ИИВ: Фуқароликнинг ҳам ўзига яраша шартлари бор

Уч-тўрт йил аввал Қирғизистондан юртимизга келин бўлиб тушган бир аёл кекса отаси, ака-укаларини кўриб келиш учун қанча қийинчиликларга дуч келганини айтиб берганди. Катта тажрибага эга шифокорнинг эса ўн-ўн беш йиллаб фуқаролик паспортисиз яшаб келгани ва айни сабаб билими-иқтидори етарли бўлатуриб, бирор вазифага лойиқ кўрилмагани ҳам шу каби ҳолатларнинг юздан бири эди. Бугун бундай чекловларга барҳам берилди.

Қўшни давлатларга эмин-эркин ўтиб-қайтиш имкони яратилди, фуқаролиги бўлмаган юзлаб кишилар эса Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниб, паспортлар берилмоқда. Барча соҳалар қатори ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ҳам изчил давом этаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ИИВ Ахборот хизмати ўтказган матбуот анжумани соҳага доир шу каби қатор масалаларга ойдинлик киритди. Унда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўн ойи мобайнида Президентимизнинг 23 та фармони асосида 4951 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс республикамиз фуқаролигига қабул қилинган. 847317 кишига биометрик паспорт, 781376 фуқарога эса хорижга чиқиш ҳужжати расмийлаштириб берилган. Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига асосан 56 давлат фуқароси 30 суткагача визасиз мамлакатимизда бўлиш, 111 давлат фуқароси республикамиз ҳудудидан кўчмас мулк сотиб олиш ва яшаш гувоҳномасини қўлга киритиш, 76 давлат фуқароси электрон виза расмийлаштириш ҳуқуқига эга. Бундан таш­қари, “Ватандош”, “Инвестиция” визалари ҳамда “Фахрий фуқаро” гувоҳномаси жорий этилган.

Республикамиз ва чет эл фуқаролари, хорижий инвесторларга яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар натижасида ўтган ўн ой давомида 699 7114 нафар хорижликлар мамлакатимизга ташриф буюрган. Таассуфки, уларнинг ҳаммаси ҳам тегишли тартиб-қоидани билавермайди ёки амал қилмайди. 6 729 нафар чет эл фуқароси республикамиз ҳудудида бўлиш қоидаларини бузиб яшаганлари аниқланган ва уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддаси бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруғи асосида ўн ой давомида Тошкент шаҳри бўйича жами 32 380 нафар, Тошкент вилояти бўйича 7 462 нафар фуқаро доимий рўйхатга олинган.

Анжуманда йиллар давомида соҳада тўпланиб қолган муаммоларга қонунчиликдаги айрим камчиликлар ҳам сабаб бўлгани таъкидланиб, муҳокамага қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам сўз юритилди.

— Ушбу янги қонун лойи­ҳасини ишлаб чиқишга эҳтиёж туғдирган бир қатор сабаблар бор, — деди ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бош­қармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Нодир Зияев. — Аввало, амалдаги қонун миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган. Аксарият нормалари замон талабларига жавоб бермайди. 1991-2016 йиллар давомида атиги 482 нафар, 2016-2019 йил октябрь ойига қадар 8054 нафар кишига фуқаролик мақоми берилган, холос. Шу пайтга қадар жами 95 857 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакатимизда истиқомат қилиб келган. Бундан ташқари, мазкур қонунда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссия фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари белгилаб берилмаган. Давлат органлари ўртасида электрон ҳамкорлик, маълумотлар базасининг мавжуд эмаслиги эса мурожаатларни кўриб чиқишнинг асоссиз равишда узоқ муддатга чўзилишига сабаб бўлган. Янги қонун лойиҳасида фуқароликка қабул қилишнинг бир неча турлари кўрсатиб ўтилган. Масалан, биринчи турда, мамлакатимиз ҳудудида беш йил узлуксиз яшаган хорижий давлат фуқаролари ўз давлатидан рўйхатдан чиққан бўлса, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинади. Иккинчи турда хорижий давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошларга ушбу ҳуқуқ берилади. Умуман, шу каби бир қатор нормалар борки, мавжуд камчиликларга чек қўяди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Германия, Белоруссия, Россия ва Қозоғис­тон давлатларининг тажрибалари ўрганиб чиқилди. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда фуқаросизликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар борасида муҳим қадам бўлиши БМТ Инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича комиссия томонидан юқори баҳоланган.

Тадбирда миграция, чет элга чиқиш масалалари ҳақида гап кетганда, кўплаб фуқаролардан хорижга чиқиш паспортини олиш билан боғлиқ турли саволлар берилаётгани таъкидланди. Хўш, хорижга чиқиш ҳужжатини олиш учун қандай қулайликлар яратилган?

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳриддин Турсунов ушбу масалада қуйидагиларни маълум қилди:

— Аҳолига қулайлик яратиш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида хорижга чиқиш ҳужжатини вақтинча яшаш жойидан берилиши масаласи айни вақтда кўриб чиқилмоқда, муҳокамалар олиб борил­япти. Биометрик паспорт эса аввалгидек доимий яшаш жойидан берилади. Кўпинча нега икки паспортни ҳам вақтинча яшаш жойидан олиш мумкин эмас, деган савол берилади. Сабаби, биометрик паспортга доимий яшаш жойи кўрсатилган штамп босилади. Хорижга чиқиш ҳужжатида эса бунга ҳожат йўқ. Доимий яшаш жойидан ушбу ҳужжатни олиш эса анча соддалаштирилди, бир ҳафта — ўн кун ичида мурожаатлар қаноатлантирилмоқда.

Анжуманда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига рўйхатга қўйиш билан боғлиқ, шунингдек, хорижга чиқиш истагидаги шахсларга қўйиладиган чекловларга доир кўплаб саволлар ўртага ташланди.

Холида Аҳмаджонова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =