«Матбуотнинг вазифаси фақат «шов-шув» кўтариш эмас…»

Хоразм вилоятининг Хива туманида чоп этилаётган “Хива тонги” газетаси бош муҳаррири Шержон Машарипов билан бўлган суҳбатимиз ҳам туман газеталарининг матбуотдаги ўрни, улар айтаётган Сўзнинг қадру қиймати ҳақида бўлди.

Бугун матбуот ҳақида турли мулоҳазалар, мунозаралар, аксил фикрлар авж олаётган бир замонда туман газетаси деган ибора ҳар кимда турлича фикр уйғотиши табиий. Бугун марказда чоп этилаётган газеталар сафига туман газеталарини қўйиб таққослаш бироз мушкул. Бироқ масалага моҳиятан ёндашсак, бу газеталарнинг чўғи баланд, чунки етишиб чиқаётган ижодкор ва журналистларнинг, зиёлиларнинг кўпчилигига дастлаб туман газеталари устозлик қилади, ўз заминининг бирорта истеъдодига бефарқ бўлмайди.

Хоразм вилоятининг Хива туманида чоп этилаётган “Хива тонги” газетаси бош муҳаррири Шержон Машарипов билан бўлган суҳбатимиз ҳам туман газеталарининг матбуотдаги ўрни, улар айтаётган Сўзнинг қадру қиймати ҳақида бўлди.

— Шержон ака, назаримда бугун халқнинг дарди кўпайиб кетаётгандай… Баъзида гир атрофинг айлана муаммолар оқимига тушиб қолгандай ҳис қиласан ўзингни. Сиз нима деб ўйлайсиз, одамлар муаммоларга тез ечим топиш иштиёқига тушиб қолишганми ёки ота-боболаримиз дастуруламал қилиб олган “сабр” деган фазилатдан мосуво бўлишганми, ёхуд устоз шоир Матназар Абдулҳаким айтганидай, журналистларнинг ўзлари муаммоли жойларга “Тез ёрдам” машинаси монанд чинқириб етиб боришаяптими?

— Бу дунёда энг уйғоқ касб эгаси журналист, деб айтган бўлардим. Унинг вужуди ухлаши мумкин, бироқ қалби ҳеч қачон ухламайди. Сиз айтмоқчи, Матназар аканинг фикрлари давомида Гётенинг “Дунё дарз кетса унинг чизиғи шоирнинг юрагидан ўтади”, деган гапи бежизга келтирилмаган. Бу чизиқ фақат шоирнинг эмас, Сўзни байроқдай кўтариб чиққан ҳар бир одамнинг юрагидан ўтади.

Ҳеч бир замон муаммолардан холи бўлмаган. Фақат, газеталар, журналистлар бу борада, яъни муаммоларни ўрганиш, унга чора топиш борасида доимо илғор, пешқадамдир.

Газетамизда “Сизни таҳририят эшитади” деган рукнимиз бор. Шу рукнда биз хат орқали келган, ўзи ташриф буюрган ёки қўнғироқ орқали қилинган мурожаатларга жавоб берамиз. Газетамизда ранг-баранг материалларнинг берилаётгани ҳаёт билан ҳамқадам бўлишимизда деб биламан.

— Бугун ижтимоий тармоқларнинг босма оммавий ахборот воситаларидан ўзиб кетгани бор гап. Ижтимоий тармоқлардаги тезкорлик, кескинлик, холислик босма нашрларда етишмаяпти деб ўйлайсизми?

— Ижтимоий тармоқлар, дейлик, оддий kun.uz, xabar.uz ва ҳоказо сайтларини оладиган бўлсак, бир кунда камида 3-4 та шов-шув бўладиган материалларни беради. Бироқ матбуотнинг вазифаси фақат шов-шув кўтариш эмас, вазиятни ўрганиб, уни таҳлил қилиш, муаммога ечим топиш ва вазиятни тўғри ва холис баҳолашдан иборат.

— Лекин бир гапни айтмоқчи эдим, бундай фурсатда босма оммавий ахборот воситалари ҳам қўлини чўнтакка тиқиб, ижтимоий тармоқлар тар­қатган ахборотларга маҳлиё бўлиб ўтиравермаса керак…

— Бугун ахборот дунёни бошқаряпти. Кеча ҳам шундай эди ва бу эртага ҳам давом этади. 1996 йилда Хивага Франция президенти Франсуа Миттеран келган эди. Буюк мартабали меҳмон Хива гўзаллигидан қаттиқ ҳайратланган эди. Буларнинг ҳар бири газеталаримиз саҳифаларида тарихий далил сифатида сақланиб турибди. Айтмоқчиманки, газета у ахборот тарқатувчи восита сифатида фақат бугунга хизмат қилиши мумкин. Бироқ у тарих, архив, солнома сифатида ҳар қандай аср­га хизмат қилади. Мана, кўряпсизми, босма ахборот воситасининг хизматини? Ҳеч шубҳасиз айта оламанки, агар буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирий ёки Абдурауф Фитратнинг публицистикаси агар ўша замонда аллақайси сайтларда чоп этилганда эди, эҳтимол бугун босма ҳолатда биз уни кўзимизга суриб ўқий олмаган бўлар эдик. Айнан босма омма­вий ахборот воситаси бўлгани учунгина биз улардан ҳар қандай замонда баҳраманд бўлаяпмиз.

— Жадидларимиз чиқарган газеталарни ўқисам, уларнинг публицистикаси жуда пишиқ бўлганини, ҳар бир давр учун муҳим бўлган масалалар кўтарилганини кўраман. Сизнингча, бугунги журналист — ким? Бугунги кун журналистикасидаги салоҳият ва журъатни миллат ойдинлари бўлган жадидларимиз журналистикаси билан солиштириб бўладими? Яъни бугунги кун журналисти учун журъат ва жасорат этикаси қай даражада муҳим деб ўйлайсиз?

