Янгиликлар. Хабарлар. Воқеалар.

Банк тизими ислоҳ этилади

Тошкент. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда Молия вазирлиги ҳамда Марказий банк раҳбариятига Жаҳон банки тажрибасидан келиб чиқиб, банк секторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни якунлаш вазифаси қўйилди.

Янги бино ва янги қўшма корхона

Самарқанд. Пахтачи туманида “Мадина савдо белгиси” хусусий қурилиш корхонаси томонидан 3 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган икки қаватли Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Ориф Холиқулов.

Касб байрами нишонланди

Фарғона. Қўқон шаҳридаги “Ўзбегим” тантаналар саройида 25 октябрь — Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган бир қатор Қўқон шаҳар ИИБ ходимларига “Фахрий ёрлиқ”лар ва эсдалик совғаларини топширди.

Маруфа Солиева.

Режа бажарилди

Қорақалпоғистон. 2019 йил режасига кўра, қорақалпоғистонлик пахтакорлар давлатга 184 200 тонна пахта хомашёсини топшириши лозим эди. 26 октябрь ҳолатига кўра, ҳудуддаги жами 2523 фермер хўжалиги режани 100,54 фоизга бажарди. 185 195 тонналик хирмон кўтариб, Қорақалпоғистон Республикаси Фарғона ва Андижон вилоятларидан кейин учинчи бўлди.

Гўзал Якудаева.

Ҳарбийлар машғулоти

Сурхондарё. Ҳудудда жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда кўргазмали-услубий машғулот ўтказилди. Унда ҳарбий қисм командирлари, бўлинма командирлари ва уларнинг ўринбосарлари жалб қилиниб, ностандарт вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини оширишга эътибор қаратилди.

Азимбек Самадов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =