Муаммо муаммонинг кўплигидами?

Видео роликни минглаб қизиқувчилар кўрди, тинглади. Ўша аёлнинг айтишича: “Ишлайман деганга иш йўқ, иш топганда ойлик маоши етарли эмас, ойлик билан рўзғорни тебратиб бўлмайди, одамлар нима қилсин? Шу сабаб айрим шахслар коррупция, ўғирлик жиноятларини содир этаётибди”.

Мустақил давлат тизимида ижтимоий-иқтисодий бозор сиёсатининг қўлланилиши ўта ривожланган давлатларда ҳам аксар фуқаролар орасида боқибеғамлик кайфиятини уйғотганлиги сир эмас.

Мисол учун, “Еvronevz” ҳамда турли хорижий ва маҳаллий ахборот узатиш ва мавжуд ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, Европанинг кўпгина давлатларида ижтимоий ҳимоя ошхоналари ташкил этилган.

У ерда ҳеч жойда ишлашни хоҳламайдиган одамлар учун бир маҳалдан уч маҳалгача бепул таом берилади. Улар эски кийим­лар ярмаркасига бориб, ўзига маъқул келганини шунчаки кийиб кетиши мумкин. Бунга ҳақ олинмайди. Ана шу йўл билан ривожланган давлатларда мамлакат тинчлигини асраш, турли экстремистик ҳолатларнинг олдини олиш, асосийси, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун “ҳимоя тизимлари” ташкил этилган.

Мамлакатимиз янгиланиш, маънавий-ижтимоий ривожланиш сари дадил қадам ташлаётган бир пайт­да ижтимоий тармоқларда турли нохолис хабарлар, видео роликлар тарқалиши кучайгани бежиз эмас.

Масалан, яқинда бир аёлнинг видео мурожаати ижтимоий тармоқларда оммага узатилди. Видео роликни минглаб қизиқувчилар кўр­ди, тинглади. Ўша аёлнинг айтишича: “Ишлайман деганга иш йўқ, иш топганда ойлик маоши етарли эмас, ойлик билан рўз­ғорни тебратиб бўл­майди, одамлар нима қилсин? Шу сабаб айрим шахс­лар коррупция, ўғирлик, жиноятларини содир этаётибди”.

Бир қарашда айтилган гапларида жон бордек туюлади. Аммо мулоҳаза қилиб кўрилса, халқимиз бир аср­дан кўпроқ мустамлака тизимида яшади. Ҳукмрон куч: “Сен меҳнат қил, муаммоингни депутатга айт, у давлатга етказади, давлат ҳал қилади”, қабилида иш тутди. Одамларни мажбурий меҳнатга жалб этиш орқали уларнинг онгида уйғониши мумкин бўлган эрк ғояларини сўндириб боришди. Одамлар одамларга қа­рам бўлди. Ҳалигача “Мен нима қилай, айтинг? Нега менинг муаммомни ҳал этмаяпсиз ёки депутат нега “наказ” олмаяпти ё олганини бажармаяпти?” сингари мафкурадан қутулолмадик.

Депутат ким? У, биринчи навбатда, дунё миқёсида кечаётган жараёнларнинг онгида ҳосил қилган бўтқасини қайта пишириб, унинг қаймоғини олиб, амалда мамлакатимизнинг ўзга мамлакатлар билан қиладиган муомаласини муқобиллаштириб борувчи сиёсий бирлашманинг битта вакили ҳисобланади. Қолаверса, фуқаролар ва юқори мансабдагилар, яъни мамлакатнинг барча аҳли учун амалда қўлланилиши лозим бўлган бирламчи қонунни яратувчиси ва унинг устидан назорат ўрнатувчи омма. Айрим одамлар ўйлаганидек нураган ҳовли деворини тиклаб берадиган шахс эмас, балки давлатнинг ички тартиб-интизомини такомиллаштириб борувчи бирлашган тизим.

Инсон, аввало ўзи, ижтимоий ҳаётда мустақил яшашга эришиши, ўзини мустақил шахс сифатида намоён қила олиши керак. Ана шунда ўзи учун ҳам яшашга интилади. Ва мустақилликни қадрлай билади. Шу кунларда она тилига эътибор муаммоси тагида ҳам баъзи бир одамлар онгида бўйсуниш, мутелик, бировнинг қўлига қараб яшаш ақидалари унсурлари сақланиб қолганлиги сезилиб қолди. Демак, қайсидир манфаатдор давлатга тегишли, одамлар онгида бузғунчилик кайфиятини уйғотадиган, айниқса, эскиликни қўмсашга чорлайдиган жамғарма гуруҳининг нохолис тарғиботидан эҳтиёт бўлиш зарур. Юқоридаги мурожаат ўзаро тинчлик ва тотувлик йўлида сиёсат юритаётган ҳар қандай давлатга қарши қаратилган навбатдаги ахборот-психологик хуружнинг бир кўринишини эслатади.

Дунё тажрибасидан маълумки, кейинги пайтларда айрим шахслар орасида боқимандалик, бировнинг қўлига қараб яшаш, омонатга хиёнат қилиш, ўзганинг мулкини ўзлаштириш оддий нарсага айланиб бораяпти. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда илдиз отаётган иғволи хабарларнинг тарқалишига туртки бўлаяпти.

