Мафтункор қиссалар

Таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Кўнгил озодадур” китобини ўқиб…

Айтганимдек, қисса сарлавҳаси тагига катта, қуюқ қора ҳарфлар билан “Халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишланади”, деб ёзиб қўйилганди. Бу оташин санъаткорга Хайриддин Султоннинг қисса бағишлагани мени чексиз севинтириб юборди. Чунки…

Ҳаётда баъзи воқеалар хотирангда қўрғошин сингари шундай қуйилиб қоладики, кўп йиллар ва ҳатто бир умр унинг тафти, ҳароратида юрасан киши.

Бу гапларни бошимдан ўтказганим учун рўй-рост ёзяпман. Чин юракдан айтай: 1991 йилнинг ноябрь ойи мен учун ғоят қувончли ва бутун умр эсда қоларли бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган кунларим эди. Ҳар тарафдан табрик ва қутловлар ёғилади. Қалб деганингиз ниҳоятда кенг бўларкан – шундай улкан қувончларни бағрига сиғдира олганига ҳали-ҳануз ҳайронман…

Чинакам адабиёт ихлосманди ҳамиша яхши китоб, яхши асарни излаб, кутиб яшайди. Шундай асарга дуч келган куни унинг учун ҳақиқий байрам бўлади.

Ўша йили ашаддий китобхон бўлган камина учун яна бир қувончли воқеа бўлгани кечагидай ёдимда. У пайтларда анчагина салмоқли нусхада чоп этиладиган “Шарқ юлдузи” журнали адабий ташналикларимизни қондирадиган етакчи адабий нашрлардан эди. Адабиётимизда яратилаётган энг янги ва сара асарлар даставвал шу журналда юз кўрсатарди.

Ўша даврларда адабиётга қизиқувчилар жуда кўп бўлармиди, деб ўйлайман. Нега десангиз, почтачилар “Шарқ юлдузи” журналини от, велосипед ёки мотоциклларда ташиб юрганини жуда кўп кўрганман.

Котиба қиз келтирган журнални одатдагидек ҳис-ҳаяжон билан варақлай бошладим. Нигоҳим беихтиёр ёш ва истеъдодли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Ажойиб кунларнинг бирида” қиссаси устида тўхтади.

Журнал асарни меҳр билан жойлаштирганди. Қисса бошланувидан олдин бир саҳифада беадат илҳом билан қўшиқ куйлаётган санъаткор сурати берилганди.

Сурат тагида эса:

Сен узоқ яшайсан, ҳаммадан зиёд

Ҳали тойчоқларинг ўйнаб юрибди,

— деган шеърий сатрлар.

Иқтидорли рассом Хайрулла Лутфуллаев моҳирлик билан чизган суратдаги одамни дарҳол танидим. Қўлида микрофон тутганча, борлиғи ҳаяжонга тўлиб куйлаётган санъаткор Ботир Зокиров эди!

Айтганимдек, қисса сарлавҳаси тагига катта, қуюқ қора ҳарфлар билан “Халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишланади”, деб ёзиб қўйилганди. Бу оташин санъаткорга Хайриддин Султоннинг қисса бағишлагани мени чексиз севинтириб юборди. Чунки…

Ер юзи тан олган ва қойил қолган биринчи космонавт Юрий Гагарин Тошкент­га келади. Навоий театрида тарихий учрашув бўлади. Учрашувда: “Ўзбеклардан кимларни биласиз?” — деган саволга маш­ҳур космонавт: “Ботир Зокировни биламан, жаҳонда бундай эстрада артисти йўқ, фақат ўзи билан кўришмаганман, афсус”, деб жавоб беради. Бу гапни, бу баҳони ўша пайтларда, ўз даврида шон-шуҳрати 15 та республикани “ихтиёрий-мажбурий” бирлаштирган Иттифоқ раҳбари Хрушчевникидан ҳам баланд бўлган Юрий Гагарин айтаётганди. У яна “Ер юзида мендан кейинги одам шу — Ботир!” дейди.

Хуллас, ўшанда буюк санъаткорга бағишланган қиссани юксак завқ-шавқ билан ўқиб чиққан эдим.

Яқинда эса, ҳа, яқингинада бўлди бу воқеа. Ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири, ўзига хос “адабий мамлакати” бўлган бетакрор адиб Хайриддин Султоннинг “Кўнгил озодадур” номли ҳажман салмоқлигина янги китоби қўлимга тушди. Ишонсангиз, жуда-жуда соғиниб юрган, кўнгилдош, меҳрибон одамимни учратгандек бўлдим.

2019 йили “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган ушбу китобдаги “Саодат соҳили”, “Ёзнинг ёлғиз ёдгори”, “Ажойиб кунларнинг бирида”, “Кўнгил озодадур” қиссаларини янгитдан, янги бир меҳр ва бўлакча завқ билан ўқиб чиқдим.

Бу асарлар менга 30-40 йилдан буён таниш, ҳатто баъзи қиссалардаги манзаралар ёд бўлиб кетган бўлса-да, янги ҳаяжон билан мутолаага берилдим.

Адабиёт муҳиблари жуда яхши билишади, Хайриддин Султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Гулханий, айниқса, Абдулла Қодирий асарларини, уларнинг юксак инсоний-ижтимоий фаолиятини теран ўрганган ёзувчи.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари асосидаги киносценарий ва “Раъно гулининг суви”, “Андиша”, “Шоирона, дарвешона бир маъно” каби эсселар китобхонлар томонидан қизғин қарши олинган.

