Улуғ адибнинг сўнгги манзили…

(“Ўйлаб топилмаган ҳикоялар” туркумидан)

Ҳа, айтгандай, Эски шаҳарнинг Жангоҳ мавзеидаги кейинроқ Абдулла Қодирий номи берилган боғда ёзувчининг ҳайкали ўрнатилган. Ҳайкалтарош ўз асарини бу зотнинг фожиали қисмати қандай якун топганини яхши билиб, англаб яратибди. Адиб ғиштлар ичидан йиғламсираб чиқиб тургандай, яъни ҳаққоний тасвирланибди…

Бу воқеага 30 йилча бўлди. Унда юртимиз ҳали мустақилликка эришмаган, аммо собиқ Иттифоқнинг курсисига зил кетиб, “қайта қуриш, қайта бузиш”, деган давр кечаётган паллалар эди.

Ўшанда пойтахтдаги энг муҳташам томошагоҳларнинг бирида Абдулла Қодирий таваллудига тўқсон беш йил тўлиши тантанали нишонланаётган эди. Томошахона одамлар билан лиқ тўла, “дангира-дунгур”у, “гумбура-гумбур” авжида. Улар орасида атоқли адибимизнинг ҳақиқий мухлислари қанча-ю, шунчаки томоша учун келганлари қанча — билиш қийин. Аммо марҳум адиб аза-тўйининг тўрида — саҳнани тўлдириб қўр тўкиб ўтирганлардан икки-уч чин қалам аҳли-ю, уч-тўрт меҳмонни истисно қилганда, қолганлари шунчаки — хизмат юзасидан келганлар. Яна рўйхат бўйича таклиф этилган казо-казолар. Яна адибни тириклигида туртганлар қолмаган бўлса-да, унинг гўрига бир замонлар роса ғишт қалаганлар ҳам бор эди. Таассуф. Кўра-била туриб оқни қора, ҳақиқатни ёлғон қилиб кўрсатувчилар, эзгуликни ерга уриб, ноҳақликка қуллуқ қилувчилар, ичи қора ҳасадгўйлар ва ҳоказо… Улар “замона ҳалиям бизники, хўш, сенларнинг қўлингдан нима келарди?” дегандай пастдагиларга, оддий одамларга юқоридан герда­йиб, кўзойнакларини ялтиратиб қарашар, ўз суянчиқлари — ўртани эгаллаб олган мустабид мафкура амалдорларига ялтоқланишарди. Шу топда хаёлимдан кечган ўйга қаранг, мабодо мўъжиза юз берса-ю, маслагу имонда собит Абдулла Қодирий тирилиб бу ерга келиб қолса ва ўз тўйида ўтирган бу имони суст “зот”ларни кўрса борми, изларига шартта қайтворган бўлармидилар…

Лекин ҳар қалай, таваллуд тўйи, келган меҳмонни “кет”, деб бўлмайди, бунинг устига адибнинг бу сафарги таваллуд куни яхшилаб “уюштирилган”. (Адибни отган мустабид тузум бу билан гўё ўз айбини “ювиб” юбормоқчидай…) Адибнинг минбарга чиқиб бўзлаган бир-икки мухлисларидан кейин бошланиб кетган турли “табрик”лар, “гулдурос қарсаклар” тугагач, унинг ҳаёт қолган якка-ю ягона ўғли Маъсуд ака сўз олди. Унинг гаплари сал бошқачароқ чиқди. “Мен отам отиб ўлдирилган жойни узоқ излаб, охири топдим, — деди Маъсуд ака. — У Бўрижар ариғининг нариги томонидаги бир тепалик экан. Ўттизинчи йилларда бу ерга кечалари кимларнидир олиб келиб отишларини кексалар билишар экан, ҳаттоки, уйи шу тепаликка яқинроқ бўлганлар “оҳ-воҳ” овозларини ҳам эшитишаркан. Эрталабга бориб қарашса, наридан-бери кўмиб кетилган дўнгликлардан отилган одамнинг қўли ё оёғи чиқиб қолган бўларкан, унинг устига тупроқ тортиб, марҳумнинг руҳига бир пора қуръон ўқиб, дуойи-фотиҳа ҳам қилиб қўйишаркан… Мен отамни отган одамни ҳам излаб-излаб топдим, ҳозир нафақахўр экан. Ундан: “Менинг отам ўлими олдидан нима деди, шуни айтиб беринг”, десам, у киши: “Айтолмайман, бу — секрет”, дейди. Ахир, менинг отам бегуноҳдан-бегуноҳ отилган бўлса, орадан шунча йил ўтган бўлса, бунинг яна нимаси “сир” бўлиши керак?” Маъсуд аканинг гапларини эшитиб, “Э, Худо, бундай гапларни шу қадар босиқлик, дардини ичига ютиб, кўзлари ёшланмасдан айта олган одамга ўзинг тўзим бер!”, дейсан киши беихтиёр. Маъсуд ака ҳайъатда ўтирган амалдорларга мурожаат қилиб: “Илтимос, отамнинг охирги сўзларини билиб беринглар”, деди. Ҳайъатдагилар эса инсон боласи тоқат қилолмайдиган бундай дил ноласига ўзларича “чуқур маъноли” бош қимирлатиш билан жавоб қилдилар.

