Қарор ижроси қай аҳволда?

Инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун. Соғлом инсонгина жамиятда ўз ўрнини топиб юртга, халққа наф келтиради. Ушбу масала ҳамиша давлатимиз ва ҳукуматимизнинг диққат-эътиборида.

Президентимизнинг 2018 йилнинг 14 февралида “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Соҳа ходимлари мазкур қарор ижросини таъминлашга якдиллик билан киришиб, ўтган йилнинг март ойиданоқ, туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли оилавий поликлиникалар, қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари биноларида янгитдан 88 та ижтимоий дорихоналар ташкил этди. Вилоят миқёсида олдиндан фаолият юритиб келаётган 114 та дорихона ҳам ижтимоий дорихоналарга айлантирилиб, улар сони 202 тага етказилди.

— Дори воситаларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида, 20 дан ортиқ “Damas”, “Isuzu” русумидаги автоуловлар жалб қилинди. Вилоят радиуси бўйлаб, чекка ҳудудлар — Ромитан туманининг “Яхшиобод”, Пешку туманининг “Варахша”, “Жонгелди”, Ғиждувон туманининг “Кўкча”, “Оғитма” аҳоли пунктларида дори воситалари ва тиббий буюмлар савдосини амалга ошириш йўлга қўйилган. Битта “Isuzu” автофургони ва 12 та “Damas” автомобили базасида ташкил қилинган “Кўчма дорихона” шохобчалари белгиланган график асосида ишлай бошлади, — дейди “Бухоро дори-дармон” масъулияти чекланган жамият раиси Дилмурод Ахатов. — Сир эмаски, ҳар бир корхонанинг “нафас олиши” иқтисодий аҳволи билан баҳоланади. Айниқса, тиббиёт тизимида. Чунки беморлар саломатлигини сақлашда, уларнинг умрини узайтиришда дори воситаларининг сифатлилиги ҳамда зарур пайтда етказиб берилиши муҳимдир.

“Бухоро дори-дармон” МЧЖнинг (2017 йил 1 август ҳисобида) чет эл дори ишлаб чиқарувчи корхоналардан қарздорлиги 630 756.68 АҚШ долларни ташкил этарди. 2018 йилда жамиятимизда аниқ ва мақсадли стратегия белгилаб олингандан сўнг ушбу қарздорликка барҳам берилиб, корхона йилни фойда билан якунлади. Жамият маъмурий биноси таъмирдан чиқарилди. Вобкент туманида янги замонавий ижтимоий дорихона қурилди. Қоракўл туманидаги 5-сонли марказий дорихона капитал таъмирланди. Бугунги кунда ижтимоий дорихоналарда нақд пул тушумини ошириш мақсадида Бухоро, Қоракўл туман тиббиёт бирлашмалари ҳудудидан дорихоналар қуриш учун ер майдони ажратиш учун, туман ҳокимларининг қарорлари асосида, ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

— Ижтимоий дорихоналарда бугун малакали провизор, фармацевт ҳамда ўрта маълумотли тиббиёт ходимлари фаолият юритмоқда. 45 нафар ўрта маълумотли тиббий ходим фармацевтика йўналиши бўйича малака оширди. Ижтимоий дорихоналарнинг қиш­лоқ жойларида ташкил этилиши натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Уларда бўлиши мажбурий бўлган 32 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ таъминланган, — дейди жамият раиси Дилмурод Ахатов сўзини давом эттириб. — Ижтимоий дорихоналар фаолия­тини бугунги кун талабига мос келадиган даражада олиб боришда жамият олдида кўндаланг бўлиб турган муаммолардан бири яна шу маблағ масаласи. Президентимизнинг мазкур тармоқни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қувватлаган ҳолда ташкил этилган ижтимоий дорихоналарни дори-дармон билан таъминлаш учун паст фоизли ва узоқ муддатли кредитларга эҳтиёж сезмоқдамиз. Ўйлаймизки, соҳага дахлдор бўлган мутасадди вазирликлар бир тўхтамга келишади…

Дарвоқе, мазкур корхонанинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига тўсқинлик қилиб, этагидан ортга тортаётган нарса корхонанинг дебиторлик қарздорлиги экан. Ушбу масъулияти чекланган жамият билан имзоланган ўзаро шартнома асосида ҳамкорлик қилаётган корхона ва ташкилотлар олган дори-дармон маҳсулотларининг маблағи тўловини ўз вақтида амалга оширсалар, шак-шубҳасиз, мазкур корхона янада оёққа туради, иқтисодий ривож топади. Янги-янги иш ўринлари яратишга эришиш билан бирга, тизимда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг турмуш фаровонлиги яхшиланган бўларди.

Шавкат Носиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 14 =