Бу одам ҳам кўпни кўрган

Келинг, шу ўринда, боқимандалик қандай пайдо бўлиши, одамни не кўйга солишини айрим мисоллар орқали таҳлил қилиб кўрсак, ўйлаймизки, бу фойдадан холи бўлмайди.

Одатда кўпни кўрган, кўпчилик билан суҳбатда бўлган одамга нисбатан: “Бу одам кўпни кўрган, унинг билганида ҳикмат бор, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган-да”, дейилишини биламиз. Аммо дунёнинг биз билмаган ажабтовур томонлари ҳам бор-да. Аброр Эшпўлатов (исми шарифи ўзгартирилди) ҳам кўпни кўрган, бироқ у тўрт девори бетон, зах ва қорон­ғу хонада, атрофи сим тўр билан ўралган панжара ортида кўпчилик билан ҳамсуҳбат бўлган, ўз онги-тафаккури доирасида тажриба алмашган, унинг ўзлаштиргани ўғирлик қилиб енгил пул топиш, ўзганинг ҳисобидан яшаш каби ақидалар бўлди.

Аввало, бунга ким сабабчи? Ахир она қорнидан дунёга келган чақалоқ покиза, мўмин ва мўмина бўлиб туғилади-ку. Бир аскияда: “Қўшнининг товуқ катагидан тухум ўғирлаб келган ўғлига онаси: Товуғи қани?” дегани ёки даладан арқон ўғирлаб келган ўғлига отаси: “Энди хўкизга ўт”, деган гапи ҳар қандай қин­ғирлик, аввало, оиладан бошланишини англатади. Ахир, “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бекорга айтилмаган. Боқимандалик ҳам аввал оилада илдиз отади…

Йўқса, Аброр эндигина қирққа кирган, қирчиллама ёшда, тадбиркорлик қилиб бўлса-да, ҳалол пул топиб, оиласи бағрида мазмунли ва беташвиш яшаши мумкин эди. Аммо бунгача тўрт марта судланиб, жазони ижро этгани, маҳбуслар ичида яшаб, баъзиларининг буткул одамгарчиликдан чиқиб қолганини кўриб, билгани унга етарли бўлмади.

Аброр эски қилиғини ташламади. Енгилга йўл­дош, оғирга ётдош бўлди. Гарчи панжарадош ҳамсуҳбатларидан бировнинг пинжига киришнинг, илиқ сўз ила суҳбатдошини ишонтиришнинг ҳадисини олган бўлса-да, ҳар гал унинг омади чопмади…

Аброр ўтган йилнинг 6 декабрида бозорда эски таниши Маратни учратиб қолади, икки ошна улфатчилик қилиш баҳонасида ул-бул харид қилишади. Марат уйда ҳеч ким йўқлигини, хотини онасини кўргани кетганини айтиб, уни уйига таклиф қилади. Қизиқ, ахир, Марат унинг ғирт ўғри эканини, бир неча бор судланганини биларди. Била туриб уни уйи­га бошлаб бориши ажаблантиради одамни. Балки бунга спиртли ичимлик сабаб бўлгандир… Ахир кун­ора ароқ ичувчининг дўсти, улфати бўлмайди…

Аброр улфати Маратнинг анча бадавлат яшашини биларди. “Янги саргузашт” учун режа тузди. “Қанча спиртли ичимлик ичсанг ҳам маст бўлмайсан-а”, деб уни мақтади. Бу гапдан ҳаволанган Марат ўлардай ичди. Маст бўлиб, ухлаб қолди. Аброр эса…

Худди ўзининг уйида юргандек, хоналарни тинтиб чиқди. Жами 4.000.000 сўмлик болалар кийим-кечагини ўмариб, ғойиб бўлди. Эҳ Аброр, у ҳуқуқ-тартибот органи ходимларидан яшириниб бўл­маслигини, узо­қ­қа қочиб кетолмаслигини англамади. Тўрт миллион сўм билан “ўрмон эгалари” ҳам уни сафига қабул қилмасди…

Аброр Эшпўлатов бешинчи бор суднинг қора курсисида айбига иқрор бўлди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди биносидаги очиқ суд мажлисида, судья Мусо Юсупов раислигида, унинг “янги қилмиши” кўриб чиқилди. Суд ҳайъати томонидан А.Эш­пўлатовнинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, пушаймонлиги, етказган зарарини қоплагани барибир эътиборга олинди. Шунга қарамай, омма учун хавфли шахслиги туфайли у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан 8  йилга озодликдан маҳрум қилинди. Аслида ҳам қўли эгрилик, бировнинг қўлига қараб яшаш боқимандаликдан, қарамликдан бошқа нарса эмас.

