Умрнинг бир куни

Академик Асқар Холмуродов одатдаги турмуш тарзига айланган иш кунларининг бирида қатъий қарорини амалга оширишга киришди. У кўпдан бери маҳзун кайфиятда юрар, ижтимоий ҳаётда рўй бераётган ўзгаришларни тасаввуридан ўтказиб, мантиқни аниқ кўрмаётганди. Гўё кураш бошланган, аммо омад қайси тарафда эканлигини билиб бўлмасди.

Ҳамма ўз ҳақиқатида собит, бошқа билан ҳисоблашмас, қолаверса, муқобил фикрга ўрин ҳам йўқ, уни ҳеч ким тинг­ламасди. Ўшанда юқори лавозимда ўтирган бир мулозимга зиёлиларнинг маошини ошириш ҳақида гап бошлаганди, э йўқ, бе йўқ бозордаги чапанилардек сўкиниб юборди. Ҳолбуки, ўша вақтда олим парламент қўмитаси раиси ва кенгаш аъзоси эди.

Бу ҳол А.Холмуродовнинг кайфиятига таъсир қилди, безовта бўлиб юрди: “Халқнинг тақдири кимларнинг қўлида?” Бу нохушликни тезда унутди. НАТО бош қароргоҳидан катта лойиҳада ҳамкорлик қилиш учун келган таклиф яна ёруғ дунёсига қайтарди. Фан ва технологияларнинг кейинги асрлардаги йўналишини белгилайдиган бундай йирик стратегик лойиҳага ҳаммани ҳам шерикликка таклиф этишавермайди. Ахир унинг икки юздан ортиқ мақола ва тад­қиқотлари биохимия фанининг олтин хазинасига киритилган эди-да.

А.Холмуродов ишчан кайфиятда институт лаборатория мудири Қаҳрамон Давроновни чақиртирди. Суҳбат қисқа ва аниқ бўлди:

— Сени бугун директор ўринбосарлигига тайинлайман.

Таклиф кутилмаган эди, Қаҳрамон Давронов эътирозини яшириб ўтирмади:

— Қандай бўларкан? Институт катта даргоҳ, бизнинг йўналишимиз яқин. Қолаверса, бир вилоятданмиз. Бу маҳаллийчиликка ўхшаб қолмайдими?

Директор эътирозларни қатъий рад этди. Илмий кенгаш чақирилди ва раҳбар ўз қарорини эълон қилди. Албатта, бу тўхтам турли қарашларга сабаб бўлди.

Ўша кун Тошкент қалин қор кўрпаси қўйнида эди. Уч-тўрт кун олдин ёққан лайлак қорнинг ҳали чети ҳам очилмаганди. Асқар ака зиммасидаги бир юкдан халос бўлгандек енгил тин олди. У ўз ечимидан мамнун эди. Кейин Фанлар академиясига ўтди, котибиятга кириб, ўз қарорини маълум қилди. Куннинг қолган қисмида Олий Мажлисда банд бўлди. У юқорида айтганимиздек, парламентда Фан, таълим, маданият ва спорт қўмиталари раиси ва Олий Мажлис Кенгаши аъзоси эди.

Куннинг давоми ҳам одатдагидек кечганди. Оқшом юмушларини саранжомлаб уйига борган, овқатланиб, шу кунги газета-журналлар билан танишишга киришганди. Мутолаага шўнғиб кетганидан қабул қилиши лозим бўлган дориларни унутгандир эҳтимол. Аниғи — турмуш ўртоғи Людмила Швачко (у ҳам биолог олима) катта залда ўша пайтлари энди урф бўлаётган хориж сериаллари томошасига бутун борлиғи билан ғарқ бўлганча ўтирарди.

Қаҳрамон Давронов эслайди: “Тайинловдан кейин янгича кайфият билан ишга келдим. Дарҳол иш бошқарувчимиз кириб келди-да: “Эшитдингизми?” деди. “Нимани?” “Асқар Ғаниевич…” “Наҳотки?…” Дод дедимми, бақириб юбордимми, билмайман. Афсуски, шундай фожиа рўй берганди”.

Шу тахлит Яккабоғда туғилган, 35 ёшида Киевда биология фанлари доктори илмий даражасини ҳимоя қилган, йигирма йилдан кўпроқ умри давомида Украинада фанда катта кашфиётлари билан тилга тушган, эътироф этилган, ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Микро­биология институти директори, жамоат арбоби бу ёруғ оламни тарк этди. Ўшанда у 58 ёшда эди (тақдирни қаранг, отаси ҳам шу ёшда вафот этган экан).

— Кўпчиликда, айниқса, олимларда ички сезиш туйғуси кучли бўлади, — дейди тиббиёт фанлари номзоди, доцент Ғулом Жалолов. — Асқар ака: “Отамнинг ёшидан ўтсам, узоқ яшаб кетаман”, деган гапни кўп такрорларди. Чамаси, отасининг ёш кетгани унга ёмон таъсир қилган, чет элларда юриб, етарлича ўғиллик хизматини қила олмагани армон бўлиб қолган.

Ҳа, тақдир битиги шундай ёзилган экан. Албатта, энди чинакам камолотга эришган, эътироф этилган академикнинг режалари кўп бўлган. Негаки, бутун фаолияти давомида мақсад сари фақат олға интилган олимнинг истиқболида кенг майдон очилган, уни дунё илм-фани танир, эътироф этган, энди у чинакамига халқи, Ватани номидан сўзлашга маънавий ҳуқуқ олганди.

— Асқар ака чинакам ўзбек фарзанди эди, — дейди ул зотни яқиндан билган Ғулом Жалолов. — Киевдаги уйининг бир хонасини ўзбекча қилиб ясатиб қўйганди: шоҳи-атлас кўрпачалар, пахта гулли идишлар. Деворда рубоб ва доира. Ширали овози бор эди, тўлқинланиб қўшиқ куйларди. Умуман, раҳматлик ҳар томондан баркамол инсон эди. Бадиий адабиётни, шеъриятни нозик тушунарди. Ўзи ҳам шеър­лар ёзар, ҳатто украин тилидан таржималар ҳам қилганди. Меҳрибон, дилкаш, ғамхўр. Инглиз, рус, украин, польяк тилларини мукаммал биларди. Қўли ширин пазанда – хуллас, халқимизга хос барча ижобий фазилатлар унда мужассам эди.

Шунданми, украин олимлари уни ифтихор билан “Икки халқнинг фарзанди”, деб атаганлар. Илмий фаолиятига ҳам юксак баҳо бериб, “Украина фанининг ёруғ юлдузи”, деб улуғлаганлар, энг нуфузли олимлар уни: “У Украина микробиология фани витаминология бўлимига асос солди”, деб таърифлаганлар. Шу туфайли Украина ФАнинг А.Палладин номидаги нуфузли мукофотига лойиқ кўрилганди.

1985 йилда Ўзбекистонга қайт­гач, Микробиология институти директорлигида иш бошлаган Асқар Холмуродовнинг фаолияти янада кенг қамровли бўлди. Юртимиз илмий ҳаётида фаол иштирок этди. Академик, кейинроқ вице-президент бўлди. Истиқлол йилларида олимнинг юксак халқаро нуфузи ёш давлатимиз илм-фанини жаҳонга танитишда катта роль ўйнади, кўплаб йирик илмий анжуманларда юртимиз номидан, баъзан делегация раҳбари бўлиб қатнашди.

— Асқар аканинг ишончи менга қанот бўлганди, — дейди Қаҳрамон Давронов. — Раҳбарлиги остида бутун қобилия­тимни ишга солиб ишлаш иштиёқи бор эди, насиб этмаган экан. У зотдан бизга жуда катта илмий ва маънавий мерос қолган. Жамоамиз етук олим ва жамоат арбобининг номини доим фахр билан тилга олади. Меросини ўрганиш мақсадида ўқишлар, конференциялар ташкил этилади. 70 йиллиги муносабати билан “Яккабоғда тоғлар ҳам бор” деган хотира китоби нашр этилди. Асқар Холмуродовнинг илмдаги фидойилиги, инсоний фазилатлари биз учун ҳар доим ўрнак.

Қаҳрамон Давронов яқинда институт директорлигига тайинланибди. Унга ишонч билдирилиб, илмий марказнинг нуфузини янада ошириш, салоҳиятини дунёга намойиш этиш вазифаси юкланибди. Зеро, бу борада тилга олишга арзийдиган ютуқлар бор. Асқар Холмуродовнинг фаолияти бунга ёрқин мисол. Қолаверса, юртимизда бошланган янгиланиш нафаси яна боқий қадриятларга кенг йўл очаяпти. Тоталитар шароитда турли зиддиятларни енгиб, ўз иқтидорини дунёга намойиш қила олган, ўзбек номини юксак минбарлардан жаранглатган буюк олим ҳаёт йўли ҳам бугун Президентимиз ташкил қилган махсус мактаб талабалари учун ёрқин ўрнакдир. Бир пайтлар Холмуродовлар ягона чиққан бўлса, энди Президент мактаблари бағридан ўнлаб иқтидор соҳиблари дунё саҳнига йўл олиб, халқимиз, миллатимиз номини тараннум этгусидир. Илло, бунга тўла асослар бор.

Ҳаким Сатторий.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 3 =