Улгуриш санъати

Албатта, вақтни тўғри истифода этиш, ўтган кундан керакли хулосаларни чиқара олиш кўп нарсани ҳал этади. Буюк ёзувчи ва шоирлар, олимлар, давлат ва жамоат арбоблари ҳаёти ҳақида ўйласам, уларнинг улгуриш санъати қаршисида лол қоламан. Хўш, қандай қилиб вақтдан ўзиб кетиш мумкин?..

Шу саволга жавоб излаб айрим адиб ва илм аҳлининг таржимаи ҳолини ўқиб чиқдим. Менга ҳамма каби тирикчилик ташвишлари билан ҳаёт қозонида қайнаётган ижодкорларнинг ўзларидан ортиб қилаётган яратиқлари ўта қизиқарли эди. Аввалдан ўзим яхши кўрадиган ёзувчи ва шоирлар билан суҳбатлашсам бутун дунёни унутиб юборардим. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Ҳеч кимни айбситмаган ҳолда айтишим мумкин, сўнгги йилларда адабиёт майдонида устоз-шогирдлик анъаналари бироз суст­лашди. Катта авлод вакиллари ўзларининг ҳаёт-фаолияти ва ижоди ҳақида ёшларнинг тўлақонли маълумотга эга бўлишини исташлари рост. Табиийки, қалам тебрата бошлаган ёш қаламкашлар ҳам уларга талпинади. Аммо бу икки авлод вакилларини бирлаштириб турувчи ришта у қадар кўзга ташланмайди.

Тўғри, давр силсиласидаги ўзгаришлар, тараққиёт билан мос тарзда инсониятнинг дунёқараши, тасаввур олами, муомала ва муносабатлари шаклланиб боради. Узоққа бормай, ўзимнинг ҳаётимда момомнинг таъсири жуда катта бўлган. Лицейни тамомлаган йилим олий ўқув юртига ўқишга кира олмадим. Кечаю-кундуз ўқишга тайёргарлик кўраман. Уйдаги ягона вазифам — дард чекиб ётиб қолган момомнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиш. Ёнларига қишлоғимизнинг кайвони аёллари кўп келишади.

Ўшанда ўқишга кира олмаганимга кўп куюнган бўлсам, йиллар ўтиб, кекса момомнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишимга сабаб бўлгани учун буни ҳикматга йўйдим. “Берган дардингга шукр”, дея инг­ранганлари ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Орадан 16 йил ўтиб, берган насиҳатлари, сабоқлари, ўзларининг ўрнак бўлгулик умр йўлларидан маънавий озуқа олганимни янада чуқурроқ ҳис қиламан.

Муқаддас риштадан бебаҳра қолган айрим авлод вакилларининг ҳолига ачинаман. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Шаҳидлар хиёбони” ёдгорлик мажмуасини узоқ айландим. Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитратлар… сиймоси кўз олдимдан бир-бир ўтди. Улар теран нигоҳлари билан бизни жи-им кузатиб турарди гўё. Ана шундай зиёлилар миллатим, элим, юртим деб жонфидо қилганди.

Шу ҳақда ўйларканман мажмуада қўлтиқлашиб юрган, ўриндиқларда бир-бирлари билан қапишиб турган, қаерда юрганини хаёлига ҳам келтирмаётган айрим ёшларга кўзим тушар экан, улуғлар хотираси олдида мулзам тортдим. Улар жонлари халқумига келганида ҳамда “миллатим” дея ҳайқирганларида мана шуларни назарда тутганмиди?!

Усмон Носир Сибир ўрмонларида жон таслим қилаётганида келажак авлодни қандай тасаввур қилган экан-а!?

Улар минг бир машаққат орасида ҳам ўзларини йўқотмаганлар, аксинча, мақсадлари йўлида қатъийлашганлар. Албатта, бутун бир авлодни инкор қилиш ниятида эмасман. Дунё билан бўйлашаётган ёшларни кўрганда кўнглим фахру ифтихорга тўлади. Халқаро фан олимпиадаларида қанчадан-қанча ўқувчиларимиз олтин медаль сов­риндори бўлаяпти. Халқаро Гран-при соҳиб ва соҳибалари бўлган ёш шахматчилар, мусиқачиларнинг саноғидан адашиб кетасиз…

Аслида ҳам азалдан мамлакатимиз олиму уламо, адиблару ҳассос шоирларга бой бўлганини бугун жаҳон аҳли тан олади. Бир вақтлар ўспирин-ёшлар елкага тўнни ташлаб, шаҳарма-шаҳар юриб, устозларга шогирд тушиб, хизматини қилиб, улардан илм ўрганган. Вақт ўтиб, она юртга баркамол инсон, етук олим бўлиб қайтишган.

Ўзимга эътирозим, кўп нарсани дўндирмаган ҳолда, танқид қилиш ва инкор этишга устадекман. Бирон ижодкорнинг асарларини мукаммал ўрганмай туриб, хулосалар чиқаришдан олдин, асарни ўқиб, кейин фикр айтиш афзалдек туюлади. Баъзан гапга чечанларга дуч келсам, бир дўстимнинг: “Ҳеч нарса қилмаган одам максималист бўлади”, деган гапи эсимга келади. Бу кетишда ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” ҳи­коясидаги бош қаҳрамоннинг ҳолига тушиб, ёшимиз бир жойга борганда: “Худойим! Мени ўттиз йил орқага қайтар, Худойим… Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар…”, дея Парвардигорга тавалло қилмасак, деб қўрқаман…

Азиз Норқулов

Бахмал тумани.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + seventeen =