Кўриниб турибдики, жамиятимиз бозор сиёсати тизимига ўта бошлади. Эндиликда одамларда кўникма ҳосил қилиш муҳим масала ҳисобланади. Бунинг учун ҳамон “давлат қилиб бериши керак”, деган тушунча билан яшаётганлар онгида мустақил ва ҳур яшаш тамойили шаклланиши лозим. Шундагина одамлар жилла қурса ўзи учун қайғуради, ўзи учун яшашга интилади…

Саноқда бор, сонда йўқ

ОАВларида тар­қатилган ҳали ҳовури босилмаган, чўғи ўчмаган хабарларга кўра, эндигина балоғатга етган, мустақил ҳаёт кечириш сари одимлаш арафасида турган икки ўспирин-ёш “кибержиноятчи”лик йўлини танлашгани одамни ташвишга солади. Улар ўзганинг плас­тик картасидаги маблағни, оқибатини ўйламай, ечиб олиб, шахсий мафаати учун ишлатиб келишган. Аммо тан олиш керак, кейинги пайтларда бундай воқеалар кўпчиликни ҳайратлантирмай ҳам қўйди.

Ажабланарлиси, ота-онаси, қариндошлари уларнинг хатти-ҳаракатларига наҳотки бефарқ қарашган? Аслида ҳеч жойда ишламайдиган боласи уйга мўмай пул кўтариб келса ёки ошна-оғайнилари билан маишат қилиб юрса, бу ҳолат уларни қизиқтирмаганига ишонгинг келмайди… Агар бегидир келаётган пулга маҳлиё бўлиб боласини алқаган бўлса, улар ўз фарзандининг, жигарининг келажагини барбод қилгани шу-да.

17-19 ёшни қоралаган Ғанишер билан Элбек (исм­лар ўзгартирилган) аввалига ўзларида мавжуд ўнлаб сим-карталар ва “Web­money” иловаси орқали бировнинг банк картасидан истаганича пул ечиб олишган. Масалан, кибержиноятчилар Чилонзор туманида яшовчи фуқаронинг 24 (йигирма тўрт) миллион сўм пулини, ачинарлиси, ногирон, касалманд фарзандини даволатаман деб, банк картасида пул сақлаган яна бир бечоранинг маблағини, ҳеч кимга индамай, кўзини чирт юмиб ўмаришган. Милоддан аввал яшаган юнонистонлик донишманд Арис­тотел: “Эҳ, ҳозирги ёшлар ўзгариб кетди”, деганда нимани назарда тутган экан…

Савол туғилади: улар ўзига мерос қолган буюмни асрагандек, ички чўнтагида сақлаб юрган ўнлаб банк карталарини қаердан олган экан? Ахир, банк карталари кўчада сочилиб ётмайди-ку?!

Кибержиноятчилар пойтахтдаги, мутахассислар ўта зарарли деб ёшларни огоҳ этаётган компьютер клубларидан фойдаланиб, бировларнинг картасидаги миллионлаб пулларини бемалол ўзларининг ҳисобларига ўтказиб олганини эшитиб: “Шаҳарнинг дарвозаси борми ўзи?” деворганингизни билмай қоласиз. Компьютер, интернет клублари фаолияти, албатта, ёшларнинг дунёвий билим олишларида, тил ўрганишларида беқиёс имкониятлар яратганини эътироф этиш керак. Аммо бу клубларга ҳамма ёшлар ҳам эзгу ниятда ташриф буюришмас экан-да…

“Paynet” тизимида тажриба оширган шахс: “Қўни-қўшнилардан “Telegram”да одамлар хайрия учун пул йиғишини эшитгандим. Лекин улар ҳар доим ҳам тўғриликча пул йиғишмас экан, кўпинча фирибгарлик қилишаркан. Мен ўша алдоқчи одамларни чув туширмоқчи эдим. Осон пул топишга ўзим ҳам қизиқиб кетибман…”, дейди қўлга олингач.

Ўзингизга маълум, бировнинг банк картасидан шунчаки пул ўмариб бўлмайди. Чунки пластик карталарнинг хавфсизлиги таъминланган. Бунинг учун кибержиноятчи банк картасида миллионлаб маблағи бор одамни аниқлаши, телефон рақамини топиши керак бўлади. Суриштирув жараёнида унга зарар кўрган одамнинг қўшнилари, танишлар фоиз эвазига ёрдам бергани маълум бўлган.

Улар телефон қилишиб: “Сизга ёрдам бермоқчи эдим, банк картангиз ҳисоб-рақамини айтсангиз, беш юз минг сўм кўчираман”, дейди. Беш юз минг­ни эшитган содда шошиб қолиши тайин, дарров рақамларни дона-дона қилиб айтади. Орадан маълум вақт ўтгач, ўзининг маблағидан бир тийин ҳам қолмаганини, алданганини тушунади. “Пулнинг юзи иссиқ”, деб шуни айтишса керак-да. Бўлмаса одамлар шунчалар содда бўлишармиди…

Агар сизга ҳам кимдир қўнғироқ қилиб: “Банк рақамингизга пул кўчираман”, деса осон пул топишни ёки “Болам оғир касал, даволатишга пулим йўқ, ёрдам беринг”, деса савоб учун маблағингизни дарров кўчиришдан олдин кимлигини тегишли органлардан сўраб билинг, ке­йин мулоқотга киришинг. Шунда чув тушиб қолмайсиз.

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + eight =