Тоза тарбия булоғи

Мамлакатимизда бугунги кунда изчил тарзда олиб борилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг мағзида маънавият масаласи ҳам тургани рост. Шу асно муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил июлда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қарори қабул қилинганини алоҳида эътироф этишимиз жоиз. Мазкур қарорнинг энг ибратли жиҳати кўпдан ҳаммамизнинг оғриқли дардимиз бўлиб келаётган “жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар – эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоғчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатлар”га барҳам беришга қаратилган комплекс тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўллари кўрсатилиб, бизни ўйлаш ва ҳаракат қилишга ундаганидир.

Зотан, ушбу қораламада ҳам юқорида саналган ҳар қандай камчиликни бартараф этишга қодир баркамол инсон тарбияси ва ундаги бевосита оналарнинг роли ҳақида сўз юритамизки, жамиятнинг барқарор ривожланишида, айниқса, бу тарбиянинг роли беқиёсдир.

Муқаддас битикларда ёзилишича, инсон борки, таваллуд топган лаҳзаларида фақат фитрат (соф табиат) ила туғилар экан. Унинг иймонийми, насронийми, шайтонийми бўлиб улғайиши эса кейинги тарбияси билан боғлиқ бўларкан. Буни ўқиб-уқиб билганлар умр бўйи ўзларини гуноҳу хатолардан поклаб боришга ҳаракат қилар, фарзандларига ҳам тинимсиз тоза тарбия булоқларидан сув тутар эканлар.

Афсуски, кейинги пайтларда юқоридагидай қадриятларимиздан баҳраманд бўлиб, дунё донишмандларининг ҳикматларини ўқиб фарзанду оила бахт-саодати учун астойдил ҳаракат қилаётганлар қаторида Истиқлолдай улуғ неъмат берган бугунги бетимсол имкониятларнинг қадрига етмай, суиистеъмолликлар ичида, ҳаётни фақат мол-матоҳ тўплашу маишатли еб-ичмоқдан иборат, деб ҳисоблайдиганлари ҳам учраб турибди. Тарбия масаласини фарзандига фақат ҳашамли кийим-кечак олиб беришу озиқ-овқат ва пул таъминоти деб тушунадиган ота-оналар ҳам бор.

Ибрат ҳикмати

Хатирчи туманида “Ғофиржон Абдухолиқов” фермер хўжалиги бор. Уни илк фаолият бошлаган 2005 йилларда асли касби педагог бўлган Саноатхон Ўринова бош­қарганди. Ери ҳам унчалик кўп эмас, 20 гектарча келарди. Лекин йил сайин йириклашиб-кенгайиб бораётган фермер хўжалигининг маҳсулот етиштириш имконияти ҳам орта борди. Ҳозирги кунда 60 гектардан зиёд майдонда деҳқончилик қиладиган фермер хўжалигини эндиликда Саноатхоннинг катта фарзанди Бобошер Холиқов бошқаради. Пахта, ғалла, пилла етиштириб, қорамолчилик ва паррандачилик билан шуғулланадиган мазкур хўжаликнинг файзу барокоти йил сайин ортиб бораяпти.

— Қайнотам Абдухолиқ Ҳалимов жуда салоҳиятли деҳқон, уста пахтакор бўлиб, у кишини мамлакатимизда ҳам яхши танишар эди. Турмуш ўртоғим раҳматли Ғофиржон Абдухолиқов ҳам ота изидан юриб, жамоа хўжалигини бошқараётгандилар. Тақдирнинг ёзиғи шу экан, ҳаётдан эрта кетдилар. Лекин ишларини давом эттиришга ўғлим ёш эди, фермерлик ҳаракати бошланаётган йиллар эди. Туманимиз ҳокими, ишбилгич ёш раҳбар Эркинжон Турдимовнинг далдалари билан фермер хўжалиги ташкил қилдим ва белимни маҳкам боғлаб, далага чиқиб кетдим. Бу нарса ҳам қайғуларимга таскин бўлди, ҳам қайнотаму турмуш ўртоғимнинг хайрли ишлари тўхтаб қолмади. Шукрки, дилбандимиз Бобошержон ҳам институтни битиргач, аввал ёшлар ташкилотида, кейин банкда ишлаб юрди-ю аста-секин ёнимга кирди…

Саноатхоннинг ҳаётидаги энг оғриқли, долғали, заҳматли давр ҳақида қисқагина ҳикоя бўлган бу гапларнинг мазмуну масаласи нақадар юкдор эди. Аввало, ўзи она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлса-да, оиласи, жуфтига садоқати туфайли матонатли меҳнати, уста деҳқонларнинг қадрини жойига қўйиб ишлатиб, ўзи ҳам улардан иш ўрганиши-ю фидокорлиги сабабидан ҳақиқий Деҳқонойимга айланган қаҳрамонимиз шахсий ибрати ва тарбия-сабоқлари билан йилма-йил ўғли Бобошержонни ҳам комил деҳ­қон даражасида камолга етишига хизмат қилди.

Оқибатли, ҳақиқий избосар ўғил ҳам 2016 йилдан эътиборан онасининг қўлидан ишини тўлиғича олиб, фермер хўжалигини ибратли даражада бошқара бошлади. Бобо, ота қони билан ўтган ишбилгичлик, заминга муҳаббат, ёш бўлса-да, униям уста деҳқонга айлантирди. Лекин у йиллар давомида биров билиб, биров билмас, онажони Саноатхон Ўриновадан кўп нарсаларни ўрганди. Масалан, меҳнат қилаётганларнинг қадрини жойига қўйишни, адолатни, яхшилик қилишу савобкорликни, меҳрибонлигу муомала маданиятини ўзлаштирди. Кези келганда энг яқинларининг тўй-маъракасига ҳам боролмай, даласига парвона бўлишдай фидокорликни-да меҳрибонида кўриб, бундай жоннисорликни-да юқтириб олди ўзига.

Саноатхонда ҳамиша яна бир гўзал хислат бардавом эди. Қайно­таси ва жуфтидаги энг ибратли фазилатларни дилига тугиб юрганди-ю мавриди келиши билан уларни ўғлининг феълига синг­диришга ҳаракат қилаётган эди.

Ана шулар боис бугунги кунда мазкур фермер хўжалиги ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича вилоятда юқори ўринлардан бирида турибди. Ҳар йили ғалладан гектарига 70 центнердан ошириб ҳосил олишаётган бўлса, пахтачиликда ҳам ҳосилдорлик 45-50 центнерни ташкил этаётир. Хўжалик пиллакорлари эса ҳар йили бир тоннадан зиёд пилла етиштириб, ишловчиларнинг хонадонига файзу барака кириб боришига имкон яратишмоқда.

Ўғли ёнига кириб, асосий ишнинг юкини олгач, Саноатхон энди қиз узатиб, ўғил уйлантириб, невара тўйи қилиб, ишчиларининг ана шундай орзу-ҳавасларига бош бўлиб, қалби қувончларга тўлиб яшамоқда.

Лекин ҳамиша шундай. Қаҳрамонимиз ғира-шира тонгда туриб, по-ю пиёда далага отланади. Ва яна ҳар куни далаларни ўнгу сўлга, орту олдга қадамлаб чиқиб, юмушларни сарҳисоб қилиб, шундан ўзига руҳий қувват олиб, ишнинг самарали, барокатли боришигаям имкон яратаётган даланинг фидокор Бегойи­ми бўлади. Кечаги кунда ана шундай ишбилгич “Фермер опа” бўлиб, бор куч-имкониятини яратувчанлик ишларига сафарбар этган бўлса, бугун миллатимиз оналарининг ибратли ҳаёт тарзига мувофиқ умргузаронлик қилаётган Саноатхон ҳожи ая бўлиб ўғлига мадад қўлини чўзади. Тенг­дошларига эзгулик ва хайрли ишлар қилиш борасида, аниқроғи, фарзандларини тўғри йўлга йўллаш масаласида алоҳида ибрат кўрсатади. Хуллас, қиссадан ҳисса, сифатида айтишимиз жоизки, қачонки унга ўхшаганларга дуч келсак, қаҳрамон шоиримизнинг “Шундайлар бўлмаса агар дунёда, Бунчалар муҳтарам бўлмасди аёл” деган мисралари тилу дилимизда жаранглайверади.

Жасоратми, шижоат?

Навбаҳор туманининг “Янги қўрғон” қишлоғида Собиржон исм­ли йигит истиқомат қилади. Бахтсиз тасодиф туфайли болалигу ўсмирлигининг орасида бир оёғидан айрилган бу йигит бугун бир оёғи билан трактор ҳайдайди, ер чопади, мол боқади. Айниқса, унинг хусусий трактори томига чиқиб, бир оёқда турганича тележкага ўт-ўлан босаётган йигитларга жўяли маслаҳат бераётганини кўрганда, ўз-ўзидан дилингда ифтихор ҳиссини туясан киши. Тўрт мучаси соғлом, лекин на аҳлига, на жамиятга фойдаси тегмай юрган касларга дуч келганда эса айниқса, бу фактнинг ибрати буюклиги яққол кўзга ташланаверади.

— Оёққа бир ўроқ кириши билан ҳам шундай бўларканми?! Нима илож, чириш касали бошланиб, авж олиб кетгач, бир оёғимдан айрилишдан бошқа илож қолмади, аввалига тушкунликка тушдим. Айниқса, бу аҳволимга қараб ота-онам шу қадар эзила бошлашдики.., — дея дилидагиларни тўкиб солди қаҳрамонимиз бир лаҳзалик суҳбатимиз асносида. — Очиғи, мен уларни бундай аҳволдан қутқаришим керак эди. Шунинг учун даст­лаб ҳунар ўрганиб, пойаб        зал таъмирловчи уста сифатида иш бошладим. Лекин ўқувчилик пайтимдаёқ қишлоқ тракторчиларига эргашиб, ғўза қатор ораларига ишлов бериб юрганларим хаёлимни тортаверди. Раҳматли Аҳад Хайруллаев деган собиқ хўжалик раиси бўларди. Ўша — мен учун оғирдан оғир кечаётган кунларда шу инсоннинг меҳрибончилиги билан тугаб бораётган хўжаликнинг эскигина тракторини сотиб олдик. Шундан бошлаб ҳаётимга янги мазмун кирди…

