Янгиликлар. Хабарлар. Воқеалар

Регби спорт тури ривожланади

Тошкент. Куни кеча Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда регбини янада ривожлантириш, ушбу спорт турини республика аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш ҳақида сўз боради. Жумладан, қарорда юқори сифатли ўқув-машқ жараёнини таъминлаш, регбичилар, тренерлар ва ҳакамларнинг маҳорат даражаси ва малакасини доимий ошириб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилган.

Мўйноқда янги объектлар

Қорақалпоғистон. Мўйноқда бир кунда 7 та янги объект фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан янгидан қурилган «Future Muynak» ахборот технологиялар маркази ва «Вookcafe», замонавий типдаги электр тармоқлари мажмуаси, 70 ўринли “Сурхон қуёши” болалар боғчаси, Болалар мусиқа ва санъат мактаби, “Орол денгизи тарихи” музейи ва бошқа янги бинолар шулар жумласидан.Ушбу объектлар туман кўркига кўрк қўшиш баробарида маҳаллий аҳолининг турмушини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ёшларнинг билим олиши, ҳунар ўрганиши, маданият ва санъатга қизиқишининг ортишида муҳим аҳамиятга эга.

Гўзал Якудаева.

Қулайлик

Бухоро. Президентимизнинг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори асосида яшаб турган уй-жойларига эгалик ҳуқуқи бўлмаган Қоракўл туманининг 6352 нафар фуқаросига эгалик ҳуқуқи берилди.

— Шунингдек, яқинда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан энг сўнги технологиялар билан жиҳозланган шинам маъмурий бино фойдаланишга топширилди, — дейди вилоят “Ермулккадастр” ДК бош муҳандиси Маъруф Атаков.

Шавкат Носиров.

Саломатлик семинари

Самарқанд. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида намунали бирламчи тиббиёт муассасаларини ташкил этиш ҳамда унга қўйиладиган талабларга доир семинар ўтказилди. Маросимда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоиловлар сўзга чиқиб, тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталдилар. Тадбир давомида вилоятдаги тез тиббий ёрдам шохобчаларига 20 та махсус “Damas” автомашиналари топширилди.

Ориф Холиқулов.

“Ёш қутқарувчи”

Навоий. Қизилтепа туманида мактаб ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақаси ўтказилди. Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қизилтепа тумани ЎСТК, мудофаа, халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада ҳудуддаги 4-, 13-, 22-, 33- ва 42-умумтаълим мактаби жамоалари ўзаро беллашди.

Аҳоли, айниқса, ёшларни фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш, уларнинг билим ва малакасини ошириш, чaққoнлик, чидaмлилик ва тeзкoрлигини ошириш мақсадида ташкил этилган мусобақада иштирокчилар 5 та шарт асосида куч синашди.

Х. Аҳмаджонова.

Сув келтирган элда азиз

Хоразм. Айни кунларда ҳудуд аҳлининг қувончи чексиз. Янги ичимлик сув тармоқларини қуриш ва сув тарқатиш иншоотларини реконструкция қилиш ишлари якунланиб, бирданига 5 та объект фойдаланишга топширилди.

Инвестиция ҳамда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастурлари доирасида Хазорасп тумани, Питнак шаҳрида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган суткасига 4000 м3 ичимлик сувини етказиб берувчи сув тармоқлари қурилди. Умумий қиймати 1,9 млрд. сўм ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди.

Д. Ўралова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =