Янгича усул ва натижалар

“Олмалиқ КМК” АЖ мамлакатимиздаги йирик кон-металлургия комбинатларидан биридир. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати Тошкент, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган мис-порфир, қўрғошин-рух ва олтин-кумуш конлари захираларига таянади.

Комбинат таркибида 6 та маъдан қазиб олувчи корхона, 5 та бойитиш фабрикаси, иккита металлургия, 2 та цемент, мис қувурлари, таъмирлаш механика ҳамда оҳак заводлари, нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш маркази, саноат темир йўл транспорти бошқармаси, 8 та автобазага эга автомобиль транспорти бошқармаси, истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармаси, 20 дан ортиқ ёрдамчи цех ва лабораториялар мавжуд.

Ўтган йили июль ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Олмалиқ КМК” АЖ устав капиталида давлат улушининг ишончли бошқарувчиси сифатида “SFI Managament Group” жалб қилинди. Айни пайтда ишончли бошқарувчи билан биргаликда рангли, қимматбаҳо ва нодир металлар ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширишни назарда тутувчи асосий қувватларни реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш бўйича устувор чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Администрация­си ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз борди.

Таъкидланганидек, бугун комбинатда инвестицион ло­йиҳаларни жадаллик билан олиб бориш, технологик жараёнларни оптималлаштириш ва корпоратив бошқарувнинг илғор усулларини босқичма-босқич татбиқ этиш борасида кенг кўламли иш олиб борил­япти. Ушбу ўзгаришлар ҳисобига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ва турлари кўпаймоқда. Жорий йилнинг саккиз ойи давомида маҳсулотлар ҳажми ўтган даврга нисбатан 130,9 фоизни ташкил этди. Катод миси 124,1, металли рух 122,6, аффинажланган олтин 106,7, аффинажланган кумуш 168,9, маҳсулот экспорти эса 156,8 фоиз қилиб бажарилган.

— Шу йилнинг ўзида комбинат ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга қаратилган иккита йирик халқаро анжуман ўтказдик, — дейди комбинат бошқаруви раиси ўринбосари Азимжон Мирзажонов. — Яқин йиллар ичида комбинат хомашё базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватларини юксалтиришга қаратилган жами 3 миллиард 349,8 миллион долларлик инвестицияни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. “Ёшлик–1” конининг ўзлаштирилиши ва Мис бо­йитиш фабрикасининг қурилиши бўйича қабул қилинган қарорлар республикамизда рангли металлар ишлаб чиқаришни икки баробар кўпайтириш ва ҳудудда янги иш ўринлари очилишига имкон яратади. Комбинатимизда кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Еттита олий ўқув юрти билан шартномамиз бор. Ҳозирги кунда жами 300 нафар талаба корхонамизнинг эҳтиёжи, келажакдаги кадрлари сифатида таълим олмоқда. Шу йилнинг ўзида 200 дан зиёд олий маълумотли кадрлар мана шу катта оиламизга кириб келди. 110 дан зиёд талабанинг контракт пулларини тўлаб бердик. Бундан ташқари, комбинат ҳисобидан 10 та кўп қаватли уй қурилиб, эгаларига топширилди. Айни пайтда Низомимизга жавоб берадиган 408 ёш оилага янги уйлардан ажратилган. Улар бу уйлар учун маблағни 15 йил давомида имтиёзли нархда тўлаб боради. “Ёшлар боғи” ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида корхонамиз ходимлари учун спорт мажмуаларимизда бепул шуғулланиш имкони яратилган…

Анжуманда журналистларнинг хомашё захиралари, кадр­ларни ишга қабул қилиш шарт­лари, комбинатнинг ОАВга ва давлат тилига муносабати, ишончли корпоратив бошқарув билан боғлиқ кўплаб саволларга атрофлича жавоб берилди.

Комбинатнинг ташкил этилганига бу йил 70 йил тўлди. Ушбу сана 24 октябрь куни Олмалиқ шаҳрида катта тантана сифатида нишонланди. 25-26 октябрь кунлари эса тармоқлараро ярмарка ўтказилди.

Х. Аҳмаджонова.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 2 =