Бу санъат судья учун ҳам жуда зарур

Тил борки, миллат бор. Кўҳна тарих ўз она тилига эга бўлмаган халқни миллат сифатида эътироф этмайди. Тилни миллат рамзи сифатида англар эканмиз, уни кўз қорачиғидай асраш, бойитиш, талаффуз меъёрларига тўла риоя қилиш, бузган, чалкаштирган ҳолда талқин этишнинг ҳар қандай кўринишларига қарши туриш юртимиз фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.

Тил, матн, талаффуз, деганда аксарият юртдошларимиз нигоҳида кўпинча қалам аҳллари, яъни оммавий ахборот воситалари, китоб ва илмий ҳамда оммабоп мақола ва маърузаларни ирод этучи ижодкорлар сиймоси гавдаланади. Чиндан ҳам шундай. Сўз ва ибора йўқ жойда китоб ҳам, газета ёхуд журнал, ҳатто интернет алоқаси ва мулоқот воситалари ҳам мавжуд бўлолмайди. Курраи-заминимиз “ойнаи жаҳони” ҳам усиз фаолият кўрсата олмайди. Тилу забонга эга бўлмаган халқ ва миллатни эса ҳатто тасаввурингизга ҳам сиғдира олмайсиз.

Шу ўринда тил ва матнни қурол қилган бадиий ва публицистик ижод аҳлига энг яқин турувчи касб соҳиблари кимлар, деган савол туғилади. Нафсиламбирини айтганда, қаламкашликни касб қилган журналист, наср ва назмда ижод қилучи ёзувчи-шоирлар, илм-фан аҳллари сафида судья либосидаги инсонлар ҳам борлигини, албатта, эътироф этмоқ жоиз.

Ҳуқуқ соҳасининг оддий ходими сифатида яқинда чамалаб кўрдим: судья мақомидаги касбдошларимизнинг ҳар бири йилига ўртача ўз бўйи баробар қалинликдаги қоғозга матн битар экан. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Ўктам ота Раҳимов, ушбу касбнинг таниқли соҳибларидан Дурдибой Матмуродов, Шарифбой Бобожонов, Рўзимат Худойберганов, Султонмурод Хўжамуродов, Одилбек Каримов, Ҳасанбой Муҳаммаджонов, Улуғбек Бектурдиев, Олимбой Машариповларнинг бу борадаги малака ва маҳоратига шогирдлик туйғуси-ла тан берамиз.

Устоз қаламкашлардан эшитганим бор: матнда сўзларни такрор қўллашдан доимо тийилмоқ даркор. Уни битта жумлада бир неча бор қўлламоқ матн битувчининг нўноқлигидан дарак беради.

Битикларимиз аниқ, лўнда, содда ва тушунарли тарзда ёзилсагина маъно-мазмуни кишилар, шу жумладан, манфаатдор тарафларнинг онг-тафаккуридан ҳам чуқур жой олади, таъсирчанлиги ортиб, наинки судья, балки ушбу даргоҳнинг ҳам нуфузи, обрў-эътибори юксалади. Жумла битиш маҳоратини озроқ бўлса-да, эгаллай олмаган ходимнинг малакали судья қиёфасида шаклланишини тасаввур этиш амри маҳол.

Айни маҳалда эса бир қатор ҳамкасбларимиз битаётган суд ҳужжатлари, матнларда қайтариқ сўз ва иборалар, узундан-узоқ ва ҳатто такрорий жумлалар ҳам учраяптики, бу ҳолат ниҳоятда катта ва теран тил ҳамда сўз бойлигимиз намуналарини чуқур эгаллашга бўлган эътибор кескин кучайтирилиши зарурлигини тақозо қилаяпти. Бу борадаги салоҳиятимизни оширишнинг энг мақбул йўли назаримизда китоблар, газета ва журналлар мутолаасига алоҳида эътибор қаратишдан иборат.

Зеро, Президентимиз юртимизда китобхонлик даражасини юксалтириш масаласини бежиз кун тартибига қўяётганлари йўқ. Оммавий нашрлар ҳам тилимиз хазинасини бойитишда алоҳида муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик зарур. Судьянинг доимий ҳамроҳи сўз, ибора, жумла экани ва ҳамиша ана шу “дастёр”лар қанотида фаолият кўрсатиши ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи илм-фан ва таълим даргоҳлари устоз-муаллимлари эътиборини доимо жалб этиб турса, деймиз. Бунда тил илмига оид таълим соатлари ва дастурларини янада кўпайтириш ва бойитишнинг аҳамияти, айниқса, катта. Қаловини топса, қор ҳам ёнади, де­йишади. Бинобарин, судьянинг амалдаги қонунлар, меъёрий ҳужжатларда ифодасини топган атамалар, сўз ва иборалар доирасида фаолият кўрсатиши зарурлигини ҳам тилга олмоқ зарур.

Жаҳон илмий ва ижодий жамоатчилиги буюк Алишер Навоий бобомизнинг машҳур “Хамса” асари жами 12 мингдан зиёд туркий сўз ва иборани ўзида мужассамлаштирганини миллатимизнинг катта ва бебаҳо тил бойлиги сифатида эътироф этган. Бу – ер юзидаги манаман, деган миллатлар, чунончи, инглиз, рус, араб, хитой, испан, немис, француз тилларида сўзлашувчи халқлар бисотидаги сўз бойликларидан кам эмаслигини тасдиқловчи ишончли далилдир.

Ушбу қимматли неъматни ўзлаштирмоқ ва ундан оқилона фойдаланмоқ биз — суд-ҳуқуқ жабҳаси ходимлари учун ҳам фарз, ҳам қарз, у ишимизга мудом катта наф келтиришига шак-шубҳа йўқ. Тил бойликларини ўзимиз битаётган ҳужжатларда муваффақиятли қўлламоқни эса даврнинг ўзи ҳам талаб, ҳам тақозо этаяпти.

Акбар Аминов,

жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди раиси.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 3 =