Соғлом она — соғлом бола

Келажак авлод ҳақида қайғуриш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказиш азалдан халқимизга хос хусусиятлар бўлиб келган. Шу боис юртимизда соғлом она — соғлом бола дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда тиббиёт соҳасининг илғор мутахассислари “Ayol Care” — аёллар саломатлик марказини очишга қарор қилишди. Замонавий тиббиёт марказининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Президентимиз рафиқаси Зироатхон Мирзиёева иштирок этди.

— Охирги уч йилда мамлакатимизда хусусий тиббиёт ривожи учун йўл очилди. Бугун юртимизда юқори технологияга асосланган яна бир марказ иш бошлаётгани ғоят қувонарлидир, — деди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Мана шундай марказларнинг кўпайиши соҳада соғлом рақобатни вужудга келтиради ҳамда хотин-қизлар саломатлиги йўлида қулайлик яратади, — деди тиббий маскан директори Дилором Давлетова. — Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 8 ноябрда имзоланган “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарор келажак авлодни дунё­га келтирадиган аёллар ҳамда ҳаётимиз давомчилари болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада юқори поғоналарга кўтаради.

Аёллар марказида турли хил тадқиқот усуллари ёрдамида рентгенография, маммография, тананинг барча аъзолари ва тизимларини ультратовуш текшируви, электрокардиография (ЭКГ ва қон босимининг кунлик мониторинги) кардиотокография ёрдамида аёлнинг соғлиғини тўлақонли баҳолаш мумкин.

Ушбу марказ Туркия, Германия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия ва Хитойнинг турли халқаро тиббиёт марказлари билан масофадан туриб телетиббиёт бўйича маслаҳат олиш базасига эга. Ушбу тизим ёрдамида биз шифокорларга гинекологияда жарроҳлик, даволашнинг янги инновацион усулларини ўргатиш бўйича маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистон аёлларининг репродуктив саломатлиги дастури доирасидаги бачадон бўйни саратони, кўкрак саратонига қарши курашиш лойиҳасида Россия, Италия, Туркия, Жанубий Кореядаги бир қатор халқаро марказлар билан биргаликда иштирок этишни режалаштирмоқда.

Бугунги кунда ушбу тиббий муассасада 80 га яқин мутахассис иш билан таъминланган. Тиббий муассаса жаҳон тиббиё­тининг энг сўнгги диагностика технологиялари билан жиҳозланган.

— Марказ аёллар хасталигига ташхис қўйиш, уларни даволаш ҳамда мураккаб операциялар ўтказишга ихтисослаштирилган. Яъни, мақсад — репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини сақлаш, мустаҳкамлашдан иборат. Бунинг учун марказда турли тадқиқот усулларидан фойдаланган ҳолда хотин-қизлар соғлиғини тўлиқ баҳолаш имконияти мавжуд. Бу ердаги жарроҳлик хоналари ва тиббий асбоб-ускуналар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Хусусан, рентген ва маммограф, эндоскоп, гинекологик ва автоматик ўриндиқ ва кольпоскоп, автоматик режимдаги лаборатория жиҳозлари, плазмали стерилизатор ускуналари ёрдамида барча турдаги жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказиш имконияти бор, — дейди акушер-гинеколог, профессор Саиднозим Султонов. — Бепуштлик, иккиламчи бепуштлик ва аёлларда кечадиган бошқа касалликлар бўйича ҳам ташхис қўйиш ва самарали даволаш ишлари йўлга қўйилган.

Марказ фаолияти билан танишиш чоғида, яна бир аҳамиятли жиҳат эътиборимизни қаратди. Масканда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва оғир шароитдаги аёлларни бепул кўрикдан ўтказиш, консультациялар бериш йўлга қўйилган.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 2 =