— Албатта, журналистикамиз журъатли бўлиши шарт. Аммо журъатли бўлиш бу оғзингга келган гапни айтиш дегани эмас, жасоратли бўлиш бу воқеликни оёғини осмондан қилиб кўрсатиш ҳам эмас. Сиз жуда тўғри айтдингиз, ҳар қандай журъатнинг, ҳар қандай жасоратнинг этикаси бўлиши керак. Абдурауф Фитратнинг “Тилимиз” мақоласини ўқиб кўринг. У ҳар қандай даврда эскирмайдиган, ўз латофатини йўқотмайдиган мақола. Уларда таҳлил бор, муаммоларга кенг миқ­ёсда ёндашиш бор, кескинлик бор, мулоҳаза ва таклиф бор. Лекин ҳар бир масалага юксак шарқона маданият ва этика билан ёндошилгани сезилади. Менинг назаримда вужуди эмас, қалби зиёли одамнинг мулоҳазаси ана шундай бўлади. Фитратнинг ўша мақоласи ёзилгандан буён жуда кўп сувлар оқиб ўтди. Бироқ тилимизнинг нақадар бой ва шунинг баробарида нақадар “бахтсиз” эканлигини ҳозирги кунгача менинг назаримда Фитратчалик ҳеч ким очиб беролгани йўқ.

Устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев мақолаларидаги теранликни, Фарруҳ Жаббордаги учқур маҳоратни ҳар бир аср журналистикаси билан таққосласа бўлади, назаримда. Зиё кўрган одамлар ўз миллатининг зиёлиларини, миллат ойдинларини қадрлай олади.Ўзи яшаётган замондан, ўз фаолиятидан қониқмаслик ҳисси яхши, албатта. Бироқ биз бу учун Вақтга, келгуси асрларга терс қарашга маҳкум эмасмиз.

— Хива сайёҳлар шаҳри. Газетани тайёрлашда бу жиҳатга ҳам эътибор қаратасизларми?

— Хива туризм шаҳри бўлгани учун йилига бир миллиондан ортиқ ички ва ташқи сайёҳлар келишади. Ўтган йилнинг ўзида 1 миллион 300 нафар турист келиб кетган. “Хива сайёҳлар нигоҳида” деган рубрикамиз бор. Шунда сайёҳларнинг Хива ҳақидаги таассуротларини бериб борамиз.

Яна бир ҳайратланарли нарсани айтиб ўтмоқчиман. 1994 йилда Хью Бернеде деган фуқаро Лондондан Хивамизга етти ярим минг километр йўл босиб мотоциклда келганди.

Мен ундан шунча йўл босиб мотоциклда келмасдан самолётда келсангиз бўларди-ку, десам, “йўқ, мен табиийликни яхши кўраман, йўл-йўлакай қанча мамлакатларни кўриб келдим. Мақсадим шуки, бобом бундан 120 йил аввал Хивада бўлган, бориб китоб ёзган. Мен ўша китобнинг давомини ёзмоқчиман”, деганди.

— Олдинлари олий ўқув юртларини битирганлар ўзи яшаётган вилоятга бориб, ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда эса ҳамма иложи борича марказда қолишга талпинмоқда. Бу туришда бора-бора маҳаллий ишхоналарда етук кадрларга талаб кучайиши бор гап. Бу ҳолни сиз қандай баҳолайсиз?

— Агар республикамизда бугунги кунда 1500 дан зи±д оммавий ахборот воситалари бўладиган бўлса, булар орасида “Хива тонги”нинг ўз ўрни, ўз овози бор. Баъзида ҳайрон қоламан, биздан ўтган асрнинг 40-50 йилларидаги газеталарни сўраб келишади. Китобхонликка йўл газетадан бошланади-да.

Энди кадр масаласи фақат “Хива тонги”нинг эмас, бутун ўзбек матбуотининг муаммоси. Вилоят ва туман газеталарида фақат фидойи одамларгина қолди. Чунки туман газеталарининг адади ёки сифатини пойтахт газеталарига солиштириб бўлмайди.

Айнан шу кадр масаласи бўйича шу йил “Hurriyat” газетасида Шерзод Қудратхўжаевнинг мақоласи чоп этилди. Ундан ке­йинги сонда “Ўзлигини излаётган ўзбек матбуоти” деган мақола чоп этилди. Бунда айнан туман газеталарига кўпроқ урғу берилган.

— Айни пайтда газета обунасини кўпайтириш юзасидан қандай амалий ишлар олиб бориляпти?

— Яқинда мен “Қизилтепа тонги” газетаси бош муҳаррирининг мақоласини ўқиб қолдим. Унда ўрганадиган, тажриба қиладиган нарсалар жуда кўп экан. Почта алоқаси билан ҳам, “Матбуот тар­қатувчи” билан ҳам ишламас экан. Газетани ўзи чиқарар ва ўзи тарқатаркан. Жуда ҳавасим келди. Бу газетанинг адади ҳозир ҳам 10000 дан кам эмас. Келгусида биз ҳам шу тажрибани амалда қўллашимиз кераклигини ҳис қилаяпман. Бу бозор иқтисоди шароитида “Олма пиш, оғзимга туш” деб ўтириб бўлмайди. Бир пайтлар бизнинг газетамиз ҳам ўн минг ададда чоп этилган. Ҳозирги пайт­да эса йил бошида 3000 тага ета оляпмиз, холос.

Гўзал Бегим

суҳбатлашди.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − ten =