Сўзнинг инграшини ким эшитяпти?

Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.

Шавкат Мирзиёев

Мамлакатимиз Президентининг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини “ойнаи жаҳон” орқали ҳаяжон билан тингладим. Юртбошимиз томонидан айтилган она тилимизни эъзозлаш, ҳар бир юртдошимиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, тилга эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз жоизлиги хусусидаги юракка етиб борадиган ҳақчил сўзлар ҳар бир инсонни, айниқса, ҳар бир ёш тенгдошларимни чуқур ўйлашга, мушоҳада қилишга чорлаши жоиз деб ҳисоблайман.

Чунки, маънавиятимизнинг бош манбаи, сарчашмаси бўлган она тилимизга муносабатни энди ўзгартирмасак, кечиримли бўлмайди.

Ана шу йўлда Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги шу йил 21 октябрдаги (қаранг, Она тилимиз байрами куни!) Фармони эса эндиликда вазифаси, касби-коридан қатъи назар ҳар бир юртдошимиздан юксак масъулият, жавобгарлик, эътибор ва жонкуярликни тақозо этади.

Зеро,  азалдан одамлар яратган эзгу сўзлар, ҳикматлар замонлар оша тилдан-тилга ўтди, сайқал топди, абадият касб этди. Тил — ҳар бир халқнинг ўзлиги, рамзи, сўз эса халқ дилининг адоғсиз хазинасидир. Маълум бир миллатга хос бўлган эртак, афсона ўша миллат даҳоси, миллий қиёфаси, руҳияти ҳақида хабар беради.

Ҳаётда ҳар бир инсон бирор-бир ютуққа эришишни, жамиятда ўз ўрнини топишни, она юрти тараққиёти учун керакли инсон бўлишни хоҳлайди ва шу мақсадда олға қараб интилади. Ана шу истакларни амалга ошириш учун, биринчи навбатда, унинг билими, ҳаракати, қилаётган меҳнатлари билан бирга унинг муомаласи, сўзлашув маданияти ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Айтишади-ку, “Ширинсўз — жон озиғи” деб, қай бир ишга қўл урмайлик агар, биз ширинсўз, дилкаш ва муомалали бўлсак, бошлаган ишимиз тез ва осон натижа беради. Кўпинча, бобо ва бувиларимиз билан суҳбатлашганимизда уларнинг гапларини тез ил­ғаб оламиз, ўз-ўзидан хотирамизда ҳам узоқ вақтгача муҳрланиб қолади. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг сўз қўллаш санъатидир. Ҳар бир сўз аниқ мақсадга, тар­бияга қаратилган. Қай бир сўздан қандай вазиятда, қай ҳолда фойдаланишни улар яхши билишади. Мен ҳам бобом ва бувим билан кўп суҳбатлашганим учунми ёки устозларимнинг берган билимлари натижасидами кўпинча кўча-кўйда юрганимда, одамлар билан суҳбатлашганимда, телевизор томоша қилаётганимда сўзларни ноўрин, нотўғри қўлланилаётганини кўриб чидолмай қоламан.

Телевизорда чиқаётган сухандонларимиз “Япония” сўзини “Йипония” айрим хонандаларимиз қўшиқларида “Она тупроқ” сўзини “Уна тупрак” деб русча талаффузда, юзаки бир ҳолатда айтган ҳолларда юрагим оғриб кетади. Тўғри, хатолар ҳамма телерадиоканалларда ҳам учрамайди. Бу кўпроқ хусусий телеканалларга тегишлидир. “Бажонудилдан”, “бениҳоятда”, “бағоятда” сингари ясама сўзлар, боши-охири йўқ, келишик қўшимчалари аралашиб кетган мантиқсиз гаплар кўп.

Гоҳо самолётда учиш олдидан эълон ўқиган қизнинг овозини эшитганда дод деб юборгингиз келади. Негаки, инглиз, рус тилидаги нутқи шундай равон, шундай чиройли, аммо ўзбекчасини эшитишга унча-мунча одамнинг тоқати ҳам, асаби ҳам чидамайди. Шу ўринда беихтиёр атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг қуйидаги шеъри ёдга тушади:

Парвоз чоғи тайёранинг

дилбар келини,

Кўк тоқини бизга тахти

Сулаймон қилди.

