Об-ҳаво: кечаги тахмин бугунга тўғри келмайди

Сўнгги йилларда ковуш кўмадиган қор кўрмаётган бўлсак-да, остонада турган қиш қандай келар экан, деган ўй ҳар бир юртдошимизнинг кўнглидан ўтади. Келаётган қиш фасли об-ҳавоси барча учун қизиқ эканлигини ҳисобга олиб, Ўзгидромет бош синоптиги Ирина Зайцевани суҳбатга чорладик.

— Сир эмаски, ҳар битта соҳада инновацион ғоялар қўлланилмоқда. Об-ҳавони аниқлашда мутахассислар қайси усуллардан, аниқроғи, ускуналардан фойдаланмоқда?

— Охирги йилларда кузатилаётган жадал илмий-техник ривожланиш метеорология соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Янги инновацион технологиялар Ўзгидромет фаолиятида ҳам кенг фойдаланилади. Об-ҳавони автоматик режимда кузатадиган янги авлод метеорологик станциялари ўрнатилди. Асосан, Ернинг сунъий йўлдошлари ва метеорологик локаторлардан олинадиган маълумотлардан фойдаланамиз. Об-ҳавони тахминлаштириш тизимининг ўзида, сўнгги йилларда, анча ўзгаришлар рўй берди. Эндиликда энг замонавий суперкомпьютерлардан мураккаб ҳисобларни чиқаришда фойдаланилмоқда. Гидрометеорологик маълумотлар тайёрлаш соҳасидаги инновациялар иқлим ўзгариши аниқлигини, уларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

— Об­­­-ҳавони қанча муддат олдиндан аниқлаш мумкин?

— Илм-фаннинг охирги ютуқлари ва инновацион технологияларнинг жорий этилиши натижасида ҳаво ҳарорати ўзгарувчанлигини ўн кун олдин белгилаш имконини беради. Бироқ атмосфера – бу жуда мураккаб тизим бўлиб, жараёнлар ривожланишида кўпинча ташқи омиллар таъсир қилади. Шунинг учун олдиндан айтиш муддати қанча катта бўлса, ноаниқлиги ҳам юқори бўлади.

Ўзгидрометда ҳар куни олти кунлик об-ҳаво тахмини тайёрланади ва тарқатилади. Бу ҳозирда бутун дунёда энг ишончли ҳисобланади, бироқ буни идеал деб бўлмайди. Табиатда ноқулай синоптик вазиятлар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас. Кутилмаган об-ҳаво ҳодисалари ҳар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади.

— Хорижлик ҳамкасбларингизнинг иш тажрибасини ўрганиб турасизларми?

— Соҳамизда “об-ҳаво чегара билмайди” деган ибора бор. Бу ҳақиқатан ҳам тўғри ва буни гидрометеорология соҳасида ишловчи ходимлар жуда яхши билади. Кўп йиллардан бери Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) билан ҳамкорликда ишлаб келамиз. Бу ҳамкорликнинг асосий тамойили гидрометеорологик маълумотлар билан фикр алмашишдан иборат. Ўзгидромет мамлакатимиз мустақиллигининг биринчи кунлариданоқ ЖМТнинг мазкур ташкилотнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Албатта, энг яқин шериклик муносабатлари яқин қўшниларимиз – Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия билан ўрнатилган. Метеорологиянинг турли йўналишлари бўйича Корея, Хитой, Германия, Финландия ва бошқа мамлакатларнинг метео хизматлари билан ўзаро алоқалар ўрнатилган.

— Ўзбекистонда об-ҳаво маълумотларини аниқлаш ва уни халқ­қа етказиш хизмати қачондан бошланган?

— Ўзбекистонда, аниқроғи, Туркистон ўлкасида гидрометеорологик хизмат фаолияти ХIХ аср­нинг 70­­-йилларида Тошкент астрономия ва физика обсерваториясининг ташкил этилиш даврига тўғри келади. ХIХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошларида илк метеорологик станция ва постлар қурилган. Биринчи илмий-экспедиция уюштирилган, метеорология ва гидрография бўйича илк илмий тадқиқотлар олиб борилган.

Кейин, гидрометеорология хизмати шакллантирилиб, кузатув тармоғи кенгайди, об-ҳаво хизмати ташкил этилди, илмий тадқиқотлар кў­пайди. Тахминан ўтган асрнинг 20-йилларида Ўрта Осий метеорология институти Ўрта Осиё ҳудуди бўйича биринчи об-ҳаво маълумотини тар­қатишни бошлади.

— Олдинда бизни қиш фасли кутаяпти. Айтинг-чи, бу йил қиш қандай келади?

— Боя айтганимдек, дунёда 5-7 суткалик тахминлар энг ишончли ҳисобланади. 10 кундан ортиғида ноаниқлик бўлади. Узоқ муддатли, масалан, ойлик ва мавсумий ҳарорат масалалари билан, жамоатчиликнинг талабини эътиборга олган ҳолда, дунё тад­қиқотчилари, олимлар шуғулланади. Бироқ мавсумий иқлим ўзгариши методикалари мавжуд эмас.

Ўзгидромет мутахассисларининг жаҳоннинг етакчи об-ҳаво марказлари маълумотлари ва ҳисоб-китобларига таяниб бераётган баҳоларига кўра, келаётган қиш шароитлари кескин ўзгаришлар билан тавсифланади. Ҳарорат фони ҳам ўртача кўп йиллик қийматлар атрофида бўлади.

Ҳозирча фақат декабрь ойи тўғрисида айтишим мумкин. Ҳисобларга қараганда, декабрь ўртача нам ва шу ойга хос бўлган ҳароратли бўлади. Кечаси ҳарорат 2-7 даража илиқдан 0-5 даража совуққача, кундузи 10-15 даража илиқдан 0-5 даража илиққача кузатилади. Январь ва февральнинг қандай келиши тўғрисида гапиришга ҳали жуда эрта.

Ўзбекистонда қишлар қисқа ва камқорли бўлиши одатий ҳолга айланди. Лекин қиш мавсумининг ўзиги хослиги шундаки, ҳарорат кескин ўзгариши мумкин. Иссиқ ва совуқ ҳаво тўлқинлари қиш давомида бир-бирини алмаштириб туради. Совуқ тушганда ёққан қор ҳаво илиши билан эриб кетади. Шунинг учун бизда барқарор қор қоплаши кузатилмайди.

Сўнгги йилларда жуда совуқ об-ҳаво кузатилган қиш фасли 2007-2008 йилга тўғри келади. Ўшанда совуқ давр декабрнинг охиридан февраль ўртасигача давом этган.

— Бутун дунёда иқлим ўзгариши кузатилаяпти. Иқлимнинг кескин ўзгариб бориши қандай оқибатларга олиб келади?

— Кундалик ҳаётда одамлар кўпинча об-ҳаво ва иқлим тушунчаларини чалкаштириб юборади. Албатта, бу тушунчалар бир-бири билан боғлиқ, аммо улар бир-бирига ўхшаш эмас ва улар орасидаги фарқ жуда катта.

Об-ҳаво маълум бир ҳудудда атмосферанинг бир лаҳзали ҳолатидир. У барча метеорологик кўрсаткичлар билан тавсифланади — ҳарорат, босим, намлик, шамол йўналиши ва тезлиги, булутлилик, ёғингарчиликнинг мавжудлиги ёки йўқлиги ва бошқа метеорологик ҳодисалар.

Иқлим — бу маълум бир ҳудудда кузатиладиган кўп йиллик об-ҳаво режими. Иқлимни релефнинг кенглиги, денгиз сатҳидан баландлиги, океанлардан узоқлиги, топографияси, ер ости тури ҳамда атмосфера айланишига қараб белгиланади.

Об-ҳаво ҳам, иқлим ҳам ўзгармоқда. Аммо об-ҳаво доимо ўзгариб туради. Иқлим — бу ўн йиллар давомида шаклланиб келган барқарор ҳодисадир. Иқлим об-ҳаво сингари кескинлик билан ўзгармайди.

— Ўтган йили ва бу йил ёз фасли юқори ҳароратда ўтди. Маълумотларда эса ҳақиқий об-ҳаводан паст кўрсаткич қайд этилди деган гаплар кўпайди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди…

— Дунё бўйича ҳаво ҳарорати Жаҳон метеорологик ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган умумий стандартларга мувофиқ ўлчанади ва Ўзбекистон умумий қои­даларга риоя қилади.

Очиқ қуёшда бўлган одамлар ҳавонинг ҳароратини эмас, балки турли хил нарсаларнинг иссиқлик нурланишини ва тананинг сиртига қуёш нурининг таъсирини сезадилар. Ушбу таъсирни ўлчаш мумкин эмас. Яшил майсазорда турсангиз ҳаво салқинроққа, асфальт олдида турсангиз жазирама иссиққа ўхшайди. Иссиқнинг таъсирини билиш учун, ҳатто кийимнинг ранги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо шу нарса аниқки, одамнинг қуёшда ҳис қиладиган ҳароратини ўлчаш ёки тахмин қилиш мумкин эмас.

Дунёдаги энг юқори ҳароратнинг мутлақ рекорд кўрсаткичи 56,70 дир, бу 1913 йилда Ўлим водийси АҚШнинг Калифорния штатида кузатилган. Ёпиқ ҳарорат Африка ва Яқин Шарқда турли йилларда қайд этилган.

Шу ўринда айтмоқчиманки, интернет тармоғида жуда кўп об-ҳаво сайтлари мавжуд, бу сайт­лардаги маълумотлар турли мамлакатларнинг метеохизматлари томонидан, келиб чиқиши номаълум бўлса-да, автоматик равишда амалга оширилаётган ҳисоб-китоб натижаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бутун дунёда миллий гидрометеорология хизматлари томонидан тайёрланган маълумотлар ишончли ахборот манбаи ҳисобланади. Бизнинг мамлакатимизда бу Ўзгидромет томонидан тайёрланган ўл­чамлар ишончли ва текширилгандир.

Феруза Раҳимова cуҳбатлашди.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 18 =