Ўзбекистон ҳарбий журналистикаси. Президентимиз ташаббуси билан янги саҳифа очди

Ахборот асрининг асоратлари, аввало, энг муқаддас нарсаларимизга – маданият, маънавият, қадриятларимизга дахл қилинишида кўзга ташланади. Телеграммда бир канални кузатиб бораман. Асосан, шифокорлар мулоқот қилишади. Унда «дастурхон» қилинадиган ахборотнинг сўнгги 1-2 ойдагисини таҳлил қилдим. Қарийб 70 фоизи маза-бемаза видеомазахлар кўринишидаги гаплар. Бундан шифокор нима олади? Бачкана видеотасвирлардан бироз муддат қорнини ушлаб кулиши мумкин, холос. Бундан кимга наф? Афсуски, бундай фото ва видеотасвирлардаги зарарли вируслар у каналдан бу каналга кўчиб юрибди. Шундай экан, ахборот деб маърифатдан, маънавиятдан, қадриятларимиздан айро тушмасликка биз журналистлар ҳам жавобгармиз.

Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровларга кўзим тушди, мамлакатимиз аҳолисининг 63 фоизи дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга оид асосий маълумотни Россиянинг, атиги 12 фоизигина ўзимизнинг оммавий ахборот воситаларидан оларкан. Қолган 25 фоиз аҳоли эса бошқа хорижий манбалардан фойдаланади. Эҳтимол, бу унчалик ҳақи­қатга тўғри келмас. Аммо мабодо аҳвол шундай бўлса, бизга қарши қаратилган ахборот-психологик хуружларга қарши қандай қилиб курашиш мумкин? Бугуннинг журналистидаги масъулият жуда-жуда оғир эканини сезаётгандирсиз.

Оммавий ахборот воситаларидаги замонавий ахборот ва ахборот-коммуникация воситалари ривожланиши, тараққиётнинг олға қадам босиши соҳада мисли кўрилмаган ўзгаришларга сабаб бўлди. Натижада жаҳон ахборот макони ўзига хос кураш майдонига айланди. Етакчи ахборот агентликлари, нашрлари дунё ахборот маконида ҳукмронлик доирасини кенгайтиришга уринаётибди. Бунинг ортида етакчи мамлакатлар ғояси, мафкураси ётишини, шу йўл орқали инсонлар онгини, дунёқарашини эгаллашга кураш беаёв кечаётганини сергак, ҳушёр кишилар яхши англашади.

Биз ўз йўналишимизда ўтказган сўровномаларда респондентларнинг 45 фоизи ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги мақолаларни ўқиб боришини айтишган. Кўриниб турибдики, 100 фоизлик марранинг 50 фоизи ҳам забт этилмаган.

Хўш, нега ҳарбий мавзудаги материалларга қизиқиш юқори эмас? Бунга сабаб ҳарбийлашган идоралар фаолияти ёпиқ характерга эга бўлгани, ахборот олиш ёки тўлақонли олиш имконияти йўқлигидадир.

2018 йил 28 ноябрда Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мутасаддиларга Ўзбекистонда ҳарбий журналистларни тайёрлаш бўйича кўрсатма берилган эди. Натижада жорий 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ҳарбий журналистика йўналиши очилди.

Конфликтлар журналистикаси

Ҳарбий журналистикага ҳамоҳанг равишда бугун “конфликтлар журналистикаси” тушунчаси муомалага кириб келди. Кон­фликт­лар журналистикасида мухбир ўз фикрини айтиш, можаролар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш имкониятидан фойдаланиб, таҳлилий репортажлар тайёрлайди. Бунда журналист холислик позициясида туриши керак.

Қуролли конфликт зонасида фаолият олиб борадиган журналистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари халқаро гуманитар ҳуқуқда белгиланган. Мазкур ҳуқуқ меъёрларининг катта қисми дунёнинг барча давлатлари томонидан тан олинган. Бу борадаги энг муҳим ҳужжатлардан бири 1899 йил қабул қилинган Гаага конвенцияси (Гаага ҳуқуқи ҳам дейилади)дир. Шунингдек, уруш қурбонлари муҳофазаси тўғрисида 1949 йилда қабул қилинган Женева конвенцияси ҳамда унга қўшимча равишда 1977 йилда қабул қилинган протоколни ҳам келтириб ўтиш мумкин. Гаага ҳуқуқи уруш олиб бориш тартиби ва қоидаларига қўлланилади ҳамда қурол ишлатишга чеклов ўрнатади. Женева ҳуқуқи меъёрлари эса конфликтлар ҳудудида жойлашган, бироқ унда иштирок этмаётган тинч аҳоли, ярадорлар, ҳарбий асирлар ва бошқаларни муҳофаза қилишга қаратилган.