Кейин саҳнада чилдирма “гиж-банг”лаб, раққосалар хиром қила бошлашди. Энди таваллуд тўйининг “бадиий қисми” бошланган эди. Аллақайси санъаткор Абдулла Қодирийми, ё Отабекми бўлиб чиқди, кимдир унинг “ёр”и бўлди, хуллас, бўяма-бежама, чучмал ашула-ю рақс­лар авжига чиқди, томоша ишқибозларига Худо берди.

Саҳнадаги ўйин-кулги энди бошланган эди ҳамки, мен Маъсуд аканинг ташқарига чиқиб кетаётганини кўриб қолдим. Адибнинг катта ўғли — Ҳабибулло ака билан яқин эдим, Маъсуд акани гарчи билсам ҳам шахсан танишлигим йўқ эди. Шундай бўлса ҳам унга шу топда нимадир дегим келди-ю, орқаларидан чиқдим. Қарасам, у киши кийимлар ечиб қолдириладиган жойга қараб юрдилар. Ҳа, турган гапки, отиб ўлдирилган отага бағишланган бунақа “гиж-баданг” томоша унинг кўнглига сиғмасди. Мен қадамимни тезлатиб у кишига етдиму, Маъсуд акани тўхтатдим, кейин, аниқ эсимда йўқ, товушим оғзимга тиқилиб: “Маъсуд ака, шундай оғир гапларни айта олганингиз учун сизга минг раҳмат, отангизнинг руҳи-поклари қўлласин”, дегандай гап қилдим. “Раҳмат”, дедилар Маъсуд ака худди отасиникига ўхшаган тим-қора, тийрак кўзларини менга тикиб. Бу ёғи — касбим матбуотчилик эмасми — мен у кишидан ўша машъум тепалик қаерда эканини сўрадим. У киши ўша тепалик Юнусобод томонда, Бўрижар ариғининг нариги қирғоғида эканини, номини эса “Б…тепа” дейилишини айтди. (Ҳайҳот, қарангки, ўша даврда бу тепаликда бегуноҳларни отиб ташлаб, яна устига шаҳар ахлатларини ҳам ташлашар экан. Шунинг учун бу ер шундай деб аталар экан). Мен у тепаликнинг ҳозир бор-йўқлигини суриштирдим. Маъсуд акага менинг кетма-кет шитоб билан савол беришим унча ўтиришмади, шекилли, қошларини бир чимириб олдилар, кейин тепаликнинг тупроғини олиб, ундан шу йўлнинг бу ёнидаги хумдонда ғишт ясалганини айтиб бердилар. “Аммо ўша тепаликнинг тупроғи ғишт ясаш учун ярамабди, суйилиб кетаверибди, шунда бир машина тупроқни ўша тепаликдан, бир машинани эса бош­қа тепаликдан олиб, аралаштириб кейин ғишт қилишган эканлар…” Суҳбатимиз нима билан тугагани аниқ эсимда йўқ, мен Маъсуд аканинг қўлларини сиқдим, нималардир яхши тилаклар тиладим.

Эртасига эса атайлаб ўша, Маъсуд ака айтган тепаликни кўргани бордим. Аммо у тепаликдан ному нишон қолмаган, йўлнинг чап томонидаги ғишт хумдони ҳам йўқ эди. Абдулла Қодирий хоки аралашиб кетган тупроқдан ясалган ғиштлар…

Бу воқеадан кейин мен “Шаҳидтепа қаерда?” деган мақола ёздим ва унда Маъсуд акадан олган маълумотларим, ўзим бориб суриштирганларим асосида Абдулла Қодирий, Чўлпон ва ўттиз еттинчи йилнинг бош­қа сиёсий қатоғонлари қатл этилган жой Бўрижар ариғи ёнидаги тепаликда эканлигини маълум қилдим. “Туркистон” газетасининг (ҳозирги “Ўшлар овози”) 1992 йил 1 апрель сонида босилиб чиққан бу мақола мазкур масала ҳақидаги биринчи маълумот эди. Кейинчалик бу ерда ҳозирги “Шаҳидлар хотираси” мажмуи қурилди.

Ҳа, айтгандай, Эски шаҳарнинг Жангоб мавзеидаги кейинроқ Абдулла Қодирий номи берилган боғда ёзувчининг ҳайкали ўрнатилган. Ҳайкалтарош ўз асарини бу зотнинг фожиали қисмати қандай якун топганини яхши билиб, англаб яратибди. Адиб ғиштлар ичидан йиғламсираб чиқиб тургандай, яъни ҳаққоний тасвирланибди…

Мухтор Худойқулов,

ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 12 =