Гюнтер Оверфельд: “Ўзбекистон эркинлик ва ислоҳотлар йўлидан бормоқда”

Икки ўртада узоқ муддатли лойиҳалар бор. Уларни ҳаётга татбиқ этиш учун муайян фурсат керак бўлади. Муҳими, биз битимларни рўёбга чиқариш йўлида фаол саъй-ҳаракат олиб бормоқдамиз.

9 ноябрь куни “совуқ уруш” даврининг машъум мероси – Берлин девори қулаганига 30 йил тўлди. Истибдод истеҳкомининг яксон этилиши ўша кезлар нафақат Германия, балки бутун дунёда ҳуррият ва озодлик йўлида курашаётган халқларни руҳлантирган эди. Германиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд билан ушбу санага оид муносабати ва Ўзбекистон ва Германия ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик истиқболлари юзасидан суҳбатлашдик.

— Элчи жаноблари, жорий йил Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлиги тарихида сермаҳсул йил сифатида эътироф қилинса, асло хато бўлмайди. 2019 йил январда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга расмий ташриф билан борди. Май ойида ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер юртимизга жавоб ташрифи билан келди. Йил давомида икки мамлакат ўртасида турли соҳаларда бир неча миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Мазкур битим ва келишувларнинг истиқболини қандай баҳолайсиз?

— Мамлакатларимиз ҳамкорлиги турли соҳаларда мустаҳкамланиб бормоқда. Буни савдо-иқтисодий муносабатларга доир рақамлар ҳам тасдиқлайди. Кейинги икки йилда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 20 фоизга ошди. Бу, албатта, катта кўрсаткич.

Ўсиш суръатини барча жабҳаларда кузатиш мумкин. Яқинда қурилиш соҳасида ўтказилган кўргазмада Ўзбекистон компаниялари фаол иштирок этди. Ўз нав­батида, қишлоқ хўжалиги ярмаркасида Германиянинг “Сlaas” компанияси янги лойиҳаларни таклиф этди.

Айни пайтда Ўзбекистон маҳсулотларини нафақат Германия, балки Европа Иттифоқи бозорларига олиб кириш истиқболлари кўриб чиқилмоқда. Бу эса мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Айни чоғда, озиқ-овқат ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб кириш борасида махсус талаблар борлигини унутмаслик керак. Биз айни шу жабҳада — сертификатлаш ва стандартлаш бўйича ҳам ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бир ойча аввал Германия делегацияси Тошкентда мазкур масалада музокаралар олиб борди. Жорий йил ноя­брда Берлинда ўтадиган ҳукумат ва ишбилармон доиралар иштирокидаги учрашувларда ҳам сертификатлаш ва стандарт­лаш масалалари муҳокама этилади.

Икки ўртада узоқ муддатли лойиҳалар бор. Уларни ҳаётга татбиқ этиш учун муайян фурсат керак бўлади. Муҳими, биз битимларни рўёбга чиқариш йўлида фаол саъй-ҳаракат олиб бормоқдамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон эркинлик ва ислоҳотлар йўлидан бормоқда. Кези келганда, биз бу ўзгаришлардан мамнун эканимизни қайд этишни истар эдим. ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жорий йил май ойида Ўзбекистон раҳбари билан суҳбатда ҳам бу жиҳатни алоҳида таъкидлади. Таъбир жоиз бўлса, жаноб Мирзиёев Ўзбекистонга дунё эшикларини очди. Бу эса тараққиёт йўлидаги дадил қадамдир.

— Берлин девори ягона олмон миллатини икки лагерга бўлиб ташлагани, оилаларни пароканда қилгани маълум. Мазкур фожиа режиссёр Вольфганг Беккернинг “Алвидо, Ленин!” (Good bye, Lenin) бадиий фильмида ғоят таъсирли очиб берилган. Назаримда, ҳар бир олмон қалбида “темир парда”нинг яксон этилиши ҳамда ГДР ва ГФРнинг бирлашуви билан боғлиқ ўзига хос хотира яшайди. Мамлакатингиз ҳаётида инқилоб ясаган ушбу воқеани Сиз қандай эслайсиз?