Адиб буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида “Саодат соҳили”, “Ой ботган паллада”, “Паноҳ”, “Нуқта” каби қисса ва ҳикоялар, “Бобурийнома” номли маърифий роман яратган. Зукко китобхон бу асарларда истеъдодли ёзувчи ўзини буюк шоирга руҳан яқин тутганини яққол ҳис қилади.

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим китобга сўз бошисида ёзганидек, такрор ўқиш асарнинг сирли, яширин қирраларини, аввал кўрилмаган файзли томонларини англашга ёрдам беради. Қайта мутолаа бадиий асарнинг, олим айтганидек, янги бир давру давронини бошлаб бериши мумкин.

Ўзбек адабиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида кўплаб асарлар яратилган. Аммо “Саодат соҳили” қиссаси уларнинг энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Асарда буюк шоир ҳаётининг сўнгги дамлари улкан маҳорат билан тасвирланади.

Она диёрига қайтиш ихтиёри қўлидан кетган “қаландар” шоҳнинг ҳаёти китобхонни буткул ўзига боғлаб олади. Биргина шоҳ эмас, балки кўчаларда саргардон бўлган Бахшитурк, ўзга элларда даҳшатли ўлим топган Бобоқул, жаҳонгашта аллома Ҳофиз Куйкийнинг тақдири турли-туман воқеалар таъсирида намоён бўлади.

Китобхон Бобурдай улуғ зотнинг тақдирига, ҳаётига раҳми келади, ачинади, бу буюк инсоннинг юрт армони ва соғинчи билан йўғрилган изтиробларига шерик бўлади.

Китобдаги гўзал қиссалардан бири, юқорида таъкидлаганимиздек, “Ажойиб кунларнинг бирида” асаридир.

Қиссада Султон, Абдулла ва Камолнинг Ботир Зокировнинг уйига бориш воқеалари, айниқса, жуда таъсирчан тасвирланган. Бу воқеалар замирида дунё таниган санъаткорнинг чин инсоний қиёфаси намоён бўлади. Унинг мумтоз адабиёт, айниқса, Алишер Навоий асарларининг чин муҳиби экани қуйидаги воқеада ишонарли тарзда берилган.

“Камол кресло ёнидаги пастак стол устида ётган альбомлар, даста-даста китоб­лардан бирига қўл чўзди.

— Кўрсам майлими, Ботир ака?

— Навоий! — деди Камол, сабзиранг муқовали қалин китобни аста варақлаб.

— Ҳа, кеча оқшом дадам раҳматли эсимга тушиб кетди. Бу китоб улардан ёдгор. У киши узун қиш кечалари мана шундай деразанинг олдида, эски китоб­ларни варақлаб ўтирардилар. Мен жимгина томоша қилишни яхши кўрардим. Бир куни “Ҳадеб нимани қидираверасиз, дада?” деб сўраганим эсимда. Дадам, кулдилар-да, “Ўзимни қидиряпман, ўғлим, — дедилар. — Мана, қулоқ сол: “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”. Мир Алишер мана шундоқ деганлар, уқдингми?”

Учрашувда Ботир Зокировнинг юксак дид ва билим эгаси эканлиги кўринади. “Навоийдан, Фузулийдан, Машрабдан айтишим керак эди. Қандоқ тоза, маъноли сўзлар бор экан уларнинг асарларида! Фузулийни қаранг-а: “Фалак ёнди оҳимдан, муродим шаъми ёнмасму?”, Халқ қўшиқлари-чи? “Дутор чалиб ўтирсам, тори узилиб кетди, Ёрим эсимга тушиб кўнглим бузилиб кетди…”

“Сезаяпсизми, қанчалик соф, содда, мардона! Ахир, мен шуларни эшитиб улғайганман, отам ҳам, онам ҳам айтишар эди. Мен кўп адашдим, кўп”.

Меҳмонлар атоқли санъаткорнинг уйи­да яйрайди. Бой таассуротлар олади. Гурунгда Ботир Зокировнинг “Касалдан гаплашган одам, баттар касал бўлади”, деган гаплари у кўп изтироблар чекканидан дарак беради. Икки марта юрак хуружини бошидан кечирган зот ўлимни бўйнига олиб қўшиқ айтади. Айниқса, у вафот этгандаги ҳолат жуда-жуда оғир. “Укалари, шогирдлари сўнгги манзил олдида, “Баҳор” концерт залида буюк санъаткор айт­ган қўшиқларни видолашувда айтиб туришди. Оҳ, юраклар эзилар манзара”.

Шу ўринда муҳим бир нарсани алоҳида қайд этмоқ керак. Хайриддин Султон ўзбек адабиётида таниқли ҳикоянавис ёзувчи сифатида ҳам танилган. Унинг “Умр эса ўтмоқда”, “Ё, Жамшид!”, “Дунё­нинг сири”, “Дўстим Эсонбой”, “Қоғоз гуллар”, “Ой ботган паллада” ҳикоялари аллақачон ўқувчиларнинг бадиий мулкига айланган.

Китобдаги Юрий Нагибин, Василий Шукшин, Валентин Распутин, Нодар Думбадзе, Дино Буссанти каби ёзувчилар ижодидан қилинган таржималар севимли адибимизнинг таржимонлик борасидаги юксак салоҳиятидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, “Кўнгил озодадур” китоби покиза кўнгилларнинг бебаҳо мулки, китобхонларнинг ардоқли наш­рига айланиб қолишига шуб­ҳамиз йўқ.

Тоштемир Турдиев,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − one =