Каспийдай жўшқин оҳанг

Ўзбекистонда Озарбайжон давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида эришилган битимга кўра, давлатлараро маданият ва адабиёт кунлари ўтказилиши бундан кейин анъанага айланиши табиий.

Шу кунларда Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари ўлкамизда давом этаяпти. Тадбир доирасида озарбайжонлик санъат намоёндалари хоразмлик мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Санъат усталарининг жозибали тароналари ихлосмандлар қалбини бир қур забт эта олди.

Хоразм санъати айрим жиҳатлари билан озар санъатига ҳамоҳанг, лаҳжаси ҳам яқин, шу сабаб икки миллат вакиллари бир-бирларини таржимонсиз тушунишади.

Уч кун давом этган мазкур дўстлик байрамини Хоразм вилоят ҳокимлиги Озарбайжон давлатининг юртимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўтказдилар.

Фестиваль дастурига биноан меҳмонлар Хива осори-атиқалари маскани — “Ичан қалъа”даги тарихий ва меъморий ёдгорликларни томоша қилишди. Қадимий қалъа узра қардош халқ тароналари янгради. Бу ерда Озар элининг анъанавий либослари кўриги ҳам ўтказилди.

Ҳар иккала миллат пазандалари ҳозирлаган миллий таомлар нафақат хиваликлар, балки, қадимий обидалар масканига ташриф буюрган сайёҳларга ҳам манзур бўлди.

Тадбир доирасида Урганч давлат университети “Маданият саройи”да талабалар ва профессор-ўқитувчилар озарбайжонлик таниқли шоира ва публицист Сўна Валиева, ёзувчи Комрон Алиев ва бошқа меҳмонларни илиқ кутиб олишди. Олий таълим даргоҳида уюштирилган илмий-амалий анжуман “Ўзбекистон ва Озарбайжон маданий ҳамда адабий алоқалари: Ҳусайн Жовид ва Чўлпон асарлари — жаҳон драматургиясининг юксак намунаси“ мавзуига бағишланди. Анжуман давомида Урганч ва Боку давлат университетлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меъморандуми имзоланди. Озарбайжонлик меҳмонлар университет кутубхонасига ўзбек ва озар тилларида битилган китоблар тўпламини ҳадя қилишди.

Шундан сўнг, вилоят мусиқали театрининг муҳташам биносида “Бизнинг абадий дўстлигимиз” шиори остида қатор тадбирлар уюштирилди. Бу ерга йиғилганлар қардошларимиз ижоди намуналари: суратлар ва анъанавий либослар кўргазмаси билан ҳам танишдилар.

Ўзаро дўстликнинг ёрқин тимсолига айланган мазкур байрам ҳая­жонли ай±м кечасига уланди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмонов ва Г.Алиев номидаги Озарбайжон Миллий маданият маркази директори, Озарбайжон Республикасининг юртимиздаги элчихонаси котиби С.Аббосов сўзга чиқдилар.

Абдулла Собиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 12 =