Committee to protect journalists (Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси) маълум қилишича, 2018 йилнинг 1 январидан 14 декабригача дунё бўйича 53 нафар журналист ҳалок бўлган. Шулардан 34 нафари қасддан ўлдирилган. Демак, қасддан ўлдирилган журналистларнинг 33 фоизга яқини уруш ва низолар оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмган. Улар ҳарбий журналистлардир.

Амир Темурнинг ҳарбий журналистлари

Ҳарбий журналист қадим-қадимда бўлганлигини олимлар саркардалар ёнида жангда юрган, барча кўрган-кечирганларини қоғозга тушириб борган шахслар мисолида кўрсатишади.

Махсус тайёрланган кишилар қўшинда жанг боришини, тактика ва стратегиясини, қаҳрамонлик кўрсатган баҳодирларни, умуман, барча муҳим тафсилотларни ёзиб боришган. Бу ҳарбий журналистиканинг илк кўринишидир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси марҳум Ғулом Каримий Муиниддин Натанзийнинг “Мунтахаб ут-таворихи Муиний” китоби таржимасининг кириш қисмидаги “Мунтахаб ут-таворихи Муиний”да Амир Темур даври тарихининг ёритилиши” сарлавҳали материалида қизиқ бир маълумотни келтириб ўтган. У билан танишиб, Соҳибқироннинг, бугунги тил билан айтганда ҳарбий журналистлари бўлган, деган хулосага келиш мумкин.

“Амир Темур даврида қатъий тарзда йўлга қўйилган барча ҳарбий юришлар тафсилотлари ҳамда ҳар бир жангнинг баёнини ўз вақтида бахшилар (битикчилар) томонидан туркий тилда уйғур ёзувида ёзиб бориш одати кейинги темурийлар даврида ҳам мавжуд бўлганини Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асаридаги бир маълумот тасдиқлайди. Муҳаммад Ҳайдарнинг ёзишича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳамза султонга қарши жанг қилиб, ғалаба қозонганида, Жонаҳмад атка бошчилигидаги Муҳаммад Ҳайдар мулозимлари жасорат кўрсатиб, душманнинг бир саркардасини тирик ушлашади. Жанг­дан сўнг Бобур: “Бу – Мирзо Ҳайдарнинг биринчи иши, бинобарин, бахшилар мукофот дафтарига унинг номини ёзишсин”, дейди.

Бахшиларнинг вазифаси сафар давомида ҳар бир жанг ёки бош­қа муҳим воқеа тафсилоти ҳамда жангда иш кўрсатганлар номини дарҳол, ҳатто ўша воқеа юз берган жойнинг ўзида қоғозга тушириш бўлган.

“Муъиз ул-ансоб” асарида Соҳибқирон хизматида бўлган уч нафар турк бахшиси — Эларта, Сайнорта ва Темурчақар номлари келтирилади. Амир Темур 1391 йил баҳорида Тўхтамишхонга қарши юриши пайтида Улуғтоғда харсанг­тошга ўйиб ёздирган ўн бир қаторли битикнинг ҳам уч қатори араб ёзуви ва араб тилида бўлса, тўққиз қатори уйғур ёзувида туркий тилда битилган.

Бахшиларнинг туркий битиклари форс тилида Амир Темур тарихини ёзган муаррихлар учун у ё бу даражада материал вазифасини ўтагани шубҳасиз. Ҳар ҳолда, Иброҳим Султон буйруғига кўра, тўпланган бахшилар битиклари “Зафарнома”ни ёзишда Шарафиддин Али Яздийнинг таянч манбалари сирасига кирган.

Келтирилган бу мисол ҳам фикримизни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Демак, қадимдан бизда ҳарбий жур­налист­лар бўлган. Хабарнавис, бахши, битикчи сингари номларда аташган бўлинмасин, уларнинг вазифаси бугунги ОАВ бажараётган ишга яқин эканлигини инкор қилолмаймиз. Бу илмий жиҳатдан чуқур тадқиқ этилишини кутаётган мавзу.

Президентимиз ташаббуси билан ҳарбий журналистларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимга солингани Ўзбекистон ҳарбий журналистикаси учун янги саҳифа очади. Бу нафақат соҳага ихтисослашув, балки мамлакатимиз мудофаа салоҳиятининг янада мус­таҳкамланишида, ҳарбий соҳада кечаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти халқимиз онгига чуқур сингдирилишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ортиши билан ҳам жуда муҳимдир.

Алижон Сафаров,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − five =