Лекин худди ана шу нуқталарда мавзумизнинг яна бир қаҳрамони фаолияти ҳам яққолроқ кўзга ташланади. Умр бўйи қишлоқда ҳамшира, маҳалла фаоли, саркори, кайвониси бўлиб эл-юртига сидқидилдан хизмат қилиб келаётган Собиржоннинг онажони Мўмина Азимова бундай кезларда фарзандига чин маслакдош бўла олди. Нафақат сўзу далдаси, маслаҳатлари, руҳий қувватлашлари билан балки, эл-юрт ишига фидокорлиги, шахсий ибрат кўрсатишлари билан ҳам Собиржонга ўша кунларда чин инсонлик йўлини кўрсатиб беролди.

— Қанча кўп эл корига ярасанг, савоб иш қилсанг, ҳаётинг­га шунчалик барокот иниши рост экан, — дейди Мўмина опа ифтихор билан. — Собиржонимнинг бугун қатор-қатор прицепли тракторлари бор. Қишлоқ фермерларига, аҳолига қўл-қанот бўлиб, пахта, буғдой, сомон, беда, дағал хашак ташийди, ўрувчи “Кир” ускунаси билан ўт, поя ўради, ўғит сепиб, халқ хўжалигининг ҳамма соҳасига хизмат қилаверади. Лекин иш ҳақи учун талашмайди, инсофни унутмайди…

— Аллоҳ менга бир оёқда бўлсам-да, икки оёқ билан қилинадиган ишларни бажариш имконини бериб қўйибди. Шунга шукр қиламан. Шулар боис ҳам ҳеч кимни ноумид қайтармайман, хизмат ҳақи учун талашмайман. Шундан бўлса керак, хонадонимда баракотим зиёда…

Собиржоннинг беғубор, нурли чеҳрасида савобпешалик, фидокорлик, заҳматкашлик ва куйди-пишдилик феъли шундоққина чарақлаб кўриниб турибди. Энг эътирофлиси, унинг бу фазилату заҳматлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланди. 2016 йилда “Жасорат” медалига лойиқ кўрилди. Бу мукофот нафақат қаҳрамонимизни, унинг эзгуликка ибрати билан фарзандини соғлардан-да саломат руҳ билан тарбиялаб, эл ишига қўшиб келаётган онажони Мўмина Азимовани ҳам беқиёс қувонтирди. Етмишга яқинлашган бўлса-да, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. У бугун ҳар лаҳзада ифтихор билан шундай дейди:

— Ҳар куни тонгимиз эшикдан йўқлаб келувчилар билан бирга отади, кунларимиз фидокорона меҳнат билан давом этади. Ўзим ҳам, ўғлим ҳам элга кераклигимиздан бахтлимиз.

* * *

Дунё донишмандларидан бири: “Бизга яхши оналарни беринглар, биз яхши одамлар бўлиб етишамиз”, деган ҳикматни айтган экан. Аслида, яхши она деганда қандай онани тушунамиз? Фарзанди, оиласи учун фидокор, Ватани-хал­қига муҳаббатли, савобпеша, эзгу-хайрли ишларни яхши кўрувчи, Аллоҳдан қўрқиб, икки дунё саодатини истайдиган, ҳалол-покиза, муниса-мушфиқа аёлни тушунамиз. Бундай она, аёл бўлиш учун эса албатта, китобхон, зиёли, Аллоҳни таниган инсон бўлмоғи керак!

Улуғ Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари: “Келин танлашда қизнинг етти пуштини суриштирдим”, деган тузукни бизга бекорга мерос қолдирмаганлар. Демоқчимизки, аввало, етти пуштини суриштириб, келин қилиш бир масала бўлса, китобхонликка, зиёга интилиш яна бир муҳим масаладир. Зотан, муҳтарам Юртбошимиз бугун бекорга китобхонликка асосий эътиборни қаратаётганлари йўқ. Юқоридаги қаҳрамонларимиз (ва уларга ўхшаган ўнлаб, юзлаб юртдошларимиз) эса фикримизнинг ёрқин исботи сифатида жамият­аро ибратли умргузаронлик қилишмоқда. Саноатхон тил ва адабиёт фани ўқитувчиси, Мўминахон опа ҳам қишлоқнинг бир зиёли аёли сифатида чарчаган руҳингизга нимадан ором қидирасиз, дея берган саволимизга, китобхонликдан, айниқса, Қуръону ҳадис, яна ҳикматлар шодаси жамланган куллиётлардан, дея жавоб беришди. Мана, маънавиятнинг сув ичар булоқлари, айниқса, фарзандини, баробарига жамиятни тарбиялагувчи оналаримиз машғул бўладиган буюк қўлланмалар…

Салима Умарова,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − eight =