайди. Ўзи ундан уч баравар қимматроқ сарпо танлайди ва сотувчига “Қайнотамга айтарсиз, пулини ташлаб кетади”, дейди. Сотувчи бўлажак қайнотанинг энг яқин дўсти бўлиб, бу ҳолатдан ҳайратга тушади. У дўстига бундай йигитга қиз бермаслигини маслаҳат бериб, “Ҳали тўй бўлмасдан туриб, қайнотадан таъма қиладиган йигит эртага оилани таъминлашда катта муаммоларга учрамайди деб ким айта олади”, дейди. Шу боис бу тўй тўхтатилади.

Айрим йигитларда “ота-онаси бадавлат қизга уйлангач, ҳаётим моддий қийинчиликсиз ўтади” деган қараш шаклланиб улгургани афсусланарли. Бунда ҳам катталарнинг таъсири кўзга ташланади. Келин олиб келган мебеллар хорижники бўлмаса, сарпо-суруғлар ва ўйлаб топилган бошқа расм-русумларда камчилик бўлса, қайнонанинг эътирози, хархашаси ортиб бораётгани бор гап. Бу эса укаларимизда қайнота-қайнонанинг куёвига берган моддий кўмагига ишониб қолиш, масъулиятсизлик, боқимандалик хусусиятини шакл­лантиряпти.

— Халқининг маънавий мероси бўлган тўй унутилмас, қувончли воқеа, — дейди Тошкент шаҳар “Нуронийлар” кенгаши аъзоси, тарих фанлари номзоди Искандар Ҳайитов. — Дабдаба-ю машмаша бу гўзал маънавиятни бузади, холос. Ортиқча сарф-харажат, исрофгарчиликдан бўлак ҳеч нарса эмас. “Фаровонлик замонида орзу-ҳавас қилсак нима бўпти, нега бошқалар аралашаверади?” — дейдиганлар бор албатта. Тўғри, жамиятда одамлар орасида яшар эканмиз, элдан чиқишга ҳаққимиз йўқ. Биргина сизнинг орзу-ҳавасингиз минглаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатиши, маънавий муҳитни издан чиқариши мумкин. Шундай экан, бу ишлар назоратга олиниши шарт.

Никоҳ тўйларини икки ёшнинг жамиятга янги оила бўлиб кирганини билдириш эканини ёшларнинг онгига сингдириш керак. Афсуски, бу ота-оналарнинг жамиятдаги ўрнини белгилаш ролини ўйнаб келмоқда. Қисқаси, бу катталарнинг ўз шахсий “мен”ини қондиришининг бир кўринишидир.

Бир оилани биламан. Оила бошлиғи бир неча йилдан буён Россияда ишлаб келяпти. Бу орада қиз чиқарди, икки ўғлини уйлантирди. “Элдан кам бўлмай” деб, дан­ғиллама тўй қилди. Йиллар давомида пешона тери эвазига келган маблағини бир кунлик тўйга сарфлади. Тўйдан ке­йинги “салом”, “чаллари”, “йўқлов”ларни ўтказгунича бўлари бўлди. Энди ташвишлари ариди, у ҳам иссиқ уйида, оила аъзолари бағрида яшайди, деб ўйлагандик. Йўқ, у анча қарзга ботган, қарзидан қутулиш учун яна ўзга юртга ишлагани кетишга мажбур эди.

Инсон орзулари билан гўзал. Аммо бу орзулар соғлиғингизни бой бериш, яқинларингиздан йироқда, соғинч ва изтиробда умргузаронлик қилиш эвазига ижобат топмаслиги керак.

Бугун нафақат қиз чиқараётган, балки келин қидираётган хонадон ҳам тўйларни ихчам, камхарж қилиб ўтказиш, элдан чиқмаган ҳолда тўй бошлаш тарафдори. Агар биз чиндан исрофгарчиликка қарши бўлсак, халқимизнинг қадимий ва энг мўътабар удуми бўлган тўй-маросимларини мусобақага айланиб кетишининг олдини олган бўламиз.

— Ишончим комил тўйларимиз тартибга тушади, — дейди Мансур Бекмуродов. — Аввало, элу юрт назарида бўлган инсонлар, турли лавозимдаги давлат хизматчиларининг тўй-маросимларини Сенат Низомидан четга чиқмаган ҳолатда ўтказишга эришсак, бошқаларга намуна бўла оламиз.

Бундан юз йил аввал йирик аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойи­лардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”, деган эди.

Ҳа, йиллар давомида йиққанимизни бир кунлик ҳо-ю ҳавасга эмас, фарзандларимиз илму камолига сарфласак, бир кун ўз мевасини беради. Зеро, бахт ялтироқ ва сохта ҳашамда эмас, билим ва маърифатда.

Рисолат Мадиева.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 10 =