Лекин эълон ўқиганда

ўзбек тилини,

Давлат тили бўлганига

пушаймон қилди.

Яқинда, бир устозимнинг таклифи билан Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” номли китобини қўлга олдим. Китоб жудаям қизиқарли экан, уни ўқиш жараёнида яна кўплаб сўз қўллаш билан боғлиқ бўлган хатоларимизни тушуниб етдим. Қарангки, кундалик ҳаётимизда учратадиган оддийгина тўйга чақириш учун тайёрланадиган таклифномаларга ҳам хато ёзар эканмиз. “Тўйга чорлаганда таклиф қиламиз ёки лутфан ташриф буюришингизни сўраймиз, дейилади. Бизга биринчи жумла ўта қисқа иккинчиси ўта узун туюлиб, ўртачасини танлаймиз: Лутфан таклиф қиламиз! Ўзимиз билмаган ҳолда меҳмонни камситиб, ўз шахсимизни улуғлаймиз.” (“Сўз латофати” китобидан). Шу билан биргаликда мана шу китобда тилимиз билан боғлиқ қисқартмаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Кўзинг­ни оч, оёқ остингга қара, деган гапни қисқача қилиб, кўзингга қара, деймиз ва қизиқчиларимизга кулгу бўламиз. Сўзни қисқартиришга жуда устамиз. Муҳаммад Раҳим деган исмни Мамараим, бу ҳам узун туюлиб Мараим деймиз. Ёки хоразмлик Марим деб қўямиз. Анжан, Ангрен, Бувайди, Риштон, Хўжаландарбува… руйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бу номлар асл маъносини йўқотиб бўлган”. Ҳақиқатан ҳам ўйлаб кўрсак, истеъмолда кўплаб мана шундай асл маъносини йўқотган сўзлар борлигини кўрамиз. Ёшлар, тенгдошларимиздан сўрасак, кўплари асл маъносини айтиб беролмайди. Ахир, тил, сўз инсонга фақатгина ўз манфаатларини қондириш учунгина эмас, балки ўзидаги фикр-ўй, туйғуларини келажак авлодга етказиш учун ҳам берилган-ку!

Шундай экан, нега унинг соф­лигини сақлаган ҳолда қўлламаслигимиз керак? Сўз ҳам, тил ҳам аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган катта меросдир. Мерос бўлганда ҳам омонат меросдир. Сўз, менинг назаримда, тирик жондай, ўз ўрнида қўлламасак, унинг ҳам жони оғрийди. Ўринсиз қисқартиришлар, тирик кабутарнинг қанотлари, патларини юлиш билан баробардир.

Бир куни интернетдан маълумот қидираётиб бир мактабнинг она тили ўқитувчиси томонидан ёзилган, “Ўзбек тили — миллатимизнинг фахридир” деб номланган тадбир сценарийсига кўзим тушди. Унда тилимизнинг бойлиги, жозибаси, нозик ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борган ва ҳар доим уни тўғри қўллашимиз, софлигини сақлашимиз керак деган даъват билан тугатилган. Бироқ сценарийни биринчи варағига қарасангиз, катта қилиб, “Табир сценарийси” деб ёзиб қўйилган сўзга кўзингиз тушади. Унда “ў қ ҳ ғ” харфлари русча шрифтда шундай “у к х г” тарзида ёзилган. Қатор ҳолларда айириш — “ъ” белгиси юмшатиш — “ь” белгиси билан алмаштириб юборилган. Буни қарангга, тил коидаларига риоя қилиш, саводхонлик тўғрисидаги сценарийда шунча хато бўлса? Буни кўриб, қандай хулоса чиқариш мумкин?

Маърифатпарвар адибимиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмоқ миллатнинг руҳини йўқотмоқдир”, деб бежизга айтмаган.