— Берлин девори қулаши билан биз билган дунё бошқа дунёга айланди. Ўша лаҳзаларда аксар миллатдошларим каби мен ҳам тўлақонли эркинлик пайдо бўлганини ҳис этдим.

Мактаб даврида синфдошларим билан Берлинга саёҳат уюштирганмиз. Ўшанда шаҳар марказидаги маҳобатли Бранденбург дарвозасини ҳам зиёрат қилганмиз. Дарвоза яқинида тикланган машъум девор шаҳарни иккига бўлиб турар эди. Тикан симлар, қуролланган аскарлар, жанговар ҳолатдаги танклар… — бу манзара кечагидек ёдимда. Ўшанда девор оша юрагимизнинг бир парчаси бўлмиш яқинларимиз яшаётган Шарқий Берлинга боққанмиз…

Дунёда мисли кўрилмаган девор бир халқни бўлиб ташлади. Шарқий Германияда кўпчилик қатори бизнинг ҳам дўстларимиз, қариндошларимиз бор эди. Аммо яқин дўсту қадрдонлар бир бири ҳолидан хабар олиш имконидан маҳрум эди. Жиддий сабаб бўлсагина сафар қилишга изн бериларди. Хусусан, ГДРнинг 60 ёшдан ўтган фуқароларигина Ғарбий Германияга келиши мумкин эди.

Эсимда, оилавий суҳбатларда икки давлат бирлашиши лозимлиги ҳақида кўп гапириларди. Айниқса, эркинлик неъматидан маҳрум ГДРда яшаётган миллатдошларим буни кўпроқ орзу қилгани айни ҳақиқат.

Девор қулаганидан кўп ўтмай, ота-онамнинг дўстлари бизникига меҳмонга келишди. Бир неча ўн йилга чўзилган айрилиқдан кейин қадрдонлар бир-бирлари билан кўзёшлар ила дийдорлашган эди. Бундай ҳис-туйғуни деярли ҳар бир олмон оиласи бошдан кечирган.

— Сўнгги йилларда дунё сиёсатдонлари орасида БМТ Хавфсизлик кенгаши фаолиятини ислоҳ этиш борасидаги баҳслар қизғин тусга кирмоқда. Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас ҳам оммавий ахборот воситаларига интервьюларида Кенгаш бугунги кун талаб-эҳтиёжларига жавоб бермаслигини таъкидлаб келади. Хўш, расмий Берлин БМТ Хавфсизлик кенгаши қай тартибда ислоҳ этилишини истайди?

— БМТ Хавфсизлик кенгаши ташкилотнинг асосий бошқарув идораси саналади. У ҳарбий ҳаракатларга рухсат бериш ваколатига ҳам эга. Бу жиҳатдан ушбу тузилма дунё тинчлиги ва барқарорлигида муҳим ўрин тутади.

Таъкидлаш жоизки, БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳозирги таркиби замонавий дунё тартиботига жавоб бермайди. Ўтган 70 йил давомида дунёда кескин ўзгаришлар рўй берди. Африка, Лотин Америкаси ҳамда Осиёда ўнлаб мамлакатлар ўз мустақиллигини эълон қилди. Жумладан, жаҳон харитасида Ўзбекистон деб аталган суверен давлат пайдо бўлди. Аммо мазкур ўзгаришлар БМТ Хавфсизлик кенгаши фаолиятида акс этганича йўқ.

