“Ақлли уй”нинг ақлга сиғмас ютуғи

Сўнгги йилларда республикамизда илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашда тизимли ишлар олиб борилаяпти. Айниқса, иқтидорли ёшларнинг миллий ва халқаро мусобақаларда қатнашиб, яхши натижаларга эришишлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Яқинда Жанубий Кореяда ўтказилган “Inter­national Robot Donghae Challenge — 2019” халқаро танловида турли давлатлардан келган ёшлар ўзларининг инновацион ихтиролари билан қатнашди. Ушбу танловда ўзбекистонлик бир гуруҳ ёшлар ҳам иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритишди.

— Мени ихтироимнинг натижасидан ҳам кўра, хал­қаро аренада Ватанимиз байроғининг баланд кўтарилгани кўпроқ ҳаяжонлантирди, — дейди тошкентлик Нуриллоҳ Убайдуллаев. — Танловга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўргандим, бунинг учун дўстим билан кўп изландик. Яратган ихтироимизнинг номи “SMART HOUSE”, яъни “Ақлли уй”, деб номланганди. “Ақлли уй”нинг устунлиги шундаки, унга уй ичидаги оловни сезадиган “Fire sensor” ўрнатилган. Унинг вазифаси оловни сезган пайтида уйнинг эшик ва деразаларини автоматик равишда очиб юборади. Ўт кетганда хона ичида қолган одам хоҳлаган эшик ёки дераза орқали ташқарига чиқиши мумкин. Қўшимча устунлиги шундаки, хонада газ ҳиди бўлса, қўлланма огоҳлантириш учун овоз чиқаради ва ўша хона деразалари автоматик равишда очилади. Уйда ҳеч ким бўлмаган тақдирда “GSM MODULE” қурилмаси сиз­га ва ўт ўчирувчиларга хабар жўнатади. Ундан ташқари, хона намлигини ва ҳароратини кўрсатадиган “Display” экран ўрнатилган.

Нуриллоҳ 6-7-синфдан бошлаб шу соҳага қизиқиб келади. Ижтимоий тармоқларда, маҳаллий ва хорижий теледастурлар орқали кўрсатиладиган барча “Робототехника” ҳақидаги янгиликларни кузатиб боради. Фарзандидаги бу қобилиятни кўрган ота-онаси уни Тошкент Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицейга олиб боришди.

— Танловда қатнашаётган пайтимда, ўша жойнинг ўзида менга янги ғоялар келди, — деб сўзини давом эттирди Нуриллоҳ. — Уларни кейинчалик амалга ошириш учун ён дафтарчамга ёзиб олдим. Келажакда ясаган уйимизни янада ривожлантирмоқчиман. Яъни, унга ўрнатилган махсус камера уйга кирган одамни расмга олиб, у ҳақдаги маълумотларни қўл телефонингизга юборади.

— Аслида, мана шундай катта мусобақаларда қатнашишни орзу қилардим, — дейди танловнинг яна бир иштирокчиси, ёш ихтирочи Бобуржон Ортиқов. — Лекин бу учун, аввало, кўп ўқишим ва янгиликлар яратишим кераклигини англадим. Мана, орзуларим амалга ошмоқда.

Биз ясаган ихтироларимизни Жанубий Корея Республикасига тайёр ҳолатда олиб боришимиз керак эди. Лекин танловдаги қонунга ўзгартириш киритилди. Энди ҳар бир иштирокчи ўз ихтиросини 2 соат ичида ясаб, уни тушунтириб бериши талаб этилди. Бундан биз озгина тараддудланиб қолдик, лекин тезда ўзимизни қўлга олиб, “Ақлли уй”­имизни 2 соат ичида тахлаб, бажарадиган ишини тушунтириб бердик. Инглиз ва корейс тилларини яхши билганимиз қўл келди, албатта, шу боис, юқори натижаларга эришдик.

Бобуржон ҳозирда Тошкент шаҳар 300-умумтаълим мактабининг 8- синф ўқувчиси. Болалигида ўйинчоқ самолёт ва машиналарга қизиқиб, уларни бузиб қайтадан ясаган Бобуржон ҳозир “Робот машина”лар ихтиро қилишга киришган. Келажакда шу соҳа бўйича етук мутахассис бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Наргиза Бобомуродова,

«Hurriyat» мухбири.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − three =