Қуёш коллекторлари: Ҳам арзон, ҳам қулай

Сир эмас, дунёда ер ости қазилма бойликлари тобора камаймоқда. Шу боис дунёдаги етакчи давлатлар энергия истеъмолини қайта тикланувчи энергия турлари — қуёш, шамол, ер ости иссиқлиги ва биомассалардан олишда анча илгарилаб кетган.

Европа давлатларида қуёшли кунлар деярли сезилмайди, боридан ҳам жуда самарали фойдаланади. Улар замон талаблари асосида янги инновацион технологияларни ишлаб чиқар­япти ва табиийки, маҳсулотини бутун дунёга сотмоқда.

Бизда-чи? Ўзбекистонимиз — серқуёш ўлка, қуёшли кунларимиз қарийб 300-330 кунни ташкил этади. Аммо ундан оқилона фойдаланиляптими?

Албатта, бу борада эришилаётган ютуқлар билан мақтана олмаймиз. Чунки турли йўналишларда муқобил энергия манбаларини қўллаш бўйича ҳали амалга ошириш лозим бўлган ишларимиз кўп. Тўғри, мазкур соҳада ишлар кетяпти, ҳаракатлар тўхтаб қолгани йўқ.

Таҳлилларга қараганда, қуёш энергиясидан биноларни иситиш, иссиқ сув билан таъминлашда фойдаланиш масштаби кенгаймас экан. Бунга сабаб амалда фойдаланилаётган манбалар тизимига солиштирганда геотизим қурилиши учун кетадиган капитал сарфларнинг юқорилигида.

Шу боис қуёш коллекторлари нархлари ва ушбу тизимдаги мавжуд нарх-навони пасайтириш йўлларини қидириб топиш дунё гелиотехника илмининг асосий вазифаларидан бирига айланган.

Вужудга келган бундай вазиятда иссиқлик таъминоти тизимларида қуёш иссиқлик энергия­сидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг асосий резервларини аниқлаш ҳамда баҳолаш мақсадида уларни соддалаштириш, ишончлилигини ошириш ва нархини арзонлаштириш жуда долзарб масалалардан бирига айланди.

Ҳозирги кунда турар-жой биноларида қўлланилаётган сув иситгичлар хоналарни иситиш ҳамда иссиқ сув билан таъминлашда, асосан, икки ва бир контурли қозонлардан фойдаланил­япти. Уларнинг ишлаш жараёнини ўрганиб чиқадиган бўлсак, тизимнинг самарали фаолияти қатор шартларини кўндаланг қўяди.

Мисол учун, буларга табиий газнинг ва электр энергияси, тармоқдаги сув босими, иссиқлик ташувчининг ўз меъёрида, қозон ҳаво йўлининг талаб даражасида бўлиши шулар жумласидандир. Вазиятдан келиб чиқиб, қуёш иссиқлик таъминоти тизимларига ана шу талабларни яратиб берсак ёхуд амалда қўлланилаётган иситиш қозонлари билан боғлаб соддалаштирилган моделини яратиб, уни амалиётга жорий қилсак, кўзланган натижаларга эришиш мумкин.

— Бугунги кунда қуёшдан иссиқлик энергияси олишнинг жамиятимиз, унинг иқтисодиёти, аҳоли фаровонлигини таъминлашдаги ўрни нақадар муҳимлигини ҳисобга олиб, илмий тад­қиқот олиб боряпмиз.

Тадқиқотнинг мақсади қуёш коллекторларига эга бўлган қуёш иссиқлик таъминоти тизимлари самарадорлигини ошириш, унинг асосий резервларини аниқлаш ва баҳолаш ҳамда ҳаётга жорий этишнинг рациональ йўлларини ва истиқболли йўналишларини аниқлашдан иборат. Бу йўналишлар иссиқлик энергиясини қуёш коллекторидан иссиқлик аккумуляторига, ундан кейин эса истеъмолчиларга етказиб беришда температура потенциалининг йўқолишини минималлаштиради.

Яна бир аҳамиятли томони шундаки, қуёшли сув иситгичлар хоналарни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлашда қўлланилувчи энергия манбаларини тежаш имконини беради.

Қуёш энергияси асосида ишловчи сув иситгичлар қандай қурилма ва у бошқа турдошларидан нимаси билан фарқ қилади, афзалликлари нимада, деган савол туғилиши мумкин.

Аввало, қуёш энергиясида ишловчи сув иситгичлар индивидуал қурилма ҳисобланади. У қуёш коллектори ҳамда иссиқликни ушлаб туриш учун ҳимоя­ланган бакдан иборат бўлади. Коллекторлар қуёш нурларини 95 фоиз ўзига сингдириб олиб, уларни сув иситиш учун энергияга айлантиришга қодир. Яратилаётган қурилма иссиқлик миқдорини 3-4 кунгача ўзида сақлаб туриш имкониятига ҳам эга.

Қолаверса, қуёш энергиясида ишловчи қурилмалар, яъни бугунги кунда қўлланилаётган қуёш коллекторларининг бак аккумлятори юқори қисмига ўрнатилган бўлиб, қуёшли сув иситгичлари оқар циркуляция тизими асосида ишлаши учун мослаштирилган.

Хоҳлаймизми йўқми, бу усул бир қатор муаммоларни юзага келтиради. Жумладан, қурилма бак аккумляторининг юқори қисмида ҳамда бино ташқарисида жойлаштирилиши иншоот томининг конструкция бўлимларига оғирлик тушиши, шунингдек, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида иссиқлик тез йўқолишига олиб келади.

Тошкент архитектура-қурилиш институти раҳбарияти кўмагида чуқур илмий изланишлар натижасида яратилаётган қурилмамиз эса янада такомиллаштирилган бўлиб, бундай салбий ҳолатлар кузатилмаслиги инобатга олинган.

Турар-жой биноси учун аккумулятор баки хонанинг ичкари қисмига мослаштирилиб, қуёш коллекторининг юзаси 2,1 м2, аккумулятор баки 200 литр бўлган қуёшли иссиқ сув таъминоти тизимининг насосли экс­периментал стенди монтаж қилинди. Табиий шароитда даст­лабки синовлар ўтказилди. Натижа ёмон эмас: қурилма нормал ва хавфсиз ишлаш қобилиятига тўлиқ эга.

Ҳозирги пайтда стендни ўлчаш асбоблари билан жиҳозлаш, тизимнинг асосий иссиқлик техникавий кўрсаткичларни аниқлаш, қиш мавсумида қуёш коллекторининг меъёрида ишлаши ҳамда музлаб қолишининг олдини олиш, шунингдек, қурилманинг энергияни қуёш нури орқали ўзи олиб, ўзи ёниб, ўзи ўчадиган, яъни алтернатив тарзда ишлашини таъминлаш бўйича ҳам катта изланишлар олиб боряпмиз.

Бир неча йиллардан бери олиб борилаётган илмий изланишлар асосида қуёш коллекторларининг мукаммал ва соддалаштирилган автоматик тизими ишлаб чиқиляпти. Унга келгусида патент олиб, халқимизга ҳар томонлама хавфсиз ва мақбул бўлган қурилмамизни етказиб бериш ниятидамиз. Бу эса нафақат муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, балки аҳоли турмуш тарзини яхшилашда ҳам ғоятда муҳим ўрин тутади.

Шариф Қаршиев,

Тошкент архитектура-қурилиш институти

докторанти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 13 =