Модомики, Хавфсизлик кенгашига бутун дунё халқлари номидан иш юритиш ваколати берилар экан, у ислоҳ этилмоғи лозим. Аввало, Кенгашда ҳар бир минтақа вакили ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга бўлмоғи даркор. Қолаверса, мамлакатларнинг БМТ фаолиятига ажратаётган моддий кўмаги миқдори ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Германия БМТга мажбурий аъзолик бадалини мунтазам тўлаб келаётган тўртинчи йирик мамлакат саналади. Биз инсон ҳуқуқлари, олис ҳудудлар аҳолиси яшаш тарзини яхшилаш каби мақсадлар учун ҳам ихтиёрий кўмак кўрсатамиз. Мажбурий ва ихтиёрий бадал миқдори қўшиб ҳисобланса, Германия халқаро тузилмага молиявий кўмак кўрсаткичи бўйича дунё­да иккинчи мамлакат экани аён бўлади.

Германия, Япония, Ҳиндистон ҳамда Бразилия (G4 — “Катта тўртлик”) БМТ Хавф­сизлик кенгашини ислоҳ этиш борасида ҳаммаслак, ҳамфикрдир. Маълумки, Хавфсизлик кенгашининг жами 15 та — 5 та доимий ҳамда 10 та муваққат аъзоси бор. “Катта тўртлик” эса Кенгашга 6 та доимий (Осиё ва Африкадан иккитадан, Ғарбий Европа ва Лотин Америкасидан биттадан давлат) ҳамда 4 та муваққат аъзо қўшишни таклиф этмоқда. Шу тариқа доимий аъзолар сони 25 тага етади. Биз таклиф этаётган ислоҳот варианти Кенгаш фаолиятида турли минтақалар тамсил этилишини таъминлайди. Қолаверса, мазкур ўзгариш халқаро тузилманинг глобал муаммоларга тез ва соз жавоб қайтаришига хизмат қилади.

Албатта, тузилмани ислоҳ этиш хамирдан қил суғургандек осон кечмайди. Таклиф этилаётган ислоҳот БМТ Низомига ўзгартириш киритишни тақозо этади. Бунинг учун эса БМТ Бош ассамблеясига аъзо 193 мамлакатнинг учдан икки қисми таклифни қўллаб-қувватлаши лозим. Кейин эса лойиҳа миллий парламентларда бирма бир ратификация қилиниши зарур. Тўғри, ҳозирча дунё давлатлари Кенгаш фаолияти қай тартибда ислоҳ этилиши борасида якдил қарорга келгани йўқ. Аммо муҳими, кўп сонли давлатлар ислоҳот ўтказилишини ёқлаётир.

— Германия Европа Иттифоқига асос солган олти давлатдан биридир. Мамлакатингиз тузилма учун мушкул бўлган паллаларда ҳам бирлик ва бирдамликни ҳимоя қилиб келмоқда. Аммо “Brexit”, Европанинг қатор мамлакатларида миллатчилик кайфиятдаги сиёсий партиялар фаоллашаётгани сабаб интеграция хавф остида қолгани ҳақида фаразлар айтилмоқда. Cизнингча, ЕИ интеграцияга қарши гуруҳлар босимини енгиш учун қандай чоралар кўриши керак? Умуман, “ягона Европа уйи”нинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?

— Евроиттифоққа асос солинган илк йиллардан то ҳозирга қадар Германия интеграция ғоясига содиқ бўлиб келган. Евро инқирози бўладими, миграция муаммоларими — ҳар қандай мушкул ҳолатдан чиқиш йўли мавжуд. Айрим давлатларда ЕИга нисбатан танқидий фикрлар айтилаётгани рост. Аммо барибир кўпчилик — ягона Европа ғояси тарафдори. Жорий йил май ойида Европа парламенти учун ўтказилган сайлов ҳам буни яна бир карра тасдиқлади.

ЕИ барча жабҳада тўғри сиёсат юритмоқда деган фикрдан йироқман. Менимча, бу борада икки йўналишда ўзгартириш амалга оширилиши керак. Биринчидан, Иттифоқ ҳудудида яшаётган оддий фуқаролар Брюссель қабул қилаётган қарорларга таъсир кўрсата олиши керак. Иккинчидан, субсидиарлик кучайтирилиши, тегишли масалалар Брюсселда эмас, маҳаллий даражада ҳал этилиши лозим.

Собиржон Ёқубов

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + nine =