Қаранг, бугун дунёда 5621 та тил мавжуд. Энг ташвишланарлиси, шулардан 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Жаҳондаги мана шу мавжуд тиллардан фақат қирқтасигина ёзма ва оғзаки жиҳатдан мукаммал шаклланган ҳисобланар экан. Уларнинг ичида ўзбек тилининг ҳам борлиги, албатта, ҳар биримизга чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди. Тилимизни ҳозирдан асраб-авайламасак, унинг қонун-қоидаларига риоя қилмасак, софлигини сақлай олмасак, бора-бора унинг қадр-қимматини йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Аждодларимиз томонидан яратилган ўзбек тили асрлар оша ривожланиб, янада сайқалланиб, юксак маданий тилга айланганлиги ва ўзининг тарихийлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Сўзлашув тилимизнинг бугунги ҳолатига қарасак, унчалик ҳам кўнгилдагидек эмас. Тилни қўллаш жараёнидаги хатолар ҳақида гап кетганда ёшларнинг ўзаро ёзув ор­қали ахборот алмашиш майдони бўлган ижтимоий тармоқлардаги ғализликларни тилга олмай иложимиз йўқ. Лекин нафақат ижтимоий тармоқларда, балки кундалик ҳаётимизда ҳам бундай хатолар ошдан чиққан тошдек тишимизга тегади. Тилимиз хусусида сўзлаш, мавжуд хатолар ҳақида бонг уриш учун маълум санани кутиш, бу кун ўтгач эса хатоларимиз ўз ўрнида давом этиши кўнгилга ғашлик солади. Ахир ўзбек тилининг софлиги учун курашиш мавсумий эмас, у фақат маълум зиёлиларнинг иши эмас-ку!

Шунга қарамай, “кўча шеваси” эфирларда, қўшиқларда, ижтимоий тармоқларда потраб ётибди. Телекўрсатувлар титрлари, интернет сайтларида кетаётган хатолар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Техника тараққиёти, тиллар орасидаги муносабат янги-янги сўзларни истеъмолга киритди. Ҳар куни телефонларимизга келаётган СМС хабарларини ўқиб, ундаги хатоларни кўриб, эсинг кетай дейди. Кўча-кўйда “Фотогириф ҳизмати”га ҳам, “Минг ҳил турдаги обойлар”га ҳам, “ошҳона, дориҳона”, “Калла почча”ларга ҳам дуч келасиз.

Кўпчилик бугунги хато ёзишларга, ёзишмаларга икки ёзувга эгалигимизни рўкач қилади. Бу бир баҳона, холос. Ўрганишни, тўғри ёзишни истаган одамга имконият жуда кўп. Масалан, бир онахон невараларига дарс қилдириш учун лотин ёзувини мукаммал ўрганиб олибди. Энди унинг неваралари икки ёзувда ҳам тўғри ёзишади. Чунки бувижонларнинг меҳр билан ўргатишларида гап катта. Яна бир она фарзандлари қўл телефонига хато хабар ёзса, жавоб бермаслигини айт­ган экан. Энди бу фарзандлар онасидан жавоб олиш учун ҳам тўғри ёзишга мажбур бўлишади. Бу ҳам тарбиянинг бир кўриниши. Онасидан тўғри ёзишни ўзлаштирган ёшлар ўртоқларига ҳам, бошқаларга ҳам тўғри ёзади, керак бўлса, ўзларига эргаштиради. Худди шунақа усулларни барчамиз ўзимиздан бошласак, тил муаммоси деган тушунча пайдо бўлмас эди.

Агар шифокор мен тилшунос эмасман деб, тадбиркорларимиз бу менинг ишим эмас деб, қурувчиларимиз эса бунга бош қотиришга вақтим йуқ, деб, хато ёзишга одатланадиган бўлса, у ҳолда ким тилимиз софлигини сақлашга хизмат қилади? Маънавият соҳасида ишловчи бир устозимиз, ҳатто бухгалтерия тўлов қоғозларида хатоликлар бўлса ҳам унга имзо қўймас, уни дарҳол тўғрилашни талаб қилар эди. Ана шундай талабчанлик бугун ҳар биримиз учун кундалик муҳим вазифага айланиши керак. Онага, Она Ватанга беҳурматлик қилган инсон катта гуноҳкор бўлади. Биз Она тилига ҳам ана шундай юксак ҳурмат ва эъзоз билан қарашимиз керак эмасми?

Анора Ҳожиматова,

Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =